Жиззах вилояти Арнасой тумани ҳокимининг
Қарори
Арнасой туманининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджетнинг параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2014 йил 22 октябрдаги 991-II-сонли, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, мақсадли давлат жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2014 йил 13 ноябрдаги СҚ-453-II-сонли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2014 й., 50-сон, 590-модда) ва вилоят ҳокимининг «Жиззах вилоятининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджетнинг параметрлари тўғрисида»ги 2014 йил 17 декабрдаги 297-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли ва вилоят ҳокимининг 2014 йил 17 декабрдаги 297-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. 2015 йил учун:
туманнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози 1-иловага* мувофиқ;
туманнинг маҳаллий бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, вилоят бюджетидан бюджет субвенцияларининг чекланган миқдорлари 3-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлар тушумларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетининг нақд пул касса айланмасининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 5-иловага* мувофиқ;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 6-иловага* мувофиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган солиқ ставкалари 7-иловага* мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 8-иловага* мувофиқ;
савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек шу соҳага тегишли микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 9-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қароридаги тегишли иловалар билан:
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари;
ягона солиқ тўлови ставкалари;
республикада ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
имзоланадиган бонус ва тижоратбоп топилма бонуси ставкалари;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
ягона ер солиғи ставкалари;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорда;
қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ставкалари;
белгиланган солиққа тортиш объектларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз ва Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз миқдорида;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур ПҚ-2270-сонли қарорининг 25-иловасида келтирилган нормативларга мувофиқ тақсимланган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкалари;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,0 фоиз миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, лекин:
юридик шахслар учун — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун — мазкур қарорнинг 10-иловасига* мувофиқ белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ягона солиқ тўлови тушумлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган миқдорларда тақсимланиши;
қарзни ундиришни солиқ тўловчилар мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари мазкур қарорнинг 11-иловасига* мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:
«Ўзтрансгаз» АК томонидан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига (балансида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари мавжуд юридик шахсларни ўз ичига олган ҳолда) сотадиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига солиққа тортилмайдиган махсус инвестициявий қўшимча ҳақи бир кубометрига 400 сўм миқдорида;
мобиль алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи, маблағларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги қарорининг 27-иловасига мувофиқ тақсимланган ҳолда, ойига 750,0 сўм миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Минтақаларнинг ўзини-ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш, давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари ва бошқа даромадлар бўйича тушумлар:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
6-иловада* назарда тутилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
7-иловада* назарда тутилган якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
вилоятда ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғига акциз солиғи;
чакана савдо тармоқларида сотиладиган олтиндан ясалган заргарлик буюмларига акциз солиғи;
12-иловага* мувофиқ давлат божлари, йиғимлар ва жарималар тўлиқ ҳажмда туманнинг маҳаллий бюджети даромадларига ўтказилсин.
Шунингдек, мобиль алоқа хизматини кўрсатувчи юридик шахсларнинг (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми абонентнинг рўйхатга олинган жойига қараб вилоятлар маҳаллий бюджетларига ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Туман ҳокимлиги иқтисодиёт ва молия бўлимлари ҳамда Давлат солиқ инспекциясига Иқтисодиёт, Молия ва Давлат солиқ бошқармалари билан келишилган ҳолда:
икки ҳафта муддатда ҳудуднинг субвенция олиш даражасини пасайтириш Дастурини ишлаб чиқиш ва туман ҳокимлигига киритиш;
2015 йилнинг 1 чораги якунлари бўйича маҳаллий бюджетнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш, тушумларнинг қўшимча резервларини топиш ва тегишли ҳудудларда солиққа тортиладиган базани кенгайтириш бўйича вилоят ҳокимлигига таклифлар киритиш;
субвенция олиш даражасини қисқартириш дастурини амалга оширишнинг бориши ва тегишли бюджетларнинг даромад келтирадиган базасини кўпайтириш чора-тадбирларининг натижалари тўғрисида маълумотларни ҳар чоракда туман ҳокимлигига тақдим этиб бориш вазифалари топширилсин.
Белгилансинки, маҳаллий бюджетнинг даромадига қўшиладиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тегишли бюджет параметрларида кўзда тутилмаган харажатларга йўналтирилиши мумкин эмас.
9. Туман ҳокимлиги Молия бўлимига:
бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларидан фойдаланувчиларнинг харажатлар сметаси тузилаётганда биринчи навбатда иш ҳақи (ягона ижтимоий тўлов билан бирга), нафақалар ва унга тенглаштирилган тўловларга сарфланадиган харажатлар тегишли бюджетнинг тасдиқланган харажатлари параметри доирасида назарда тутилиши белгилансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг туман (шаҳар) марказий шифохоналарида хизмат кўрсатилаётган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда, касалликлар йўналиши бўйича профиль ўринлар диапазонини белгилашни назарда тутувчи ўринлар фондини аниқлашнинг норматив усулига босқичма-босқич ўтиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинганлиги ва бу тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бир ой муддатда ишлаб чиқилиши маълумот учун қабул қилинсин.
11. Ота-оналардан олинадиган тўлов миқдорлари қуйидагича белгилансин:
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун тўлов миқдори 13-иловага* мувофиқ;
болаларни болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитиш учун тўлов миқдорлари 14-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ-1245-сонли қарори 24-бандининг амал қилиши 2016 йилнинг 1 январигача узайтирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
13. Ўзбекистон Республикасининг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган доимий муассасаларни ташкил этиб, фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларига тузилган шартномаларни амалга ошириш доирасида товарлар олиб кириш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Туман молия ва ғазначилик бўлинмалари, АТБ «Агробанк» Арнасой филиали билан биргаликда 2015 йилнинг январь ойида, ўтказилган операцияларни 2014 йилги маҳаллий бюджетнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда, 2014 йилги маҳаллий бюджет ижроси бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якуний операциялар ўтказсинлар.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 36-иловасига мувофиқ 2015 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши маълумот учун қабул қилинсин.
15. Туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар бир ҳафта муддатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
16. Ушбу қарор «Арнасой тонги» газетасида эълон қилинсин.
17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Н. Исанов зиммасига юклатилсин.
18. Ушбу қарор 2015 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Ҳоким Ф. САЛОХИДДИНОВ
Арнасой т.,
2014 йил 31 декабрь,
779-сон