01.06.2017 йилдаги ПФ-5067-сон
Ҳужжат кучини йўқотган 12.02.2022
 LexUZ шарҳи
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2021 й., 06/21/6218/0398-сон)
 LexUZ шарҳи

Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, қорамол ва паррандалар бош сонини барқарор оширишни таъминлашда давлат ветеринария хизмати тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат ветеринария хизмати бошқарув тузилмасини оқилона ташкил этиш, илмий-лаборатория, моддий-техник база ва кадрлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳайвонларни касалликлардан сақлаш, республикамизга ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда, аҳолини одамлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан ҳимоя қилишда ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда муҳим институтга айланади.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган режали ишлар натижасида қорамоллар сони 2,4 баробарга, қўй ва эчкилар сони 2 каррага, паррандалар сони 1,9 мартага ўсишига ҳамда гўшт маҳсулотлари ҳажми 2,8 баробарга, сут 2,7 мартага, тухум 3,3 баробарга ошишига эришилди.

Шу билан бирга, давлат ветеринария хизмати амалдаги тизимининг таҳлили соҳада бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда, хусусан:

давлат ветеринария хизмати соҳасида ишларнинг умумий ҳолати мамлакатимизнинг жадал суръатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларидан ва ҳозирги замоннинг ҳайвонлар соғлиғи профилактикаси ҳамда ўз вақтида ва сифатли даволашни таъминлашга қаратилган замонавий талаблардан сезиларли даражада ортда қолмоқда;

тармоқда ягона вертикал бошқарув тизими яратилмаган, унинг моддий-техника базаси маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган;

ҳайвонлар касалликларини профилактика қилиш ва даволашга илмий ишланмалар ва замонавий ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, инновацион усулларни амалиётга жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаяпти;

соҳада кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида илмий-тадқиқот ва олий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Ветеринария соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, эпизоотик барқарорлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ветеринария сервис хизматлари сифатини ошириш ва давлат ветеринария хизматини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилиб, унинг қуйидаги асосий вазифа ва йўналишлари белгиланди:

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш, мазкур соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

ҳайвонлар юқумли касалликлари тарқалишининг олдини олиш, тезкор аниқлаш, ташхис қўйиш ва эпизоотик барқарорликни таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини мониторинг қилиш;

ҳайвонларни турли касалликлардан сақлаш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хомашёлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида идоравий ва ишлаб чиқариш хизматлари, шунингдек, хусусий ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга ошириш;

илмий-тадқиқот ишлари йўналишларини белгилаш, фундаментал, амалий ва инновацион ишланмаларни ветеринария амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш ва бу мақсадларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илғор технология ва тажрибаларни ветеринария соҳасига жорий қилиш ва бошқалар.

Давлат ветеринария қўмитаси зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари, шунингдек, ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг такомиллаштирилган тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

Ветеринария соҳасида илмий-тадқиқотлар ҳажми, кўлами ва сифатини ошириш мақсадида мазкур фармонга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тасарруфидаги Ветеринария илмий-тадқиқот институти Давлат ветеринария қўмитаси тизимига ўтказилди;

Республика давлат ветеринария лабораторияси, Ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликлари давлат лабораторияси ва Парранда касалликлари бўйича давлат ветеринария лабораторияси тугатилиб, уларнинг негизида Республика ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташкил этилди;

Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифатини назорат қилиш давлат лабораторияси Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалари сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказига айлантирилди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ва бўлинмаларининг тузилмаси, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, дастурда қуйидаги вазифалар:

ветеринария қонунчилигини такомиллаштириш ва унга амал қилиниши устидан назорат ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Давлат ветеринария хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

ветеринария соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва ветеринария дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини жорий этиш;

амалдаги диагностика усуллари ва воситаларини, ҳайвонларни даволаш ва профилактика қилишни такомиллаштириш ҳамда аҳолини хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни амалга ошириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва қарорининг амалиётга татбиқ этилиши:

биринчидан, ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга;

иккинчидан, ветеринария амалиётининг фан билан ўзаро самарали ва фаол ҳамкорлигини таъминлашга;

учинчидан, мавжуд кадрлар салоҳиятининг мустаҳкамланиши ва юқори малакали кадрлар захирасини яратишга;

тўртинчидан, ҳайвонлар соғлиғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда соҳа фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратади.