Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БИРЖА ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Биржалар фаолиятини такрорлашга барҳам бериш, унга бир томонлама ёндашувга йўл қўймаслик ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш, шунингдек бозор тармоқлари мажмуини ривожлантиришга, хўжалик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, республикани истеъмол моллари ва моддий-техника ресурслари билан тўлдиришга биржалар қўшадиган ҳиссани кўпайтириш мақсадида:
1. Республика ҳудудида биржа фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Биржалар кенгаши тузилсин. Белгилаб қўйилсинки, мазкур Кенгаш ҳозирги вақтда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган биржаларнинг раисларидан ташкил топади.
2. Биржаларни давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юклансин. Шу нарса белгилансинки, республика ҳудудида янгидан ташкил этиладиган биржалар 1-бандда кўрсатилган Биржалар кенгаши билан келишиб олинганидан кейингина рўйхатдан ўтказилади.
3. Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга оид ташкилий тадбирларни амалга оширсин ва бир ой муддат ичида «Ўзбекистон Республикасида биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг муҳокамасига тақдим этсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 мартдаги 95-сон «Ўзбекистон Республикасида биржалар фаолиятини мувофиқлаштириш тўғрисида»ги қарори.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 27 декабрь,
ПФ-303-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 88-модда)