Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш ёки уларни лавозимидан озод қилиш масалаларини кўриб чиқиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил 7 майдаги 42-II-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 2010 йил 26 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги, 2010 йил 27 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузаларининг асосий қоида ва хулосаларини рўёбга чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракат дастури 1.1-бандининг 1.1.5-кичик бандини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш ёки уларни лавозимидан озод қилиш масалаларини кўриб чиқиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 30 декабрь,
152-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 152-II-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш ёки уларни лавозимидан озод қилиш масалаларини кўриб чиқиш
ТАРТИБИ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш, шунингдек уларни сайлаш ёки лавозимидан озод қилиш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуннинг 9-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари (бундан буён матнда судьялар деб юритилади) лавозимларига сайлаш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) тақдим этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг судьялар лавозимларига сайлаш учун номзодлар бўйича ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат Девонида рўйхатга олинган кундан бошлаб Сенатга киритилган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига судьялар лавозимларига сайлаш учун номзодлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин.
4. Келиб тушган тақдимнома илова қилинган ҳужжатлар билан бирга Сенат Раисига топширилади. Сенат Раиси Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига (бундан буён матнда Сенат қўмитаси деб юритилади) номзодларни судьялар лавозимига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқишни топширади.
5. Тақдимнома тегишли ҳужжатлар билан бирга Умумий бўлимга нусха кўчириш ва Сенат қўмитасига ҳамда Сенат Раисининг топшириғида кўрсатилган бошқа шахсларга бериш учун топширилади.
6. Тақдимнома тегишли ҳужжатлар билан бирга Сенат Девонининг Раҳбарига, унинг нусхалари эса Сенат Раисининг ўринбосарига, Сенат қўмитасига, Юридик бўлимга, Назорат-ахборот бўлимига, Матбуот ва таржима бўлимига, Сенатнинг матбуот котибига берилади.
II. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалаларнинг Сенат қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши
7. Сенат қўмитаси:
а) номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади;
б) тегишли ҳужжатлар (Сенат қўмитасининг қарорлари, Сенат қўмитаси мажлисининг баённомалари ва ҳ.к.) расмийлаштирилишини ташкил этади;
в) номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш юзасидан Сенат Кенгашига таклиф киритиш тўғрисида Сенат қўмитасининг қарорини қабул қилади;
г) ушбу масалалар бўйича Сенатнинг тегишли қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди;
д) Сенатнинг ялпи мажлисида судьялар лавозимларига номзодларни таништирадиган мансабдор шахсни белгилайди;
е) номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради;
ж) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
8. Номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалаларни Сенат қўмитаси мажлисида кўриб чиқиш Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисига қадар ўтказилади.
9. Сенат қўмитаси судьялар лавозимларига номзодларни, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раисларини ва (ёки) раис ўринбосарларини Сенат қўмитасининг мажлиси ўтказиладиган сана ҳақида олдиндан хабардор қилади.
10. Сенат қўмитасининг мажлиси, агар унда Сенат қўмитаси аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
11. Сенат қўмитасининг мажлислари очиқ ўтказилади.
12. Сенат қўмитасининг мажлисларига судьялар лавозимларига номзодлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди раислари ёки раис ўринбосарлари таклиф этилади.
Тегишли суд раиси ёки раис ўринбосари судьялар лавозимларига сайлаш учун номзодлар бўйича ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасини ўқиб эшиттиради.
Номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш давомида Сенат қўмитаси аъзолари томонидан номзодларнинг касб малакалари ва тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида уларга саволлар берилиши мумкин.
13. Сенат қўмитасининг номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш бўйича Сенат Кенгашига таклиф киритиш тўғрисидаги қарори қўмита аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Сенат қўмитасининг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
14. Сенат қўмитасининг номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳақидаги масалани Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибининг лойиҳасига киритиш тўғрисида таклиф қилинган қарори Сенат Кенгашининг муҳокамасига тақдим этилади.
15. Сенат қўмитасининг мажлислари баённома билан расмийлаштирилади.
16. Сенат Кенгаши номзодларни судьялар лавозимларига сайлаш ёки судьяларни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиш учун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби лойиҳасига киритиш ҳақида қарор қабул қилади.
17. Муҳокама натижалари бўйича Сенат қўмитаси судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди.
18. Сенат қўмитасининг раиси Умумий бўлим билан биргаликда судьялар лавозимларига номзодларга Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида қатнашиш учун тегишли рухсатнома берилишини ташкил этади.
19. Сенатнинг ялпи мажлисида судьяларни сайлаш ёки озод қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йил 6 майдаги 29-I-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти билан белгиланади.
III. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласига доир ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби
20. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорининг лойиҳасига Сенат қўмитаси раиси, Сенат Девонининг Раҳбари, Юридик бўлим мудири, Матбуот ва таржима бўлими мудири томонидан виза қўйилиб, Сенат Раисининг ўринбосарига топширилади.
Сенат Раисининг ўринбосари томонидан виза қўйилган Сенат қарорининг лойиҳаси Сенат қўмитасига қайтарилади.
21. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорининг белгиланган тартибда виза қўйилган лойиҳаси Сенат қўмитасининг раиси томонидан Сенат Девони Раҳбарига топширилади.
22. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарори лойиҳасининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасининг ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари Умумий бўлим ходимлари томонидан кўпайтирилади ва Назорат-ахборот бўлимига топширилади.
23. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорининг лойиҳаси билан бир вақтда Сенат қўмитаси томонидан Сенат Девони Раҳбари билан келишилган ҳолда ушбу қарорни тарқатиш варағи тайёрланади.
24. Сенаторларга Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокамада қатнашиш учун судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарори лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномаси ва бошқа ҳужжатлар топширилади.
25. Сенатнинг ялпи мажлисида судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан қабул қилинган Сенат қарорини тегишли бланкада чиқарилиши таъминланиб, Сенат қарорларининг рус тилидаги электрон нусхаси Умумий бўлимда, давлат тилидаги нусхаси эса Матбуот ва таржима бўлимида сақланади.
26. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат Раисининг ўринбосари, Сенат қўмитасининг раиси, Сенат Девонининг Раҳбари, Юридик бўлим мудири, Матбуот ва таржима бўлими мудири томонидан виза қўйилган Сенат қарори Сенат қўмитасининг раиси томонидан имзолаш учун Сенат Раисига топширилади.
27. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорлари «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилиниши лозим.
28. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорлари қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
29. Судьяларни сайлаш ёки озод қилиш масаласи юзасидан Сенат қарорининг Умумий бўлим муҳри билан тасдиқланган нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида ушбу қарорни тарқатиш варағида кўрсатилган тегишли ташкилотларга юборилади.
IV. Якунловчи қоидалар
30. Сенатнинг судьялар лавозимларига номзодларни ва судьяларни лавозимидан озод қилиш масалаларини муҳокама этиш билан боғлиқ фаолиятини ташкилий, ахборот, моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш Сенат Девони томонидан амалга оширилади.
Сенат Девони бўлимларининг Сенатнинг юқорида кўрсатилган ваколатини таъминлаш билан боғлиқ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг 2010 йил 22 июлдаги 85-сонли Фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Девонининг бўлимлари тўғрисидаги низомлар билан белгиланади.

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 12-сон, 548-модда)