Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Венгрия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
Иккиёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 2008 йил 17 апрелдаги Конвенцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисида
2014 йил 25 ноябрь, Будапешт
 LexUZ шарҳи
Мазкур Баённома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 13 майдаги ПҚ-2346-сонли «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 июндан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Венгрия Ҳукумати,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Венгрия Республикаси Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ва даромад ҳамда капитал солиқларини тўлашдан бош тортишнинг олдини олиш тўғрисида 2008 йил 17 апрелдаги Конвенцияга (кейинги ўринларда «Конвенция» деб номланади) мувофиқ,
Аҳдлашувчи Давлатларнинг Конвенцияга ўзгартишлар киритиш истагини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Конвенциянинг 27-моддаси қуйидаги таҳрирдаги матнга алмаштирилсин:
«27-модда. Маълумотлар алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари Аҳдлашувчи Давлатлар ёки маҳаллий ҳокимият органлари номидан ундириладиган ҳар қандай турдаги ва тавсифдаги солиқларга оид бўлган, мазкур Конвенция қоидаларини бажариш ёхуд миллий қонунчиликни амалга ошириш ёки қўллашга тегишли ҳисобланувчи ҳамда бундай солиққа тортиш мазкур Конвенцияга зид бўлмаган ҳолатлардагина маълумотлар билан алмашадилар.
Маълумот алмашинуви мазкур Конвенциянинг 1- ва 2-моддалари билан чекланмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири томонидан 1-бандга мувофиқ олинган ҳар қандай маълумот мазкур Давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ олинган маълумот қанчалик махфий бўлса, худди шундай махфий ҳисобланади ҳамда фақатгина 1-бандда эслатиб ўтилган солиқларга нисбатан баҳолаш ёки йиғиш, мажбурий ундириш ёхуд суд таъқиби ёки апелляцияни кўриб чиқиш ҳамда кўрсатиб ўтилганларнинг барчасини назорат қилиш билан шуғулланувчи орган (суд ва маъмурий органлар билан бирга) ва шахсларга ошкор қилиниши мумкин. Бундай шахс ёки органлар мазкур маълумотдан фақатгина кўрсатиб ўтилган мақсадларда фойдаланишлари лозим. Улар бундай маълумотни очиқ суд мажлиси ёки суд қарорларида ошкор этишлари мумкин.
3. Ҳар қандай ҳолатда ҳам 1- ва 2-бандлар қоидалари Аҳдлашувчи Давлатларга қуйидаги, мажбуриятларни юкловчи меъёр сифатида талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий тадбирлар ўтказиш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки одатдаги маъмурий амалиётига мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган маълумотни тақдим этиш;
c) савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб сирини ёхуд савдо жараёнини ёки ошкор этилиши жамоат тартибига (ordre public) зид бўлган маълумотни тақдим этиш.
4. Агарда маълумот бир Аҳдлашувчи Давлат томонидан ушбу моддага мувофиқ сўралган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Давлат бундай маълумотга ўз солиқ мақсадлари учун эҳтиёж мавжуд бўлмаса ҳам сўралаётган маълумотни йиғиш бўйича тегишли чораларни кўриши лозим. Аввалги жумлада назарда тутилган мажбурият 3-банд қоидаларига мувофиқ чекланган бўлиб, бироқ бундай чекловлар ҳеч қайси бир ҳолатда Аҳдлашувчи Давлатга фақатгина ички манфаатлар мавжуд эмаслиги сабабли маълумот тақдим этишни рад қилиш учун ижозат берувчи сифатида талқин қилинмаслиги лозим.
5. Ҳеч қайси бир ҳолатда 3-банд қоидалари маълумот фақатгина банк, бошқа молия муассасаси, номинал эгалик қилувчи ёхуд агент ёки ишончли бошқарувчи сифатида ҳаракат қилаётган шахснинг тасарруфида эканлиги сабабли уни тақдим этишни рад қилиш учун Аҳдлашувчи Давлатга ижозат берувчи сифатида талқин қилмаслиги лозим».
2-модда
Иккала Аҳдлашувчи Давлат дипломатик каналлар орқали мазкур Баённоманинг кучга кириши учун зарур бўлган процедураларнинг бажарганлиги тўғрисида ўзаро бир-бирини хабардор қилади. Мазкур Баённома бундай хабарномаларнинг охиргиси олинганидан сўнг ўттизинчи кундан кучга киради ҳамда Баённома кучга кирган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан ёки 1 январидан сўнг бошланадиган солиқ йилларига ёки тадбиркорлик йилларига тааллуқли маълумотга нисбатан амал қилади.
3-модда
Мазкур Баённома Конвенциянинг ажралмас қисми ҳисобланади ва Конвенциянинг амал қилиши тугаган санадан ўз кучини йўқотади.
Тегишли тартибда ўз ҳукуматлари томонидан ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, мазкур Баённомани имзоладилар.
Будапешт шаҳрида 2014 йил 25 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, венгер ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Баённома қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)