LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2003 йил 17 сентябрдаги 404-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасидаги қонун бузишлар учун молиявий санкциялар тўғрисида» 1995 йил 25 ноябрдаги 443-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1995 й., 11-сон, 46-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Исаев зиммасига юклансин.
1. Мазкур Тартиб «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш механизмини белгилайди.
2. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар Давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-бандида кўрсатиб ўтилган мансабдор шахслари томонидан маъмурий тартибда солинади.
3. Жарималар жарима солиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб кечи билан ўн беш кунда юридик шахслар томонидан тўланади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор уни қабул қилинган орган (юридик шахс) томонидан бажаришга киришилади.
4. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни тезлик билан бажариш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлганда уни қабул қилган мансабдор шахс, бу ҳақда тегишли юридик шахсни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, қарорнинг бажарилишини бир ой муддатгача узайтириши мумкин.
5. Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки норози бўлинганда шикоят ёки норозилик қониқарсиз қолдирилгандан сўнг у белгиланган тартибда бажарилиши керак. Бундай ҳолларда жарима шикоят ва норозилик қониқарсиз қолдирилганлиги тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб кечи билан ўн беш кунда тўланиши керак.
6. Жарима юридик шахслар томонидан пул ўтказиш йўли билан тўланади, улар қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати бош бошқармаси ва унинг тасарруфидаги органларнинг моддий-техника негизини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига йўналтирилади.
7. Жарима муддатида тўланмаган тақдирда у айбдор юридик шахслардан жарима солиш тўғрисидаги қарорга асосан сўзсиз ундириб олинади.