«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, алкоголли маҳсулотларнинг хавфсизлигига қўйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Алкоголли маҳсулотларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва у расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ойдан кейин амалга киритилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ техник регламентларнинг амалга киритилиши билан уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларни стандартлаштириш бўйича илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик тусини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўллашнинг ихтиёрийлигига эга бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Ўзстандарт» агентлиги ваколатли органлар билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Умумий техник регламент белгиланган тартибда амалга киритилган кундан бошлаб алкоголли маҳсулотларнинг хавфсизлигини стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик тусини бекор қилиш ва ихтиёрийликни таъминлаш чораларини кўрсин.
4. «Ўзвиносаноат-холдинг» ХК» акциядорлик жамияти, «Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари тасдиқланган Умумий техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида кенг хабардор қилинишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раиси У.У. Розукулов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.