LexUZ шарҳи
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 20 феврал ПФ-3029-сонли «Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотди.
Фан ва техника соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда республиканинг илмий қувватидан самарали фойдаланиш, фан ва ишлаб чиқаришнинг ҳамкорлик воситасини шакллантириш, патент-лицензия ва илмий ахборот фаолиятини такомиллаштириш, халқаро илмий техникавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ва Ўзбекистон фан-техника жамоатчиликнинг таклифларини эътиборга олиб:
1. Иқтисодиёт комитети ва унга қарашли илмий ташкилотлар негизида ҳамда улар сони ва маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикасининг Фан ва техника давлат комитети (Ўзбекистон Республикаси ФТДК) ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат комитетининг бош вазифалари ва фаолияти йўналишлари қилиб белгилансин:
фан-техника тараққиётининг республика учун устувор йўналишларини белгилаш, фан ва техникани рағбатлантириш воситаларини ишлаб чиқиш асосида фан-техника соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;
катта илмий-техникавий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, истиқболли ечимлар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни ташкил қилиш юзасидан илмий-тадқиқот ҳамда лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, корхоналар, бирлашмалар фаолиятининг мувофиқлаштирилишини таъминлаш, фаннинг ишлаб чиқариш билан алоқасини мустаҳкамлаш;
фан ва техника соҳаси тармоқлари мажмуини, фан билан ишлаб чиқаришнинг илғор ҳамкорлик шаклларини ташкил этиш ва ривожлантириш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш;
республиканинг халқаро илмий-техникавий ҳамкорликда қатнашиши устувор йўллари ва асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, чет мамлакатлар, илмий ва ўқув марказлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан фан, техника соҳасида ва кадрлар тайёрлашда алоқаларни мувофиқлаштириш ва уларни кенгайтиришга кўмаклашиш;
фан ва техниканинг устувор йўналишлари бўйича илмий-техникавий лойиҳалар ва дастурларни давлат экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш ва шу ишларни амалга ошириш, фан ва техника ютуқлари жорий этилишини, халқ хўжалиги тармоқларини илмий-техникавий даражасини назорат қилиш;
фан ва техника соҳасида муаллифлик ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини, кашфиётлар, ихтиролар, саноат намуналари ва товар белгиларидан Ўзбекистон Республикасида самарали фойдаланишни таъминлайдиган тизимни вужудга келтириш;
патент-лицензия ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш, республика патент жамғармасини тузиш, патентлаш масалаларида корхоналар ва ташкилотларга маслаҳатлар ҳамда услубий ёрдам бериш;
ахборот тизимлари ва ахборот бозорини шакллантириш юзасидан республикада ўтказилаётган ишларни мувофиқлаштириш, Ватанимиздаги ва чет эллардаги илм-фан, техника ҳамда технологияларнинг энг яхши ютуқлари тўғрисида бошқарув органларини, корхоналар, илмий ва ўқув ташкилотларини ахборот билан таъминлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Фан ва техника давлат комитети ўз ҳуқуқ, доирасида қабул қилган қарорлар кимга бўйсунишдан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, корхоналар, илмий ташкилотлар ва муассасалар учун мажбурийдир.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта ичида Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат комитетининг фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир қарорни қабул қилиши, Комитет тузилмасини ва унинг ҳақидаги Низомни тасдиқлаши зарур.