Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасида
ҚЎШМА ДЕКЛАРАЦИЯ
Ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида
1999 йил 20 апрель, Тошкент
(1999 йил 20 апрелдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг таклифига биноан Чехия Республикасининг Бош вазири М.Земан Чехия Республикаси саноат ва банк соҳаси тадбиркорлари делегацияси ҳамроҳлигида 1999 йил 20 апрелдан 21 апрелгача Ўзбекистон Республикасида расмий ташриф билан бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Чехия Республикаси Бош вазири ўртасидаги музокаралар Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси тенглик ва ўзаро фойда принциплари асосида иккала мамлакат ўртасидаги ўзаро фойдали муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида якдил эканликларини кўрсатди.
Музокараларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ва Чехия Республикасининг Бош вазири М.Земан қуйидагилар тўғрисида баён қиладилар:
1. Томонлар шериклик ва ўзаро ишончга асосланган икки томонлама сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашадилар, шунингдек уларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг бузилмаслигини янада мустаҳкамлашда, иқтисодий ислоҳотларни, демократик ўзгаришларни амалга оширишда бир-бирларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар ҳамда бу йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини ифодалайдилар.
Томонлар халқаро ташкилот ва форумлар доирасидаги ҳамкорликнинг юқорида кўрсатилган мақсадларга эришишдаги аҳамиятини таъкидлайдилар.
2. Томонлардан ҳар бири умумий манфаатларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Шу мақсадда Томонлар тегишли корхона ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг барча шаклларига кўмаклашадилар ҳамда бир Томон хўжалик юритувчи субъектларининг бошқа Томон давлати ҳудудидаги фаолиятини мустаҳкамлашга ва ривожлантиришга қаратилган энг қулай иқтисодий шароитларни яратиш учун ўз миллий қонунларига мувофиқ бор кучлари билан ҳаракат қиладилар.
3. Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган инвестициялар, энг илғор ҳамкорлик шаклларига ўтишга кўмаклашиш учун хусусий ва бошқа сармоялар оқимини таъминлаш мақсадида энг қисқа муддатларда икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузишга имконият яратадилар.
4. Томонлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг устувор, чунончи қуйидаги соҳаларига алоҳида эътибор бериш лозим деб ҳисоблайдилар:
машинасозлик;
транспорт ва алоқа;
атроф-муҳит;
кимё ва фармацевтика саноати;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш;
халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш;
туризм;
кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш.
Томонлар ўзаро қизиқиш уйғотувчи бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорлик қиладилар.
5. Томонлар муайян лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида иккала мамлакатнинг тегишли давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама рағбатлантирадилар.
6. Томонлар ўзаро ҳамкорликни узоқ муддатли муваффақиятли ривожлантириш манфаатларида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича аралаш комиссия тузиш тўғрисида келишиб олдилар.
7. Томонлар эришилган келишувларни амалда бажаришнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек икки томонлама муносабатларнинг шартнома-ҳуқуқ негизини янада ривожлантириш заруратини тан оладилар.
8. Томонлар транзит ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятидалар. Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси бир-бирларининг фуқаро авиацияси, темир йўл ва автомобиль транспортининг транспорт операцияларини таъминлайдилар ҳамда бу масалалар бўйича алоҳида битимлар тузадилар.
9. Томонлар сиёсий экстремизм актларини қоралайдилар. 1998 йил 17 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Чехия Республикаси Ҳукумати ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимга мувофиқ Томонлар жиноятчиликка, айниқса уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси, ҳаво транспорти хавфсизлигига қарши актлар, одамларни гаровга олиш, юклар, радиоактив моддалар, қурол, санъат асарлари, маданий ва тарихий бойликларни ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишга, шунингдек ноқонуний миграция ва шахсларнинг ноқонуний бўлишига қарши курашда ҳамкорлик қиладилар.
10. Ўзаро фойдали манфаатни ҳисобга олиб, Томонлар мудофаа ва мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
11. Томонлар халқлар яқинлашувининг муҳим воситаси сифатидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият бериб, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ҳамда эркин ахборот алмашишни рағбатлантирадилар.
12. Томонлар улар халқларининг равнақи йўлида ўзаро қизиқиш уйғотувчи бошқа соҳа ва йўналишларда, демократик ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасида биргаликдаги ҳаракат ва ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.
Тошкент шаҳрида 1999 йил 20 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, чех ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)