Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 29 декабрда 2151-3-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 29 октябрдаги 232-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 2151, 2010 йил 29 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 44-45-сон, 390-модда) билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси ҳамда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Усманов зиммасига юклансин.
Вазир М. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 29 декабрь,
390-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 29 декабрдаги 390-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 5-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Малака комиссияси мажлисларининг холислиги ва одиллигини таъминлаш мақсадида, заруратга қараб, уларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси ходимлари овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин.».
2. 9-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Малака комиссиясининг раиси мажлис ўтказилишидан камида ўн беш кун олдин мажлиснинг санаси, вақти ва жойини белгилайди ва бу ҳақда талабгорлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармасини хабардор қилади.».
3. 12-бандда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«мажлисда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси ходими қатнашганда, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;»;
тўртинчи — ўн биринчи хатбошилар тегишинча бешинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4. 32-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган имтиҳон билетлари асосида ўтказилади. Бунда имтиҳон билетлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан адлия бошқармасига малака комиссияси мажлиси ўтказиладиган куни етказилади.».

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 52-сон, 653-модда)