[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.09.00.00 Халқаро иқтисодий ҳамкорлик / 19.09.05.00 Молия, солиқ ва божхона масалалари бўйича ҳамкорлик]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Умумий масалалар]
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида
Баённома
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида Даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
2014 йил 14 октябрь, Берлин
LexUZ шарҳи
Мазкур Баённома Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 13 августдаги ЎРҚ-390-сонли «Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида Даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани (Берлин, 2014 йил 14 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги
Қонуни
билан ратификация қилинган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 29 декабрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси, бундан кейин «Аҳдлашувчи Давлатлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги
Битимга
(бундан кейинги ўринларда «Битим» деб аталувчи) мувофиқ,
келгусида икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ҳамда солиқларнинг самарали ва тўғри ундирилишини таъминлаш учун солиқлар соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истагида,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг
26-моддаси
қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«26-модда
Маълумот алмашинуви
(1) Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур Битимни амалга ошириш учун ёки Аҳдлашувчи Давлат ёхуд унинг маъмурий-ҳудудий тузилмаларидан бири номидан Аҳдлашувчи Давлатлар миллий қонунчилиги бўйича солиқ солиниши мазкур Битимга зид бўлмаган қисмига оид ундириладиган ҳар қандай кўринишдаги ва номланишдаги солиқларга нисбатан ушбу қонунчиликни қўллаш ёки унга амал қилиш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни алмашадилар. Маълумот алмашинуви мазкур Битимнинг 1- ва 2-моддалари қоидалари билан чекланмайди.
(2) Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг1-бандига мувофиқ олинган ҳар қандай маълумот ушбу Давлатнинг миллий қонунчилигига асосан олинган маълумот каби махфий деб ҳисобланиши лозим ҳамда фақат мазкур модданинг 1-бандида айтиб ўтилган солиқларни ҳисоблаш ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки жиноятни таъқиб қилиш, ушбу солиқларга нисбатан эътироз ва шикоятлар бўйича қарорлар қабул қилиш ёхуд бундай фаолиятни назорат қилиш билан шуғулланувчи шахслар ёки органларгагина (суд ва маъмурий идоралар шулар жумласидан) тақдим қилиниши мумкин. Ушбу шахслар ёки идоралар маълумотдан фақатгина кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланишлари мумкин. Кўрсатилган мақсадларда маълумот маъмурий ёки жиноий ишлар бўйича дастлабки тергов жараёнида, очиқ суд муҳокамаси ёки суд қарорида ошкор қилиниши мумкин. Аввалги қоидалардан қатъи назар, бир Аҳдлашувчи Давлат томонидан олинган маълумот бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин, башарти бундай маълумот ҳар икки Давлат қонунчилигига кўра бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкин бўлса ҳамда маълумотни тақдим этаётган Давлат ваколатли органининг бундай фойдаланишга розилиги мавжуд бўлса.
(3) Мазкур модданинг 1- ва 2-бандлари қоидалари Аҳдлашувчи Давлатни қуйидагиларга мажбурловчи меъёр сифатида талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўллаш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунлари ёки мавжуд маъмурий амалиётига мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган маълумот тақдим қилиш;
c) ҳар қандай ишлаб чиқариш, тижорат, тадбиркорлик, савдо ёки касбий сирни ёхуд ишбилармонлик жараёнларини ошкор қилувчи ёки тақдим қилиниши жамоат тартибига (ordre public) зид бўлган маълумот тақдим қилиш.
(4) Агар Аҳдлашувчи Давлат мазкур модда қоидаларига мувофиқ маълумот сўраётган бўлса, унда бошқа Аҳдлашувчи Давлат ўзининг солиқ мақсадлари учун бундай маълумотга муҳтож бўлмаган ҳолда ҳам сўралаётган маълумотни олиш учун ўз ихтиёрида мавжуд бўлган чораларни кўради. Мазкур банднинг биринчи жумласида назарда тутилган мажбуриятга нисбатан ушбу модданинг 3-бандида белгиланган чекловлар қўлланилади, лекин бундай чекловлар Аҳдлашувчи Давлатга фақатгина у ўзининг миллий солиқ тизими мақсадларида бундай маълумот олишдан манфаатдор эмаслиги асосида маълумот тақдим қилишни рад этишга имконият сифатида талқин қилинмаслиги лозим.
(5) Мазкур модданинг 3-банди Аҳдлашувчи Давлатга бундай маълумот фақатгина банк, бошқа кредит ташкилоти, номинал эгаси, агент ёки ишончли бошқарувчилар ихтиёрида эканлиги ёхуд бундай маълумот бирор бир шахсга нисбатан улушли мулкий манфаатларга тааллуқлилиги асосида маълумот тақдим қилишни рад этишга имконият сифатида талқин қилинмаслиги лозим».
2-модда
Битим қуйидаги мазмундаги 26а-модда билан тўлдирилсин:
«26а-модда
Солиқларни ундиришда маъмурий ёрдам
(1) Аҳдлашувчи Давлатлар солиқ талабномалари суммаларини ундиришда бир-бирларига маъмурий ёрдам кўрсатадилар. Бундай маъмурий ёрдам мазкур Битимнинг 1- ва 2-моддалари қоидалари билан чекланмайди. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари мазкур моддани қўллаш тартибини келишиш йўли билан ўрнатишлари мумкин.
(2) Мазкур моддада «солиқ талабномаси» атамаси Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маъмурий-ҳудудий тузилмаларидан бири номидан мазкур Битимга ёки Аҳдлашувчи Давлатлар иштирокчиси бўлган бошқа бирон-бир халқаро шартномаларга зид бўлмаган қисмида ҳар қандай кўринишдаги ва номланишдаги тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини, шунингдек бундай суммага тегишли фоизлар, маъмурий жарималар ҳамда ижро қилиш ёки таъминлаш чораларига оид харажатларни англатади.
(3) Башарти Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ талабномаси ушбу Давлатнинг қонунчилиги бўйича бажарилиши мумкин бўлса ҳамда агарда ушбу Давлат қонунчилигига биноан ижро этилиши пайтида унинг бажарилишига қаршилик қила олмайдиган шахс томонидан тўланиши лозим бўлса, бу ҳолда ушбу Давлатнинг ваколатли органи сўровномасига асосан бундай солиқ талабномаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи томонидан ундириш мақсадида қабул қилинади. Солиқ талабномаси суммасини ундириш ушбу бошқа Давлат томонидан унинг мажбурий ижро этиш ва ўз солиқларини ундириш тўғрисидаги қонунчилик қоидаларига мувофиқ бу солиқ талабномаси ушбу бошқа Давлатнинг солиқ талабномаси бўлгани каби амалга оширилади.
(4) Агарда Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ талабномаси ушбу Давлат қонунчилигига мувофиқ ундиришни таъминлаш чораларини кўришни тақозо қиладиган талабнома бўлса, бундай солиқ талабномаси ушбу Давлатнинг ваколатли органи сўровномаси асосида бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи томонидан таъминлаш чораларини кўриш мақсадида қабул қилинади. Ушбу бошқа Давлат бундай солиқ талабномасига нисбатан, ҳатто дастлабки кўрсатилган Давлатда бундай чораларни кўриш пайтида солиқ талабномаси бажарилишининг имкони бўлмаган ёки уни ижро этилишига тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга шахс томонидан тўланиши керак бўлган тақдирда ҳам, ўз қонунчилиги қоидаларига мувофиқ ўзининг солиқ талабномасига нисбатан белгиланган таъминлаш чораларини кўради.
(5) Мазкур модданинг 3- ва 4-бандлари қоидаларидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг 3- ёки 4- бандлари мақсадларида қабул қилинган солиқ талабномасига нисбатан ушбу Давлатдаги солиқ талабномасига бўлгани каби даъво муддатлари ёки ушбу Давлатнинг қонунчилигига мувофиқ солиқ талабномасини биринчи навбатда кўриб чиқиш тўғрисидаги қоидалар татбиқ қилинмайди. Бундан ташқари, Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг 3- ёки 4-бандлари мақсадлари учун қабул қилинган солиқ талабномаси, ушбу Давлатда бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилигига кўра бундай солиқ талабидан фарқ қиладиган солиқ талабномасидан устувор мақомга эга эмас.
(6) Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ талабномаси мавжудлиги, ҳақиқийлиги ва суммаси юзасидан ҳуқуқий жараёнлар бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг судлари ёки маъмурий органларида қўзғатилиши мумкин эмас.
(7) Агар тегишли солиқ талабномаси Аҳдлашувчи Давлат томонидан мазкур модданинг 3- ёки 4-бандларига мувофиқ сўровнома тақдим қилиш пайтида ҳамда бошқа Аҳдлашувчи Давлат томонидан тегишли солиқ талабномаси суммаси ундирилиши амалга оширилгунга ва уни биринчи айтиб ўтилган Давлатга ўтказилгунига қадар:
а) сўровномага нисбатан мазкур модданинг 3-бандига биноан биринчи айтиб ўтилган Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ талабномаси хусусиятини йўқотса ҳамда у ушбу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилигига кўра бажарилиши мумкин ва ижро этилиши пайтида уни бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлмаган шахс томонидан тўланиши лозим бўлса, ёки
b) сўровномага нисбатан мазкур модданинг 4-бандига биноан дастлабки айтиб ўтилган Аҳдлашувчи Давлатнинг солиқ талабномаси хусусиятини йўқотса ва унга нисбатан ушбу Аҳдлашувчи Давлат ўз қонунчилигига мувофиқ ундиришни таъминлаш чораларини кўриши мумкин бўлса,
дастлабки таъкидлаб ўтилган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органини бундай факт юзасидан зудлик билан хабардор қилади ва бошқа Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органининг мурожаатига мувофиқ ўз сўровномасини тўхтатиб туради ёки бекор қилади.
(8) Мазкур модданинг қоидалари ҳеч қандай кўринишда Аҳдлашувчи Давлатга қуйидаги мажбуриятларни юклаш сифатида талқин қилинмаслиги лозим:
a) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилиги ёхуд маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўриш;
b) жамоат тартибига (ordre public) зид бўлиши мумкин бўлган чораларни кўриш;
c) бошқа Аҳдлашувчи Давлат унинг қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига биноан ўзининг солиқ талабномасига нисбатан амалга оширилиши мумкин бўлган ундириш ёки таъминлаш чораларини қабул қилиши бўйича ҳар қандай тегишли чораларни батамом қўллаб бўлмаган ҳолларда маъмурий ёрдам кўрсатиш;
d) Аҳдлашувчи Давлатнинг маъмурий харажатлари бошқа Аҳдлашувчи Давлат бундай ёрдамдан оладиган фойдаси билан таққосланса номутаносиб даражада юқори бўлганда маъмурий ёрдам кўрсатиш».
3-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битим Баённомасининг
6-банди
қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«6. 26-моддага:
а) Қабул қилувчи муассаса маълумотлардан 26-модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ фақат тақдим этувчи муассаса кўрсатган мақсадларда фойдаланиши мумкин ва бунда тақдим этувчи муассаса томонидан белгиланган ҳамда 26-моддада кўрсатиб ўтилган шартлар қўлланилади.
b) Маълумот 26-модданинг 2-банди 4-жумласида назарда тутилган тақдим этувчи Давлат ваколатли органининг олдиндан олинган розилигисиз бошқа мақсадлар учун муайян вазиятда мавжуд бўлган ҳаёт, жисмоний дахлсизлик ёки шахснинг шахсий эркинлигига ёхуд кўп миқдордаги мулкий бойликларга бевосита хавфнинг олдини олиш зарурияти бўлган ҳолларда ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда фойдаланилиши мумкин. Мазкур ҳолатда зудлик билан тақдим этувчи Давлат ваколатли органига мақсадни ўзгартиришга рухсат беришни сўраб кейинчалик мурожаат қилинади. Рухсат бериш рад этилган тақдирда маълумотдан кейинчалик ўзга мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас; маълумотдан ўзга мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ равишда юзага келган зарар қопланиши лозим.
c) Тақдим этувчи муассаса, берилаётган маълумотларнинг ишончлилиги ва уларнинг 26-модданинг 1-бандида назарга тутилган маънога мос эканлигини, шунингдек маълумотларни беришдан кўзланган мақсадларга мувофиқлигини кузатиб бориши шарт. Башарти аниқ ҳолатда бошқа Аҳдлашувчи Давлат солиққа тортиш ҳуқуқига эга эканлигининг жиддий имконияти мавжуд бўлса ҳамда ушбу маълумотлар бошқа Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органига аён эканлиги учун ҳамда бундай маълумот берилмаса бошқа Аҳдлашувчи Давлат ваколатли органи солиққа тортишнинг предмети тўғрисида билиб олиши учун асослар мавжуд бўлмаса маълумот муҳим ҳисобланиши мумкин. Агарда тақдим қилиниши мумкин бўлмаган ишончсиз маълумот берилганлиги аниқланса, бу ҳақда қабул қилувчи муассаса зудлик билан хабардор қилиниши лозим. Қабул қилувчи муассаса бу каби маълумотларни тузатиш ёки йўқ қилишга мажбур.
d) Қабул қилувчи муассаса маълумотларни тақдим этувчи муассасани унинг илтимосига кўра аниқ ҳолатда берилган маълумотларнинг қўлланилиши ва улар ёрдамида олинган натижалар ҳақида хабардор қилади.
e) Қабул қилувчи муассаса тақдим этилаётган муассаса томондан маълумотлар тўпланиши юзасидан манфаатдор шахсни хабардор қилади. Башарти давлатнинг маълумот беришни рад этишдан манфаатдорлиги кўрсатиб ўтилган шахснинг маълумот олишга бўлган манфаатдорлигидан устун бўлса маълумот бериш мажбурий ҳисобланмайди.
f) Аризага биноан манфаатдор шахсга унга тегишли маълумотларнинг юборилиши, шунингдек, ундан фойдаланишнинг тахминий мақсадлари тўғрисида хабар берилади. «е» банднинг иккинчи жумласи қоидалари тегишли тарзда қўлланилади.
g) Агарда мазкур Битим доирасида маълумот алмашинуви бўйича маълумотларни бериш билан боғлиқ ҳолда бирор кимсага ноқонуний зарар етказилса, қабул қилувчи муассаса унинг олдида ўз давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади. У зарар кўрган шахсга нисбатан зарар маълумот тақдим этувчи муассаса томонидан етказилганлигига ҳавола қилиб ўзини оқлай олмайди.
h) Тақдим этувчи ва қабул қилувчи муассасалар жисмоний шахсларга тааллуқли маълумотларнинг тақдим этилиши ва қабул қилинишини ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказишлари шарт.
i) Агарда тақдим этувчи муассаса фаолиятини тартибга соладиган миллий қонунчилик жисмоний шахсларга оид берилаётган маълумотларни йўқ қилиш бўйича алоҳида қоидаларни назарда тутса, тақдим этувчи муассаса қабул қилувчи муассасани бу ҳақда хабардор қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жисмоний шахсларга оид берилаётган маълумотлар, агарда улардан тақдим этишда кўзланган мақсадлар учун қайта фойдаланиш талаб қилинмаса, йўқ қилинади.
j) Тақдим этувчи ва қабул қилувчи муассасалар жисмоний шахсларга оид тақдим этилган маълумотларни улардан фойдаланиш, уларни ўзгартириш ва ошкора қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг қўлига тушишидан ҳимоя қилишга мажбурдирлар».
4-модда
Мазкур Баённома ратификация қилинади.
Мазкур Баённома ратификация ёрлиқлари билан алмашилган кундан кучга киради ва унинг қоидалари ҳар иккала Аҳдлашувчи Давлатда Баённома кучга кирган календарь йилдан кейинги келадиган календарь йилнинг 1 январидан қўлланилади.
5-модда
Мазкур Баённома
Битимнинг
ажралмас қисми ҳисобланади ва Битимнинг амал қилиш муддати тугаган санадан ўз кучини йўқотади.
Тегишли тартибда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, ушбу Баённомани имзоладилар.
Берлин шаҳрида 2014 йил 14 октябрда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, немис ва рус тилларда тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ўзбек ва немис тилларидаги матнларни талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)