Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғининг
Буйруғи
Рух ва мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2013 йил 21 январь, 6-24/23-14135/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 19-сон, 191-модда) қарорига мувофиқ буюраман:
1. Рух ва мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилиб, норматив техник ҳужжат сифатида эътироф этилган кундан бошлаб кучга киритилсин ва эълон қилинсин.
Бошлиқ Б. ҒУЛОМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 19 декабрь,
245-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2012 йил 19 декабрдаги 245-сонли буйруғига
ИЛОВА
Рух ва мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Қонунлари тўплами, 2006 й., 39-сонли, 386-модда) мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й. 19-сон, 191-модда) мувофиқ, рух ва мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик талабларини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1-§. Умумий талаблар
1. Мазкур Қоидалар рух ва мис ишлаб чиқариш ташкилотларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий атама ва тушунчалардан фойдаланилади:
аспирация — чангли ҳаво аралашмаларни сўриб олиб, атмосферага зарарли газлардан тозаланган ҳаво чиқариш тизими;
металлургик агрегат — металлургия жараёнларини олиб боришга мўлжалланган агрегат.
Мис ишлаб чиқаришда қуйидаги агрегатлар ишлатилади: эритиш печлари (бирор материални эриш температурасидан юқори температурагача қиздириб суюқ ҳолатга айлантириш учун ишлатиладиган печь) — яллиғ-қайтариш печи (ЯҚП), кислородномашъала печи (КМП), суюқ ваннада эритиш печи (СВЭП); горизонталь турдаги кон-вертерлар; буриладиган турдаги оловли тозалаш печлари; мисни грануляция қилиш печлари.
Рух ишлаб чиқаришда қуйидаги агрегатлар ишлатилади: суюқ қатламда куйдириш печлари (СқКП); айланувчан қувур печлари; кўп тубли печлар; индукцион печлар.
шихта — металл, қотишма ва муайян кимёвий таркибли бирикмаларни олиш учун, қайта ишланадиган белгиланган мутаносибликдаги (маъдан ва унинг концентратлари, флюслар ва бошқалар) материаллар (аралашма) йиғиндиси;
эритма — суюқ ҳолатигача қиздирилган материал (шлак, штейн, хомаки ва анод миси, рафинирланган рух ва бошқалар);
штейн — рангли металлургия оралиқ ва қўшимча маҳсулотлари, металлар сульфатларидан ҳосил бўладиган ўзгарувчан кимёвий таркибли қотишма;
шлак (металлургияда) — металлургик жараёнларда (шихтани эритишда, оралиқ ярим-маҳсулотни қайта ишлашда (масалан металларни тозалашда) олинган, суюқ металл сиртини қопловчи, таркибига бўш тоғ жинси, флюс, ёнилғи кули ва металлар оксиди кирувчи эритма;
эстакада — устида ускуна ва транспорт тизимларини жойлаштириш учун мўлжалланган иншоот;
эксгаустер — чиқаётган газларни ҳайдаш учун мўлжалланган марказдан қочирма вентилятор;
қозон-утилизатор — иккиламчи иссиқликдан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуна;
вельцлаш — найсимон айланувчи печларда металларни оксид ҳолида ҳайдаб тутиб олиш жараёни;
ЧЙҚК — чегаравий йўл қўйиладиган концентрация.
3. Техник қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш ва технологик жараёнларни амалга оширишда зарур ҳужжатлар рўйхати мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланади.
4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.
5. Ишга янги қабул қилинганлар, шунингдек бир ишдан бошқа ишга ўтказилган ёки касбини ўзгартирган ишчилар хизмат кўрсатиши лозим бўлган маълум иш ўрни учун ташкилот томонидан тасдиқланган дастур асосида саноат хавфсизлиги талаблари бўйича йўл-йўриқ оладилар.
6. Ишчиларни меҳнат хавфсизлигига ўқитишни ташкил этиш ва янги ишга кирувчилар ва касбини ўзгартираётган ишчиларни тайёрлаш ва ишчилар малакасини ошириш ГОСТ 12.0.004-90 «МХСТ. Меҳнат хавфсизлигига ўқитишни ташкил этиш. Умумий қоидалар» ва Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.
7. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади.
8. Фойдаланувчи ташкилотларда ходимларни дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) мувофиқ амалга оширилади.
9. Ташкилотларда ходимлар Кон-металлургия ишлаб чиқариш ташкилотлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1902, 2009 йил 13 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 7-сон, 75-модда) мувофиқ якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминланади.
10. Ҳар бир ишчи иш бошлангунига қадар, иш учун зарур бўладиган эҳтиёткорлик қурилмалари, асбоб-ускуналари, механизмлари ва мосламаларининг мавжудлиги ва уларнинг созлигини текшириб кўришлари лозим. Технологик қурилмаларнинг эҳтиёткорлик ускуналари, механизмлар ва мосламаларнинг камчилик ва носозликлари аниқланган тақдирда ишчи ходимлар бу ҳақида бўлинма раҳбарига хабар бериши лозим.
11. Рух ва мис ишлаб чиқариш ташкилотларининг цехлари ва бўлинмаларида ускуналарнинг жойлашиши ишловчиларнинг хавфсизлигини, шунингдек уларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш қулайлигини таъминлаши лозим.
12. Ҳавони тортиш ва аспирация тизимлари чанг, газ ва ҳаво аралашмалари кўринишидаги хавфли ва зарарли моддалар (чанг, газ, буғ, аэрозоллар)ни улар ҳосил бўлган жойлардан чиқариб юборилишини ва ишлаб чиқариш бинолари иш ҳудуди ҳавосидаги бундай зарарли моддаларнинг миқдори СанҚваМ 0046-96 «Иш ҳудуди ҳавосидаги зарарли моддаларнинг ЧЙҚК»га мувофиқ белгиланган чегаравий йўл қўйиладиган концентрациядан ошмаслиги таъминлаши лозим.
13. Технологик материаллар (хом ашё, флюслар, ишлаб чиқариш чиқиндилари «айланма чиқиндилар», ёқилғи ва ҳоказолар)ни юклаш ва тушириш, уларни қайта ишлаш учун ташиш, шунингдек тайёр маҳсулотларни қадоқлаш, жойлаштириш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак.
14. Технологик материаллар омборхоналарда, бўлинмаларда, бункерлар ва махсус жиҳозланган майдончаларда сақланиши керак. Бунда уларнинг бир-бири билан аралашиб кетишига йўл қўйилмаслиги таъминланиши керак.
15. Ишлаб чиқариш ускуналарининг таркибий қисмлари, шу жумладан энергетик қувурлар, шланглар ва электр кабеллари уларга рух, мис, штейн ва шлак эритмалари тушишидан ҳимояланган бўлиши керак.
16. Ташкилот цехи лойиҳасида агрегат ва аппаратларнинг ишга тушиши, тўхташи ва ускуналарнинг белгиланган иш тартибининг бузилиши тўғрисида билдирувчи назорат ва сигнализация тизими билан жиҳозланиши кўзда тутилган бўлиши керак.
17. Эритиш печлари, авария содир бўлганда печдаги барча эритмани қабул қилиб олиш имкониятига эга ўрачалар ёки махсус майдончалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Эритма қуйиладиган жой қуруқ бўлиши керак.
18. Металлургия агрегатларида қайта ишланадиган шихта материалларидаги намлик миқдори, технологик ҳужжатда белгиланган бўлиши лозим. Металлургия агрегатларига, намлиги технологик йўриқномада белгиланган миқдордан юқори бўлган шихта материалларини юклашга йўл қўйилмайди.
19. Иккиламчи хом ашё (таркибида рух ва мис бўлган рангли металл ломлари) ни қайта ишлаш, ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган иккиламчи хом ашё технологик йўриқномаси бўйича, экологик экспертизадан ўтказилгандан кейин амалга оширилиши керак.
20. Манометр режими, технологик ҳужжатда белгиланган миқдордан ёки белгиланган тартибдан четга чиққанда, металлургия агрегатларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
21. Ўзи юрар араваларнинг троллей симлари рельс каллакларидан камида 3 м баландликда жойлашган бўлиши керак.
22. Асосий ва ёрдамчи, технологик ва электр-техник ускуналарнинг конструктив элементлари изоляциясининг «ер»га нисбатан қаршилигини, шунингдек ерга улаш қурилмаларининг қаршилигини текшириш ишлари Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 1383, 9 июль 2004 йил) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) мувофиқ ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган «Технологик ва электр-техник ускуналарнинг конструктив элементлари изоляциясининг қаршилиги» йиллик жадвал бўйича амалга оширилиши лозим. Изоляция қаршилигини, шунингдек ерга улаш қурилмаларининг қаршилигини ўлчаш натижалари баённома билан расмийлаштирилиши лозим.
23. Технологик ускунани тўхтатиш авария тугмачалари ёрдамида бажарилганда, ускунани масофадан туриб ишга туширишдан ҳимояловчи мослама кўзда тутилган бўлиши керак.
24. Ёқилғи, ҳаво ва кислород узатиш тизими, ҳаво босими тушиб кетганда печга кислород ва ёқилғи узатилишини узиб қўювчи автоматик ҳимоя мосламасига эга бўлиши керак. Кислород-ҳаво аралашмасидаги белгиланган кислород концентрацияси автоматик тарзда тартибга солиб турилиши керак.
25. Бир-бири билан ўзаро боғлиқ, технологик участкалар ўртасида телефон ёки овоз кучайтиргич алоқа воситалари ўрнатилган бўлиши керак. Алоқа ва сигнализация воситалари, бевосита иш жойлари яқинида максимал кўриниш ва эшитиш ҳудудларида жойлаштирилиши, шунингдек хизмат кўрсатиш қулай ва хавфсиз бўлиши керак.
26. Маргимушли водород ажралиб чиқиши мумкин бўлган цехлар, бўлинмалар ва участкаларда ёруғлик ва товуш сигнализациясига эга, автомат газ анализаторлари ёрдамида ҳаво муҳитининг ҳолати назорат қилиниши керак.
27. Чанг ва газдан тозалаш ускуналарининг тузилиши ва улардан фойдаланиш талаблари СанҚваМ 0208-06 «Технологик жараёнларни ташкил этиш санитария қоидалари ва ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган гигиена талаблари»га мувофиқ бўлиши керак.
28. Кислород билан бойитилган ҳаво ёрдамида пуфлаш ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган мис ишлаб чиқариш бўйича технологик йўриқномага мувофиқ амалга оширилиши керак..
29. Зарарли моддаларни инвентаризация қилиш, классификациялаш, жойлаш ва зарарлантириш СанҚваМ 0128-02 «Саноат чиқиндиларини инвентаризация қилиш, классификациялаш, жойлаш ва зарарсизлантириш тартиби» ва ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқнома талабларига мувофиқ бажарилиши керак.
30. Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилот томонидан Хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш қоидаларига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2009 йил 16 июлдаги 6-15/12-5550/6-сон хулосасига мувофиқ ушбу ҳужжат техник ҳужжат деб топилган) хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаб чиқариш назорати ташкил этилиши лозим.
31. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
2-§. Электр хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
32. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Электр қурилмаларнинг тузилиши қоидалари, Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 9 июл 2004 йил) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари (рўйхат рақами 1400, 20 август 2004 йил) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.
33. Ташкилотларда кучланиш 1000 В дан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда электр хўжалиги учун масъул шахс электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига ва кучланиш 1000 В бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда IV малака гуруҳига эга бўлиш лозим.
34. Ташкилот ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритишлар ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабига мос келиши лозим.
35. Ёритқичларнинг конструкцияси ва тузилиши электр тармоқнинг номинал кучланиши ва ташқи муҳитга мос ҳолда бажарилиши керак.
36. Авария ёритиш тармоқларига бошқа электр энергия истеъмолчиларининг уланишига йўл қўйилмайди.
37. Юқори хавфли бўлмаган хоналарда барча стационар ёритқичлар учун 220 В дан юқори бўлмаган кучланишдан фойдаланишга йўл қўйилади.
38. Чўғланма лампали маҳаллий стационар ёритқичлар учун қуйидаги кучланиш қўлланиши лозим:
юқори хавфли бўлмаган хоналарда 220 В дан юқори бўлмаган;
юқори хавфли ва ўта хавфли хоналарда 42 В дан юқори бўлмаган.
39. Авария ёритишларни созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.
40. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.
41. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.
42. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни бегона предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига йўл қўйилмайди.
43. Агар портлашдан хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, унда электр ёритиш тизими портлашдан ҳимояланган ҳолда бажарилиши керак.
44. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кўчма электр ёритқичлардан фойдаланилганда кучланиш 42 В дан юқори бўлмаслиги керак. Ўта хавфли хоналарда, хоналардан ташқари ҳамда ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, тунеллар ва бошқалар) ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёритқичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.
45. Электр ёритиш тармоқлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликдан ўтган бўлиши керак.
3-§. Технологик тараларга қўйиладиган талаблар
46. Технологик таралар (ковшлар, шлак чашалари, хокандозлар, кюбеллар ва бошқалар) тайёрлангандан ва таъмирлангандан сўнг, таъмирлаган корхона томонидан текширилиши керак. Таралар тартиб рақами, юк кўтариш қобилияти, массаси кўрсатилган ҳолда тамғаланиши ва белгиланган мақсадларда ишлатилиши керак.
47. Тара ва траверслар уларни тайёрлаш учун берилган техник шартларга мувофиқ бўлиши, ташкилот бош муҳандиси тасдиқлаган йўриқномада белгиланган муддатларда, улардан фойдаланиш бўйича масъул шахс томонидан вақти-вақти билан кўздан кечирилиши керак. Кўздан кечириш натижалари «Олиб қўйиладиган юк чангаллаш мосламалари ва тараларни текширишни расмийлаштириш» журналида қайд этилиши керак.
48. Ковш цапфаларининг едирилиши барча ўлчовлар бўйича дастлабки ўлчамларининг 10 фоизидан ошмаслиги керак. Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2009 йил 28 майдаги 20-15-195/12-сон хатига мувофиқ техник ҳужжат деб топилган) талабларига мувофиқ камида бир йилда бир марта ковш цапфалари бузмайдиган назорат усули ёрдамида текширилиши керак. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши керак.
49. Деворларида ва цапфалар маҳкамланган жойларида чуқурчалар, дарзлар бўлган ковшлардан, шунингдек деформация натижасида ўз шаклини йўқотган ва цапфалари қўзғалиб қолган ковшлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
50. Ковш сиғимини ошириш учун унга қўшимча қисмлар улашга йўл қўйилмайди.
51. Ковшнинг қуйиш қисми унинг четидан пастда жойлашган ва куймаган бўлиши керак.
52. Ковшларни кранлар билан фақат траверслар ёрдамида ташишга йўл қўйилади. Траверсни ковшдан ташқарида қолдириш ёки уни ковшга эгишга йўл қўйилмайди.
53. Таралар махсус ажратилган жойларда ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган тараларни жойлаштириш режаси бўйича жойлаштирилиши керак. Тара қўйиладиган майдончалар текис, горизонтал ва тоза бўлиши керак.
54. Тарани бортидан ошириб тўлдириш, шунингдек ташқи сиртига материал ёпишиб қолган ҳолда ташишга йўл қўйилмайди.
55. Чангланадиган материалларни ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган таралар герметик бўлиши керак.
56. Таралар, ишлар бажариладиган ҳудудда кўринадиган жойларга осиб қўйилган строповка чизмалари бўйича строповка қилиниши керак.
4-§. Металлургия агрегатларини иситишга қўйиладиган талаблар
57. Металлургия агрегатларини иситиш учун асосий ёқилғи табиий газ ҳисобланади.
58. Табиий газни қисқа ён томондаги ёндиргичлар ёки гумбаздан қиздириш орқали бериш мумкин.
59. Ёнишни сақлаб туриш учун оксидловчи сифатида техник кислород ёки ҳаво хизмат қилади.
60. Захирадаги ёқилғи сифатида, тегишли ҳароратгача қиздирилган, мазут сақлагичлардан насослар билан ёндиргичларга юбориладиган мазутдан фойдаланилади.
61. Кислород машъали печлари (КАП), конвертерлар, анод печлари, қайновчи қатлам печлари (ҚҚП) ва вельц печларининг қиздирилиши ва уларда зарур ҳароратни ушлаб туриш учун, табиий газ хизмат қилади.
62. Ёнишни сақлаб туриш учун, керакли ҳаво махсус ўрнатилган вентиляторлардан берилади.
5-§. Утилизатор қозонлар, буғлатиб совутиш тизимларига қўйиладиган талаблар
63. Печдан қозон-утилизаторгача бўлган газ мўрилари участкасида дарча ва хизмат кўрсатиш майдончалари кўзда тутилиши керак.
64. Қозон-утилизатор газ мўриларининг чанг бункерлари ва йиғма бункерлари чангни тушириш учун герметик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
65. Қозон-утилизаторларни иссиқлик алмашинув юзасини механизациялаштирилган тозалаш воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
66. Утилизатор қозонларни импульсли тозалаш тизими ишини бошқариш бошқарув пультидан амалга оширилиши ва сигнализация тизими билан блокировка қилинган бўлиши керак.
67. Барабан-сепаратор, улардан фойдаланишда хавфсизлик шароитларини таъминлаш учун, белгиланган мақсадига боғлиқ равишда:
сақловчи клапанлар;
сувнинг чегаравий сатҳи ва босими сигнализаторлари;
даврий тозалаш чизиғи;
сув ва буғдан намуна олиш қурилмаси ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланиши керак.
68. Утилизатор қозонлар ва буғлатиб совутиш қурилмаларини ишга тушириш, тўхтатиш ва улардан фойдаланиш ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномага мувофиқ жойлаштириш талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.
69. Қозон-утилизатор ва буғлатиб совутиш тизимлари ўрнатилган цехларда ташкилот буйруғи билан улардан хавфсиз фойдаланиш ва созлиги учун масъул шахслар тайинланиши лозим. Масъул шахснинг тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқнинг сони ва санаси, қозон паспортига ёзиб қўйилиши керак.
6-§. Металлургия агрегатларининг сув билан совутиладиган элементларига қўйиладиган талаблар
70. Металлургия агрегатларининг сув билан совутиладиган элементлари уларни бевосита ўрнатишдан олдин ва таъмирдан кейин ишчи босимдан 1,5 баробар юқори бўлган синов босими остида гидравлик синовлардан ўтказилиши керак. Айрим печлар ва элементларга техник шартларда синов босимининг юқори кўтарилишига йўл қўйилади.
71. Сув билан совутиладиган ҳар қайси элемент учун ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан паспорт тузилиши керак.
72. Сув билан совутиладиган элементларнинг уланмаларида айрим элементлар ёки гуруҳларни совутиш тизимидан узиб қўйиш ва сув берилишини мослаштириш имконияти бўлиши керак.
73. Совутиш учун юбориладиган сув механик ва химик аралашмалардан тозаланган бўлиши керак. Сув билан совутиладиган элементлардан чиқадиган сувнинг ҳарорати ёғин ҳароратидан паст, вақтинчалик қаттиқликда бўлиши ва ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган тартиб режаси кўзда тутилиши керак.
74. Алоҳида сув билан совутиладиган элементларни ёки агрегатни совутиш тизими гуруҳларини ўчириш учун қулф арматура қулай ва хизмат кўрсатиш учун хавфсиз жойларда жойлаштирилиши керак. Сув кессонларга борадиган жойларда ўрнатиладиган қулф арматура тамғаланиши ва кессонланган элементларнинг жойлашиш схемасига мувофиқ кессон рақами кўрсатилган биркага эга бўлиши керак.
75. Совутиладиган элементлар вақти-вақти билан кўздан кечирилиши, зарур ҳолларда тозаланиши керак.
76. Нормал ишлаши бузилганда шикаст етказиши ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун хавф туғдириши мумкин бўлган сув билан совутиладиган элементлар, чиқаётган сув ҳарорати белгиланган меъёрдан ошганда ишлаб кетадиган сигнализацияли назорат асбоблари билан жиҳозланган бўлиши керак. Бундай элементлар рўйхати ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланади.
77. Агрегатни совутиш тизимининг ишини назорат қилиш учун сув йиғгич ўрнатилиши керак. Сув йиғгичларнинг тузилиши ва жойлашиши уларга эритма тушишига йўл қўймаслиги, хизмат кўрсатувчи ходимларга сув оқимини визуал назорат қилиш имконини бериши керак.
78. Металлургия агрегатларининг совутиш тизими элементларига сув борадиган магистрал қувурлар агрегатлардаги эритманинг ишчи сатҳидан юқорида жойлашиши керак. Сув сарфини тартибга солиш воситалари хизмат кўрсатиш учун хавфсиз ва қулай жойларда ўрнатилиши керак.
79. Агрегат тўхтаганда, совутиладиган элементларда сувнинг музлаб қолишига йўл қўймайдиган чоралар кўрилиши керак.
7-§. Чанг тутиш ва газларни тозалашга қўйиладиган талаблар
80. Электр фильтрларнинг кучланиш остидаги барча ташқи металл қисмлари тўсилиши ёки ҳимоя қалпоқлари билан бекитилиши керак. Ток ростлагич, юқори вольтли агрегат ва узгич камида 2,5 м баландликда тўрсимон тўсиқ билан ишончли тўсилган бўлиши керак.
81. Электр фильтрнинг иш пайтида кучланиш остида бўлмайдиган барча металл қисмлари, шунингдек, электр фильтр билан боғлиқ барча металл конструкциялар (газ мўрилари, шнеклар ва бошқалар) «Электр қурилмаларнинг тузилиш қоидалари»га мувофиқ бўлиши керак.
82. Электр фильтрлар, газ мўрилари ва шу каби бошқа ускуналарнинг ичида барча ишлар наряд-рухсатнома бўйича, ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган, газдан хавфи бўлган ишларни хавфсиз бажариш бўйича меҳнат муҳофазаси йўриқномаси талабларига, шу жумладан қуйидаги талабларга риоя қилган ҳолда бажарилиши керак:
электр фильтрларни ички кўздан кечириш, таъмирлаш ва тозалаш ишлари ундан фойдаланиш бўйича масъул шахснинг бевосита назорати остида ёки унинг иштирокида бажарилиши керак;
электр фильтр газдан иккала томондан зич ва соз шиберлар ёки тиқинлар билан узилиши керак;
электр кучланиш узилиши керак;
тож ҳосил қилувчи электродлар ерга уланиши ҳамда тож ҳосил қилувчи ва тиндирувчи электродлар силкитиб қоқилиши керак.
бункердан чанг тўлиқ олиб ташланиши, электр фильтр совутилиши керак;
электр фильтр корпуси газ қолдиқларидан тўлиқ тозалунгунга қадар шамоллатилиши керак;
заҳарли ёки портлаш хавфи бўлган газлар тозаланадиган электр фильтрларда, бундан ташқари, газ анализи ўтказилиши керак.
83. Электр фильтрларда чанг қотиб қолган ҳолларда тож ҳосил қилувчи элементлардан кучланиш узилиб, улар ерга улангандан кейин кўчириб ташлашга йўл қўйилади. Бункерни кавлаш электр фильтр бўйича навбатчининг кузатуви остида бажарилиши керак. Кавлаш ишларини бажараётган ишчилар якка тартибда ҳимояланиш воситаларидан фойдаланишлари керак.
84. Енг (шланг)ли фильтрнинг силкитувчи механизмини ишлаб турган пайтида тафтиш қилиш ва енг (шланг)лар ҳолатини силкитувчи механизм ишлаётган вақтда текширишга йўл қўйилмайди.
85. Юкни тушириш шнекининг узатмаси авария вазиятлари учун маҳаллий «Тўхта» тугмачаси билан жиҳозланиши керак.
86. Чангларни тутиш учун мўлжалланган циклонлар сақловчи клапанлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
87. Бир вақтнинг ўзида бир нечта батареяли циклон ва коллектор бункерларини тозалаш (кавлаш) йўл қўйилмайди.
88. Марказий газ мўрилари шиберларини очиш ва ёпиш механизациялаштирилган бўлиши керак.
89. Ер ости газ мўрилари газ чиқармайдиган, уларнинг печь ўтхонаси билан туташ қисми иссиқликдан ҳимояланган бўлиши керак.
90. Ер ости газ чиқариш каналларининг ҳолатини кўздан кечириш учун камида 0,65х0,65м ўлчамли тушиш қулай бўлган махсус туйнуклар қурилиши керак.
91. Газ дуд бўронлари ва чанг тутиш қурилмаларидан чангни тушириб олиш ва ташиш ишлари зарарли моддалар ажралишига йўл қўймайдиган усуллар ёрдамида бажарилиши керак.
92. Чанг камералари гумбазлари, боров ва газ мўриларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун майдончалар ва ўтиш кўприкчалари кўзда тутилган бўлиши керак. Гумбазлар устидан югуришга йўл қўйилмайди.
93. Чанг тутиш ва газларни тозалаш тизимларида чанг ёнганда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномада белгиланиши керак.
8-§. Сульфат кислотаси ишлаб чиқаришга қўйиладиган талаблар
94. Сульфат кислотаси ишлаб чиқаришда қуйидаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш керак:
фойдаланиш-техник ҳужжатларнинг назорат тизимига, технологик қурилманинг жойлашиши ва конструкциясининг қабул қилинган чизмасига амал қилиш лозим;
ёруғлик ва товуш сигналлари тизимидан фойдаланишни, автоматик тарзда тартибга солиш ва блоклашни технологик тартибга киритиш лозим;
мустаҳкам қурилмалар ва коммуникация билан таъминлаши (бу талабларнинг бузилиши ишчи ҳудудда қайноқ газларнинг отилиб чиқишига ишчи хонанинг газланишига ва аппаратларнинг катта занглаши учун шароит яратишига олиб келиши мумкин);
юқори ҳароратли юзалар ва узатувчи қувурларнинг иссиқлик изоляциясини соз ҳолатдалигининг қандайлиги, маҳсулотнинг кристалланишига йўл қўйилмаслигини кузатиш;
узатувчи қувурларни қиздириш учун очиқ оловдан фойдаланишга йўл қўйилмайди. (Қиздириш ёнғин хавфсизлиги муносабатларига зид бўлмаган ҳолда буғ, иссиқ сув билан ёки бошқа усулда амалга оширилади);
аппарат ва қурилмаларнинг барча ҳаракатланувчи ва айланувчи қисмлари мустаҳкам тўсилган бўлиши лозим;
емирувчи суюқликларга мўлжалланган узатувчи қувурларнинг барча гардишли уланган жойлари ҳимоя қобиғига эга бўлиши лозим. Кислота тўкилишини зудлик билан бартараф этиш керак;
ёнғин ва портлашга хавфли бўлган линиялардаги тиқинларни ўрнатиш ва олиш, тиқинларни ўрнатиш ва олиш учун жавобгар шахс томонидан имзо орқали махсус журналга қайд қилиниши лозим;
турғун электр токи тўпланиши мумкин бўлган барча электрқурилмалар, шунингдек аппаратлар ва узатувчи қувурлар заминлаштирилиши лозим, заминланган симларнинг ишончлилиги асбоблар ёрдамида текширилиши лозим;
портлаш хавфи мавжуд бўлганда кўчма лампалардан фойдаланиш уларни 12 В кучланиш билан тўйинтириш шарти билан йўл қўйилади;
коммуникацияни тузатишда насоснинг электрдвигателини ўчириб қўйиш, эрийдиган ўрнатмани чиқариб олиш ва «Ёқилмасин, Одамлар ишламоқда!» деб ёзилган огоҳлантирувчи плакатни осиб қўйиш керак. Огоҳлантирувчи плакатни олиб қўйиш ҳуқуқи фақат уни осган шахсгагина берилади;
аппаратлар ва идишлар ичида ишлашга фақатгина наряд-рухсатнома бўлганидагина йўл қўйилади. Ишлар бутунлай ўчирилган, таъмирлашга тайёрланган ва яхши шамоллатилган аппаратларда амалга оширилиши лозим;
босим остида ишлайдиган идишлар, босимни ўлчаш асбоблари; ҳароратни ўлчаш асбоблари; суюқлик сатҳини кўрсаткич; сақловчи қурилмалар ва қулфли ва қулф-тартибли арматура билан жиҳозланиши керак.
II боб. Рух ишлаб чиқаришда хавфсизлик талаблари
1-§. Шихтани тайёрлашга қўйиладиган талаблар
95. Майдалаш-туйиш ускуналари тузилиши ва улардан фойдаланиш Металлургия ишлаб чиқариши учун умумий хавфсизлик қоидалари (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 28 майдаги 20-15-195/12-сонли хулосасига асосан техник ҳужжат деб топилган), СанҚваМ 0122-01 «Иш жойларида умумий ва локаль тебранишнинг санитария меъёрлари» ва СанҚваМ 0120-01 «Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
96. Ҳавони аралаштирувчи айланиб турувчи қуритиш барабанлари ва тушириш камерали газ ўтхонасини бирлаштириб турувчи узеллар герметикланган бўлиши керак.
97. Қуритиш барабанларининг юклаш ва тушириш камералари кузатиш ойналари ва герметик туйнуклар билан жиҳозланган бўлиши керак.
98. Қуритиш барабанларида ёқиладиган ёқилғи тури цех лойиҳасида белгиланади.
99. Шихтани ўрталаштириш қурилмаси (ШЎҚ) марказлашган ҳолда бошқарилиши, бошқарув оператор хонасидан кузатиш имконини таъминлаши керак.
100. Ускунани бошқариш схемаси унинг барча механизмлари билан автоматик, узоқдан туриб, шунингдек маҳаллий бошқаришни таъминлаши керак.
2-§. Рух концентратларини куйдиришга қўйиладиган талаблар
101. Куйдириш печлари, газ мўрилари, қозон-утилизаторлар ва бошқа ускуналарнинг тузилиши тўлиқ герметикликни таъминлаши лозим.
102. Печнинг ишчи ва кузатиш ойналари эшик (қопқоқ) лар билан зич бекитилиши ва иссиққа чидамли материаллар билан зичланиши керак.
103. Печни қиздириш учун ишлатиладиган горелка ёки форсункаларнинг тузилиши печь ишга тушгандан кейин уларни тез ва хавфсиз чиқариб олинишини таъминлаши керак.
104. Печга материалларни узатиш қурилмаларининг тузилиши автомат тарзда ёки узоқдан бошқарган ҳолда, материалларнинг дозаланган узлуксиз узатилишини таъминлаши лозим.
105. Куйдириш маҳсулотларини тушириб олиш ва ташиш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак. Куйдириш печларидан чиққан куйинди ва чангни ташиш ишлари чанг ва газларни хона ҳавосига чиқишига йўл қўймайдиган усул ёрдамида амалга оширилиши керак.
106. Куйдирилган материал ва чанг чиқадиган тешикларни, шунингдек мўрининг ўтхона билан туташган қисми ва газ мўриларини тозалаш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак.
107. Бошқарув тизими печнинг ҳам қўлда, ҳам автомат режимда ишлашини таъминлаши керак. Кўрсаткичлари печ ишлашини автоматик ёки қўлда бошқарилишини белгиловчи назорат-ўлчаш асбоблари, алоҳида хонада жойлашган умумий бошқарув пультига чиқарилган бўлиши керак.
108. Печлардан газларни тортиб олиш учун захира эксгаустер кўзда тутилиши керак.
109. Материалларни куйдириш печларини ишга тушириш ва тўхтатиш, ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган фойдаланиш бўйича йўриқнома ва технологик йўриқнома талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
110. Ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган технологик йўриқномада белгиланган манометрик режимлар бузилганда печлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
111. Авария вазиятлари (қозон-утилизаторда сув циркуляциясининг тўхтаб қолиши, қозоннинг иссиқликни қабул қилувчи элементлари куйиши, суюқлик чиқариши ва бошқалар) да печни тўхтатиш тартиби, ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган технологик йўриқномада белгиланган бўлиши керак.
3-§. Вельцлашга қўйиладиган талаблар
112. Вельц-печнинг узатиш механизми мустақил ток манбаига уланган авариявий двигатель билан жиҳозланган бўлиши керак.
113. Вельц-печь назорат асбоблари ва печнинг бўйламасига силжиши сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак.
114. Вельц-печни бошқариш тизимида унинг юкни тушириш узели яқинида узатмани иш жойидан авариявий узиб қўйиш мосламаси кўзда тутилган бўлиши керак.
115. Совутиш системалари ва фильтрлар ишлаганда бутун тракт бўйлаб чиқаётган газларнинг ва металлар оксидларининг етарлича сўрилиши таъминланиши керак.
4-§. Рух ишлаб чиқариш гидрометаллургия участкасига қўйиладиган талаблар
116. Гидрометаллургия ишлаб чиқариш аппаратлари пол сатҳидан камида 0,1 м баланд бўлган пойдеворларда ўрнатилиши керак. Аппарат пойдеворлари кислотага чидамли материалдан тайёрланиши керак.
117. Ишлаб чиқариш хоналарида ўрнатилган аппаратларнинг ташқи юзалари занглашга қарши ҳимояланган бўлиши керак.
118. Пол, оқова ариқчалар ва йиғма зумпфлар гидроизоляцияланган бўлиши керак. Ариқчалар қопқоқ (панжара) лар билан бекитилган бўлиши керак.
119. Технологик схеманинг ўзгариши натижасида ёки бошқа сабабларга кўра технологик жараёнда ишлатилмаётган гидрометаллургия ускуналари, узатувчи қувурлар демонтаж қилиниши ёки ишлаб турган тизимдан сезиларли оралиқ қолдириб узиб қўйилиши керак. Узиб қўйилган қувурларнинг учларига стандарт тиқинлар ўрнатилиши керак.
5-§. Куйинди, чанг ва оксидларни суюқликда эритиб ажратиб олишга қўйиладиган талаблар
120. Куйинди, чанг ва оксидларни суюқликда эритиб, ажратиб олишда пачукларда ҳаво босимининг белгиланган даражадан камайганлиги тўғрисида огоҳлантирувчи товуш ёки ёруғлик сигнали кўзда тутилиши керак.
121. Новлар, тарновлар ва бак аппаратлари тузилиши пульпанинг ишчи майдонча ва аппарат корпусига тошиб чиқишига йўл қўймаслиги керак.
122. Марганец рудаси ҳўл усул ёрдамида туйилиши керак.
123. Бак аппаратларининг кузатиш люклари сақловчи панжара ва қопқоқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
124. Буғ ва ҳаво учун мўлжалланган ишчи қулф арматура аралаштирувчи қурилмали аппаратларнинг майдончаларида жойлашган бўлиши керак.
125. Мис-кадмийдан тозалашга кислотали эритмалардан берилишга йўл қўйилмайди.
6-§. Рухни электр ёрдамида тиндиришга қўйиладиган талаблар
126. Электролит ванналарига хизмат қиладиган юк кўтариш механизмлари уч босқичли электр изоляциясига эга бўлиши керак.
127. Эритма ваннага электр токини ўтказмайдиган материалдан тайёрланган қувурлар, тарновлар ва шланглар орқали юборилиши керак.
128. Тарновларнинг металл каркасларида электр изоляция узилишлари бўлиши, улар қуйидагича жойлашиши керак:
а) ванналар бўйлаб — ванналар ўртасида;
б) цехнинг кўндалангига — ванналарнинг ҳар икки қатори ўртасида.
129. Ваннанинг корпуси гидроизоляцияланган бўлиши керак. Гидроизоляцияси бузилган ванналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
130. Ванналар ва хизмат кўрсатиш майдончалари остидаги изоляторлар устига, эритма тошиб тушишидан ҳимояланган бўлиши керак. Улар жойлашган жойлар ёритилган ва тозалаш учун қулай бўлиши керак.
131. Изоляторлар полдан изоляцияланган майдонча ва зиналардан туриб тозаланиши керак.
132. Электролиз цехлари ва бўлинмалари ёруғлик ва товуш сигналлари билан блокировка қилинган изоляцияни назорат қилиш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
133. Ванналардан сульфат кислота аэрозолларининг чиқишини камайтириш учун электролит юзасида кўпик қатлами кўринишидаги ҳимоя қопламаси бўлиши керак.
134. Ванналарни узиб қўйиш учун мўлжалланган тўсиқ (перемичка) лар йўл қўйиладиган ток кучига мўлжалланган бўлиши ва махсус стеллажларда сақланиши керак.
135. Электролит ванна сериялари рақамланган бўлиши керак. Рақамлар яхши кўриниб туриши лозим.
7-§. Катодларда ажралган рухни эритишга қўйиладиган талаблар
136. Электр печларнинг ва электротстойникларнинг тузилиши «Электр қурилмаларнинг тузилиши Қоидалари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
137. Электр печнинг қобиғи ва уларнинг электр токи остида қолиши мумкин бўлган металл конструкциялари заминлаштирилган бўлиши керак. Агрегатларнинг ток ўтказувчи қисмлари тўсилган ва изоляцияланган бўлиши керак.
138. Электр печлар ишчи майдончаларида, ходимларни агрегат кучланиш остидалиги тўғрисида, огоҳлантирувчи ёруғлик сигнализацияси кўзда тутилган бўлиши керак. Печни ишга тушираётганда унга хизмат кўрсатиладиган барча нуқталарда эшитиладиган товуш сигнали берилиши керак. Ёруғлик сигнализацияси юқори вольтли узгичлар билан блокировка қилинган бўлиши керак.
139. Электр печь қуйидаги ҳолларда ўчирилиши керак:
турли фазаларнинг ток ўтказувчи қисмлари ўртасида қисқа туташув содир бўлганда;
ток ўтказувчи қисмлар ва металл конструкциялар ўртасида қисқа туташув содир бўлганда;
совутиш учун сув юборилиши тўхтаб қолганда;
металл эритмаси тошиб кетганда;
печдан фойдаланиш давом эттирилиши аварияга олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда.
8-§. Кадмий ишлаб чиқаришга қўйиладиган талаблар
140. Кадмий олиш учун оралиқ маҳсулотни (Кадмий губка) ҳаво тортиш вентиляцияси ўчирилган ҳолда, суюқликда эритиб ажратиш ва эритиш учун бак аппаратларига юклашга йўл қўйилмайди.
141. Электролит ванналарига хизмат кўрсатишда мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.
142. Кадмий эритиш учун мўлжалланган қозонлар, ҳавони тортиш вентиляцияси билан жиҳозланган, эриган металл ва ишқорни сачрашига йўл қўймайдиган, ҳимоя мосламаларига эга бўлиши керак.
143. Кадмий узлуксиз рафинацияланадиган қозонларни (7 т) ишга тушириш ва тўхтатиш ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган технологик йўриқнома бўйича амалга оширилиши керак.
III боб. Мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик талаблари
1-§. Шихтани тайёрлаш ва қуритишга қўйиладиган талаблар
144. Шихтани ўрталаштириш қурилмаси (ШЎҚ) бошқаруви марказлаштирилган ва машинист кабинасига ёки оператор хонасига чиқарилган бўлиши керак. Шихтани ўрталаштириш машинасининг кабина тузилиши машинанинг асосий узеллари ва унинг ҳаракатланиш ҳудудини кузатиш имконини бериши керак.
145. Шихтани ўрталаштириш қурилмаси ҳаракатланиш йўлини, борона (юмшатгич) нинг кўтарилиши ва тушишини чекловчи чет ўчиргичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
146. ШЎҚ махсус жиҳозланган участкада таъмирланиши керак. ШЎҚ таъмирлашга қўйилганда боронанинг тушиб кетишига йўл қўймайдиган махсус тиргаклар ўрнатилиши керак.
147. Қуритиш қувурларининг ишчи ва кузатув дарчалари эшикчалар (қопқоқлар) билан зич ёпилиши керак.
148. Қуритиш — қувурларининг бошқарув тизимлари қўлда ва автоматик тарзда бошқарилиши, назорат-ўлчов асбобларига эга пульт бошқаруви бўлиши лозим.
2-§. Эритилиб суюқ маҳсулотлар ҳосил бўлишига қўйиладиган талаблар
149. Эритиш маҳсулотлари чиқариладиган тарновларнинг тузилиши ва нишаблиги эритманинг бортдан тошиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Бекитиш тузилмаси тарновларни қурумдан хавфсиз тозалаш имконияти ва таъмирлаш қулайлигини таъминлаши керак.
150. Эритма қуруқ ковшлар, металл идишлар ва металл қолипларга қуйилиши керак. Ковш, металл идишларни тўлдириш сатҳи қуйиш мосламасидан камида 0,2 м. пастда бўлиши керак.
151. Тарнов устидан махсус жиҳозланган кўприкчалар орқали ўтиш керак.
152. Ёпиқ цехларда эритмани чиқариш ва қабул қилиш жойлари ҳаво юбориш системаси билан жиҳозланган бўлиши керак. Мис ишлаб чиқариш жараёнида ҳавога зарарли моддалар ажралиб чиқиши мазкур Қоидаларнинг иловасида кўрсатилган.
153. Эритиш печларининг штейн ва шлак шпурлари, сифон туйнуклари, леткалар ва шлак дарчаларини бекитиш операциялари механизациялаштирилган бўлиши керак. Доимий печларда эритмани чиқариш учун захира шпур кўзда тутилиши ва у ишчи ҳолатида сақланиши керак.
154. Ковшлар, металл идишларни қолдиқлардан тозалаш ва уларни кўприк кран ёрдамида ортиш учун цехда махсус жой ажратилган бўлиши керак.
155. Айланма материаллар ва бошқа совуқ чўкмаларнинг йирик бўлакларини майдалаш ишлари тўсилган ва бегона кишиларнинг киришига йўл қўймайдиган ёзувлар осилган махсус ажратилган ва жиҳозланган ҳудудда механизациялаштирилган усул ёрдамида бажарилиши керак. Тўсиқ конструкцияси материал бўлакларининг ундан ташқарига учиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Майдалаш, илгакка осилган юкни тепадан ташлаш йўли билан бажарилганда, кўтариш механизми илгагининг конструкцияси, юкнинг ўз-ўзидан тушиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Юк кўтарилишни бошлаши билан сигналчи-стропалчи ва барча ишловчилар хавфсиз жойга ўтишлари керак. Юкни ташлашдан олдин огоҳлантирувчи товушли сигнал берилиши керак.
156. Эритма ёпишиб қолган ковшлар, у тўлиқ қотгандан кейин тозаланиши керак. Иссиқ қолдиқларни ковшлардан нам майдончаларга туширишга йўл қўйилмайди.
157. Эритмани металлургия агрегатларига қуйишдан олдин огоҳлантирувчи сигнал берилиши ва барча хавфли ҳудудга ўтиш жойларида «эритма қуйилмоқда» ёзувли ёритувчи табло ёқилиши керак.
3-§. Шлакни чиқинди майдонига тўкишга қўйиладиган талаблар
158. Шлак ташиладиган транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги, тўкиш йўллари, ўтиш жойлари, қўриқланмайдиган кесишмалар ва поездлар манёврланадиган жойларда 5 км/соатдан ошмаслиги керак.
159. Шлак ташиладиган транспорт воситаларида одам олиб юришга йўл қўйилмайди.
160. Шлак ташиладиган йўлнинг ташқи рельси, ички рельсдан паст бўлиши ва шлак чиқинди майдони четидан камида 0,5 м масофада жойлашиши керак.
161. Шлак тўкиладиган майдонларда ёғоч шпаллар ишлатилганда, улар ёнмайдиган материал (қум, лой, майда шағал, гранулаланган шлак ва бошқалар) билан ҳимояланган бўлиши керак.
162. Шлак идишидан, шлакни қуйиш пайтида хизмат кўрсатувчи ходим чиқинди майдонининг қарама-қарши томонида туриши ва жараённи кузатиши керак.
163. Агар шлак ташиладиган транспорт ва темир йўл локомотиви платформаси ўртасида тўсиқ бўлса, шлак ташиладиган поезддан локомотивни узмасдан шлакни туширишга йўл қўйилади.
164. Шлакнинг чиқинди майдони стационар ёритиш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
165. Чиқиндини қайта ишлаш, цехнинг аралаш ишлар хавфсизлиги бўйича тадбирлар кўзда тутилган лойиҳасига мувофиқ бажарилиши керак.
4-§. Штейнга конвертерларда ишлов беришга қўйиладиган талаблар
166. Конвертер эритмани қуйиш ёки ҳаво юбориб тозалаш учун бурилаётганлиги тўғрисида, автоматик тарзда огоҳлантирувчи сигнал берилишини таъминловчи ёруғлик ва товуш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак.
167. Фурма тозаловчи майдончасида, қарама-қарши томонда жойлашган камида иккита чиқиш жойи бўлиши керак. Фурма тозаловчи майдончаси устида ишчини тепадан тушадиган қаттиқ жисмлардан, конвертер оғзи ва чангтутгичидан сачрайдиган эритмадан сақловчи ҳимоя мосламаси кўзда тутилиши керак.
168. Кўприк кран ёрдамида конвертер оғзини тозалашда юкни чеклайдиган сақловчи қурилмали махсус мосламалар («илгак», «лангар» ва бошқалар) ишлатилиши керак. Мосламаларнинг конструкцияси сақловчи элемент бузилганда кран илгаги билан механик боғланишни таъминлаши керак.
169. Конвертер оғзидан тўшамани кўчириб олиш учун конвертернинг бурилиш (узатиш) механизмидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
170. Конвертер оғзини тозалаш ва тартибга келтириш ишлари панжара билан жиҳозланган қайтариб қўйиладиган ёки кўчма майдончаларда бажарилиши керак.
171. Конвертернинг бурилиш узатмасида камида иккита двигатель бўлиши керак. Двигателлар электр энергияси билан мустақил манбалардан таъминланиши керак.
172. Конвертер тагидаги чуқурчада ва хизмат кўрсатиш майдончаларида намлик бўлишига йўл қўйилмайди.
5-§. Мисни оловда аралашмалардан тозалашга қўйиладиган талаблар
173. Оловли тозалаш печлари (анод печлари)га айланма материалларни юклаш чоғида биринчи навбатда енгил материаллар, анод қолдиқлари, мис электролизи жараёнида ҳосил бўладиган мис таркибидаги қаттиқ чиқитлар ва бошқалар солиниши керак.
174. Қаттиқ материаллар (қуймалар, анод қолдиқлари ва бошқалар) печга солинишидан олдин қиш пайтида муз ва қордан тозаланиши керак.
175. Қаттиқ материаллар тозалаш печларига махсус вагонеткаларга ўрнатилган хокандозларда ташиб келтирилиши лозим.
176. Оксидлаш учун ҳаво, тиклаш учун буғ-мазут аралашмаси ёки газ юбориш тартиби ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномада белгиланади.
177. Печга хомаки мис қуйилаётганда товуш сигнали берилиши керак.
178. Буриладиган турдаги анод печлари учун ҳам мазкур Қоидалар жорий этилади.
6-§. Оловда тозаланган мисни анод қуймаларига қуйишга қўйиладиган талаблар
179. Металл қолипларни ҳаво билан тозалаш ва махсус аралашма билан суркаш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак.
180. Металл қуйилишидан олдин барча металл қолиплар, тарновлар ва қуйиш ковшлари қуритилиши керак.
181. Қуйиш машинаси ишлаётганда ҳаракатланадиган конструкциялар ва қолипларда туришга йўл қўйилмайди.
182. Қуйиш машинасининг кабинаси эритма сачрашидан, иссиқлик таъсиридан ҳимояланган ва ҳаво юбориш вентиляцияси билан жиҳозланган бўлиши керак.
183. Анодларни икки ярусда қобирғаси билан тахлашга йўл қўйилмайди.
7-§. Мис электролизига қўйиладиган талаблар
184. Электролиз қурилмаларининг жойлашиши, тузилиши ва улардан фойдаланиш, Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари ва Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
185. Электролиз ванналари ва хизмат кўрсатиш майдончалари изоляторлар устида ўрнатилиши, улар ўртасидаги кўприкчалар эса электр токини ўтказмайдиган материалдан тайёрланган бўлиши керак.
186. Электролиз ванналари остидаги изоляторлар ташиш чоғида уларга аралашма тушишидан ҳимояланган бўлиши керак. Улар жойлаштирилган жойлар кўздан кечириш ва тозалаш учун қулай бўлиши керак.
187. Изоляторларни кўздан кечириш ва тозалаш ишлари полдан изоляцияланган майдончалар ва нарвонларда туриб бажарилиши керак
188. Ванналарга аралашма, электр токини ўтказмайдиган учлик ўрнатилган қувурлар орқали юборилиши керак.
189. Ванналарнинг ташқи деворлари, пол ва ўтиш кўприкчалари ўртасида катталиги лойиҳада белгиланадиган ҳаволи тирқиш бўлиши керак.
190. Ванналарнинг корпуси гидроизоляцияланган бўлиши керак. Гидроизоляцияси бузилган ванналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
191. Буғ-сув таъминоти, сиқилган ҳаво ва вентиляция тизимининг металл коммуникациялари электролиз залида ишчи майдончалардан камида 3 м баландликда жойлаштирилиши, ердан изоляцияланиши ёки тўсилиши керак.
192. Электоролиз ванналарни электр ўтказгичларга улаш ва ўчириш, регенератив ванналарда электродларни алмаштириш, фақат электр кучланишдан ажратилган ҳолда ўтказилиши керак.
193. Регенератив ванналарга хизмат кўрсатиш диэлектрик дастали асбоблар ёрдамида бажарилиши керак. Регенератив ванналар ҳавони тортиш тизими билан жиҳозланган ёки улардаги электролит юзаси ҳимоя қатлами билан қопланган бўлиши керак.
194. Электролиз цехларининг подвал қаватлари Электр қурилмалари тузилиши қоидаларига мувофиқ ёритгичлар билан жиҳозланиши лозим.
195. Электролиз цехлари ва бўлимларида технологик ускуналар изоляцияси қаршилигининг миқдорини назорат қилиш кўзда тутилиши керак. Назорат схемаси ва ўлчовлар даврийлиги ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномада белгиланиши лозим.
196. Ванналарни узиб қўйиш учун мўлжалланган тўсиқлар (шунтлар) йўл қўйиладиган ток кучига ҳисобланган бўлиши ва махсус стеллажларда сақланиши керак.
197. Электролиз ваннлари рақамланган бўлиши керак. Рақам яхши кўриниши, ускуналарни жойлаштириш чизмаси (режаси) даги тартиб рақамига тўғри келиши керак.
198. Электролиз залларидаги юк кўтариш механизмларининг юк илгаклари ерга уланган металл конструкциялар, узеллар ва механизмлардан босқичли электр изоляция тизимига эга бўлиши керак.
199. Катод асослар уюмининг баландлиги 0,8 м дан ошмаслиги керак.
200. Транспорт аравачаларига тахланадиган анод қолдиқлари уюмининг баландлиги хокандоз баландлиги қиррасидан ошмаслиги керак.
8-§. Мис купоросини ишлаб чиқаришга қўйиладиган талаблар
201. Аппаратларнинг қопқоқларидаги кузатиш люклари ва туйнуклар панжара ёки зич ёпиладиган қопқоқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
202. Атмосфера босимида аралашмага ишлов бериш учун, аппаратлари захира идишларга уланган ортиқча суюқликни чиқариш найлари ёки аппарат тўлганлигини билдирувчи сигнал қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
203. Туйнуклари очиқ аппаратлардан фойдаланиш, шунингдек ишлаб турган ускунада таъмирлаш ва профилактика ишларини бажаришга йўл қўйилмайди.
204. Қўр аралашмаларни электролиз ёрдамида бириктириш учун мўлжалланган хона, бошқа барча хоналардан ажратилиши ва ҳаво юбориш-тортиш вентиляцияси билан жиҳозланиши лозим. Бундай хоналарда ёруғлик ва товуш сигнализацияли автоматик газ анализаторлари ёрдамида, маргимушли водород миқдорини аниқлаш бўйича, ҳавонинг ҳолати назорат қилиниши керак.
205. Ташкилот автоматик газ анализаторлари билан таъминлангунга қадар, белгиланган нуқталарда ишчи ҳудуд ҳавосида маргимушли водороднинг мавжудлиги ва унинг миқдорини назорат қилиш, лаборатория таҳлили ва ишчи ҳудуд ҳавосида маргимушли водород мавжудлигини аниқлаш учун мўлжалланган индикатор қоғозлардан фойдаланиш бўйича йўриқномага мувофиқ, индикатор (бромид, сулем) қоғозлар ёрдамида бажарилади. Назорат схемаси ва ўлчовлар даврийлиги, ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган синов картасида белгиланади.
Агар ишлаб чиқариш хонасининг ҳавосида маргимушли водород миқдори ЧЙҚКдан юқори бўлса, хизмат кўрсатувчи ходимлар хонадан олиб чиқилиши, хона шамоллатилиши керак.
VI. Якуний қоида
206. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамияти билан келишилган.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. ХАИТОВ
2012 йил 10 сентябрь
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т. НАРБАЕВА
2012 йил 10 сентябрь,
Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ
2012 йил 10 июль
«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ
2012 йил 10 июль
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» очиқ акциядорлик жамияти бош директори А. ФАРМАНОВ
2012 йил 10 июль
Рух ва мис ишлаб чиқаришда хавфсизлик қоидаларига
ИЛОВА
Мис ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ва ҳосил бўладиган зарарли моддалар бўйича
МАЪЛУМОТЛАР
Зарарли моддаАгрегат ҳолати, асосий хусусиятлари, ёнғин-портлаш хавфиБиологик таъсири, хавфлилик синфи, ЧЙҚКҲимоя воситалари, биринчи ёрдам
Олтингугурт ангидрид

Ўткир ҳидли рангсиз газ — оғир металлар гидрометаллургиясидаги асосий зарарли модда. Суюлиш ҳарорати — 0,1° С Ёнмайди, портламайди.

Нафас йўлларини яллиғлайди, нафас қисиш ва тиришиш билан кечадиган кучли заҳарланишга, ҳатто бир неча соат ёки кундан кейин ўпка шишиши оқибатида ўлимга олиб келиши. Қабул қилиш чегараси 3 мг/л. Сурункали касалликларни келтириб чиқаради. Хавфлилик синфи — 3.
ЧЙҚК — 10 мг/м3.

БКФ ва В маркали фильтрловчи противогазлар, тоза ҳаво юбориладиган маскалар қўлланилади. Ўткир заҳарланган жабрланувчи тоза ҳавога олиб чиқилиши, кўзи ва бурни ювилиши, оғзи 2 фоизли ичимлик содаси эритмаси билан чайилиши керак.

Сульфат кислота

10,4° С. да эрийдиган мойли суюқлик, 330° С да парчаланиб қайнайди. Сув билан ҳар қандай нисбатда аралашади ва иссиқлик ажралади. Ҳавода туман кўринишида бўлади (гидроаэрозоль). Ёнмайди, портламайди

Нафас йўлларини яллиғлайди, қонли балғам, кўзларнинг куйиши, оғир ҳолатларда қусишни келтириб чиқаради. Терига текканда кимёвий куйишга олиб келади, яра узоқ вақт битмайди. Хавфлилик синфи — 2.
ЧЙҚК —1 мг/м3.

БКФ ва В маркали фильтрловчи противогазлар, тоза ҳаво юбориладиган маскалар қўлланилади. Ўткир заҳарланган жабрланувчи тоза ҳавога олиб чиқилиши, кўзи ва бурни ювилиши, оғзи 2 фоизли ичимлик содаси эритмаси билан чайилиши, содали ингаляция қилиниши, сут берилиши керак. Тери куйганда кўп миқдордаги сув билан ювиш, беморни тинч қўйиш, иситиш ва махсус мазь ёки эмульсия суриш, касалхонага ётқизиш керак

Углерод оксиди

Ҳидсиз ва таъмсиз рангсиз газ, суюлиш температураси —191,5. Ҳаво билан 12,5 — 74,2 фоиз аралашганда ёнувчан ва портлайди. Таркибида углерод бўлган моддаларнинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади.

Қонда гемоглобин билан бирлашади, кислородни сиқиб чиқаради. Бу эса организмда кислород танқислиги, ҳушдан кетиш ва тез ўлимга олиб келади. Оғир заҳарланиш ҳолатларидан кейин марказий асаб тизимининг шикастланиши билан боғлиқ салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хавфлилик синфи — 4.
ЧЙҚК — 20 мг/м3.

СО, М маркали фильтрловчи противогазлар, гопкалит патронлар, шунингдек тоза ҳаво юбориладиган маскалардан фойдаланилади. Заҳарланиш ҳолатларида жабрланувчига тоза ҳаво, тинчлик, иссиқлик,кислородли нафас керак бўлади, унга кофе бериш ва нашатир спирти ҳидлатилиши керак.