17.06.2016 йилдаги 298-сон
Ҳужжат кучини йўқотган 19.05.2018
Ҳужжат 23.12.2016 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
 LexUZ шарҳи
1. Хўжалик судларининг эътибори давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар, агар низо иқтисодиёт соҳасидан келиб чиққан ва уни ҳал этиш қонун ҳужжатлари билан бошқа давлат органининг ваколатига киритилмаган бўлса, хўжалик судига тааллуқли эканлигига қаратилсин. Мазкур тоифадаги ишларни кўришда хўжалик судлари (бундан буён матнда судлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади), «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиши лозим.
2. Давлат органлари деганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, қўмиталар, марказлар, инспекциялар ва уларнинг ҳудудий органлари, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 22-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари) ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган бошқа органлар тушунилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деганда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинлари тушунилади.
Бошқа органларнинг ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризалар бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ҳар қандай манфаатдор шахс Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси, ХПК 1-моддасининг биринчи қисми, 23-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, иккинчи қисми, 24-моддаси биринчи қисмининг 9-банди, ФКнинг 12-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида, агар низолашилаётган ҳужжат тўла ёки унинг маълум қисми (алоҳида қоидалари) қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас, унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади, шунингдек унинг зиммасига ноқонуний равишда бирон бир мажбурият юклайди ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсиқларни вужудга келтириб чиқаради деб ҳисобласа, ХПКда белгиланган тартибда судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Қарорнинг 3-бандида кўрсатилган шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотнинг ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органи мансабдор шахсларининг қарорлари ҳамда ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан низолашиш, агар бундай қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қоидаларидан келиб чиқса, хўжалик суди судловига тааллуқли эмас. Хусусан, дастлабки тергов органининг мол- мулкларга банд солиш, молия-хўжалик фаолияти бўйича ҳужжатли тафтиш тайинлаш ва бошқа ҳолатлар юзасидан қабул қилган қарорлари, назорат қилувчи органининг хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишлар хўжалик суди судловига тааллуқли эмас.
6.1. Аризага ХПК 114-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган ҳужжат нусхаси илова қилинади.
6.4. Ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилотнинг тугатилганлиги аризани ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилишни рад этишга асос бўлади, ушбу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 4-бандига асосан тугатилади, ташкилотни тугатиш тўғрисидаги давлат органининг ҳужжати устидан берилган ариза бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи органлар ходимлари томонидан текшириш натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатномаларни (товарларни ва ҳужжатларни вақтинча олиб қўйиш тўғрисидаги далолатномаларни, маълумотномаларни, хулосаларни, баённомаларни ва ҳоказоларни), мансабдор шахсларнинг берган топшириқларини (оғзаки ёки ёзма кўрсатмаларини, хатларини), шунингдек бирон-бир ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайдиган бошқа ҳужжатларни (масалан, ер участкасини танлаш далолатномасини, хулосасини, суд ижрочисининг мулкни кўздан кечириш далолатномасини ва ҳоказоларни) ҳақиқий эмас деб топиш, давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини бекор қилиш, ноқонуний (қонунга хилоф), қонуний деб топиш, бекор қилинган ҳужжатни ўз кучида қолдириш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш каби талаблар судда кўриб чиқилмайди.
9. ХПК 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ХПКнинг 55-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги низолар бўйича исботлаш мажбурияти жавобгар зиммасига юклатилганлиги сабабли, судлар жавобгарни суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда хабардор қилиши лозим. Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган жавобгарнинг суд мажлисига келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.
Судларнинг эътибори, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг учинчи қисмига кўра, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган давлат органи ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларининг ижроси тўхтатиб турилмаслигига қаратилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини явада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сонли Фармони 3-бандининг талабидан келиб чиқиб, судлар инобатга олишлари лозимки, етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида зарар тегишли давлат органидан, биринчи навбатда, унинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирилиши кўрсатилади. Шу муносабат билан, судлар бундай тоифадаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва (ёки) унинг ҳудудий органларини иккинчи жавобгар сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиши лозим.
13. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар хўжалик судлари томонидан мазкур тоифадаги ишлар ХПКда назарда тутилган даъво бўйича иш юритишнинг умумий қоидалари асосида, бундай низоларни ҳал этишга оид хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, ХПК 125-моддасининг иккинчи қисмига кўра, аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади (ХПК 26-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан кўриладиган ҳокимият олий органларининг норматив характерга эга бўлмаган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно). Ишни кўриш жараёнида қарши даъво тақдим қилинган тақдирда ҳам иш ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади (ХПК 125-моддасининг учинчи қисмига асосан ишни кўриш муддати узайтирилган ҳоллар бундан мустасно).
ХПК 125-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин, ишни кўришнинг умумий муддати бир ярим ойдан ошиши мумкин эмас. Қарши даъво иш юритувга қабул қилинганда ишни кўриш янгидан бошланади. Аммо, ишни кўриш янгидан бошланиши ХПКнинг 125-моддасида назарда тутилган ишни кўриш муддатининг янгидан ҳисоблашга асос бўлмайди.
Низолашилаётган ҳужжатнинг бекор қилинганлиги аризачининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ФКнинг 11-моддасида назарда тутилган усулларда ҳимоя қилиш, шу жумладан етказилган зарарларни айбдор шахслардан ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.
21. Назорат қилувчи органнинг хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги арз қилинган талабини қаноатлантириш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, ХПК 60-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ айнан шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда назорат қилувчи орган томонидан янгидан исбот қилинмайди. Чунки, суд хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги ишни кўришда ХПК 15517-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар билан бирга назорат қилувчи орган томонидан текширишнинг қонуний ўтказилганлиги ва асослилиги, текширишнинг даврийлиги ва муддатлари, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмаганлиги (текшириш учун асос бўлган ҳужжатларнинг тақдим этилганлиги, текширишларни қайд этиш дафтарига ёзувлар киритилганлиги, давлат сири ёки тижорат сирининг сақланиши таъминланганлиги, текшириш ҳужжатларининг расмийлаштирилганлиги ва хўжалик юритувчи субъектга топширилганлиги)га ҳуқуқий баҳо беради. Шу муносабат билан хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жазо чорасининг қўлланилишига асос бўлган назорат қилувчи орган ҳужжатининг шу қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.
22.1. Судлар инобатга олиши лозимки, ХПК 143-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорида мазкур тоифадаги ишларни кўришда махсус процессуал норма бўлган ХПКнинг 143-моддаси қўлланилгани кўрсатилиши ва ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида:
23. ХПК 146-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилади.
26. Судларга тушунтирилсинки, ХПК 24-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига мувофиқ давлат солиқ хизмати органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатини, шу жумладан солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруғини ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳудудий комиссияларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишга рухсат бериш тўғрисидаги ҳужжатлари юридик оқибат келтириб чиқариши сабабли, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар ҳам судга тааллуқли бўлиб, бундай низолар бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари жавобгар ҳисобланади. Шу боис, агар аризада жавобгар сифатида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссияси кўрсатилган бўлса, судлар аризани иш юритишга қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлашда ХПК 122-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ ишда жавобгар сифатида иштирок этиш учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ёки унинг ҳудудий органини жалб этиш масаласини кўриб чиқиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26.1. Солиқ кодекси 122-моддасининг мазмунига кўра, ҳар бир солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органларининг қарорларини (бутунлай ёки қисман) бекор қилиш тўғрисидаги шикоят, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят билан давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки мазкур қарорни (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Солиқ кодекси 123-моддасининг учинчи қисмида тегишинча шикоят бўйича давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан қарор қабул қилингунига қадар ёки суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинаётган (низолашилаётган) қарорнинг ижро этилиши, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ундирилиши, молиявий санкцияларнинг қўлланилиши тўхтатиб турилиши назарда тутилган. Аммо, бу қоида давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан бирга ушбу қарорнинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан ҳам судга мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
26.2. Судларнинг эътибори Солиқ кодекси 104-моддасининг еттинчи қисмига кўра, давлат солиқ хизмати органлари мансабдор шахсларининг мазкур Кодекснинг 15-боби қоидаларига риоя этмаганлиги давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкинлигига қаратилсин. Шунга кўра, давлат солиқ хизмати органининг қарорини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари томонидан солиқ текширувини ўтказиш ва солиқ текшируви материалларини кўришда Солиқ кодексининг 15-боби қоидаларига риоя этилгани ҳам текширилиши лозим.
27. Судларнинг эътибори қаратилсинки, «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 34-моддасининг биринчи қисмига кўра, монополияга қарши органнинг қарори билан бирга қарор асосида бериладиган кўрсатмани ҳам бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиниши мумкин.
Қайд этилган Қонун 34-моддасининг иккинчи қисмида бундай ариза берилганлиги монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) ижросини ариза кўриб чиқиладиган вақт мобайнида тўхтатиб туриши белгиланган. Бироқ, бу қоида қарорни (кўрсатмани) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан бирга ушбу ҳужжатнинг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан ҳам судга мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида Суд департаментининг туман (шаҳар) бўлимига нисбатан талаб бўйича иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилиши лозим.
31. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларининг мазмунига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади. Шу муносабат билан, судлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришда жавобгар сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органи эмас, балки ушбу фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бўлишига эътибор бериши лозим.