Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2015 — 2017 йилларга мўлжалланган маданий
Ҳамкорлик Дастури
2015 йил 6 июль, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 6 июлдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1994 йил 5 январда Нью-Дели шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланиб,
2015 — 2017 йилларга мўлжалланган маданий алмашинув Дастурини тузишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Дастур доирасида ўзларининг маданий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатишга ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Ҳиндистоннинг маданий алоқалар Кенгаши/бошқа манфаатдор ташкилотлари санъаткорлар, санъатшунослар ва олимлар ўртасида ҳар йили икки ҳафта муддат мобайнида тажриба ва билим алмашишни ташкил этадилар.
3-модда
Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Ҳиндистоннинг маданий алоқалар Кенгаши/бошқа манфаатдор ташкилоти ҳар йили икки ҳафта давомида масъул шахс бошчилигида рассомчилик/санъат буюмлари/ҳайкалтарошлик кўргазмалари билан алмашадилар.
4-модда
Ўзбек томони Ҳиндистон болалар расмлари қўмитаси томонидан ташкил этиладиган Шанкар халқаро болалар танловига Ўзбекистон Бадиий Академияси орқали расм/суратлар, уларнинг аннотация ва бошқа маълумотларини юборади, ҳинд томони эса Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ташкил этиладиган «Тошкент қувончлари» Халқаро болалар расмлари Биенналесига; ёш санъат усталари ижодий ишларини юборади.
5-модда
Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Ҳиндистон Замонавий санъат миллий галереяси ёки Лалит Кала академияси машҳур миллий рассом ва санъаткорлар иштирокида бошқа давлат ҳудудида қўшма гуруҳ кўргазмаларини ташкил этадилар.
6-модда
Ҳиндистоннинг маданий алоқалар Кенгаши/бошқа ташкилоти ушбу Дастурнинг амал қилиш муддати давомида Ўзбекистонда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивалида мазкур тадбир шартларига мувофиқ иштирок этади ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари томонидан маданий тадбирларда иштирок этиш учун юбориладиган мусиқа ва ижро гуруҳларини қабул қилади.
7-модда
Томонлар иккала давлат кутубхоналари фондида сақланаётган нодир қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ҳужжатлаштириш соҳаларида мутахассислар бидан алмашадилар.
8-модда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ва Ҳиндистон Миллий архиви тегишли равишда Ҳиндистон ва Ўзбекистонда архив ҳужжатлари кўргазмасини ташкил этадилар.
9-модда
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Ҳиндистоннинг Калькутта миллий кутубхонаси ўзаро ҳамкорлик мақсадида китоблар ва бошқа тегишли материаллар билан алмашадилар. Мазкур кутубхоналар Ўзбекистон ва Ҳиндистонда китоблар ва электрон ахборот материаллари кўргазмасини ташкил этадилар.
10-модда
Томонлар хар йили ўзаро қулай муддатларда 12-16 аъзодан иборат ижрочилик санъати гуруҳлари билан алмашадилар.
11-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларни ривожлантиришда ҳамкорлик қиладилар:
(i) Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қадимий ёдгорликлар, айниқса Кушон даври ва ундан кейинги даврларга оид ёдгорликларни ўрганиш ва қазиш;
(ii) Археология, эпиграфика, архив, музейшунослик» ёдгорликларни қайта тиклаш ва илмий сақлаш соҳаларида билим, тажриба, мутахассис ва олимлар билан алмашиш;
(iii) Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудларида жойлашган Темурийлар, Сафавийлар ва Мўғуллар даврига оид ёдгорликларни тиклаш, сақлаш ва архитектурасини ўрганиш;
(iv) Ўзбекистон музейларида сақланаётган мавжуд тарихий маданий буюмлар ва антикварлар ҳақида каталоглар чоп этиш;
(v) Ўзбекистонлик таниқли олимлар томонидан тайёрланган ўзаро қизиқиш уйғотадиган асарларни рус тилидан инглиз тилига таржима қилиш;
(vi) Археология, эпиграфика, музейшунослик, ёдгорликларни таркибий ва илмий сақлашга оид нашрлар билан алмашиш.
12-модда
Ўзбекистон Археология институти ва Ҳиндистон Археология ташкилоти санъат, археология ва архитектура соҳаларида ҳамкорлик қиладилар ҳамда ўзаро келишув асосида мазкур соҳада 3 ойгача бўлган муддат мобайнида 2-3 нафар мутахассислар билан алмашадилар.
13-модда
Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ҳиндистон миллий музейи ўзаро келишув асосида 3 ойгача бўлган муддатга музей экспонатларини назорат қилувчи 2-3 нафар мутахассислар билан алмашадилар.
14-модда
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Ҳиндистон Сахития Академияси маданият, санъат ва санъатшунослик соҳаларидаги ҳамкорликни қуйидагилар орқали қўллаб-қувватлайдилар:
(i) Мутахассис ва амалиётчилар алмашинуви;
(ii) Ўзаро қизиқиш уйғотадиган мавзуларда семинарлар ташкил этиш, ҳужжат ҳамда нашрлар алмашинуви;
(iii) Қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
(iv) 5 нафаргача ёзувчилардан иборат делегациянинг Томонлар давлатларига ташрифларини ташкил қилиш.
15-модда
Томонлар спорт ташкилотлари ўртасида икки томонлама алоқаларни ривожлантиришни, шунингдек спортчи ва мураббийлар алмашинувини қўллаб-қувватлайдилар.
16-модда
Барча қўшимча таклифлар дипломатик каналлар орқали ўзаро келишилади.
17-модда
Томонлар имконият даражасида ҳар йили навбат билан Тошкент ва Нью-Делида ушбу Дастур бажарилишини баҳолаш бўйича йиғилишлар ўтказадилар.
18-модда
Ушбу Дастурнинг иловасида кўрсатилган умумий қоидалар унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ушбу Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар билан боғлиқ молиявий масалалар Томонлар ижрочи идоралари ўртасида дипломатик каналлар орқали ўзаро келишув асосида ҳал этилади.
19-модда
Ушбу Дастур имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва 2017 йил 31 декабргача ёки янги Дастур имзолангунга қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2015 йил 6 июлда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Дастур қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, Томонлар инглиз тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ҳиндистон Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик Дастури доирасида алмашинувни тартибга соладиган умумий
қоидалар
1. Шахслар Кўргазмалар, делегациялар алмашинуви:
а) Ҳар бир Томон бошқа Томонга ушбу Дастур доирасида танланган шахсларнинг ташриф кунидан камида икки ой олдин, шунингдек ижодий делегация ва кўргазмаларнинг ўтказилишидан тўрт ой аввал таржимаи ҳол, режалаштирилган сафар йўналиши, келиш ва кетиш муддатларини тақдим этади;
б) Қабул қилувни Томон таклифни олган вақтдан бошлаб бир ой мобайнида қабул қилиши ёки ўзгача ҳолат тўғрисида бошқа Томонга маълум қилади;
в) Юборувчи Томон ижобий жавоб олгандан сўнг қабул қилувчи Томонга камида уч ҳафта олдин шахс ёки шахслардан иборат делегация ташрифининг аниқ муддати ва транспорт тури тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;
г) Таклиф этилган шахслар қабул қилувчи Томон давлат тилини ёки инглиз тилини билиши керак.
2. Томонлар таклиф этилган шахслар ёки делегация аъзолари учун қабул қилувчи Томон давлати маданияти ва ҳаёт тарзини тушунишига қулай шароитлар яратадилар.
3. Томонлар ўз экспертларининг қабул қилувчи Томон давлатида бўлиш муддати мобайнида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича амалда бўлган ҳужжатлар билан таъминлаш тўғрисида маслаҳатлар берадилар.