Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Ҳиндистон Республикаси Ташқаи ишлар вазирлиги ўртасида
Баённома
Ҳамкорлик тўғрисида
2015 йил 6 июль, Тошкент
(Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 6 июлдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида,
Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни шериклик, тенглик ва ўзаро манфаат принциплари асосида ривожлантиришга кўмаклашиш истагида,
Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш заруриятини таъкидлаган ҳолда,
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва Томонлар мамлакатлари ўртасида тузилган битимларни амалга татбиқ этилиши учун кўмаклашишга интилиб,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг барча жабҳаларини ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2-модда
Томонлар 1-моддада кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни Ташқи ишлар вазирлари даражасида ва бошқа даражаларда, навбат билан Ўзбекистон ва Ҳиндистонда мунтазам равишда ўтказадилар.
Томонлар зарурият туғилган ҳолларда ўзаро келишув асосида муайян масалаларни муҳокама қилиш учун экспертлар гуруҳларини ташкил этишлари мумкин.
Бундай маслаҳатлашувлар даражаси, кун тартиби ва муддатлари Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали ўзаро келишилади.
3-модда
Томонлар ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича мунтазам равишда икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни ўз ичига қамраб олиши мумкин:
а)икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чоралари, шунингдек юқори даражада ва вазирликлар ўртасида ташрифлар билан алмашиш;
б) Афғонистон ҳамда Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларига тааллуқли масалалар бўйича;
в) Консуллик масалалари;
г) Томонлар давлатлари ўртасида тузилган икки томонлама битимларнинг амалга татбиқ этилиши юзасида ахборот алмашиш.
4-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат ташкилотлари, жамоатчилик ва илмий муассасалари ва тадбиркорлар гуруҳлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдилар, шунингдек савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашадилар.
5-модда
Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ташкил этилган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курсларда ўқитиш бўйича дипломатлар билан алмашиш орқали ҳамкорлик қиладилар.
Ҳинд томони Ўзбекистон дипломатларини Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро хизмат институтида малака оширишга кўмаклашади. Дипломатлар сони, малака ошириш муддати ва бошқа тафсилотлар ўзаро маслаҳатлашувлар орқали келишилади.
6-модда
Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан БМТ, ШҲТ ва бошқалар доирасида мазкур ташкилотлардаги ўз ваколатхоналари орқали ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Мазкур Протокол қоидаларини қўллаш ёки талқин қилишда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва/ёки маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Протоколга ёзма равишда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Мазкур Протокол имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири ушбу Протоколни бекор қилиш истаги тўғрисида олти (6) ой олдин ёзма хабардор қилгунига қадар амал қилади.
Бунинг тасдиғи сифатида тегишли ҳукуматлар томонидан ўрнатилган тартибда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар мазкур Протоколни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2015 йил 6 июлда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Протокол қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)