Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Дастур
Хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик
2010йил 9 июнь, Тошкент
(2010 йил 9 июндан кучга кирди)
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси анъанавий дўст мамлакатлар ва муҳим шериклардир. Савдо-иқтисодий алоқалар ўзбек-хитой муносабатларининг муҳим таркибий қисмидир. Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш икки томонлама муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ва ривожланишига ёрдам кўрсатади.
2005 йил майдаги Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао Дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари тўғрисида Шартнома имзоладилар ва шу билан икки томонлама муносабатларнинг узоқ вақт ва барқарор ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратдилар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасида иқтисодиёт ўсишининг юқори суръатлари сақлаб қолинди, икки мамлакат ўртасида яқин иқтисодий алоқалар олиб борилмоқда. Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳалари, шунингдек ўзаро инвестициялар миқёслари узлуксиз кенгайиб бармоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар) иқтисодиётнинг тез ва уйғун ривожланиши учун қулай шароитларни яратиш, икки мамлакат халқларининг ҳаёт даражасини кўтариш, узоқ муддатли, мунтазам ва соғлом ривожланишни рағбатлантириш, шунингдек хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ўзбек-хитой иқтисодий ҳамкорлиги соҳаларини кенгайтириш мақсадида хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик дастурини (бундан кейин «Дастур») ишлаб чиқдилар.
I. Мақсадлар
Дастурнинг мақсадлари: хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан ўзбек-хитой дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ва янги мазмун билан тўлдириш, икки томонлама муносабатларни уйғун ривожлантиришни рағбатлантириш, икки мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳамкорлик мазмунини бойитиш, ўзаро ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш, томонларнинг эришилган келишувларини ҳар томонлама амалга ошириш.
Томонлар ташқи савдо ва иқтисодий ҳамкорликнинг мувозанатлашуви ва уйғунлашувига, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини кўтаришга ва давомли ривожланишини рағбатлантиришга ёрдам кўрсатувчи муҳим чораларни кўришга тайёр.
II. Принциплар
Томонлар икки мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш даражасини, бозор талаби тузилишини, шунингдек томонлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда адолат, мақсадга мувофиқлик ва тенглик принципларига риоя қилиб ўзларининг афзалликларини аниқлайдилар ҳамда ўзаро манфаатни таъминлаш учун ўзаро бир-бирини тўлдирадилар.
Ҳамкорликнинг муҳим соҳалари ва лойиҳаларини белгилашда стратегия, амалга оширишнинг мумкинлиги, ўзига хослик ва иқтисодий фойда принципларига амал қилиш керак бўлади.
Лойиҳалар асосан корхоналар томонидан бозорнинг амал қилиши ва ҳукуматлар томонидан кўллаб-қувватлаш принципларига мувофиқ, прагматиклик ва ҳақиқий рақобатга, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ҳар томонлама рағбатлантиришга таянган ҳолда амалга оширилиши лозим.
III. Вазифалар
Дастур вазифалари:
Иқтисодиётнинг ўсишини рағбатлантириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш;
Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ҳажмини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш;
Ўзбекистон бозорини ва учинчи мамлакатлар бозорларини биргаликда ўзлаштириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, юқори технологияларни татбиқ этиш ва биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш;
Илмий ва технологик инновациялар соҳасида саноатга оид ҳамкорликни ривожлантириш, банк соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлик ва агросаноат борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш.
Хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун Томонлар корхоналарига асос яратиш ва хизмат кўрсатиш.
IV. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари
Томонлар уларнинг саноати тармоқларининг ўзаро бир-бирини тўлдиришини, ҳамкорлик талабларини ҳамда яқин ва ўрта муддатли истиқболда амалга ошириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликнинг асосий соҳаларини, хусусан: машинасозлик, электротехника, алоқа ва ахборот технологиялари, кимё саноати, фармацевтика, қурилиш материаллари, коммуникациялар ва транспорт, инвестициялар ва молия, туризмни белгиладилар.
Машинасозлик:
Томонлар ҳамкорлик салоҳиятини инобатга олган ҳолда, ушбу соҳада ҳамкорликни жадаллаштириш ва икки томонлама савдода машинасозлик маҳсулотлари улушини ошириш учун чоралар кўришни режалаштирадилар.
Томонлар икки мамлакат корхоналарини темир йўл орқали ташишлар учун асбоб-ускуналар, ирригация-мелиорация техникаси, кон-металлургия асбоб-ускуналари, энергия ва ресурсларни тежаш технологиялари, муҳандислик механикаси ва бошқа йирик тўпламдаги асбоб-ускуналар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, компанияларга йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда кўмаклашиш зарур деб ҳисоблайдилар.
Электротехника:
Томонлар тиббиёт асбоб-ускуналари, маиший электротехника, коммуникация асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида ҳамкорлик қилишни фаол равишда кенгайтирадилар.
Алоқа ва ахборот технологиялари:
Томонлар телекоммуникацияларни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашишни, маҳсулот ишлаб чиқариш, техник ишланмалар, саноат базаларини яратиш ва тармоқни яратиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни, икки мамлакат ахборот ва алоқа саноатини биргаликда ривожлантиришни кўллаб-қувватлашни режалаштирдилар.
Томонлар мобиль телекоммуникация тармоғи, турғун тармоқ ва бошқа телекоммуникация инфратузилмаси соҳасидаги ҳамкорликни томонлар хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик учун сифатли молия хизматини кўрсатиш мақсадида икки мамлакат молия институтлари ўртасида алоқаларнинг ўрнатилишига, молиявий ҳамкорликнинг турли шаклларини муҳокама қилиш ва ривожлантиришга, мониторинг ва назоратни кучайтиришга, ҳамкорлик лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширишга самарали ёрдам кўрсатиш учун хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашадилар.
Туризм:
Томонлар туризм борасидаги ҳамкорликни икки мамлакат ўзаро ҳамкорлигининг муҳим соҳаси деб ҳисоблайдилар. Томонларнинг ваколатли идоралари ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат фуқароларининг ўзаро саёҳатлари учун кулай шароитларнинг яратилишига кўмаклашишлари лозим.
Ўрта ва кичик корхоналар ҳамкорлиги:
Томонларнинг ваколатли ҳукумат идоралари, ўрта ва кичик корхоналарга хизмат кўрсатиш органлари, ўрта ва кичик корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш, ўрта ва кичик корхоналарни бошқа Томон ҳудудида инвестициявий ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун рағбатлантирадилар.
V. Мувофиқлаштириш ва ижро этиш
Мазкур Дастурни режалаштириш ва амалга ошириш масалалари савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Хитой Ҳукуматлараро комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.
Томонлар мазкур Дастурни амалга ошириш мақсадида ушбу Дастурнинг ажралмас қисми бўлган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида хом ашё билан боғлиқ бўлмаган ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик Дастурини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Томонларнинг келишуви бўйича юқорида айтиб ўтилган Тадбирлар режасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.
VI. Қўшимча қоидалар
Томонлар мазкур Дастурда белгиланган муҳим соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳаларига, шунингдек икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашда ёрдамчи вазифасини ўтайдиган бошқа соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳаларига фаол равишда кўмаклашишни мақсад қилганлар.
Томонлар хом ашё билан боғлиқ бўлмаган соҳада ҳамкорлик қилиш учун адолатли ва очиқ инвестиция муҳитини яратиш мақсадини баён қилдилар.
Мазкур Дастур имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
2010 йил 9 июнда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларидаги икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)