Маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда 2013-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик
Дастури
2013 йил 15 апрель, Москва
(Ўзбекистон Республикаси учун 2013 йил 15 апрелдан кучга кирди)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни истаб,
тинчликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ошкоралик, бағрикенглик ва маданиятлар диалоги принципларига амал қилган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июндаги Шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида 2005 йил 14 ноябрдаги Шартнома қоидаларига асосланиб,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида маданият, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида 1993 йил 19 мартдаги Битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида 1995 йил 27 июлдаги Битимни амалга оширишни давом эттириш мақсадида,
маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган қуйидаги Дастурни қабул қилдилар.
1. Дастурнинг асосий мақсад ва вазифалари
Мазкур Дастур Томонларнинг маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасида аввалги дастурларни амалга оширишда орттирган ижобий тажрибаларини ўзида мужассам этиб, фан ва техника, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишилган чора-тадбирлар комплексининг бажарилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Мазкур мақсадни амалга ошириш учун Томонлар қуйидаги вазифаларни бажаришга интиладилар:
маданий-гуманитар ва илмий-техникавий соҳаларда шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
Томонлар давлатларининг маданий ва илмий ютуқларини ривожлантиришга қаратилган маданий-гуманитар ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни таъминлаш;
қўшма ижодий жамоалар тузиш, маданий тадбирлар, спорт фестиваллари ва учрашувлар ўтказиш орқали маданий-гуманитар соҳада ахборот ва тажриба алмашишга кўмаклашиш;
мунтазам равишда илмий-техникавий ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, илмий конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш, шунингдек олимлар учун илмий-тадқиқот марказлари ва лабораторияларида амалиёт ўташни ташкил қилиш орқали илмий-техникавий соҳада ахборот ва тажриба алмашишга кўмаклашиш;
оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорликка кўмаклашиш;
фан, маданият, таълим, спорт, туризм муассасалари ва ташкилотлари ўртасида, шунингдек жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмалар, ассоциациялар ва жамғармалар ўртасидаги бевосита алоқаларнинг ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш;
Ўзбекистон ва Россия халқларининг маданий ва ижтимоий ҳаётидаги муҳим сана ва воқеаларга бағишланган қўшма тадбирлар ўтказиш.
2. Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик йўналишлари
Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича дастурий тадбирларни амалга оширадилар:
маданият ва кинематография соҳасида ҳамкорлик қилиш, биргаликда фестиваллар, концертлар, кўргазмалар ўтказиш, ўзаролик асосида Томонлар давлатлари ҳудудларида ўтказиладиган турли маданий тадбирларда иштирок этиш учун Томонлар давлатларининг ижод арбоблари, жамоалари ва санъат усталарини юбориш;
таълим соҳасида ҳамкорлик, таълим муассасалари ва ташкилотлари ўртасидаги бевосита алоқаларни қўллаб-қувватлаш, турли тармоқларда юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, мутахассислар, олимлар ва амалиётчилар билан алмашиш;
тегишли компаниялар ва ташкилотлар ўртасидаги келишувлар асосида белгиланадиган шартлар ва шаклларда, оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик қилиш;
музей ва кутубхона иши соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
давлат тўпламлари, коллекциялари ва жамғармаларида сақланаётган ўз халқларининг тарихий-маданий бойликларини ўрганиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, маданий бойликларни ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш бўйича биргаликдаги фаолият;
спорт ва туризм соҳаларида алоқаларни фаоллаштириш;
Томонлар давлатларининг маданий-гуманитар соҳада шерикчиликда фаолият кўрсатаётган жамоат ташкилотлари, жамғармалар ва ассоциациялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш.
3. Илмий-техникавий соҳада ҳамкорлик йўналишлари
икки томонлама илмий-техникавий ҳамкорлик тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, илм-фан соҳасида бошқарув идоралари, фанлар академиялари, давлат илмий жамғармалари ва илмий тадқиқот олиб бораётган давлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, биргаликда илмий лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ўзаро аҳамиятга молик бўлган долзарб илмий ва техникавий муаммоларни ечиш мақсадида устувор ва истиқболли илмий йўналишлар бўйича биргаликда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишда, илмий-техникавий тадқиқотлар натижаларини саноатда ўзлаштиришда ҳамкорликни кенгайтириш ва фаоллаштириш;
илмий кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш.
4. Дастурни амалга ошириш шартлари
Мазкур Дастур доирасида ҳамкорликнинг молиявий шартлари қуйидаги принципларга асосланади.
Делегациялар, бадиий жамоалар, ижрочилар билан алмашишда:
башарти тегишли келишувларда бошқача тарзда назарда тутилмаган бўлса, юборувчи Томон ўз делегациялари, жамоалари ва ижрочиларининг халқаро транспорт ҳаракатларини ҳамда реквизитларни йўналиш бўйича ташиш, ўз ҳудудидаги божхона ва аэропорт йиғимлари, ижрочиларга гонорарлар бериш ва тиббий суғурта билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплайди;
башарти тегишли келишувларда бошқача тарзда назарда тутилмаган бўлса, қабул қилувчи Томон яшаш ва овқатланиш, мамлакат ичидаги транспорт харажатларини ҳамда зарурий техника билан жиҳозланган залларни ижарага олиш, ёрдамчи ва техник ходимларнинг хизматлари, барча турдаги рекламалар, таржимонлар хизмати, ўз ҳудудидаги божхона ва аэропорт йиғимлари, маданий дастур ва тезкор тиббий ёрдам билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплайди.
Кўргазмаларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича шартлар ва Томонларнинг ўзаро мажбуриятлари (муддатлар, экспонатларни ташиш бўйича транспорт харажатлари, кузатувчи шахсларнинг йўл харажатлари, божхона ва омборхона харажатлари, суғурта, хавфсизликни таъминлаш ва бошқалар) ҳар бир алоҳида ҳолатда манфаатдор ташкилотлар ўртасида келишиб олинади ва махсус баённомаларда қайд қилинади.
Бир Томон давлати фуқаролари учун бошқа Томон таълим ва илмий муассасаларида касбий амалиётлар ва малака ошириш курсларини ташкил қилиш шартлари ҳар бир алоҳида ҳолатда манфаатдор ташкилотлар ўртасида келишиб олинади.
Делегациялар, алоҳида шахсларнинг ташрифлари ва юқорида назарда тутилмаган бошқа тадбирларни ўтказишга оид молиявий масалалар Томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, икки томонлама маслаҳатлашувлар доирасида бевосита манфаатдор ташкилотлар ўртасида келишиб олинади.
Томонлар ўртасидаги келишувга кўра мазкур Дастурга қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин бўлиб, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
Томонлар мазкур Дастурни амалга ошириш мақсадида Томонлар давлатларининг манфаатдор вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари билан биргаликда тегишли Тадбирлар режасини ишлаб чиқадилар.
Томонлар, шунингдек Томонлар давлатларининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари зарур ҳолларда мазкур Дастурнинг муайян тадбирларини бажаришга мўлжалланган алоҳида битимлар ва баённомалар тузишлари мумкин.
Мазкур Дастур имзоланган санадан бошлаб 2015 йилнинг 31 декабрига қадар қўлланилади.
Мазкур Дастур халқаро шартнома ҳисобланмайди, Томонлар учун халқаро ҳуқуқ бўйича тартибга солинадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар туғдирмайди.
Москва шаҳрида 2013 йил 15 апрелда ҳар бири ўзбек ва рус тилларида бўлган икки нусхада имзоланди.
(имзолар)