Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 29 декабрда 2149-6-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 20 октябрдаги 223-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 2149, 2010 йил 20 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 42-43-сон, 369-модда) билан тасдиқланган Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси ҳамда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Усманов зиммасига юклансин.
Вазир М. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 29 декабрь,
389-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 29 декабрдаги 389-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 6-банд қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Бунда бир нотариусга икки ва ундан ортиқ стажёрни бириктиришга йўл қўйилмайди.».
2. 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Адлия бошқармаси раҳбари томонидан стажёрнинг ўзлаштириши лозим бўлган ва нотариал фаолиятга тааллуқли бошқа масалаларни ўзида мужассамлаштирган стажировка ўташнинг ҳар ярим йиллик режаси (кейинги ўринларда режа деб юритилади) тасдиқланади ва ушбу режа асосида стажёрлар ўз вазифаларини амалга оширади. Режада фуқаролик ва нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг тўлиқ ўрганилиши, шунингдек нотариал тасдиқланадиган ёки шаҳодатланадиган ҳужжатлар лойиҳалари билан ишлаш масалалари ҳамда стажёрнинг касбий билим ва кўникмаларга эга бўлишига йўналтирилган тадбирлар назарда тутилиши лозим.».
3. 23-бандда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Стажёрни нотариал фаолият билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этишга йўл қўйилмайди.»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. 25-бандда:
«иш режанинг» деган сўзлар «режаларнинг» деган сўз билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўтказилган мониторинглар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига маълумот тақдим этиб борилади.».
5. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Стажировка даврида стажёр нотариал фаолиятнинг барча йўналишларидаги соҳаларда касбий билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Бунда стажировка раҳбари:
стажёрга режада белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ материаллардан, хусусан ўрганиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;
режада назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини мунтазам равишда назорат қилади;
стажёрнинг сиёсий-ҳуқуқий, фуқаролик ва нотариат соҳасидаги умумий билим даражасини, шунингдек нотариал амалиёт билан ишлаш кўникмаларини шакллантиради;
стажёрга зарур маслаҳатлар ва тушунтиришлар беради;
стажёрнинг иш вақтидан мақсадли фойдаланилишини таъминлайди.».
6. 282-банднинг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Стажёр махсус комиссия томонидан етарли тайёргарликка эга эмас деб топилган тақдирда, стажёрга ва унинг стажировка раҳбарига тегишли чора кўриш, зарур ҳолда бошқа стажировка раҳбари тайинлаш ҳақида адлия бошқармаси раҳбарига таклиф киритилади.».
7. 33-банднинг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Стажёр стажировка ўташ муддати тугагандан кейин режаларни бажариш якунлари бўйича ёзма ҳисобот тайёрлайди».
8. 35-банддаги «стажировка режаси» деган сўзлар «режалар» деган сўз билан алмаштирилсин.
9. 381-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«381. Стажёр стажировка муддати тугагандан сўнг бир ойлик муддат ичида малака имтиҳонини топшириш учун тегишли ҳужжатларни адлия бошқармасига топшириши шарт, узрли сабабларга (касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, ҳарбий йиғинларга чақирилганлик ва шу кабилар билан боғлиқ) кўра ушбу муддат ичида топшира олмаган ҳоллар бундан мустасно. Бунда, стажёрнинг тегишли ҳужжатларни ўз вақтида топшириши учун стажировка раҳбари масъулдир.».

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 52-сон, 652-модда)