Б. Жўраева жавобгар З. Исломовага нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, олди-сотди битимини ҳақиқий деб топишни сўраган.
Туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, Б. Жўраева ва З. Исломова ўртасида тузилган уй олди-сотди битими ҳақиқий деб топилган.
Вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан суд қарорига ўзгартириш киритилиб, Б. Жўраевадан З. Исломова фойдасига 1.609.059 сўм ундириш белгиланган.
Қуйидаги асосларга кўра, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 30 майдаги ажрими билан мазкур иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниб, даъвони рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Аниқланишича, фуқаролик ишида мавжуд бўлган тилхатга кўра, З. Исломова ўзига тегишли квартирани Б. Жўраевага 11.000.000 сўмга келишиб сотган, шундан 9.300.000 сўмини олган, вақтинча мазкур квартирада яшаб туришни илтимос қилган.
Судлар даъвони қаноатлантириш ҳақидаги ўз хулосасини Фуқаролик кодексининг 112-моддаси 2-қисми ҳамда даъвогарнинг суддаги тушунтиришлари билан асослаган.
Б. Жўраеванинг суддаги тушунтиришидан кўринишича, З. Исломованинг даъвогардан бўлиб-бўлиб пул олган, даъвогар ўзи тилхат ёзиб, З. Исломовага имзо қўйдириб олган. Бу ҳолат З. Исломованинг низоли турар жойни ўз эрки ва ихтиёри билан сотмаганлигидан ва даъвогардан қарз олиб келганлиги, тарафлар ўртасида низоли турар жой олди-сотдиси бўйича келишув бўлмаганлигидан далолат беради.
Шунингдек, апелляция инстанцияси ҳам З. Исломованинг турар жойини сотмаганлиги ҳақидаги важларига, даъвогар укаси билан биргаликда З. Исломовага қарз бериб, қарзини фоиз билан ҳисоблаб, фоизини қайтариш мақсадида З. Исломованинг уйидан стенка, стол ва кийимларигача олиб кетиб, даъвогар қарзини қайтаришга ишончли бўлиши учун деб алдаб, ўзи тилхат ёзиб, имзолатиб олганлиги, тарафлар ўртасида қарз муносабати юзага келганлиги, квартира сотилмаганлиги суддаги гувоҳларнинг тушунтиришлари билан тасдиқланганлиги, олди-сотди битимининг шартлари бажарилмаганлиги, яъни олди-сотди предмети бўлган низоли мулк харидорга топширилмаганлигини эътиборидан четда қолдириб, суд қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида нотўғри хулосага келган.