Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
1993 ЙИЛ 1 ЯНВАРИДАН МЕҲНАТ ҲАҚИ, НАФАҚАЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАРИНИНГ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 18 мардаги ПФ-580-сонли «1993 йилнинг 1 апрелидан меҳнат ҳақи, пенсиялар ва стипендияларнинг миқдорларини ошириш тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши сабабли ўз аҳамиятини йўқотган.
Республика аҳолисининг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш тўғрисида:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш ҳақи ва меҳнат нафақасининг энг оз миқдори даражаси 1,25 баравар оширилсин ва уларнинг энг оз миқдори 25000 сўм қилиб белгилансин.
2. Ушбу Фармонда белгиланган энг оз иш ҳақига ва меҳнатига ҳақ тўлаш борасида жорий қилинган ягона тариф жадвалига мувофиқ бюджетдан пул билан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг тариф ставкалари ҳамда лавозим ставкалари окладлари 1,25 баравар оширилсин.
3. Фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 2500 сўм миқдорида белгилансин.
4. Ҳозир амалда бўлган барча турдаги нафақаларнинг миқдори 25 фоиз оширилсин.
5. Олий ўқув юртлари талабаларининг, техникумлар ҳамда кийим-бош ва овқат билан таъминланмайдиган ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари 1,25 баравар кўпайтирилсин. Талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатларнинг қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги иш ҳақини, нафақалар ва стипендияларни оширишга мазкур Фармонда кўзда тутилган харажатларни пул билан таъминлаш манбаларини аниқласин.
7. Хўжалик ҳисобидаги бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар ушбу Фармонда белгиланган энг оз меҳнат ҳақи миқдорини ана шу мақсадлар учун ўз маблағлари манбаини қидириб топишларига қараб жорий этсинлар.
8. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, бюджетдан пул билан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасалар меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартлари ўз вақтида жорий этилишини таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки республика корхоналарига, ташкилотлари ва муассасаларига иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминловчи чоралар кўрсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 29 декабрь,
ПФ-522-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 2-сон, 80-модда)