Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
Протокол
Ҳамкорлик тўғрисида
2015 йил 17 ноябрь, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин якка тартибда «Томон», биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасида дўстлик алоқалари ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни шерикчилик, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида ривожлантиришга кўмаклашиш истагида,
халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш заруриятини таъкидлаган ҳолда,
ўз давлатлари ўртасида тузилган битимларни амалга татбиқ этилишига кўмаклашиш ниятида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2-модда
Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Покистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар.
Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
3-модда
Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:
а) ўзаро консуллик алоқалари;
б) икки томонлама битимларнинг бажарилиши бўйича ахборот алмашиш;
в) ўзбек-покистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш.
4-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоатчилик ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ўтказиладиган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курслар ташкил этиш орқали ўз дипломатлари тажрибаси ва малакасини оширишда ўзаро кўмаклашадилар.
6-модда
Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.
7-модда
Ушбу Протоколни талқин қилиш ва қўллашда юзага келадиган барча низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ушбу Протоколга ёзма равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
8-модда
Ушбу Протокол Томонлар имзолаган санадан кучга киради ва уч (3) йил давомида амал қилади ҳамда Томонлардан бири бошқа Томонни Протоколнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали уч (3) ой аввал хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги уч (3) йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2015 йил 17 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)