Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
ПРОТОКОЛ
ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида
2016 йил 20 октябрь, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2016 йил 20 октябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни рағбатлантириш ҳамда уларнинг халқлари ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истагида,
ўзаро манфаатли бўлган икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва халқаро муаммолар бўйича мунтазам фикр алмашинувнинг заруриятини инобатга олган ҳолда,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми қоидалари ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари бўйича қарор қабул қилишга кўмаклашиш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ташқи ишлар вазирликлари даражасида ўзбек-жазоир алоқалари масалалари ҳамда долзарб халқаро муаммолар бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали икки томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлайдилар ҳамда делегация ва экспертлар билан алмашадилар.
2-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги асосида муайян масалаларни кўриб чиқиш мақсадида экспертлар ва ишчи гуруҳлари ташкил қилиниши мумкин.
Делегация даражаси, маслаҳатлашувларнинг кун тартиби, вақти ва ўтказилиш жойи дипломатик канал орқали келишилади.
3-модда
Томонлар минтақа ва дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратадилар.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли бўлган соҳаларини кенгайтириш ва чуқурлаштиришни рағбатлантирадилар.
4-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида ҳар икки мамлакатнинг давлат бошқаруви органлари ва институтлари, шунингдек жамоат ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ҳамда ривожланишига кўмаклашадилар.
5-модда
Халқаро конференция ва учрашувлардаги Томонлар вакиллари, шунингдек Ўзбекистон ва Жазоирнинг учинчи мамлакатлардаги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлардаги дипломатик миссиялари ўзаро манфаатли бўлган масалалар бўйича амалий ҳамкорлик руҳида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
6-модда
Ушбу Протоколни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган барча низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
Ушбу Протоколга Томонларнинг ўзаро розилиги асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7-модда
Ушбу Протокол имзоланган санадан кучга киради ва беш (5) йил муддат давомида амал қилади. Томонлардан бири иккинчи Томонни ушбу Протоколни бекор қилиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали бекор қилиш санасидан уч (3) ой олдин ёзма хабардор қилмагунига қадар ушбу Протокол шу каби муддатларга узайтирилаверади.
Тошкент шаҳрида 2016 йилнинг 20 октябрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)