Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «SНIFOKOR-МК» меҳмонхона комплексини Ўзбекистон Республикаси Бадиий гимнастика федерацияси балансига бериш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 25 февралдаги 74-сонли «Ўзбекистон Республикаси Бадиий гимнастика федерациясини бино билан таъминлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада оммавий болалар спортининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган бадиий гимнастикани янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу спортнинг турига хотин-қизларни кенг жалб этиш ҳамда уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Давлат спорт қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бадиий гимнастика федерациясининг Тошкент шаҳар, Чилонзор кўчаси, 80-уйда жойлашган «SНIFOKOR-МК» меҳмонхона комплексини Соғлиқни сақлаш вазирлиги балансидан Ўзбекистон Республикаси Бадиий гимнастика федерацияси балансига бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «SНIFOKOR-МК» меҳмонхона комплексини белгиланган тартибда Бадиий гимнастика федерацияси балансига берсин, федерация эса ўз балансига қабул қилиб олсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «2003-2004 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида» 2003 йил 17 апрелдаги 185-сон қарорининг 5-иловасидан «147» позиция («SНIFOKOR-МК» меҳмонхона комплексини) чиқариб ташлансин.
4. Бадиий гимнастика федерацияси хорижий сармояни, ҳомийлик бадалларини жалб этган ҳолда ва ўз маблағлари ҳисобига комплекс қошида бадиий гимнастика бўйича машқлар ва мусобақалар ўтказиш учун гимнастика зали қурилишини ҳисобга олиб, меҳмонхона комплекси биноларини тиклаш-таъмирлаш, шунингдек ташкил этилаётган спорт-соғломлаштириш комплексини зарур спорт, тиббиёт жиҳозлари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш ишларини амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бадиий гимнастика федерациясига болалар спортини ривожлантириш учун ҳомийлардан тушаётган маблағлар 2004 йилда лойиҳа ишларини бажариш учун зарур бўлган миқдорда ва 2005 йилга Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика билан шуғулланиш учун янги спорт зали қурилишини молиялаштириш ва тугаллаш учун маблағ ажратилишини назарда тутсин. Янги спорт зали «SНIFOKOR-МК» меҳмонхона комплексига туташиб кетган ҳудудида жойлаштирилсин
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2004 йил 1 март,
97-сон