Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2014 йилда кассация инстанциясида ишларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида
маълумот
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йил иш режасига асосан Олий хўжалик судининг 2014 йилда кассация инстанциясида кўрилган ишлар юзасидан суд амалиёти таҳлил қилинди.
Қуйи инстанция судларининг қарорлари билан келишмаган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан берилган айрим кассация шикоятларига нисбатан кассация инстанцияси судининг билдирган муносабатлари қуйидагича кўринишга эга.
1. Кассация шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримда албатта хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, низо предмети, қабул қилинган ҳал қилув қарори, қарор мазмунининг қисқача баёни, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, ажрим чиқарилаётган масала, хўжалик суди ўз хулосаларини чиқаришга олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари, кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса кўрсатилиши лозим.
«Косон йўл хўжалиги туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш» ДУК томонидан Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 18-1403/15814-сонли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти берилган.
Кассация шикояти ХПК 180-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига зид равишда, яъни шикоят ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик судини четлаб ўтган ҳолда берилганлиги сабабли қайтарилган.
Ажрим қисқа бўлиб, унда низо предмети, қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи каби муҳим маълумотлар ёритилмаган.
Кассация инстанцияси томонидан қабул қилинадиган ажримларга нисбатан ҳам ХПКнинг 151-моддаси татбиқ этилади. Яъни, ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланишича, алоҳида ҳужжат тариқасида чиқариладиган ажримда хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, низо предмети, қабул қилинган ҳал қилув қарори, қарор мазмунининг қисқача баёни, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, ажрим чиқарилаётган масала, хўжалик суди ўз хулосаларини чиқаришга олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари, кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса кўрсатилиши лозим.
Ваҳоланки, судья кассация шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримни тайёрлашда ХПК 151-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилмаган.
Худди шундай хатоликка 11-1409/5487-сонли иш бўйича (судья К. Давлетова), 19-1403/6573-сонли иш бўйича (судья М. Салимов), 11-1409/8504-сонли иш (судья И. Матмуратов), 10-1413/3364-сонли иш бўйича (судья О. Халмирзаев), 10-1415/14639-сонли иш (судья А. Абдуллаев) томонидан қабул қилинган ажримларда ҳам йўл қўйилган.
2. ХПКнинг 23-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
«To`rtko`lli Sardor» хусусий фирмаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ОАТБ «SAVDOGAR BANK» ва «To`rtko`lli Sardor» хусусий фирмаси ўртасида тузилган тарафлар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда ишни ҳакамлик судида кўриш ҳақидаги битимни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг ажрими билан даъво аризани қабул қилиш рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво аризасида қўйилган талаб хўжалик судига кўриб чиқиш учун тегишли эмас деб ҳисоблаб, ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ҳақида нотўғри хулосага келган. Чунки ХПКнинг 23-моддаси биринчи қисми 1-бандига кўра, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Мазкур Кодекс 24-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар, шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, хўжалик суди ўзининг ваколат доирасига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилиши назарда тутилган.
Шу сабабли, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топган.
3. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари хўжалик юритувчи субъектлар манфаатида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни сўраб хўжалик судларига мурожаат қилишга ҳақли эмас. Бундай ариза билан мурожаат қилинганда, ариза ХПК 155-7-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ ушбу Кодекснинг 118-моддасига асосланиб қайтарилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ХПК 88-моддасига биноан кўрмасдан қолдирилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ «Асакабанк» ОАЖ манфаатида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судининг иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан ариза кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси «Асакабанк» ОАЖ манфаатида «Мохитабон-Зарафшон» МЧЖга нисбатан ҳакамлик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан МЧЖдан Банк фойдасига 174 332 882 сўм ундирилган.
Ҳал қилув қарорининг ижроси жавобгар томонидан ихтиёрий таъминланмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, мазкур ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни сўраган.
ХПК 155-6-моддасининг иккинчи қисмига биноан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги масала ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг аризасига биноан хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.
ХПК 155-7-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ ушбу Кодекснинг 155-6-моддасида назарда тутилган талаблар ва ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан аризачига қайтарилади.
Биринчи инстанция суди «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига таянган ҳолда ишда Палата ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўла олмайди деб ҳисоблаган.
«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари - ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳакамлик судига даъво тақдим этган юридик ва жисмоний шахслар (даъвогарлар), шунингдек ўзига нисбатан даъво тақдим этилган шахслар (жавобгарлар)дир.
Аммо, биринчи инстанция суди аризани иш юритишга қабул қилиб қўйганлиги сабабли, ХПК 155-7-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ аризани қайтармасдан, балки ариза имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган деган важ билан аналогия бўйича ХПК 88-моддасининг 3-бандини мос ҳолда қўллаб, даъвони кўрмасдан қолдирган.
Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрими қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлганлиги учун, уни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.
4. ХПК 189-моддаси иккинчи қисмининг 5, 6 ва 7-бандларига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида ҳал қилув қарори, қарорнинг қонунийлигини текшириш тўғрисида масала қўйилишига сабаб бўлган асослар, кассация шикояти (протести) юзасидан мулоҳазада баён қилинган важлар, мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилиши лозим.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ «Агро банк» Учқизил филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, «Термиз Бойсун қурилиш» МЧЖдан 70 160 000 сўм асосий қарз ва 16 487 600 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. МЧЖдан банк фойдасига 22 028 349 сўм асосий қарз ва 7 709 000 сўм жарима ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида жавобгарни тегишли хабардор қилмасдан ишни кўриб процессуал хатоликка йўл қўйган деган важ билан ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанцияга юбориш тўғрисида қарор қабул қилган.
Кассация инстанцияси судининг мажлисида даъвогар ва жавобгардан вакиллар иштирок этган, аммо суднинг қарорида мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари баён қилинмаган.
Бундан ташқари, қарорда ҳал қилув қарорининг қонунийлигини текшириш тўғрисида масала қўйилишига сабаб бўлган асослар, кассация шикояти (протести) юзасидан мулоҳазада баён қилинган важлар ҳам кўрсатилмаган.
Ваҳоланки, ХПК 189-моддаси иккинчи қисмининг 5-бандида кассация инстанцияси судининг қарорида ҳал қилув қарори, қарорнинг қонунийлигини текшириш тўғрисида масала қўйилишига сабаб бўлган асослар, 6-бандида кассация шикояти (протести) юзасидан мулоҳазада баён қилинган важлар, 7-бандида эса, мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилиши лозимлиги белгиланган.
5. Иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, суд ҳужжати юқори инстанция суди томонидан бекор қилиниб, иш суд ҳужжатини қабул қилган инстанция судига янгидан кўриш учун юборилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси «Шўрчи дон маҳсулотлари» АЖ манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, «Омон-Эл-Денов» хусусий корхонасидан 5 000 000 сўм асосий қарз ва 2 500 000 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгардан 5 000 000 сўм асосий қарз ва 1 560 000 сўм пеня ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Шўрчи дон маҳсулотлари» АЖ билан «Омон-Эл-Денов» ХК ўртасида хизмат кўрсатиш шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогар шартнома шартларига асосан жавобгарнинг ҳисоб рақамига 2010 йил 6 сентябрда 5 000 000 сўм пул маблағини ўтказиб берган бўлсада, бироқ жавобгар шартномада белгиланган хизматларни кўрсатмаган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция суди ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида жавобгарни тегишли равишда хабардор қилмаган ҳолда ишни кўриб чиққан ва даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.
ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 2-бандида иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлади деб кўрсатилган.
Кассация инстанцияси суди ХПКнинг мазкур нормасига асосланиб, жавобгар ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмасдан иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топган.
19-1303/2372, 19-1406/2889-сонли ишлар ҳам худди шундай ҳал қилинган.
6. Бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланади.
Даъвогар «Сингапур-Самарқанд» хорижий корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Харир-тола» МЧЖдан 5 000 кг маҳсулотни тўлиқ натура ҳолида етказиб беришга мажбурлашни, етказиб берилмаган маҳсулот қийматига нисбатан ҳисобланган 10 000 000 сўм пеня ва 2 400 000 сўм фоиз ундиришни сўраган.
Жавобгар қарши даъво тақдим этиб, тарафлар ўртасида тузилган 2013 йил 22 апрелдаги 37-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топишни, 10 000 000 сўм маънавий зарарни ҳамда 1 300 000 сўм юридик хизмат ҳақини ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан дастлабки даъво рад этилган. Қарши даъво қисман қаноатлантирилиб, 2013 йил 22 апрелдаги 37-сонли шартнома ҳақиқий эмас деб топилган ва қарши даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «Сингапур-Самарқанд» хорижий корхонаси ва «Харир-тола» МЧЖ ўртасида 2013 йил 22 апрелда 37-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Унга кўра, МЧЖ 5000 кг навсиз пиллани хорижий корхонага етказиб бериш, хорижий корхона эса етказиб берилган навсиз пилла учун 20 000 000 сўм тўлаб бериш мажбурятини олган.
Хорижий корхона шартнома шартларига мувофиқ 2013 йил 24 ва 26 апрель кунлари жами 20 000 000 сўм пул маблағини МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган. МЧЖ эса шартномада белгиланган ўз мажбуриятларини бажармасдан, 5000 кг навсиз пиллани хорижий корхонага етказиб бермаган. Шу сабабли, «Сингапур-Самарканд» хорижий корхонаси судга мурожаат қилган.
Ўз навбатида, жавобгар қарши даъво тақдим этиб, тарафлар ўртасида тузилган 2013 йил 24 апрелдаги шартнома жавобгар раҳбари томонидан имзоланмаганлиги ва у ФКнинг 116-моддасига мувофиқ ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланганлиги учун уни ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда 10 000 000 сўм маънавий зарар ва 1 300 000 сўм юридик хизмат ҳақини ундиришни сўраган.
Иш биринчи инстанция судида кўрилаётган вақтда жавобгар даъвогар томонидан тўлаб берилган 20 000 000 сўм пулни қайтарган. Шу боис, биринчи инстанция суди қарши даъвони қисман қаноатлантириб, шартномани ҳақиқий эмас деб топиб, даъво талабининг қолган қисмини рад қилиш ҳақида тўхтамга келган. Бироқ дастлабки даъвони тўлиқ рад қилиш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Жавобгар 2014 йил 25 июнь куни даъвогар судга мурожаат қилганидан кейингина 20 000 000 сўм пул маблағини даъвогарга қайтарган. Яъни, жавобгар пул маблағидан бир йилдан ортиқ муддат давомида фойдаланиб келган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартнома жавобгар раҳбари томонидан имзоланмаганлиги сабабли жавобгар уни тан олмаган тақдирда, даъвогар ўтказиб берган пул маблағларини дарҳол қайтариш чораларини кўриши лозим эди.
ФК 327-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин.
Биринчи инстанция суди ФКнинг мазкур моддасига асосан даъвогарнинг банк фоизи ундириш талабини банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда қаноатлантириши лозим эди.
Шу боис, кассация инстанцияси суди жавобгардан даъвогар фойдасига банкнинг қайта молиялаш ставкаси 12 фоиз миқдорида бўлганлигини инобатга олиб, 2 400 000 сўм фоиз ундиришни лозим топган.
7. Хорижий давлатнинг корхона ва ташкилотлари томонидан берилган даъво аризалари консуллик легализацияси мавжуд бўлган ҳоллардагина иш юритишга қабул қилинади, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда даъво аризаси берган ташкилот ва корхона давлати аъзо ҳисобланган халқаро шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса. Акс ҳолда, даъво аризаси имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган деб ҳисобланиб, ХПК 88-моддасининг 3-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.
Даъвогар «IDA TRADING LTD» корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар «Ромитан тола» ФХдан 359,94 АҚШ доллари ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, «IDA TRADING LTD» корхонаси ва «Ромитан тола» ФХ ўртасида 2006 йил 6 октябрда фьючерс шартномаси тузилган. Унга кўра, жавобгар даъвогарга 10 000 кг ипак маҳсулоти етказиб бериши, даъвогар етказиб берилган маҳсулот ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
Мазкур шартномага асосан даъвогар томонидан жавобгар ҳисоб-рақамига 179 985 АҚШ доллари олдиндан тўлаб берилган. Бироқ, жавобгар даъвогарга маҳсулотни тўлиқ етказиб бермаган. Натижада, жавобгар даъвогардан 359,94 АҚШ доллари миқдорида қарздор бўлиб қолган.
Шу сабабли «IDA TRADING LTD» корхонаси хўжалик судига мурожаат қилган.
Биринчи инстанция суди даъво аризасини иш юритишга қабул қилиб, шартнома 2006 йилда тузилган бўлсада, даъвогар томонидан қарздорликни ундириш чоралари кўрилмаганлиги сабабли, даъво муддатининг ўтганлигини важ қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Аммо, биринчи инстанцияси суди даъво аризаси Сингапур Республикасининг корхонаси томонидан тақдим этилиб, у консуллик легализациясидан ўтмаганлигига эътибор бермаган.
Адлия вазирлиги томонидан 1997 йил 12 мартда 313-рақам билан рўйхатга олинган «Консуллик легализацияси тўғрисидаги Йўриқнома»нинг 4-бандига асосан Ўзбекистон Республикасининг корхона ва ташкилотлари хорижий давлатнинг корхона ва ташкилотлари томонидан юборилган ҳужжатлар ва актларни фақатгина консуллик легализацияси мавжуд бўлган ҳолатларда кўриб чиқиш учун қабул қилади, агарда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда ҳужжат ва акт юбораётган ташкилот ва корхона давлати аъзо ҳисобланган халқаро шартномада бошқача назарда тутилмаган бўлса.
ХПК 88-моддасининг 3-бандига асосан хўжалик суди даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, даъвони кўрмасдан қолдиради.
Кассация инстанцияси суди судга тақдим этилган даъво аризаси тегишли тартибда консуллик легализациясидан ўтмаганлиги сабабли, даъво аризаси имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилган ва даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим топган.
8. Аукцион савдолари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилганда, унинг натижаси бўйича қабул қилинган баённомани ҳақиқий эмас деб топиш мумкин эмас.
«KO’HNA BUXORO SAYQALI» МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) «Trade In Real Property» МЧЖ (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан даъво аризаси билан вилоят хўжалик судига мурожаат этиб, жавобгарда ташкил қилинган аукцион савдо комиссиясининг 2013 йил 18 ноябрдаги 001/3-А-сонли якуний баённомасини ва ушбу санада 001-А/1-сонли аукцион савдо натижасида тузилган ғолиблик баённомасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «Универсал мулк савдо» МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва аукцион савдоларини ташкил этиш комиссияси жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2013 йил 27 сентябрда Бухоро шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси балансидаги Бухоро шаҳар Хўжа Нуробод кўчаси ёқасида жойлашган собиқ 5-сон умумтаълим мактаби бино ва иншоотларини аукцион савдолари орқали сотиш тўғрисида 33а-сонли буйруғи қабул қилинган.
Унга кўра, савдо ташкилотчиси этиб жавобгар белгиланган ва унга аукцион савдоларини ўтказиш тўғрисида белгиланган тартибда эълонлар бериш, тасдиқланган жадвалга кўра биринчи аукцион савдоларини 2013 йил 4 ноябрда ўтказиш, ушбу санада объект сотилмай қолган тақдирда, такрорий ким ошди савдоларини 2013 йил 11, 18 ва 25 ноябрь кунлари ўтказиш вазифаси юклатилган.
Жавобгар томонидан 2013 йил 18 ноябрь куни ўтказилган аукцион савдосида аукцион савдо комиссияси «KO’HNA BUXORO SAYQALI» МЧЖ ғолиб деб эътироф этилган ҳамда объектнинг 900 000 000 сўмга сотилганлиги тўғрисида йиғилишнинг якуний 001/3-А-сонли баённомасига асосан қарор қабул қилинган.
Мазкур қарор асосида 2013 йил 18 ноябрда 001-А/1-сонли аукцион савдолари натижаси бўйича тузилган ғолиблик баённомаси қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 январдаги 27-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат активларини биржадан ташқари савдоларда, шу жумладан, инвестиция мажбуриятлари билан сотиш тартиби тўғрисида Низом»нинг 29, 30, 31-бандларига асосан «аукцион жараёнида ҳар бир уч босқичдан кейин аукциончи аукцион босқичини ошириш томонга ўзгартириши мумкин. Бунда аукциончи нархни айтади, қатнашчилар эса қатнашчининг рақамини кўтариб объектни ушбу нархда сотиб олишга тайёрлиги тўғрисида билдирадилар.
Бир неча қатнашчилар томонидан қизиқиш намоён қилинган тақдирда аукциончи нархни аукцион босқичига мувофиқ ошириб навбатдаги нархни эълон қилади.
Аукцион навбатдаги нарх 3 марта эълон қилингандан кейин харидорлардан ҳеч бири чиптасини кўтармаса тугалланади. Чиптасининг рақами аукциончи томонидан охирги марта айтилган харидор аукционнинг ғолибига айланади. Шундан кейин аукциончи аукцион савдога қўйилган давлат активининг сотилганлигини эълон қилади, сотув нархини ва аукцион ғолибининг чиптаси рақамини айтади.
Кассация инстанцияси суди иш ҳужжатларида мавжуд бўлган 2013 йил 18 ноябрда ўтказилган аукцион савдолари қайд этилган видео тасвирни ўрганиб чиқиб, аукцион савдолари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилган деган хулосага келган ва шу боис, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилган.
9. Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Хамза тумани ҳокимлиги «NEW STYLE BUSINESS» МЧЖга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар, Хамза тумани, Охангарон кўчаси, 118 а-уй манзилидаги 229 кв.м майдондан иборат ўзбошимчалик билан қурилган бинони МЧЖ ҳисобидан бузишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги «Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Хамза туман ҳокимияти қошидаги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда, Хамза тумани, Оҳангарон кўчаси 118-уй манзилида жойлашган МЧЖ 1013,0 кв.м ер майдонини ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, шунингдек ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонининг 229,0 кв.м қисмида ноқонуний қурилган бино борлиги аниқланган.
Хамза туман ҳокимиятининг 229,0 кв.м майдонда қурилган бинони ихтиёрий равишда бузиб ташлаш тўғрисидаги талаби МЧЖ томонидан бажарилмаган.
«Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати» давлат унитар корхонаси томонидан МЧЖга қарашли Хамза тумани, Оҳангарон кўчаси, 118-уйда жойлашган Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси кадастр ишида Тошкент вилояти, Зангиота тумани ҳокимининг 2009 йил 20 июлдаги 602-сонли қарори билан 0,22 га ер майдони фойдаланишга бириктириб берилганлиги, ўзбошимча эгалланган ер майдони 1013 кв.м ташкил этиши кўрсатилган.
ФКнинг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим, ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ишни кўриш давомида МЧЖ томонидан унга иморат қуриш учун ер майдони ажратилганлиги, иморатни қуриш учун рухсатнома олинганлиги, қурилган бино архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига жавоб бериши исботлаб берилмаганлиги сабабли, биринчи инстанция суди томонидан даъвони қаноатлантириш тўғрисида қонуний тўхтамга келинган.
Шу боис, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.
10. Агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса.
«Хазратқул Абдуллаев» фермер хўжалиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Марказий Осиё Улуғчилик компанияси» шўъба корхонасидан 148 335 828 сўм асосий қарз, 102 831 066 сўм пеня, 12 164 268 сўм зарар ва 13 740 808 сўм банк фоизи ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан «Нодирабону Сафарова» фермер хўжалиги, Боёвут туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, ОАТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Сирдарё минтақавий филиали низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида ишга жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, шўъба корхонасидан фермер хўжалиги фойдасига 102 843 944 сўм асосий қарз, 20 000 000 сўм пеня, 700 000 сўм зарар ва 12 341 273 сўм банк фоизи ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, фермер хўжалиги ва шўъба корхонаси ўртасида пахта хом-ашёсини сотиболиш тўғрисида контрактация шартномаси тузилган.
Мазкур шартнома шартларига кўра, фермер хўжалиги шўъба корхонасига 2011 йил ҳосилидан жами 281,0 тонна пахта хом-ашёси етказиб бериши, шўъба корхонаси эса шартномада белгиланган тартибда пахта хом-ашёсининг тўловларини ўз вақтида тўлаши, шу жумладан маҳсулот қабул қилиб олингандан сўнг шартномадаги маҳсулот умумий қийматининг 80 фоизини бўнак маблағлари, терим учун юборилган маблағлар ва бошқа ҳисоб-китоблар чегирилган ҳолда қолган қисми бўйича солиштирма далолатнома имзолангандан бир ой кейин тўловни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Фермер хўжалиги томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилиб, 281,1 тонна пахта хом-ашёси топширилган. Бироқ шўъба корхонаси томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу боис, фермер хўжалиги судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, шўъба корхонадан 148 335 828 сўм асосий қарз, 102 831 066 сўм пеня ва 12 164 268 сўм зарар, 13 740 808 сўм банк фоизи ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан даъво талабининг 102 843 944 сўм асосий қарз, 20 000 000 сўм пеня ундириш ҳақида тўғри хулосага келган бўлсада, бироқ шўъба корхона ҳисобидан 700 000 сўм зарар ва 12 341 273 сўм банк фоизи ундириш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарорининг 13-бандида шартномалардан келиб чиқувчи пул мажбуриятларида, хусусан қарздорнинг товарлар, ишлар, хизматлар тўловини амалга ошириш ёхуд пул маблағларини қайтариш, тўлов кечиктирилган суммани тўлаш шарти билан олинган мажбуриятларда ФКнинг 327-моддасига асосан фоизлар ҳисобланиши лозим. Қонунда ёхуд тарафлар келишувида пул мажбуриятларини бажаришни кечиктирганлик учун қарздорнинг неустойка (пеня) тўлаш мажбурияти кўзда тутилиши мумкин. Бундай ҳолатларда суд шундан келиб чиқиши керакки, агар қонунда ёки шартномада тўғридан-тўғри бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор пул мажбуриятини бажармаганлиги учун зарар етказилганлиги ҳолатини ва зарарнинг миқдорини исботламаса ҳам, ушбу чоралардан бирини қўллаш ҳақидаги талабни қўйишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Фуқаролик кодексининг 325-моддасига кўра, агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланиши белгиланган.
Шу сабабли, кассация инстанция суди ҳал қилув қарорининг 700 000 сўм зарар ва 12 341 273 сўм банк фоизи ундириш қисмини бекор қилиб, даъвонинг ушбу қисмларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилган.
11. Электр энергияси вақтинчалик узиб қўйилганлиги натижасида ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш имконияти бўлмаганлиги учун тўловнинг пластик карточкаси орқали қабул қилинмаганлиги хўжалик юритувчи субъектни Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди.
Самарқанд шаҳар ДСИ хўжалик судига мурожаат қилиб, ЯТТ Жўраев Нуриллога нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 5 173 000 сўм, Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда ва Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш Самарқанд вилоят бўлимининг 2014 йил 7 февралдаги буйруғига асосан «Самарқанд шодиёнаси» савдо мажмуаси ҳудудида фаолият юритаётган ЯТТ Жўраев Нуриллога қарашли савдо дўконида савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан 2014 йил 8 февралда қисқа муддатли текшириш ўтказилган.
Текшириш вақтида ЯТТ Жўраев Нурилло ўз ўрнига фуқаро Бегиева Шохсанам Шахобжоновнани сотувчи сифатида савдо ишларини амалга ошириш учун қўйганлиги ва Ш. Бегиева 2014 йил 8 февралда харидорга савдо хизмати кўрсатганлиги аниқланган. Харидор харид қилинган кўйлак учун тўловни ўз пластик карточкасидан амалга оширишини билдирган, аммо сотувчи электр энергияси йўқлиги сабабли терминал ишламаётганлигини билдирган. Сотувчи аёллар кўйлагини харидорга 55 000 сўм нақд пулга сотиб, харидорга назорат касса машинасидан харид чеки бермаган. Шунингдек, текширишда кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 5 173 000 сўмлик товарлар савдога қўйилганлиги аниқланган ва бу ҳақда далолатнома тузилган.
Текшириш натижалари юзасидан ДСИнинг 2014 йил 28 февралдаги қарорига асосан ЯТТга нисбатан молиявий жарима ҳисобланган.
Мазкур қарор ЯТТ томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги учун ДСИ судга ариза билан мурожаат қилиб, ЯТТга нисбатан молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаблар қисман қаноатлантирилиб, ЯТТ Жўраев Нуриллога нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 5 173 000 сўм, Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 2 883 150 сўм молиявий жарима қўлланилган ва Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида молиявий жаримани қўллаш қисми рад этилган.
Апелляция суди томонидан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори ва қарор ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ЯТТга нисбатан Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 5 173 000 сўм молиявий жарима асосли қўлланган деб ҳисоблаган. Чунки ушбу модданинг биринчи қисмида кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, кирим қилинмаган товар қиймати миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Суд томонидан ЯТТга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 2 883 150 сўм молиявий жарима ҳам асосли қўлланган деб баҳоланган, чунки ЯТТ томонидан савдо шахобчасида назорат касса машинасини ишлатиш мажбурий бўлсада, уни ишлатмасдан савдо амалга оширилган.
Кассация инстанцияси суди томонидан суднинг ЯТТга нисбатан Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосаси ҳам асосли деб топилган. Бунда суд Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмига кўра, пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишига, бироқ мазкур ҳолатда савдо амалга оширилган вақтда бутун савдо комплексида электр энергияси бўлмаганлигига, шу сабабли сотувчида тўловни терминал орқали қабул қилишнинг имконияти бўлмаганлигига асосланган.
2014 йил 31 декабрь.