Хўжалик судларининг 2013-2014 йилларда банклар томонидан берилган кредит суммасини ундириш ҳақидаги низоларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича
МАЪЛУМОТНОМА
Олий хўжалик судининг 2015 йиллик иш режасига асосан хўжалик судларининг 2013-2014 йилларда банклар томонидан берилган кредит суммасини ундириш ҳақидаги низоларни кўриш билан боғлиқ (974 та) хўжалик ишлари ва улар юзасидан ўтказилган умумлаштиришлар ўрганиб чиқилди.
Хўжалик судлари томонидан ушбу тоифадаги низолар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Хўжалик процессуал кодекси, «Ипотека тўғрисида»ги Қонун, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Олий хўжалик суди Пленуми қарорларига асосан ҳал қилинмоқда.
Процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти
1. Даъво банк филиали манфаатида киритилганда суд юридик шахс мақомига эга бўлган банкни ишга даъвогар сифатида жалб қилади ва ишни кўриш натижаси бўйича банк филиалига нисбатан, у юридик шахс мақомига эга эмаслиги ва шу боис хўжалик судида кўрилаётган иш бўйича тараф бўла олмаслиги сабабли, ХПК 86-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатади.
ДТ «Халқ банки»нинг Тошкент шаҳар филиали амалиёт бўлими ва «Муаттар Коммуналчи» ХУЖМШ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 12 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 11 500 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида қўшимча келишув битими тузилган ва унга кўра кредит шартномасига ўзгартириш киритилиб, кредит суммаси 12 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит бўйича унга ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 6-санасигача, асосий тўловларни еттинчи ойидан бошлаб ойнинг 8-санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмасдан келинган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 6 797 974,11 сўм, шу жумладан 5 451 100 сўм кредит суммаси ва 1 346 874,11 сўм банк фоизини ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан ДТ «Халқ банки» ишга даъвогар сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, қарз олувчидан ДТ «Халқ банки» фойдасига 6 797 974,1 сўм ундирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган.
ДТ «Халқ банки»нинг Тошкент шаҳар филиали амалиёт бўлими юридик шахс мақомига эга эмаслиги ва шу боис хўжалик судида кўрилаётган иш бўйича тараф бўла олмаслиги сабабли суд унга нисбатан ХПК 86-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатиши лозим эди.
Яна бир мисол.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ «Микрокредитбанк» Наманган вилоят филиали манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, «Шарифхон ўғли Ёдгор» СИЧФдан гаровга қўйилган мулк ҳисобидан 12 000 000 сўм асосий қарз, 1 550 000 сўм кредит фоизи, жами 13 550 000 сўм ундиришни сўраган.
ОАТБ «Микрокредитбанк»и ишга даъвогар сифатида жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантириб, жавобгардан ОАТБ «Микрокредитбанк» фойдасига гаровга қўйилган мулк ҳисобидан 12 000 000 сўм асосий қарз, 1 550 000 сўм кредит фоизи, жами 13 550 000 сўм ундирилган.
Аммо суд ишни кўришда ОАТБ «Микрокредитбанк» Наманган вилоят филиали юридик шахс мақомига эга эмаслиги ва низо бўйича тараф ҳисобланмаслигига эътибор бермаган.
Ваҳоланки, суд ишни кўриш натижаси бўйича банк филиали юридик шахс мақомига эга эмаслиги сабабли хўжалик суди субъекти бўла олмаслиги, шунингдек ишда низо бўйича тараф ҳисобланмаслиги боис, ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатиши лозим эди.
2. ХПК 44-моддасининг иккинчи қисмига кўра давлат органи ёки бошқа орган томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўзғатилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
ОАТ «Микрокредитбанк»нинг Тошкент вилояти филиали (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва «Шохрух Мархабо ДБН» КК (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 6 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 7 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Agro Invest Sug`urta» АЖ (суғурталовчи) ўртасида кредитларни суғурталаш шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кредит шартномасида белгиланган муддатда кредит суммасини қайтариб бера олмаганда суғурталовчи суғурта ҳимоясини тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва суғурталовчидан 7 671 147 сўм, шу жумладан 7 000 000 сўм кредит суммаси ва 671 147 сўм банк фоизини ундиришни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида банк судга ариза билан мурожаат қилиб, уни манфаатида киритилган Палатанинг даъвосидан воз кечган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан иш юритиш ХПК 86-моддасининг 6-бандига асосан, яъни даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
Хусусан, ХПК 44-моддасининг иккинчи қисмига кўра давлат органи ёки бошқа орган томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўзғатилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Шу боис, суд Палатанинг даъво аризасини кўрмасдан қолдириши лозим эди.
Бундан ташқари, ОАТ «Микрокредитбанк»нинг Тошкент вилояти филиали юридик шахс мақомига эга эмаслиги сабабли суд даъво аризасини иш юритишга тайинлаш ва ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида ОАТ «Микрокредитбанк»ни ишга даъвогар сифатида жалб қилиб, ишни кўриш натижаси бўйича филиалга нисбатан иш юритишни ХПК 86-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан тугатиши лозим эди.
3. Савдо-саноат палатасининг ўзи киритган даъводан воз кечиши ХПК 44-моддасининг иккинчи қисмига асосан даъвоникўрмасдан қолдириш учун эмас, балки ХПК 86-моддасининг 6-бандига асосан иш юритишни тугатиш учун асос бўлади.
АТБ «Агробанк» Термиз филиали (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва «Омад» МЧЖ (бундан буён матнда қарз олувчи деб юритилади) ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 15 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 24 ой муддатга 100 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 120 000 000 сўмлик технологик ускуналари гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 92 800 000 сўм асосий кредит суммаси ва 14 880 500 сўм банк фоизини, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Иш кўриш жараёнида Палата судга ариза билан мурожаат қилиб, унда банк манфаатида киритилган даъвосидан воз кечганлигини маълум қилган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво ХПК 44-моддасининг иккинчи қисмига асосан, яъни даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Низони ҳал этишда суд процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
Хусусан, ХПК 44-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат органлари ва бошқа органлар қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этишлари мумкин ва ушбу органларнинг тақдим этилган даъволардан воз кечиши даъвогарни низони мазмунан кўришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида давлат органи ёки бошқа орган томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўзғатилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда банк эмас, балки Палата ўзи киритган даъвосидан воз кечган ва банк низони мазмунан кўришни талаб қилмаган.
Шу боис, суд ХПК 86-моддасининг 6-бандига асосан Палатанинг даъвосидан воз кечганлигини қабул қилиб, иш юритишни тугатилиши лозим эди.
4. Тадбиркорлик субъектининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзолигини тасдиқловчи гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин унинг манфаатида Палата томонидан берилган даъво аризаси ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилади, агар бу ҳолат даъво аризасини иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, даъво ХПК 88-моддасининг 3-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.
ДТ «Халқ банки»нинг Бектемир филиали ва «ART STROY BIZNES» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 16 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 100 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 130 000 000 сўмлик, Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани, «Йўнғичқола» қишлоғида жойлашган умумий фойдаланиш майдони 678,13 кв.м бўлган икки қаватли айвондан иборат бино ва иншоотлар гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 71 504 241 сўм асосий қарз ва 1 285 117 сўм банк фоизини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида асосли хулосага келган.
Чунки, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддаси биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисига асосан Палата давлат божи тўламасдан судга Палата аъзолари манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этиш, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Палата ва ДТ «Халқ банки» ўртасида тузилган шартномага асосан ДТ «Халқ банки» Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси аъзолигига қабул қилинган ва бу ҳақда 2012 йил 16 май куни SSP-000487-сонли гувоҳнома берилган. Ушбу гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2013 йил 10 апрель кунига қадар этиб белгиланган.
Палата банк манфаатида 2013 йил 7 май куни даъво аризаси киритган, яъни банк Палата аъзолиги муддати (гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2013 йил 10 апрелгача) якунлангандан кейин имзоланган.
ХПК 88-моддасининг 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан, ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, даъво кўрмасдан қолдирилади.
Суд бундай ҳолатда Палатанинг банк манфаатида тақдим этган даъво аризасини ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтариши, иш юритишга қабул қилинган даъво аризасини эса ХПК 88-моддасининг 3-бандига асосан кўрмасдан қолдириши лозим.
5. ХПК 92-моддасининг учинчи қисмига биноан бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланади.
ДТ «Халқ банки»нинг Навоий вилоят ва «Жалойир авто салтанат» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 20 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 200 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 250 000 000 сўмлик, Навоий вилояти, Кармана тумани, «Нарпай» ҚФЙ ҳудудида жойлашган 5373,23 кв.м ерда жойлашган, ишчи майдони 518,44 кв.м, умумий майдони 1057,89 кв.м бўлган, ошхона биноси гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида қарз олувчига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва банк ўртасида тузилган кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ва 213 692 667 сўм кредит қарзини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган. Суд даъво талабининг 213 692 667 сўм кредит қарзини ундириш талаби бўйича давлат божи ундирган бўлсада, бироқ даъво талабининг тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасини бекор қилиш қисми бўйича давлат божи ундириш масаласини муҳокама қилмаган ва ушбу талаб бўйича давлат божини ундирмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-қарорининг 21-бандига кўра, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат божи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.
Мазкур ҳолатда суд даъво талабининг шартномани бекор қилиш қисми бўйича давлат божи ундириш масаласини ҳал этиб, жавобгардан республика бюджетига энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида давлат божини ундириши керак эди.
6. Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин даъвогарнинг талаби жавобгар томонидан ихтиёрий қаноатлантирилганда, суд томонидан даъвони рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинади ва давлат божи жавобгар зиммасига юкланади.
ОАТ «Турон» банкининг Марказий амалиёт бошқармаси ва «Suvsanoatmash» АЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 18 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 300 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли, қиймати 400 000 000 сўм бўлган, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Уста Ширин кўчаси, 120-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи 2013 йилнинг 25 июнидан бошлаб тўлов жадвалига асосан ҳар ой 33 333 333 сўмдан тўлаб бориш мажбуриятини олган, бироқ унинг томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) ОАТ «Турон» банкининг Марказий амалиёт бошқармаси манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 72 473 806,91 сўм, шу жумладан 66 151 222 сўм кредит суммаси, 2 740 291,21 сўм банк фоизи ва 3 582 293,7 сўм пеняни ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида Палата судга даъводан воз кечиш ҳақида ариза тақдим этиб, унда банк 2014 йил 19 июнда Палатага мурожаат қилиб, қарз олувчи томонидан қарздорлик тўлиқ қопланганлигини маълум қилганлигини баён этган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан иш юритиш ХПК 86-моддасининг 6-бандига асосан, яъни даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли тугатилган. Жавобгардан республика бюджетига 724 810 сўм давлат божи ундирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Низони ҳал этишда суд процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
Хусусан, ХПК 86-моддасининг 6-бандига кўра даъвогар даъвосидан воз кечган ва хўжалик суди уни қабул қилган бўлса хўжалик суди иш юритишни тугатади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-қарорининг 21.4-бандига биноан хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланади.
Шу боис, ишни кўриш пайтида даъвонинг ўзи қолмаганлиги сабабли суд даъвони рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиб, суд харажатини жавобгар зиммасига юклаши лозим эди.
Яна бир мисол.
ХАТБ «Hi-Tech Bank»и ва «DELVITA TRADE» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 280 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 350 000 000 сўмлик, давлат белгиси 01 381 BАA, «JIMBEI SY 5020 XXYD-A2» русумли юк ташувчи автотранспорт воситаси гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган, бироқ тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 72 831 239,17 сўм асосий кредит суммаси, 4 446 859,60 сўм банк фоизи, 14 556 247,80 сўм зарар ва 9 031 073,80 сўм пеня ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида Палата судга даъводан воз кечиш ҳақида ариза тақдим этиб, унда банк 2014 йил 15 апрелда Палатага мурожаат қилиб, жавобгар томонидан қарздорлик тўлалигича қопланганлигини маълум қилганлигини ва шу боис судга даъводан воз кечиш ҳақида ариза билан мурожаат қилишни сўраганлигини маълум қилган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан даъво ХПК 44-моддаси иккинчи қисмига асосан, яъни даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли, кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Низони ҳал этишда суд процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
ХПКнинг 40-моддасига биноан даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъводан воз кечишга ҳақли. Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни қабул қилмайди ва ишни мазмунан кўради.
Мазкур ҳолатда низо хўжалик судида кўрилгунга қадар жавобгар томонидан даъво талаби (предмети) бўлган кредит шартномасидан келиб чиққан қарздорлик тўлиқ қопланган, яъни низо бартараф бўлган. Мавжуд бўлмаган даъводан эса воз кечиб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-қарорининг 21.4-бандига биноан хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланади.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд даъвони рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиб, суд харажатларини жавобгар зиммасига юклаши лозим эди.
7. Вакилнинг келишув битимини тузиш борасидаги ваколатлари вакил қилаётган шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши лозим.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ДТ «Халқ банки» Учтепа филиали манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, «Анвар-Рахмат Авто» МЧЖ, «Дониёр Авто проф» МЧЖ, «А-Р Жўра-Комол» МЧЖдан жами 498 501 325 сўм ундиришни, ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
ХПК 40-моддасининг учинчи қисмига кўра, тарафлар ҳар қандай инстанцияда ишни келишув битими билан тамомлашлари мумкин.
Бироқ суд келишув битимини ДТ Халқ банки номидан Учтепа филиали бошқарувчиси М.Ғаниев имзолаш ҳуқуқига ваколати бор ёки йўқлигини аниқламасдан, келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш ҳақида барвақт хулосага келган.
ДТ Халқ банки Учтепа филиали бошқарувчиси М.Ғаниевга берилган 65-сонли ишончномада унга келишув битимини имзолаш ҳуқуқининг берилиши назарда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги «Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида»ги 204-сон қарорининг 9-бандида келишув битими ёзма шаклда расмийлаштирилиши ва тарафлар ёки келишув битимини тузиш ваколати махсус назарда тутилган ХПК 52-моддасининг талабларига мувофиқ берилган ишончнома мавжуд бўлган ҳолда, уларнинг вакиллари томонидан имзоланиши, бундай ишончнома келишув битимига илова қилиниши ва иш ҳужжатларига қўшиб қўйилиши лозимлиги ҳақида тушунча берилган.
Шунга кўра кассация инстанцияси судлов ҳайъати суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборган.
8. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримининг хулоса қисмида унинг барча шартлари баён этилиши лозим. Тарафларнинг суд харажатларини тақсимлаш бўйича келишувнинг мавжуд эмаслиги келишув битимини тасдиқлашни рад этишга асос бўлмайди. Бундай ҳолда суд харажатларини тақсимлаш масаласини суд ХПК 95-моддасининг қоидалари асосида ҳал қилади.
Шартли тузилган келишув битимини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Марказий амалиёт бўлими ва «TBS GROUP» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан қарз олувчига 12 ой муддатга 514 684 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида 2012 йил 24 августда ва 2012 йил 28 августда гаров (ипотека) шартномалари тузилган ва уларга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 386 640 000 сўмлик, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри, Кангли кўчаси, 16-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк, қиймати 131 860 000 сўмлик «ARION-630C» русумли трактор ҳамда қиймати 151 270 000 сўмлик «UZGUMI» русумли ўғит ишлаб чиқариш ускунаси гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи асосий қарзи тўлов жадвали асосида ва фоизларни ҳар ойнинг 6-санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 521 476 879,93 сўм, шу жумладан 513 356 470 сўм кредит суммаси ва 8 120 409,93 сўм банк фоизини ундиришни ҳамда ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида тарафлар судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлашни сўраган.
Мазкур келишув битимида қарз олувчи ўз зиммасига 256 678 234,999 сўм кредит суммасини тўлов жадвалига асосан, кредитга ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 6-санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олиши, қарз олувчи томонидан ўз мажбуриятлари тегишли равишда бажарилмаганда банк кредит суммасини муддатидан олдин ундириш ва ундирувни гаров нарсаларига қаратиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Қарз олувчи томонидан келишув битимида кўрсатилган тўлов жадвалига риоя қилинмаганлиги боис, банк судга ариза билан мурожаат қилиб, қарз олувчи томонидан 170 928 044,76 сўм кредит суммаси тўланмай қолганлиги сабабли ижро варақасини беришни сўраган ва ушбу аризага асосан суд ижро варақасини берган.
Биринчи инстанция суди томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган.
ФКнинг 280-моддаси, «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддаси ва «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига асосан гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.
Мазкур ҳолатда суднинг қарори мавжуд бўлмасада, суд томонидан банкка берилган ижро варақасида қарз олувчидан 170 928 044,76 сўм ундирилиши ва ундирув гаров (ипотека) нарсасига қаратилиб, унинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 669 770 000 сўм деб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги «Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида»ги 204-сонли қарорининг 17-бандида келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримининг хулоса қисмида унинг барча шартлари баён этилиши лозимлиги, тарафларнинг суд харажатларини тақсимлаш бўйича келишувнинг мавжуд эмаслиги келишув битимини тасдиқлашни рад этишга асос бўлмаслиги ва бундай ҳолда, суд харажатларини тақсимлаш масаласини суд ХПК 95-моддасининг қоидалари асосида ҳал қилиши кўрсатилган.
Мазкур ҳолатда келишув битимида тарафларнинг суд харажатларини тақсимлаш бўйича келишуви мавжуд бўлмасада, суд томонидан суд харажатлари тақсимлаш масаласи ҳал этилмаган ҳамда суд ажримининг хулоса қисмида келишув битимининг шартлари умуман баён этилмаган.
Шунингдек, ушбу Пленум қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисига кўра шартли тузилган келишув битимини тасдиқлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шу боис, мазкур ҳолатда келишув битими шартли тузилган бўлсада, яъни келишув битимида қарз олувчи томонидан унинг мажбурияти тегишли равишда бажарилмаган тақдирда банк кредит суммасини муддатидан олдин ундириши ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги шартлар мавжуд бўлсада, суд келишув битимини тасдиқлаган.
9. Суднинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримида иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажримнинг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан шикоят берилган тақдирда, уни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ рад этилади, агар у иш юритишга қабул қилинган бўлса, шикоят кўриб чиқилаётган инстанция судида иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
ОАТ «Турон» банкининг Миробод филиали ва «Akmal Tigr» хусусий корхонаси ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 18 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 18 ой муддатга 385 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 481 250 000 сўмлик, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ш.Абдуллаев кўчаси, 57-уй манзилда жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Шунингдек, банк, қарз олувчи ва «Chinoz Akbarshoh Savdj» МЧЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил кредитор (банк) олдида қарз олувчи билан солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи кредит бўйича қарздорликни 2013 йилнинг январь ойидан 2013 йил 16 ноябрь ойигача ҳар ойнинг 16-санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва кафилдан 408 891 282,37 сўм, шу жумладан 385 000 000 сўм кредит суммаси, 19 221 363,13 сўм банк фоиз ва 4 669 919,24 сўм пеня ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида қарз олувчи судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, гаров (ипотека) шартномасини имзолашда гаров нарсаси 481 250 000 сўмга баҳоланганлиги, аммо бинонинг қиймати бундан юқори эканлигини баён этиб, гаров нарсасини бозор қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан қарз олувчининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, иш юзасидан экспертиза тайинланган ва экспертиза хулосаси тақдим этилгунга қадар иш юритиш тўхтатилган.
Суднинг ажримидан норози бўлиб банк апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда гаров шартномаси тузилишидан олдин гаров нарсаси лицензияга эга баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланганлиги ва шундан кейин тарафлар томонидан гаров нарсасининг қиймати 481 250 000 сўм деб белгиланганлиги, шу боис суд ФКнинг 281-моддасига асосан гаров нарсасини кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳосини 481 250 000 сўм миқдорида белгилаши лозимлигини важ қилиб, суднинг ажримини бекор қилишни сўраган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган ва бунга асос қилиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарорининг 23-бандида гаровга қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолларда, у тарафларнинг илтимосномаси бўйича тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига кўра белгиланиши кўрсатилганлигини келтирилган.
Аммо, апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Хўжалик судлари томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётининг айрим масалалари ҳақида»ги 261-сонли қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисига кўра «экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) ХПКда назарда тутилмаганлиги боис, судлар инобатга олишлари лозимки, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) ажримнинг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар у иш юритишга қабул қилинган бўлса, шикоят (протест) кўриб чиқилаётган инстанция судида иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади».
Мазкур ҳолатда, апелляция шикоятидан кўринишича, банк суд экспертиза тайинланишидан норози бўлиб, суднинг ажрими устидан апелляция шикояти берган. Шу боис, апелляция инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида иш юритишни ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатиши лозим эди.
Моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти
Умумий масалалар
10. Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб маблағларни қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
ОАИТ «Ипак Йўли» банки Чилонзор филиали ва «Umirniso Isfandiyor» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 20 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 300 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида 2011 йил 27 декабрда ва 2012 йил 20 январда гаров (ипотека) шартномалари тузилган ва уларга кўра қарз олувчига тегишли қиймати 375 000 000 сўмлик 2 та савдо дўконлари гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида кўрсатилган тўлов жадвалига асосан тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Савдо-саноат Палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан муддатидан олдин 307 037 789,35 сўм, шу жумладан 2012 йил 24 августга қадар ҳисобланган 7 037 789,35 сўм банк фоизини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, қарз олувчидан банк фойдасига 307 037 789,35 сўм ундирилган ва ундирув гаров (ипотека) нарсасига қаратилиб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 375 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ижро варақаси берилган ва уни асосида суд ижрочилар томонидан ижро иши қўзғатилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Банк 2012 йил 25 августдан 2013 йил 29 апрелга қадар 41 136 120,19 сўм банк фоизларини ҳисоблаб, уларни ундириш тўғрисида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарорининг 4 ва 5-бандларида суднинг кредит шартномаси бўйича барча қопланмаган кредит суммаси ва бошқа тўловларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш тўғрисидаги қарори кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор бўлишига олиб келиши, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкинлиги белгиланган.
Шунингдек, ушбу Пленум қарорининг 10-бандига кўра «ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди».
Шу боис, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, қарз олувчидан банк фойдасига 41 136 120,19 сўм фоизлар ундирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
11. Банкнинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг чақириб олиниши, берилган кредитга фоиз ҳисобланишини тўхтатмайди.
«Кредит Стандарт» банки ва «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк йиллик 14 фоиз тўлаш шарти билан 60 ой муддатга 6 297 991 000 сўм кредит бериш, қарз олувчи эса кредит асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган муддат ва миқдорларда қайтариш мажбуриятини олган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарори билан банкнинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олиниб, мижозларга банк хизмати кўрсатиш тўхтатилган.
Қарз олувчи банкнинг тугатиш комиссиясига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, банкдан 96 589 015 сўм кредит фоизи ҳисобига олинган суммани ундиришни сўраган. Даъво аризасида банк фаолияти 2013 йил 27 ноябрдан тўхтатилганлиги, банк фаолияти тўхтатилган пайтдан бошлаб кредитга фоизлар ҳисобланиши мумкин бўлмасада, банк томонидан шу кундан 2014 йил 30 апрелга қадар 111 721 312,82 сўм фоиз ҳисобланганлиги, 2014 йил 8 апрелда 627-сонли тўлов топшириқномаси билан тўланган 219 692 541,00 сўмдан 95 901 183,35 сўми кредит фоизи учун асоссиз ундирилганлиги важ қилиб кўрсатилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, банк, шу жумладан чет эл банки, Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади. Лицензияда банк бажарадиган операциялар рўйхати кўрсатилади.
Қонуннинг 4-моддасига кўра, кредитларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлар ҳисобидан ўз номидан кредитлар бериш банклар томонидан амалга ошириладиган банк операцияси ҳисобланиб, бироқ берилган кредитга фоизлар ҳисоблаш банк операциялари турларига киритилмаган.
ФКнинг 744-моддасига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Шунингдек, ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб, то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.
Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сон қарори 10-бандида тушунтириш берилган.
ФКнинг 248-моддасига кўра, амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганида, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса — қарзнинг асосий суммасини узади.
Шунга кўра 2014 йил 8 апрелдаги 627-сонли тўлов топшириқномаси билан банкка ўтказилган 219 692 541 сўм пул маблағи қарз олувчининг банк олдидаги пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганлиги сабабли 219 692 541 сўмнинг бир қисми энг аввало кредит фоизини қоплашга, қолган қисми эса асосий қарзни узишга йўналтирилган.
Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди кредитга фоизлар ҳисоблаш банк операциялари турларига кирмаслиги, АЖнинг кредитга фоизлар тўлаш мажбурияти кредит шартномасига асосан вужудга келганлиги, кредит суммасига фоизлар тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан ҳисобланганлиги, АЖнинг банкка ихтиёрий тўлаган 219 692 541 сўм пул маблағининг бир қисми ФКнинг 248-моддаси талаблари асосида кредит фоизини қоплашга йўналтирилганлигини ҳисобга олиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, даъвони рад этиш ҳақида, апелляция инстанцияси суди эса уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида тўғри хулосага келган.
12. Даъво аризасида ундирувни гаров нарсасига эмас балки жавобгарнинг бошқа мол-мулкига қаратиш сўралган бўлса, суд қарз олувчининг ҳисобидан пул маблағларини ундириш билан чегараланиб, даъво талабининг ундирувни жавобгарнинг мол-мулкига қаратиш қисмини рад этиши лозим. Чунки ундирувни мол-мулкка қаратиш ижро жараёнида амалга оширилади.
ХАТБ «Hi-Tech Bank»и ва «Spetsremkotlomontaj» МЧЖ шаклидаги ҚК ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 12 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 1 000 000 АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Finans Sug`urta» АЖ ўртасида суғурта шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кредит суммасини қайтариб бера олмаганлиги натижасида банкка етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини «Finans Sug`urta» АЖ ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган бўлсада, бироқ тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 1 069 333,33 АҚШ доллари, шу жумладан 1 000 000 АҚШ доллари миқдорида кредит суммаси ва 69 333,33 АҚШ доллари миқдорида банк фоизини ундиришни ва ундирувни мол-мулкка қаратишни сўраган.
Суднинг ажрими билан «Finans Sug`urta» АЖ ишга низо предметига мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, қарз олувчидан банк фойдасига 1 069 333,33 АҚШ доллари ундирилган ва ундирув қарз олувчининг мол-мулкига қаратилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Суд ундирувни мол-мулкка қаратиб хатоликка йўл қўйган, чунки ундирув фақат гаров нарсасига қаратилиши мумкин. Мазкур ҳолатда эса тарафлар ўртасида гаров шартномаси тузилмаган ва шу боис суд қарз олувчининг ҳисобидан пул маблағларининг ундирилиши билан чегаралаши лозим бўлган.
Гаров тўғрисидаги нормаларни қўллаш амалиёти
13. Гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.
ДАТ «Асака» банкининг Шайхонтоҳур филиали ва «Diamond Garden» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 16 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 900 000 000 сўмлик кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли, қиймати 1 125 000 000 сўм бўлган, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Р. Файзий кўчаси, 44-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Шунингдек, банк, қарз олувчи ва «Samar Gaz Group» МЧЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил кредитор (банк) олдида қарз олувчи билан солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи кредит суммасини ҳар ойда тенг миқдорда қайтариши ҳамда кредит суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаб бориши лозим бўлган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ДАТ «Асака» банки манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва кафилдан 627 452 718,28 сўм, шу жумладан 617 491 020 сўм кредит суммаси, 9 898 960 сўм банк фоизи ва 62 738 сўм пеня ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида банк тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлигини маълум қилиб, судга келишув битимни тақдим этган ва уни тасдиқлаб беришни сўраган.
Келишув битимига кўра, қарз олувчи банк олдидаги 635 503 110 сўм миқдордаги қарз суммасини тан олишини ва қарз эвазига келишув битими тасдиқланган кундан бошлаб 5 кун ичида банкка гаров нарсасини топшириш мажбуриятини олган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан келишув битими тасдиқланган ва иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Қарз олувчи томонидан келишув битими ихтиёрий бажарилмаганлиги сабабли, банк судга ариза билан мурожаат қилиб, ижро варақасини беришни сўраган.
Банкнинг аризасига асосан суд ижро варақасини берган. Унда қарз олувчидан банк фойдасига 635 503 110 сўм ундирилиши ҳамда ундирув гаров нарсасига қаратилиши кўрсатилган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 21-бандининг иккинчи хатбошисига кўра гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно (ФКнинг 342, 347-моддалари).
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган келишув битимида қарз олувчи гаров нарсасини банк олдидаги 635 503 110 сўм миқдордаги қарз суммаси эвазига банкка топшириш мажбуриятини олганлиги сабабли, суд бундай келишув битимни тасдиқламасдан, низони мазмунан кўриб чиқиши лозим эди.
Яна бир мисол.
ХАТБ «ORIENT FINANS BANK» ва «MERIDIAN INVEST» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 20 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 60 ой муддатга 2 455 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ҳамда «ANHOR» МЧЖ ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли, қиймати 615 000 000 сўмлик, Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 57-59-61-уй манзилида жойлашган 5 та дўкон гаровга қўйилган.
Шунингдек, 2012 йил 9 мартда банк ва қарз олувчи ўртасида бошқа гаров (ипотека) шартномаси тузилган. Шартномага кўра қарз олувчига тегишли, қиймати 2 455 000 000 сўмлик, Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 57-59-61-уй манзилида жойлашган 10 та дўкон гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи асосий қарзни тўлов жадвали асосида ва фоизларни ҳар ойнинг 10 санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмасдан келинган. Шу сабабли банкнинг кредит қарзи, фоиз ҳамда пеня ундириш ва ундирувни гаров (ипотека) нарсаларига қаратиш ҳақидаги талаби 10-1214/16716-сонли иш доирасида қаноатлантирилган.
Банк қарз олувчи ҳамда гаровга қўювчига нисбатан даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, 268 555 164,20 сўм қўшимча ҳисобланган фоизларни ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсаларига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида тарафлар судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, улар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлашни сўраган. Келишув битимида қарз олувчи кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги учун банк олдида қарзи мавжудлигини тан олган ҳамда ушбу қарзни қоплаш учун гаровга қўйилган Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 57-59-61-уй манзилида жойлашган 10 та дўконларни банкка мулк қилиб топшириш мажбуриятини олган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлган келишув битими тасдиқланган.
ФК 281-моддасининг биринчи қисмига кўра ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.
«Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган, ушбу Қонунга мувофиқ суднинг қарорига биноан ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш орқали реализация қилинади, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисида қарор қабул қилар экан, ипотекага қўювчи ва ипотекага олувчининг розилиги билан гаровга қўйилган мол-мулк аукционда сотиш орқали реализация қилиниши кераклигини белгилаб қўйиши мумкинлиги кўрсатилган.
ФК 281-моддаси ва «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига биноан фақат такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров (ипотека) нарсасини ўзида олиб қолишга ҳақли.
Демак, суднинг қарори билан ундирув қаратилган гаров (ипотека) нарсаси фақат кимошди ёки аукцион савдоларида сотилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда эса биринчи инстанция суди 10-1214/16716-сонли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори билан ундирув гаровдаги Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 57-59-61-уй манзилида жойлашган 10 та дўконларга қаратилганлигига, ушбу мулклар кимошди савдоси орқали сотилиши лозимлигига эътибор бермаган ҳолда, ушбу кўчмас мулкларни мулк қилиб топшириш мажбуриятини назарда тутувчи келишув битимини тасдиқлаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 21-бандининг иккинчи хатбошисига кўра гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно (ФКнинг 342, 347-моддалари).
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган келишув битимида қарз олувчи гаров (ипотека) нарсасини банк олдидаги қарз суммаси эвазига банкка топшириш мажбуриятини олганлиги сабабли суд бундай келишув битимини тасдиқламасдан, низони мазмунан кўриб чиқиши лозим эди.
14. Ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақида суднинг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш давомида қарз олувчи томонидан унинг мажбурияти тегишли равишда бажарилмаганда банк хўжалик судига кредит суммасини муддатидан олдин ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақидаги ижро варақасини бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарти билан тузилган келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф равишда тузилган битим ҳисобланмайди.
ОАТБ «Капиталбанк»нинг Мирзо Улуғбек филиали ва «Active Leasing» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 15 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 176 758 105 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «DELTA LEASING» МЧЖ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли бўлган қиймати 139 891 500 сўмлик, давлат белгиси 01 014 GBA, «Dong Feng» EQ3310XD русумли автотранспорт воситаси гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи 2012 йилнинг 12 августидан бошлаб тўлов жадвалига асосан ҳар ой 5 891 936,83 сўмдан тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ, қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва гаровга қўювчидан 173 118 018 сўм асосий кредит қарзини, 12 877 134,77 сўм фоизини ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгарлардан солидар тартибда 185 995 152,77 сўм ундирилган ва ундирув гаров нарсасига қаратилган.
Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанция судининг қарори билан суд ҳужжатларининг жавобгарлардан солидар тартибда 185 995 152,77 сўм ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш қисми ўзгартирилиб, банк фойдасига қарз олувчи ҳисобидан 185 995 152,77 сўм кредит ва фоизлар бўйича қарзни, 7 200 сўм почта харажатини ва 1 859 951, 52 сўм давлат божини ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Ижро ишини юритиш жараёнида тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлиги боис банк судга ариза билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб беришни сўраган. Келишув битимида қарз олувчининг банк олдидаги қарзи 178 389 902,93 сўмни ташкил қилиши, қарз олувчи ўз зиммасига 178 389 902,93 сўм кредит қарздорликни тўлов жадвалига асосан тўлаб бориш мажбуриятини олиши, ушбу мажбурият тегишли равишда бажарилмаганда банк хўжалик судига кредит суммасини муддатидан олдин ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақидаги ижро варақасини бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Биринчи инстанция судининг ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Ишни биринчи инстанция суди томонидан ҳал этишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари асосли қўлланилган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги «Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида»ги 204-сонли қарорининг 22-бандида, агар тарафлар келишув битимини суд ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида тузган бўлсалар, келишув битими ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори мавжуд бўлганлиги ва келишув битими ушбу ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш давомида тузилганлиги сабабли келишув битимида қарз олувчи томонидан ўз мажбурияти тегишли равишда бажарилмаганда банк хўжалик судига кредит суммасини муддатидан олдин ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш ҳақидаги ижро варақасини бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланганлиги қонун ҳужжатларига хилоф эмас.
Шу боис, биринчи инстанция суди асосли равишда келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги хулосага келган.
15. Ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи кўрсатилиши лозим.
ОАТ «Турон банки»нинг Навоий филиали ва «Сардоба парранда» ОАЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 15 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 1 йил муддатга 2 000 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчига тегишли, қиймати 2 499 934 608 сўмлик, Навоий вилояти, Кармана тумани, «Маликработ» қўрғонидаги 608 773,6 кв.м ерда жойлашган, паррандачилик фабрикасининг бир қисми гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 2 000 000 000 сўм асосий қарз, 186 810 712,33 сўм банк фоизи ва 41 878 739,73 сўм пеня ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, банк фойдасига қарз олувчи ҳисобидан жами 1 638 502 736 сўм ундирилиб, ундирув гаров (ипотека) нарсасининг бир қисмига қаратилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда моддий ҳуқуқ нормаси бузилган.
Яъни, суд томонидан қарз олувчи ҳисобидан жами 1 638 502 736 сўм кредит қарздорликни ундириш ҳақида асосли тўхтамга келинган бўлсада, бироқ ундирувни гаров (ипотека) нарсасининг бир қисмига қаратиш ҳақида нотўғри хулосага келинган. Чунки, суд томонидан ундирув гаров нарсасининг бир қисмига қаратилган бўлсада, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ипотека (гаров) шартномасида кўрсатилган биноларнинг қайси бирига қаратилганлиги кўрсатилмаган. Гаров шартномасига биноан 33 та товуқхона биноси, 1 та жўжахона биноси, 1 та маъмурий бино, 1 та инкубация цехи, 1 та колбаса цехи, 1 та товуқ тозалаш цехи, 1 та товуқ омбори, 1 та тикув цехи, 5 та омборхона гаров нарсасини ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 23-бандининг биринчи хатбошисида ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, гаров шартномасида кўрсатилган миқдордаги бошланғич сотув баҳоси кўрсатилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Биринчи инстанция суди томонидан ижро жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирув гаровга қўйилган бинонинг айнан қайси қисмига қаратилиши аниқ кўрсатилиши лозим эди.
16. ФКнинг 281-моддасининг учинчи қисмига кўра гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан белгиланади.
АТБ «Агробанк» Пойтуғ филиали билан «Ботиробод» ХФ ўртасида савдо дўконини таъмирлаш учун икки йил муддатга 18 фоиз устама тўлаш шарти билан 30 000 000 сўм кредит ажратиш тўғрисида кредит шартномаси тузилган.
Кредит таъминоти сифатида банк, қарз олувчи ва «Жамшид боғдорчилик» ФХ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра ФХга тегишли бўлган 30 000 000 сўмга баҳоланган мулк гаровга қўйилган.
Қарз олувчи томонидан кредит шартномаси бўйича олинган мажбурият тегишли равишда бажарилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида қарз олувчи ва гаровга қўювчига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 15 570 407 сўм кредит қарзи ва 590 000 сўм кредит фоизи ундиришни, ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратишни ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкларнинг ким ошди савдосидаги бошланғич сотув баҳосини белгилашни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга АТБ «Агробанк» даъвогар сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, қарз олувчи ва гаровга қўювчидан Банк фойдасига солидар тартибда 15 570 407 сўм кредит қарз ва 590 000 сўм кредит фоизи ундирилган. Ундирув қарз олувчининг мол-мулки ва гаров қўювчига тегишли бўлган гаров мулкига қаратилган.
Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.
Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан гаровга қўйилган мол-мулкларнинг бошланғич сотув баҳоси белгиланмаган. Ваҳоланки, ФКнинг 281-моддасининг учинчи қисмига кўра гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан белгиланади.
Бундан ташқари, даъво аризасида кредит қарзи ва фоизларини қарз олувчининг мол-мулкига қаратиш юзасидан талаб мавжуд бўлмасада, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирув қарз олувчининг мол-мулкларига ҳам қаратилиб, хатоликка йўл қўйилган.
17. Ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда гаровга қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келса, у тарафларнинг илтимосномаси бўйича тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосаси билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки Яккасарой филиали ва «UZTURK CORPORATIION» ҚК ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 60 ой муддатга 270 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида тузилган иккинчи кредит шартномасига кўра банк қарз олувчига йиллик 19 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 150 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк ва қарз олувчи ўртасида гаров (ипотека) шартномалари тузилган ва уларга кўра қарз олувчига тегишли, қиймати 567 500 000 сўмлик, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Усмон Носир кўчаси, 158-а-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк гаровга қўйилган.
Кредит шартномаларига биноан қарз олувчи кредит суммасини ва унга ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 6 санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу сабабли банк хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 296 198 922,17 сўм, шу жумладан 292 938 656 сўм кредит суммаси ва 4 260 266,17 сўм банк фоизини ундиришни ҳамда ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида қарз олувчи судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, 2010 йил 7 октябрда гаров (ипотека) шартномасини имзолаш жараёнида гаров нарсаси 380 000 000 сўмга баҳоланганлигини, бироқ 2012 йил 2 августда иккинчи ипотека шартномаси имзоланганлигини, ушбу шартномага асосан айнан дастлабки ипотека шартномаси бўйича гаровга қўйилган мол-мулклар гаров нарсаси бўлганлиги, бироқ иккинчи шартномага асосан гаров объекти 187 500 000 сўмга баҳоланганлиги сабабли, гаров нарсасини бозор қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан қарз олувчининг илтимосномасини қаноатлантириш рад этилган ва даъво қисман қаноатлантирилиб, қарз олувчидан банк фойдасига 243 161 900 сўм ундирилган ва ундирув гаров (ипотека) нарсасига қаратилиб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 852 698 120 сўм қилиб белгиланган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш кассация инстанция судида кўрилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарорининг 23-бандида ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаров шартномасида кўрсатилган миқдордаги бошланғич сотув баҳоси кўрсатилиши лозимлиги, гаровга қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолларда, у тарафларнинг илтимосномаси бўйича тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига кўра белгиланиши кўрсатилган.
Мазкур ҳолатда гаровга қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келганлиги сабабли суд жавобгарнинг илтимосномасини қаноатлантириб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлаши ва экспертнинг хулосасига кўра гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳосини белгилаши лозим эди.
18. Суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг бошланғич сотув баҳоси, агар иш кўриш пайтида қўйилган мол-мулкнинг қиймати юзасидан низо вужудга келмаса, гаров шартномасида назарда тутилган миқдорда белгиланади.
ДТ «Халқ банки» Нишон тумани филиали ва «Рахматов Абдуғани Зиётович» ФХ ўртасида кредит шартномаси тузилиб, қарз олувчига 1 йил муддатда қайтариш шарти билан 18 000 000 сўм кредит ажратилган.
Кредит қайтарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Душа» ФХ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра, қарз олувчига тегишли, давлат рақами 50-18 ЕЛ бўлган «Т-150К» русумли трактор ва гаровга қўювчига тегишли, давлат рақами 70 854 ЕАА бўлган «Газ-4301» русумли автомашина гаровга қўйилиб, уларнинг баҳоси 23 000 000 қилиб белгиланган.
Қарз олувчи томонидан кредит ва унинг фоизлари ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли, унинг банк олдида 20 500 000 сўмлик қарзи вужудга келган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, қарз олувчи ва гаровга қўювчидан гаровга қўйилган мулк ҳисобидан 20 500 000 сўм кредит қарзини ундиришни сўраган.
ДТ «Халқ банки» ишга даъвогар сифатида жалб этилган.
Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ қаноатлантириб, қарз олувчи ва гаровга қўювчидан банк фойдасига 20 500 000 сўм кредит ва унинг фоизларини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Ундирув гаров нарсасига қаратилиб, унинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 18 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилишда моддий ҳуқуқ нормасини бузилишига йўл қўйган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 23-бандининг биринчи қисмига кўра, ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, гаров шартномасида кўрсатилган миқдордаги бошланғич сотув баҳоси кўрсатилиши лозим.
Мазкур ҳолатда гаров шартномасида гаровга қўйилган мулкларнинг баҳоси 23 000 000 сўм миқдорида назарда тутилган бўлсада, суд қарорида уларнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 18 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
19. Гаров нарсасининг ҳал қилув қарорида белгиланган кимошди савдосидаги бошланғич сотиш баҳосидан норози бўлган тараф судга гаров нарсасининг ҳақиқий қийматини белгилаш тўғрисида янги даъво аризаси билан эмас, балки ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикоятлари билан мурожаат қилиши мумкин.
АТ «Туронбанк» ва «Sifatqurilish-xizmat» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра банк қарз олувчига йиллик 18 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 1 йил муддатга 2 200 000 000 сўм миқдорида кредит маблағларини ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Elektrtarmoqqurilish» АЖ ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли, қиймати 1 950 000 000 сўмлик, Фарғона шаҳри, Қувасой кўчаси, 250-уйда жойлашган маъмурий бино ва иншоотлар гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи кредит қарзи ва фоизларни ҳар ойнинг 25 санасигача тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу сабабли банкнинг кредит қарзи, фоиз ҳамда пеня ундириш ва ундирувни гаров (ипотека) нарсасига қаратиш ҳақидаги талаби бошқа хўжалик иши доирасида қаноатлантирилган. Гаров (ипотека) нарсасининг ким ошди савдосидаги бошланғич сотиш баҳоси 1 950 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
Гаровга қўювчи томонидан банк ва Суд департаментининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиниб, гаров (ипотека) нарсасининг ҳақиқий қийматини белгилаш сўралган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган.
ФКнинг 281-моддаси, «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддаси ҳамда «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига биноан гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш нархи ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланади.
Шу боис, суд бошқа хўжалик ишини кўриш натижаси бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорида гаров (ипотека) нарсасининг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш нархини белгилаган.
Мазкур ҳолатда гаровга қўювчи гаров (ипотека) нарсасининг ҳал қилув қарорида белгиланган кимошди савдосидаги бошланғич сотиш баҳосидан норози бўлган ҳолда, у судга гаров (ипотека) нарсасининг ҳақиқий қийматини белгилаш тўғрисидаги даъво аризаси билан эмас, балки ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикоятлари билан мурожаат қилиши лозим эди. Шу сабабли суд гаровга қўювчининг гаров (ипотека) нарсасининг ҳақиқий қийматини белгилаш тўғрисидаги даъво аризасини ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қабул қилишни рад этиши, агар даъво иш юритишга қабул қилинган бўлса, низо хўжалик судига тааллуқли бўлмаганлиги учун, ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатиши лозим эди.
20. Кредит шартномаси мажбуриятлари бўйича гаровга қўювчи қарз олувчи билан биргаликда солидар жавоб бермайди. Кредиторнинг гаровга қўювчи — учинчи шахсга нисбатан талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланади.
ОАИТ «Ипак Йўли» банкининг Чилонзор филиали ва «Baxt Omad Lizing» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 100 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Kapital Avto Lizing» МЧЖ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли, 67 225 000 сўмлик, давлат белгиси 01 420 RBA «Эпика» русумли ва қиймати 57 775 000 сўмлик, давлат белгиси 01 190 ОСА «Эпика» русумли автотранспорт воситалари гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи 2013 йилнинг 6 октябридан бошлаб тўлов жадвалига асосан ҳар ой 3 333 333,43 сўмдан тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ, қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ОАИТ «Ипак Йўли» банки манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва гаровга қўювчидан 84 628 493,17 сўм, шу жумладан 80 000 000 сўм кредит суммаси ва 4 628 493,15 сўм фоизини ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгарлардан солидар тартибда 84 628 493,17 сўм ундирилган ва ундирув гаров нарсасига қаратилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Ишни биринчи инстанция суди томонидан ҳал этишда моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйилган.
ФКнинг 268, 271 ва 281-моддалари ҳамда «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 6, 10 ва 28-моддалари мазмунига кўра қарздор бўлмаган гаровга қўювчи кредитор олдида гаров нарсасининг қиймати миқдорида жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 25-бандининг учинчи хатбошисида кредиторнинг асосий шартнома бўйича қарздор бўлмаган гаровга берувчига талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд қарз олувчи ва гаровга қўювчидан қарз суммасини солидар тартибда эмас, балки қарз олувчидан 84 628 493,17 сўм ундириши ва ундирувни гаров нарсасига қаратиши лозим эди.
Худди шундай хатоликка 10-1413/1602, 10-1304/8063-сонли ишларни кўришда ҳам йўл қўйилган.
21. Ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Шу боис, бундай ҳолда кредит мажбуриятлари бўйича ундирув ипотека шартномасига асосан гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилмайди.
ОАТБ «Ҳамкорбанк» Қарши филиали ва «Зохчарбоб-капитал қурилиш» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига 50 000 000 сўм кредит ажратган.
Кредит қайтарилишини таъминлаш мақсадида банк ва «Зохчарбоб-капитал қурилиш» МЧЖ ўртасида ипотека шартномаси тузилган. Унга кўра гаровга қўювчига қарашли маъмурий бино ҳамда бошқа бино ва иншоотлар гаровга қўйилиб, улар 62 500 000 сўмга баҳоланган.
Қарз олувчи кредит ва унинг фоизларини ўз вақтида қайтармаганлиги учун унинг банк олдида 43 333 334 сўм кредит ва 4 336 274 сўм фоизлар бўйича қарздорлик вужудга келган.
Шу сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида қарз олувчи ва гаровга қўювчига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, 2012 йил 2 августдаги кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни ва гаровдаги мол-мулклар ҳисобидан 43 333 334 сўм кредит суммасини ва 4 336 274 сўм фоизларни ундиришни сўраган.
ОАТБ «Ҳамкорбанк» ишга даъвогар сифатида жалб этилган.
Биринчи инстанция суди даъвони қисман қаноатлантириб, кредит шартномасини бекор қилган ва қарз олувчидан банк фойдасига 45 161 563 сўм кредит қарзи ва фоизларни ундирган ҳамда ундирувни гаров нарсасига қаратган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ишни кўришда суд гаров шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигига эътибор қаратмаган. Ваҳоланки, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига кўра, ипотека тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Ипотека тўғрисидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади ва кучга киради. Ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 18-бандининг тўртинчи қисмига кўра, ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак (ФКнинг 271-моддаси тўртинчи қисми, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси).
Мазкур Пленум қарорининг 19-бандида гаров мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар гаров бўйича муносабатлар гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган ҳолларда эса, — у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини ҳисобга олишлари кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ушбу ҳолатда ипотека шартномаси рўйхатдан ўтказилмаганлиги сабабли суд қарз суммасини қарздордан банк фойдасига ундириши лозим бўлсада, ундирувни гаров нарсасига қаратиши мумкин эмас эди.
22. Гаров шартномаси, уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъво мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар бундан мустасно.
АТБ «Агробанк» Пахтаобод филиали ва «Пойтуғ адолат савдо ишонч» МЧЖ ўртасида савдо дўкони қуриш учун 24 ой муддатга 16 фоиз устама тўлаш шарти билан 65 000 000 сўм кредит ажратиш тўғрисида кредит шартномаси тузилган.
Кредит таъминоти сифатида банк, қарз олувчи ва «Усмонжон Баҳодир» СИУ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра, гаровга қўювчига тегишли бўлган транспорт воситалари 70 000 000 сўмга баҳоланиб, гаровга қўйилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида қарз олувчи ва гаровга қўювчига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, 64 000 000 сўм кредит қарз, 17 362 452 сўм кредит фоизини ундиришни, ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратишни сўраган.
Суднинг ажрими билан банк тегишли даъвогар, яъни АТБ «Агробанк» билан алмаштирилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилиниб, қарз олувчидан банк фойдасига 64 000 000 сўм кредит қарзи ва 17 362 452 сўм фоизлар ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган. Гаров шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.
Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.
Суд мажлисида гаровга қўювчининг собиқ раҳбари уюшманинг техника воситалари гаровга қўйилганлигини суд мажлисига келиб билганлигини, уюшманинг собиқ бош ҳисобчиси томонидан ишончнома ва таъсисчиларнинг йиғилиш қарори сохталаштирилиб транспорт воситалари гаровга қўйилганлигини билдирган.
Шунингдек, гаровга қўювчининг таъсисчилари А.Рахмонов, А.Исамутдинов, Р.Турғунов, Р.Эргашев, Н.Кариммирзаев ва У.Юнусовлар ҳам уюшма мулкларини гаровга қўйиш юзасидан таъсисчиларнинг умумий йиғилиши бўлмаганлиги, мулкларни гаровга қўйишга розилик берилмаганлиги ҳақида кўрсатмалар берганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан суд томонидан Андижон вилоят прокуратурасига хабарнома юборилган.
Ишни кўришда биринчи инстанция суди даъво талабидан четга чиққан ҳолда гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида нотўғри хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йи 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарорининг 6-бандига кўра кредит маблағларини ундириш тўғрисидаги талаблардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гаров, кафиллик шартномалари ҳамда кафолат, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан ташқари, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъволар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Ваҳоланки, даъво аризасида гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб қўйилмаган. Қолаверса, ушбу гаров шартномасига асосан гаровга қўйилган транспорт воситаларини гаровга қўйишга розилик бериш ҳақидаги гаровга қўювчи таъсисчиларининг умумий йиғилиш қарори ҳамда ишончномасининг сохталаштирилганлиги тегишли далиллар билан исботланмаган.
Кафиллик тўғрисидаги нормаларни қўллаш амалиёти
23. Кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундириш учун талаб қарз олувчи, кафил ва гаровга қўювчига нисбатан билдирилганда қарздорлик суммаси қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибида ундирилиб, ундирув гаров нарсасига қаратилади.
ОАТ «Капиталбанк»и ва «MOCHLOS TORSVIK» МЧЖ ҚК ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 20 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 1 360 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «TORSVIK MNM» МЧЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил кредитор (банк) олдида қарз олувчи билан бирга солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шунингдек, кредит мажбуриятининг бажарилишини таъминланиш мақсадида банк, қарз олувчи ва гаровга қўювчи «MASHINO CONSTRUCTION» МЧЖ ҚК ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли, қиймати 816 000 000 сўмлик мол-мулк гаровга қўйилган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи ҳисобланган фоизларни ҳар ойнинг 25 санасида, кредит суммасини эса 2011 йилнинг 25-сентябридан бошлаб тўлов жадвалига асосан тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи, кафил ва гаровга қўювчидан 202 553 342,53 сўм фоиз суммасини ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
ФКнинг 292 ва 293-моддаларига кўра кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади ва қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
ФК 264-моддасининг иккинчи қисмига биноан гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибда 202 553 342,53 сўм ундирилган ва ундирув гаров нарсасига қаратилиб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 816 000 000 сўм деб белгиланган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
24. Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Бунда кафилнинг жавобгарлиги кафиллик шартномасида белгиланган сумма билан чегараланади.
ОАТ «Турон» банки Фарғона вилоят филиали ва «АХАТ AGROTEXSERVIS» МЧЖ ўртасида ёпиқ линияли микрокредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 14 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 100 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Абдулахат-агро» ФХ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра кафиллик суммаси 50 000 000 сўм миқдорда белгиланган ҳамда қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда банкнинг биринчи талабига асосан кафил кредитор (банк)га кредит тўловларини тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шунингдек, кредит мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Ахат-Агро» ФХ ўртасида гаров шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли, қиймати 35 000 000 сўмлик 2 та «МТЗ 80 Х» русумли тракторлар ҳамда қарз олувчига тегишли, қиймати 42 000 000 сўмлик «ВТ 150 ДЕ» русумли трактор гаровга қўйилган.
Қарз олувчи кредит бўйича фоизларни ҳар ойнинг 25 санасида, кредит суммасини эса 2013 йилнинг 25-августидан бошлаб тўлов жадвалига асосан тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатини кўзлаб хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи, кафил ва гаровга қўювчидан 129 967 847,40 сўм миқдордаги кредит бўйича қарздорликни ундиришни, ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, қарз олувчи, кафил ва гаровга қўювчидан 117 000 724,11 сўм ундирилган ва ундирув гаров нарсасига қаратилиб, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 77 000 000 сўм миқдорида белгиланган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Низони ҳал этишда суд моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган.
ФКнинг 292 ва 293-моддаларига кўра кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади ва қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
ФКнинг 268, 271 ва 281-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 10 ва 28-моддалари мазмунига кўра қарздор бўлмаган гаровга қўювчи кредитор олдида гаров нарсасининг қиймати миқдорида жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сонли қарори 25-бандининг учинчи хатбошисида кредиторнинг асосий шартнома бўйича қарздор бўлмаган гаровга берувчига талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланиши ҳақида тушунтириш берилган.
Шу боис, мазкур ҳолатда суд қарз олувчи, кафил ва гаровга қўювчидан эмас, балки қарз олувчи ва кафилдан 117 000 724,11 сўмни солидар тартибда ундириши ва ундирувни гаров нарсасига қаратиши лозим эди. Шунингдек ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кафилнинг банк олдидаги жавобгарлиги 50 000 000 сўм билан чегараланганлиги белгиланиши лозим эди.
Яна бир мисол:
АТБ «Ўзсаноатқурилишбанк» Навоий минтақавий филиали ва «Навоий савдо комплекси» АЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарздорга уч йил муддатга 3 000 000 000 сўм кредит маблағини йиллик 12 фоиз устама тўлаш шарти билан берган.
Кредит таъминоти сифатида банк ва қарз олувчи Навоий шаҳар 1-сонли давлат нотариал идорасида ипотека шартномасини расмийлаштирган ва унга кўра қарз олувчига тегишли бўлган, умумий ер майдони 40 059,42 кв. м.дан иборат бўлган, Навоий шаҳар, 17-сон даҳа, Ғалаба кўчасида жойлашган «Навоий савдо комплекси» мажмуаси гаровга қўйилган. Гаров нарсаси тарафлар томонидан 750 000 000 сўмга баҳоланган.
Шунингдек, кредит таъминоти сифатида банк, қарз олувчи ва «Навоийазот» АЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган.
Қарздор ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибда 1 308 244 965,5 сўм кредит ва фоизларни ундиришни, ундирувни қарздорнинг гаровга қўйилган мол-мулкига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибда банк фойдасига 1 139 692 206,11 сўм кредит қарзи ва фоизлари ундирилган ҳамда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилган.
Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
ФКнинг 744-моддасига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Шунингдек, ФКнинг 264-моддасига кўра, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади. Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади.
Шунга кўра биринчи инстанция суди томонидан даъво талабининг қарздорга нисбатан қисми бўйича моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, қарздордан банк фойдасига 1 139 692 206,11 сўм кредит қарзи ва фоизларини ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳақида тўғри хулосага келинган.
Бироқ суд томонидан ишни кўришда даъво талабининг кафилга нисбатан қисми бўйича моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилиб, қарздорнинг банк олдидаги мажбурияти бўйича кафилнинг солидар жавобгарлиги асоссиз белгиланган.
ФКнинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Тарафлар ўртасида тузилган кафиллик шартномасининг 1.1-бандига кўра, кафил кредит шартномаси бўйича қарздорнинг барча мажбуриятлари бажарилиши юзасидан, «Навоийазот» АЖ Устав жамғармасига берилган давлат мулкларидан ташқари, бошқа мулклари билан банк олдида субсидиар жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Кафиллик шартномасига асосан кафилнинг субсидиар жавобгарлиги белгиланган бўлсада, даъво аризасида кафилдан солидар тартибда қарздорликни ундириш масаласи қўйилган.
Биринчи инстанция суди эса шартномада белгиланган (субсидиар) жавобгарлик турини бошқаси билан (солидар) алмаштириш ҳуқуқига эга бўлмасада, қарздорнинг жавобгарлиги бўйича кафилнинг солидар жавобгарлигини белгилаб моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган. Апелляция инстанция суди эса бунга баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Қайд этилганларга кўра кассация инстанцияси суди, суд қарорларининг кафилдан солидар тартибда банк фойдасига 1 139 692 206,11 сўм кредит қарзи ва фоизларини ундириш қисмини бекор қилиш, даъвонинг кафилдан солидар тартибда қарздорликни ундириш қисмини рад этиш ҳақида қарорга келган.
25. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари бюджет ташкилоти бўлганлиги ва уларга ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат жамланма харажатлар сметаси асосида фойдаланиши сабабли, улар учинчи шахслар ўртасида фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича кафил бўлишлари ҳуқуқ-тартибот асосларига зиддир. Шунинг учун ушбу органлар иштирокида тузилган кафиллик шартномалари ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади ва бундай битимларга нисбатан ФК 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
ДТ «Халқ банки»нинг Олмазор филиали ва «Шифокор Замира Коммуналчи» ХУЖМШ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 12 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан қарз олувчига 2 йил муддатга 5 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва Олмазор туман ҳокимлиги ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, Олмазор туман ҳокимлиги кредитор (банк) олдида қарз олувчи билан солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи кредит суммасини ҳар ойда тенг миқдорда қайтариши ҳамда фоизларни тўлаб бориши лозим бўлган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси ДТ «Халқ банки» манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибда 4 956 502,74 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, банк фойдасига қарз олувчи ва кафилдан солидар тартибда 3 814 983,6 сўм асосий қарздорлик ва 7 000 сўм почта харажати ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига биноан вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1-моддасининг учинчи қисмига кўра халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.
Шунингдек, ушбу Қонуннинг 25-моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ваколатлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, мазкур модданинг учинчи қисмига асосан ҳоким режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 3-моддасига биноан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари бюджет жараёни иштирокчилари ҳисобланадилар ва уларга ажратиладиган бюджет маблағларидан давлат молиявий назорати остида жамланма харажатлар сметаси асосида фойдаланадилар.
Бундан кўриниб турибдики, Олмазор туман ҳокимлиги бюджет жараёни иштирокчиси бўлиб, унга ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат жамланма харажатлар сметаси асосида фойдаланади ва шу боис учинчи шахслар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича кафил бўлиши ҳуқуқ-тартибот асосларига зиддир.
ФКнинг 116-моддасига биноан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Мазкур ҳолатда банк, қарз олувчи ва Олмазор туман ҳокимлиги ўртасида тузилган кафиллик шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги сабабли, суд унга нисбатан даъвони рад этиши лозим эди.
Суғурта тўғрисидаги нормаларни қўллаш амалиёти
Кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундириш талаби қарз олувчи ва суғурталовчига билдирилган бўлса, судлар суғурталовчининг жавобгарлигини суғурта шартномасининг шартларидан келиб чиқиб белгилаши лозим.
26. Суғурта шартномасида кредитор суғурталовчига нисбатан талабни фақат кредит маблағларини қайтариш учун кўрилган барча чоралар натижа бермаганидан сўнггина билдирилиши мумкинлиги белгиланган ва бу чоралар кўрилмасдан туриб суғурталовчига талаб билдирилган бўлса, бундай талабни қаноатлантириш рад этилади.
ОАТ «Агробанк»и Хоразм филиали ва «Хурмат Фаррух» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 14 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 40 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Урганч махсус бино иншоот қурилиш» МЧЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил кредитор (банк) олдида қарз олувчи билан солидар тартибда жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шунингдек, кредит мажбуриятининг бажарилишини таъминланиш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Silk Road Insurance» АЖ шаклидаги суғурта компанияси ўртасида суғурта шартномаси тузилган ва унга кўра суғурта ҳодисаси рўй берган тақдирда, суғурталовчи банкка 40 000 000 сўм тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Суғурта шартномаси асосида суғурталовчи томонидан банкка суғурта полиси берилган.
Қарз олувчи кредит шартномасида белгиланган муддатда кредит суммасини қайтариб бера олмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатини кўзлаб хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит шартномасини бекор қилиш ҳамда қарз олувчи, кафил ва суғурталовчидан 40 000 000 сўм миқдордаги кредит бўйича қарздорликни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, кредит шартномаси бекор қилинган ҳамда қарз олувчи ва кафилдан банк фойдасига солидар тартибда 40 000 000 сўм ундирилган. Суғурталовчига нисбатан даъво ХПК 88-моддасининг 5-бандига асосан, яъни даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилишда процессуал ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаган.
Суғурта шартномасининг 6.1-бандида қарз олувчининг кредит суммасини тўлаб беришга қодир эмаслиги суғурта ҳодисаси ҳисобланиши ва суғурта пулини тўлаб бериш тўғрисидаги аризага кредит маблағларини қайтариш мажбуриятини таъминланишига оид барча ҳуқуқлардан фойдаланилганлигини тасдиқловчи, шу жумладан суднинг қарори илова қилиниши лозимлиги белгиланган.
Шу сабабли суд суғурталовчидан банк фойдасига пул маблағларини ундирмасдан тўғри қилган. Бироқ даъво аризасига кредит маблағларини қайтариш мажбуриятини таъминланишга оид барча ҳуқуқидан фойдаланганлигини тасдиқловчи, шу жумладан суднинг қарорини илова қилмаганлиги ҳолатини низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилмаган деб баҳолаб, даъвони ХПК 88-моддасининг 5-бандига асосан кўрмасдан қолдириб, хатоликка йўл қўйган. Чунки юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни тақдим этмасликни низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этмаслик деб баҳолаб бўлмайди. Мазкур ҳолатда суд суғурталовчининг мажбурияти вужудга келмаганлиги боис, уни жавобгарликдан озод қилиши лозим эди.
27. Суғурта мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усули ҳисобланмасдан, балки суғурта шартномаси бўйича кредит маблағларини қайтармаслик хавфи суғурталаниши сабабли, кредит маблағларини ундириш ҳақидаги талаб қарздор, кафил, гаровга қўювчи ва суғурталовчига нисбатан билдирилган ҳолларда, суғурталовчига нисбатан талабни қаноатлантириш рад этилади.
ОАТ «Бизнес банк»и ва «Маслаҳат» МЧЖ ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 16 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 2 йил муддатга 100 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Абдукарим-ота» ФХ ўртасида гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли чорвачилик фермасининг бино-иншоотлари гаровга қўйилган ҳамда гаров нарсасининг қиймати 120 000 000 сўмга баҳоланган.
Шунингдек, кредит мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Лизинг сервис» МЧЖ ўртасида кафиллик шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарз олувчи кредитор (банк) олдида солидар жавоб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Бундан ташқари, кредит мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Insurance Bizness» АЖ шаклидаги суғурта компанияси ўртасида суғурта шартномаси тузилган ва унга кўра тарафлар кредит шартномаси бўйича кредит маблағларини қайтармаганлик хавфини суғурта қилган.
Суғурта шартномаси асосида суғурталовчи банкка суғурта полиси берган.
Қарз олувчи кредит шартномасида белгиланган муддатда кредит суммасини қайтармаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси банк манфаатини кўзлаб хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳамда қарз олувчи, кафил ва суғурталовчидан 105 300 000 сўм миқдордаги кредит бўйича қарздорликни ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, кредит шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ҳамда қарз олувчи ва кафилдан банк фойдасига солидар тартибда 105 300 000 сўм ундирилган ҳамда ундирув гаров нарсасига қаратилиб, унинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси 120 000 000 сўм деб белгиланган. Суғурталовчи жавобгарликдан озод қилинган.
Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.
Суғурта шартномасига кўра, кредит шартномасини бузганлик учун суғурта қилдирувчи (қарз олувчи)нинг жавобгарлик хавфи суғурта қилинган ва қарз олувчи томонидан кредит суммасини тўлиқ ёки қисман тўлаб берилмаганлиги натижасида банкка етказилган зарар суғурта ҳодисаси ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда кредит шартномаси бўйича қарздорлик кафил ва гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан қопланиши мумкинлиги ва шу боис қарз олувчи томонидан кредит суммаси тўлаб берилмаганлиги натижасида банк зарар кўрмаганлиги сабабли суд суғурталовчидан банк фойдасига пул маблағларини ундирмасдан, уни жавобгарликдан озод қилиш ҳақида тўғри хулосага келган.
28. Қонун ҳужжатларида суғурта ташкилотларининг солидар тартибда жавобгарлиги назарда тутилмаган, шу сабабли шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича даъво қарз олувчи ва суғурталовчига нисбатан билдирилганда, даъво суғурталовчи ҳисобидан қаноатлантирилади, қарз олувчи эса жавобгарликдан озод қилинади.
ОАТБ «Агробанк»нинг Тошкент вилоят ҳудудий филиали ва ЯТТ Дўстқулова Гўзал Тўйчиевна ўртасида кредит шартномаси тузилган ва унга кўра банк қарз олувчига йиллик 36 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш шарти билан 1 йил муддатга 10 000 000 сўм миқдорида кредит маблағлари ажратган.
Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банк, қарз олувчи ва «Euroasia Insurance» МЧЖ суғурта компанияси ўртасида суғурта шартномаси тузилган ва унга кўра қарз олувчи кредит шартномасида белгиланган муддатда кредит суммасини қайтармаганда суғурталовчи суғурта ҳимоясини тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига биноан қарз олувчи олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвали асосида тўлаб бориш мажбуриятини олган. Бироқ қарз олувчи томонидан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчи ва суғурталовчидан 6 666 000 сўм кредит қарзи, 978 000 сўм банк фоизи ундиришни ҳамда ундирувни қарз олувчи ва суғурталовчининг ликвидли мол-мулкларига қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, қарз олувчи ва суғурталовчидан солидар тартибда банк фойдасига 5 000 000 сўм кредит қарзи, 1 069 800 сўм кредит фоизи ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, ҳал қилув қарорининг банк фойдасига суғурталовчи ва қарз олувчи ҳисобидан солидар тартибда 5 000 000 сўм кредит, 1 069 800 сўм фоизлар ва 7 200 сўм почта харажатлари, 121 396 сўм давлат божи ундириш қисми бекор қилиниб, даъвонинг суғурталовчига нисбатан қисмини қаноатлантириш рад этилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанция судининг қарори билан апелляция инстанциясининг қарори бекор қилиб, ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, қарз олувчи ва суғурталовчидан солидар тартибда 6 666 000 сўм кредит қарзи, қарз олувчидан 978 000 сўм кредит фоизи банк фойдасига ундириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Судлар томонидан низони ҳал этишда моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилган.
ФКнинг 293-моддасига кўра қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса. Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб бериши белгиланган.
Бироқ, қонун ҳужжатларида суғурталовчи ташкилотининг қарздор томонидан мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредитор олдида солидар тартибда жавоб бериши назарда тутилмаган.
ФКнинг 919-моддасида шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилишга қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилиши, шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфи, бу шартнома шартларига кўра суғурта қилдирувчи қайси тараф олдида тегишли жавобгарликни зиммасига олиши лозим бўлса, ўша тараф — наф олувчи фойдасига, ҳатто суғурта шартномаси бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд унда кимнинг фойдасига тузилгани айтилмаган тақдирда ҳам, суғурталанган ҳисобланиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи кредит шартномасини бузганлиги учун банк олдида тегишли жавобгарликни ўз зиммасига олган. Шу боис, қарз олувчи кредит шартномаси бўйича кредит қарзи ва унга ҳисобланган фоиз суммасини тўламаганлиги сабабли, Палата банк манфаатида судга даъво билан мурожаат қилган.
Бундай ҳолатда судлар кредит шартномаси бўйича қарздорликни қарз олувчи ва суғурталовчи ташкилотидан қарздорликни солидар тартибда ундирмасдан, қарздорликни суғурталовчи зиммасига юклаши ва қарз олувчини жавобгарликдан озод этиши лозим эди.
2014 йил 31 декабрь.