Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш Давлат инспекцияси бошлиғининг
Буйруғи
Пўлат эритиш корхоналарида хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2013 йил 30 мартдаги 6-24/23-2744/6-сонли хатига асосан техник ҳужжат деб топилган]
Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 19-сон, 191-модда) қарорига мувофиқ буюраман:
1. Пўлат эритиш корхоналарида хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилиб, норматив техник ҳужжат сифатида эътироф этилган кундан бошлаб кучга киритилсин ва эълон қилинсин.
Бошлиқ Б. ҒУЛОМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 26 февраль,
29-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2013 йил 26 февралдаги 29-сонли буйруғига
ИЛОВА
ПЎЛАТ ЭРИТИШ КОРХОНАЛАРИДА ХАВФСИЗЛИК
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда), «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 19-сон, 191-модда) ишлаб чиқилган бўлиб, пўлат эритиш корхоналарида хавфсизлик талабларини белгилайди.
I-БОБ.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалар фойдаланилади:
ариқча (лешадь) — эритиш печи футеровкасининг пастки тарновсимон сатҳи;
бадья — электр ёйли пўлат эритиш печига устидан шихта материалларини юклаш учун мўлжалланган ускуна;
бекитгич — пўлат қуйиш ковшининг чиқариш тешигини ёпувчи тиқинни бошқариш механизми;
боров — дудбўронни печ билан туташтирувчи қувур бўлиб, саноат печларидан газларни атмосферага чиқариб юбориш учун хизмат қилади;
донадорлаш (грануляция) — суюқ шлакни майдалаб, сув ёки ҳаво билан тез совутиб донадор шаклга келтириш жараёни;
киритиш (присадка) — зарур сифатга эга қотишмалар олиш ва керакли металлургия жараёнларини амалга ошириш учун шихта, шунингдек суюқ металл ва шлакка солинадиган қўшилма (модда)лар ёки шу жараённи амалга ошириш;
кристаллизатор — эритилган металлни жадал суръатларда қотириш учун қўлланиладиган сув билан совитилувчи қолип;
мульда — пўлат эритиш печларига шихта материалларини юклаш учун мўлжалланган тоғорасимон қуйма пўлат идиш;
очиб-ёпувчи клапан — печь регенераторларида ҳаво ёки чиқаётган газларнинг ҳаракат йўналиши ўзгаришини таъминловчи клапан;
пўлат ташигич — суюқ пўлатли ковшни печдан қуйиш жойигача ташиш учун хизмат қиладиган мослама;
скрап — пўлат ва чўянни печдан чиқариш, ташиш ва қуйиш чоғида ҳосил бўлувчи қора металларнинг шлакланган чиқиндиси бўлиб, металлургия печларида қайтадан эритиш учун ишлатилади;
стакан — суюқ металлни чиқариш учун пўлат қуйиш ковшининг тубига ўрнатиладиган қувурсимон шаклдаги ўтга чидамли ускуна;
тарнов — суюқ металл ва шлакни печдан чиқариш учун мўлжалланган қувур;
тузатиш (заправка) — эритиш печига ўтга чидамли кукунсимон материалларни киритиб, печ футеровкасининг ёйилган ва шикастланган жойларини тиклаш жараёни;
фурма — пўлат эритиш агрегатларига пуфлашни йўналтирувчи қурилма;
футеровка — иссиқлик агрегати, печь, ковш, қувур ва бошқаларнинг ўтга чидамли материаллардан ясалган ички ҳимоя қопламаси;
чиқариш — эритиш печидан суюлтирилган металл ва шлакни тўкиш жараёни;
чиқариш мосламаси (затравка) — ечиб олинадиган каллакли металл штанга, уни танаворларни узлуксиз қуйиш машинаси (ТУҚМ) кристаллизаторига киритиб, пўлатнинг биринчи порцияларини қотириш ва қотган танаворни тўхтовсиз тортиб чиқариш учун фойдаланилади;
шихта — пўлат эритиш агрегатларида қайта ишланадиган хом ашёлар аралашмаси, асосан қайта ишланадиган темир-терсак, темир рудаси, чўян, оҳактош, флюс ва баъзи ҳолларда ёқилғилардан иборат;
шлакдон — металлни эритиш чоғида суюқ шлакни йиғиш учун мўлжалланган чўян идиш;
шлаковик — ёниш маҳсулотлари таркибидаги чангни чўктириш ва йиғиш учун хизмат қиладиган, мартен печининг пастки қурилмасидаги камера;
эритма — 1. Суюқ ҳолда якуний маҳсулот олиш учун эритиш печларида материалларга қайта ишлов бериш жараёни. 2. Эритиш жараёни натижасида олинган маҳсулот;
эркер — электр ёйли пўлат эритиш печидан суюқ металлни чиқариш учун хизмат қиладиган ва печнинг туб қисмида жойлашган қурилма;
юклаш (завалка) — мульда, бадья ёки саватлар ёрдамида эритиш печига материаллар солиш жараёни;
қўшимча юклаш (подвалка) — эритиш печига белгиланган ҳажмгача қўшимча тарзда материал солиш жараёни.
2. Пўлат эритиш корхоналарини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни кенгайтириш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервация қилиш, тугатиш, ушбу ишлаб чиқаришлар учун техник қурилмаларни тайёрлаш, монтаж қилиш, таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мазкур Қоидалар, Ўзбекистон Республикаси «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йил 1 майдаги 85-сон буйруғи билан тасдиқланган «Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари» (мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2009 йил 28-майдаги 20-15-195/12-сон хулосасига мувофиқ норматив-техник ҳужжат деб топилган), шунингдек тегишли норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
II-БОБ.
ПЎЛАТ ЭРИТИШ КОРХОНАЛАРИНИНГ МАЙДОНИ, БИНО ВА ИНШООТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИ
3. Мавжуд цехларнинг бино-иншоотларига темир йўлларда ҳаракатланувчи таркибнинг яқинлашиш габаритларини белгиланган меъёрий ўлчамларгача етказиш имкони бўлмаса, габарит бузилганлиги ҳақида огоҳлантирувчи (ёруғлик, товуш) сигнализация мосламалари ўрнатилиши керак.
4. Пўлат эритиш ишлаб чиқариш (цех)ларида пиёдалар ҳаракати билан темир йўллар кесишиш жойлари турли сатҳларда (кўприкли ўтиш, тоннел ва бошқалар) бўлиши лозим.
5. Пўлат эритиш цехлари ҳудудларида чуқурлик, зовур ва ўнқир-чўнқир ерлар бўлмаслиги лозим. Таъмирлаш ва қурилиш ишларини бажариш пайтида қазилган чуқурлик, зовурлар баландлиги камида 1,0 m бўлган тўсиқ билан муҳофазаланиши, улар сутканинг тунги вақтида ёритиб қўйилиши керак.
Цехлар ҳудудини темир-терсак, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва ахлатлар билан банд қилиб қўйиш ва ифлослантириш мумкин эмас.
6. Пўлат эритиш ишлаб чиқаришларининг бино ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 «Ишлаб чиқариш бинолари» талабларига мос келиши лозим.
7. Аланга, суюқлантирилган металл ва шлак сачраши ёки иссиқлик нурланиши таъсири остида бўладиган пўлат эритиш цехларининг тўсин ва устунлари иссиқликдан изоляция қилинган бўлиши керак. Иссиқликдан изоляция қилиш усули лойиҳада кўрсатилган бўлиши керак.
8. Печлар яқинидаги иш майдончалари, суюқ металлга печдан ташқарида ишлов бериш майдончалари ва қуйиш майдончаларининг поллари текис бўлиши ҳамда ейилишга чидамли мустаҳкам материаллардан ясалиб, сирпанмайдиган юзага эга бўлиши лозим.
9. Иш майдончаларидаги темир йўл рельслари орасидаги очиқ жойга рельс каллаги сатҳигача юзаси сирпанмайдиган, ейилишга чидамли материал ётқизилган бўлиши керак.
10. Пўлат эритиш цехлари биносидаги сув йиғилиб қолиши мумкин бўлган пол участкалари сувни оқизиб юбориш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
11. Пол устида ҳаракатланувчи юклаш машиналари бўлган мартен цехидаги печь оралиғи (пролёт)да жойлашган иш майдончасининг эни мульдали таркибнинг энг кўп чиқиб турган қисмлари ва печь арматураси, шунингдек мульдалар ва юклаш машиналари орасидаги масофа камида 0,5 m бўлишини таъминлаши керак.
Ишлаётган ходимлар мульдали таркиб ва печь орасида турмаслиги керак.
12. Мартен печларининг иш майдончасидан унинг остига ва қуйиш оралиғига тушиш учун камида битта супали (маршли) зинапоялар қурилган бўлиши лозим.
13. Электр билан пўлат эритиш печининг иш майдончасидан шихта ва қуйиш оралиқларига ўтиш учун камида биттадан зинапоя ўрнатилиши керак.
14. Пўлат қуйиш майдончасининг остидаги қуйиш оралиғи деворларида чиқиш жойлари бўлмаслиги лозим.
15. Пол юзасидан 0,6 m дан юқори баландликда жойлашган майдончалар, ўтиш кўприкчалари, зиналар, оралиқлар, туйнуклар, зовурлар, чуқурликлар ва пўлатни узлуксиз қуйиш ускуналарининг сув тиндиригичлари (қуйиш майдончаларининг қуйиш тарафи бундан мустасно) пастида баландлиги 0,14 m ли яхлит ён қопламаси бўлган, бўйи камида 1,0 m ли тўсқичлар билан муҳофазаланиши лозим.
16. Майдончалар тўшамасидан шу майдончалар тепасига монтаж қилинган конструкция, шунингдек, ускуна ва қувурларгача бўлган масофа 2,0 m дан кам бўлмаслиги керак.
17. Пўлат эритиш цехлари биносига кириш жойлари иш ўринларига бехатар ўтишни таъминлаши лозим. Ишлаб чиқариш биноларидаги иш ўринлари ва ўтиш йўлаклари тоза тутилиши ҳамда ускуна, қуйма, танавор ва ишлаб чиқариш чиқиндилари билан банд қилинмаслиги керак. Скрап, ғишт синиқлари ва чиқиндилар белгиланган тартибда ўз вақтида чиқариб юборилиши лозим.
18. Темир йўл таркиблари ва юк автомобилларининг кириши учун хизмат қиладиган пўлат эритиш цехлари деворларидаги оралиқлар дарвозалар билан ёпилиши керак. Уларнинг очилиши ва ёпилиши механизациялаштирилган бўлиши керак.
19. Пўлат эритиш цехларидаги темир йўл таркиблари ва юк автомобилларининг кириши учун хизмат қиладиган дарвозалар транспорт воситаларини кириш ва чиқишига рухсат бериш ёки ман этиш учун ёруғлик сигнализацияси, шунингдек транспорт воситалари ҳаракати ҳақида хабар бериш учун товуш сигнализацияси билан ҳам жиҳозланган бўлиши лозим.
Дарвозани очиш ва ёпиш механизми кириш (чиқиш) сигнализацияси билан блокировка қилинган бўлиши керак.
20. Пўлат эритиш цехлари биноларининг томлари чанг, муз ва қордан ўз вақтида тозаланиши керак. Томларни тозалаш ишлари ташкилотнинг тегишли меҳнат муҳофазаси йўриқномаси асосида бажарилиши лозим.
21. Бино ичидаги чанг ва чиқиндиларни хавфсиз йиғиштириб-тозалаш усуллари ташкилотнинг технологик йўриқномасида баён этилган бўлиши керак. Янги пўлат эритиш цехларини лойиҳалаш чоғида бино томига қор ва чанг ўтиришини камайтирувчи ёки истисно қилувчи техник ечимлар қўлланилиши керак.
22. Пўлат эритиш цехларининг тутун ва тортувчи вентиляцияли қувурларини ишлатиш ва уларга техник қаров «Тутун ва шамоллатиш саноат қувурларини ишлатишда хавфсизлик қоидалари» (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 30 декабрь 6-15/11-10660/6-сон хулосаси) га мувофиқ бўлиши лозим.
23. Пўлат эритиш цехларининг бино ва иншоотлари тегишли норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ яшиндан ҳимоялаш мосламалари билан жиҳозланиши керак.
24. Пўлат эритиш цехининг бино ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларнинг техник ҳолати учун масъул шахслар бино ва иншоотлар устидан мунтазам кузатишни амалга оширишлари ҳамда тегишли фойдаланиш ҳужжатларини юритиб боришлари лозим.
III-БОБ.
ШИХТА ҲОВЛИСИ
25. Пўлат эритиш цехларидаги шихта ҳовлиси (оралиғи)нинг усти ёпиқ бўлиши керак. Шихта ҳовлиси томининг ҳолати бу ерда сақланаётган шихта материаллари устига сув (ёмғир) ва қор тушишини истисно қилиши лозим.
26. Очиқ турдаги шихта ҳовлисига эга бўлган пўлат эритиш цехларида мартен печига шихта материаллари билан бирга сув ва қор тушишига йўл қўймайдиган чора-тадбирлар кўзда тутилиши керак.
27. Шихта ҳовлиси биносида ходимлар учун эни камида 1 m ли эркин ўтиш йўлаклари бўлиши лозим.
28. Шихта ҳовлисидаги материаллар бункер, ўра, хампа (закрома) ва ўзи тўкадиган куракли мосламаларда сақланиши керак.
29. Сочилувчан материаллар тиқилиб қолмаслиги учун осма бункерлар уриб туширувчи қурилмалар билан жиҳозланиши лозим.
30. Хампа ва ўраларнинг барча томонлари камида 0,8 m баландликда тўсилган бўлиши керак. Шихта материалларини узатиш учун думпкарлар қўлланилса, хампа ва ўраларни темир йўл томонидан тўсиш шарт эмас.
31. Бункерлар устидан ўтадиган темир йўллар мустаҳкам тўшама билан таъминланган бўлиши лозим.
32. Фойдаланилаётган шихта ҳовлисида хампа ва ўралар мавжуд бўлмаса, магнитли материаллар махсус тайёрланган, темир йўллар ўтган томони тўсилган майдончаларга тахланиши лозим. Осилмалар пайдо бўлишига йўл қўймаслик керак.
Темир-терсак уюмининг баландлиги шундай бўлиши керакки, унинг устидан юк кўтариш механизми органининг юқориги ҳолатигача бўлган масофа 2 m дан кам бўлмаслиги лозим.
33. Шихта ҳовлиларига темир-терсак очиқ вагонларда, сочилувчан материаллар эса ўзи тўкадиган вагонларда олиб келиниши лозим. Вагонларга ортиладиган металли шихта вагон бортларидан чиқиб турмаслиги керак. Сочилувчан материалларни ўзи тўкмайдиган вагонларда ҳам олиб келиш мумкин. Сочилувчан материалларни тушириш пайтидаги хавфсизлик талаблари корхонада белгиланган тартибда тасдиқланган технологик йўриқномада баён этилган бўлиши керак.
34. Музлаб қолган материалларни шихта ҳовлисига киритмаслик лозим.
35. Туширишга қўйилган вагонлар тўхташ сигналлари билан тўсилиши, энг чеккадаги вагонларнинг ғилдираклари остига тормоз бошмоқлари қўйилиши керак.
Тушириш ишлари тугаган заҳоти шихта ҳовлисининг темир йўллари тозаланиши керак. Шихта ҳовлисидаги бункерлар устида вагонларни тозалашга йўл қўймаслик лозим.
Бункер эстакадасидаги иш ўринларининг ҳолати, бункерлар созлиги ва уларда бегона буюмлар йўқлиги, шунингдек йўлларнинг созлиги ва тозалиги ҳар сменада текширилиши керак.
36. Полга қўйилган контейнер, қути, мульда, ўзи туширадиган куракли идишлар ва тахланаётган материаллар орасидаги, шунингдек бу материаллардан шихта ҳовлисининг устунларигача бўлган масофа камида 0,7 m ни ташкил этиши керак.
37. Вагонлардан шихта материалларини тушириш ишлари механизациялашган бўлиши керак. Ўзи туширадиган вагонларнинг эшик ва туйнуклари махсус мосламалар ёрдамида очилиши лозим.
Махсус мосламалар бўлмаган ҳолларда ўзи туширадиган вагонларнинг эшик ва туйнукларини ушбу операцияни хавфсиз бажариш учун ишлаб чиқилган технологик йўриқномадаги чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг очиш лозим.
Шихта материалларини вагонлардан тушириш ва уларни куракли идишлар, мульда, қути ва ҳоказоларга юклаш бўйича барча ишлар Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 й., 13 июнь, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) асосида амалга оширилади.
38. Шихта ҳовлисида мульда, бадья, қути ва бошқа идишларга ортиладиган металл шихта тайёр ҳолда, габарит ўлчамли қилиб берилиши керак. Шихта ҳовлиларда материалларни парчалаш, бўлаклаш мумкин эмас.
39. Пўлат эритиш цехларига келаётган барча темир-терсаклар радиация ва портлаш хавфсизлиги бўйича пиротехника назоратидан ўтиши ҳамда уларда тез алангаланувчи моддалар мавжуд эмаслиги текширилиши лозим.
40. Темир-терсаклар бевосита мульда, бадья ва бошқа идишларга ортилишидан аввал ГОСТ 2787-75 талабларига асосан портлаш хавфсизлигига текширилиши керак. Текшириш натижалари текширувчи пиротехник-ходим томонидан металл шихтани ҳисобга олиш журналига имзо қўйиб қайд этилиши лозим.
41. Грейфер ёки магнит кранлар билан шихта материалларини мульда, куракли идиш, қути, бадья ва бошқа идишларга юклаш ҳудудларида ишчи-ходимлар бўлмаслиги керак.
Материалларни юклаш чоғида грейфер ёки магнитни бирор томонга йўналтириш учун узунлиги камида 3 m бўлган илмоқ, лангарчўпдан фойдаланиш мумкин. Мульда, қути ва ҳоказоларга юкланган темир-терсакни қўл билан тўғрилаш фақат кран иш жойидан узоқлашгандан сўнг амалга оширилиши лозим.
Юклаш бадьяларининг тўлдирилишини назорат қилувчи шахс хавфсиз жойда туриши керак.
42. Ичи бўш буюм (баллон, қути ва бошқа)ларни мульда, куракли идиш, қути, бадья, контейнерларга юклашдан аввал уларни қисмларга бўлиб кесиш лозим.
43. Металл шихтани мульда, куракли идиш, қути, бадьяларга юклаб бўлгандан кейин темир-терсакларнинг учлари идишлардан чиқиб ёки осилиб турмаслиги керак, мульдаларнинг қулфларини эса тозалаш ва текшириб чиқиш керак.
Мульда, қути ва бошқа идишлардаги темир-терсак темир йўл таркиби ҳаракатланаётган пайтда тўғриланмаслиги лозим.
44. Сув оқиб кетиши учун мульда, куракли идиш, бадьяларнинг тубида тешиклар қилинган бўлиши лозим. Бу тешиклар идиш тубининг бутун юзаси бўйлаб бир меъёрда жойлашган бўлиши ва мунтазам равишда ифлосликлардан тозаланиб турилиши лозим.
45. Мартен ва электр билан пўлат эритиш цехларининг шихта ҳовлиларига мульдаларни қўйиш учун мустаҳкам ва барқарор стеллажлар ўрнатилган бўлиши керак.
Илмоқли занжирлар қўлланиладиган кранларда мульдаларни ташиш чоғида стеллажларнинг эни мульдаларнинг узунлигидан кам бўлмаслиги керак. Агар мульдаларни силжитиш механизациялаштирилган тутқич билан жиҳозланган кранлар ёрдамида амалга оширилса, стеллажларнинг эни рамалар билан мульдаларни ушлаш шарт-шароитларига қараб белгиланади.
Мульдаларни стеллежларга осилтирмасдан ва оғиштирмасдан ўрнатиш лозим.
46. Цехга олиб келинаётган сочилувчан шихта материалларининг таркибий қисми, шу жумладан, намлик даражаси давлат стандартлари, белгиланган тартибда тасдиқланган техник шартлар ёки технологик йўриқномалар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
47. Ёпиқ бинолардаги чангланувчи материаллар қайта юкланадиган жойлар аспирация ускуналарига уланган зич ғилофлар билан ёпилган бўлиши керак.
48. Тасмали конвейерлар тасма тезлиги номинал тезликнинг 75 фоизгача пасайганда (шатаксираш юз берганда) конвейер юритмасини ўчирилишини таъминловчи ҳимоя воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
49. Пўлат эритиш цехларида конвейерлар остидан чиқинди-ахлатларни тозалаш жараёни механизациялашган бўлиши керак. Тўкилган нарсаларни қўлда тозалаш фақат конвейер ўчирилган вақтда ва калит-бирка тизими талабларига риоя этиб бажарилиши лозим.
50. Конвейерни ишга туширишдан аввал конвейернинг бутун узунлиги бўйича эшитиладиган огоҳлантирувчи товуш сигнали автоматик равишда берилиши лозим.
51. Юк туширадиган кўчма арава ва реверсив кўчма конвейерларнинг ток ўтказувчи кабеллари механик шикастланишлардан муҳофазаланган бўлиши керак.
52. Аспирация тизимларининг чанг йиғувчи бункерларидаги чангни махсус ускуналанган машинага чиқариб юбориш лозим.
53. Конвейерлар устидан ўтиш учун ГОСТ 12.2.022 га асосан муқим кўприкчалар ўрнатилган бўлиши керак. Ишлаб чиқариш биноларида кўприкчалар конвейер узунлигининг ҳар 30 m дан кам бўлмаган, галереяларда эса 100 m дан кам бўлмаган масофасида ўрнатилиши лозим.
Бу талаб кўчма аравалар ўрнатилган конвейерларга тааллуқли эмас.
54. Вагонлардан электродларни тушириш ва уларни ташиш механизациялашган усулда амалга оширилиши керак.
Электродларни сақлаш учун стеллажлар ўрнатилган бўлиши лозим.
55. Электрод синиқларини майдалаш жараёни механизациялашган бўлиши керак. Электродларга токарлик дастгоҳларида ишлов берилса, чанг сўрувчи аспирация тизими ўрнатилиши керак.
Электродларга токарлик дастгоҳларида ишлов берилса, чанг сўрувчи аспирация тизими ўрнатилиши керак.
56. Майдалаш ва янчиш ускуналари алоҳида ажратилган хонада жойлашган бўлиши керак.
Ушбу ускуналар шихта оралиғида жойлаштирилмаслиги керак.
57. Майдалаш ва янчиш агрегатларига материал юклаш жараёни механизациялашган бўлиши керак. Ишга тушириш қурилмаси ўрнатилган жойдан майдалаш ва янчиш агрегатлари уларни ишга тушираётган ходимга аниқ кўриниб туриши лозим.
58. Майдалаш ва янчиш агрегатлари чанг сўрувчи аспирация тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим.
59. Шихта ҳовлиларида йилнинг совуқ мавсумида ходимларни исиниши учун иситиладиган хоналар бўлиши керак.
IV-БОБ.
ПЕЧЛАРНИНГ ИШ МАЙДОНЧАЛАРИГА МАТЕРИАЛЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ
1-§. Мартен печларининг иш майдончаларига материаллар етказиб бериш
60. Шихта материаллари, қўшимча моддалар, оксидсизлантирувчи моддалар, шунингдек тикловчи материалларни печларга етказиб бериш жараёни механизациялаштирилган бўлиши ва ГОСТ 12.3.009 ҳамда ГОСТ 12.3.020 талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
61. Мульдаларни ташиш учун мўлжалланган аравачалар мульдали таркибларни улаш ва узиш пайтида аравачалар орасига ходимлар кирмаслигини таъминлайдиган автоматик ёки ярим-автоматик улаш қурилмалари, шунингдек силкиниш ва тебраниш пайтида мульдаларни бўйлама йўналишда силжишига тўсқинлик қилувчи тиргак ва бўртмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
62. Печ оралиғининг балконига мульдаларни жойлаштириш учун мазкур Қоидаларнинг 45-бандига мувофиқ стеллажлар ўрнатилган бўлиши лозим.
63. Мартен цехларида қўшимча ёки оксидсизлантирувчи моддалар солинган мульдаларни ўрнатиш учун печнинг ён томонига стеллажлар ўрнатиш мумкин. Стеллажларнинг ён тарафларига тиргаклар қўйилиши керак. Стеллажлар ва печ каллаклари орасидаги эркин ўтиш йўлакларининг эни камида 0,7 m бўлиши талаб этилади.
64. Печ оралиғига шихта материалларини узатиш учун қўлланиладиган чиғир қурилмаларини ишлатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш «Асбоб ва мосламалар билан ишлаш пайтида хавфсизлик қоидалари» (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2007 йил 10 декабрь 20-15-306/11-сон хулосаси), амалдаги «Юк кўтариш кранларини тузилиши ва бехатар ишлатиш қоидалари» ва ташкилотнинг ускуналардан техник фойдаланиш йўриқномаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Чиғирлар фойдаланишга топширилишдан олдин, реконструкция, мукаммал таъмирлашдан сўнг ва даврий равишда, ҳар 12 ойда камида бир марта техник шаҳодатлашдан ўтказилиши лозим.
65. Полда юрадиган юклаш машиналари бўлган цехларда сочилувчан материаллар печнинг иш майдончасига махсус бункерларда келтирилиши керак.
66. Ферроқотишмалар цехга мульда, контейнер ёки махсус қопларда келтирилиши лозим.
Иш майдончаларига олиб келинаётган ферроқотишмалар қуритилган бўлиши керак.
Тайёрланган ферроқотишмалар қуйиш оралиғига ўрнатилган махсус бункерларда сақланиши лозим. Бунда ферроқотишмаларни печга солиш учун ҳам мульдаларга, ҳам бевосита ковшга (печнинг орқа тарафига) узатиш имконияти мавжуд бўлиши керак.
Бу ҳолда ферроқотишмалар махсус аравачаларга ўрнатилган мульдаларга солиниши, иш жараёнида мульдалар печларга кран билан ташилиши лозим.
Ферроқотишмаларни бункерларга солиш ва уларни печларга узатиш жараёнлари механизациялаштирилган бўлиши лозим.
67. Мульда аравачаларини таъмирлаш учун мустаҳкам тўсинлар ва тўхташ сигналлари билан жиҳозланган махсус берк йўллар қурилган бўлиши керак.
Шихта етказиб бериш йўлларида аравачаларни таъмирлаш учун иш жойларини тўхташ сигналлари билан тўсиш, энг чекка аравачаларнинг ғилдираклари остига бошмоқлар ўрнатиш ва кузатувчи-сигналчи қўйиш лозим.
68. Кранларга мульдалар туби остидан занжирлар ўтказиб илинмаслиги лозим.
2-§. Электр билан пўлат эритиш печларининг иш майдончаларига материаллар етказиб бериш
69. Электр билан пўлат эритиш печларининг иш майдончаларига материаллар етказиб бериш чоғида ушбу Қоидаларнинг 60, 65 ва 66-бандларидаги талабларга риоя қилиш лозим.
70. Узатиш аравачасининг энг кўп чиққан қисмлари билан бино конструкциялари, ускуна ҳамда цехда тахланадиган материаллар орасида аравачанинг ҳар икки томонидан камида 0,7 m ортиқ масофа таъминланган бўлиши керак.
71. Юклаш бадьяларини ташувчи аравачани ҳаракатлантириш механизмининг ўз-ўзидан ишлаб кетиши истисно этилган бўлиши керак.
72. Юклаш бадьясини печ иш майдончасига эгарсиз (тагдон)сиз кўтариш мумкин эмас.
Грейфер типидаги юклаш бадьясини кўприкли кранлар ёрдамида (тагдонсиз) ташиш мумкин.
73. Юклаш бадьясини кран билан ташиш учун махсус траверса қўлланилиши лозим.
74. Ходимларнинг юклаш бадьясини тепасига чиқиши ва уни ичига тушиши учун енгил кўчма металл нарвонлар қўлланилиши, нарвонларни бадья бортига маҳкамлаш учун уларда илгаклар бўлиши керак.
Бадья ичида иш бажариш пайтида бир ишчи унинг ташқарисида кузатиб туриши лозим.
75. Электр печ иш майдончасининг балконига материалларни кран электрмагнити ёрдамида етказиб берилишига йўл қўймаслик лозим.
V-БОБ.
ПЕЧЛАРГА МАТЕРИАЛЛАР ЮКЛАШ
76. Пўлат эритиш печларига материаллар юклаш, шунингдек қўшимча материаллар киритиш (присадка) жараёнлари механизациялашган бўлиши лозим.
Юкланаётган материаллар печ тубига бир текис тақсимланиши керак.
77. Юклаш жараёни бошланишидан олдин печ тубини текшириб кўриш керак.
78. Юклаш машинасининг ҳаракатлантириш, тебратиш ва айлантириш механизмлари электр тормозлар билан таъминланган бўлиши лозим.
79. Юклаш машинаси ҳаракат бошланганда автоматик тарзда ёқиладиган, ишончли ишлайдиган товуш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак.
80. Кран типидаги юклаш машинасининг аравачаси иккита охирги улаб-узгичлар билан таъминланган бўлиши ёки юклаш машинасининг кабинаси бино устунларига 0,5 m дан камроқ масофага яқинлашишини истисно қиладиган бошқа қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
81. Юклаш машинасининг кабинаси мустаҳкам, иссиқликдан изоляцияланган бўлиши ва машинистни металл ҳамда шлаклар сачрашидан муҳофаза қилиши лозим.
82. Полда юрадиган ва кран типидаги юклаш машинаси машинистининг иш ўрни суянчиқли қулай ўриндиқ билан жиҳозланган бўлиши ва иш ҳудудининг яхши кўринишини таъминлаши керак.
Ўриндиқлар конструкцияси титрашга йўл қўймаслиги керак. Кабинага кириш учун тутқичли зинапоя ўрнатилган бўлиши лозим.
83. Юклаш машиналарининг яқинлашиш габаритларини бирор-бир қурилма ёки материаллар билан банд қилиб қўйиш мумкин эмас.
84. Полда юрадиган турдаги юклаш машинаси аравачасининг электрдвигателларини таъминлаш учун мўлжалланган троллейлар машина рамасининг ичига, етишиб бўлмайдиган жойга ўрнатилган бўлиши зарур, агар улар машина рамасининг етишиш мумкин бўлган жойига ўрнатилган бўлса, троллейлар машинанинг ташқи тарафидан тўр билан тўсилган бўлиши керак.
85. Троллейларда ёки уларга хавфли яқинликда таъмирлаш ишлари бажарилаётган пайтда троллейлардаги кучланиш ўчирилиши, ўчириб қўювчи қурилмалар эса қулфлаб қўйилиши лозим.
86. Полда юрадиган юклаш машинасининг ток қабул қилгичларини таъмирлаш пайтида, агар машина консоли ва юклаш крани кабиналари орасидаги масофа 1,8 m дан кам бўлса, таъмирлаш ишлари бажарилаётган участка устидан кранлар ҳаракатланмаслиги учун чора-тадбирлар кўрилиши керак.
Юриш майдончасининг ток қабул қилгичларини ушлаб турувчи консоллар мавжуд бўлмаса, таъмирлаш ишлари панжара билан тўсилган ҳавоза ёки осма майдончаларда туриб амалга оширилиши лозим.
87. Шихта юклаш жараёни пайтида юклаш машинасининг ҳаракатланиш йўлида бирор-бир ишларни бажариш мумкин эмас.
Материалларни юклаш пайтида машинанинг ҳаракат тезлиги 5 кm/h дан ошмаслиги керак.
88. Юклаш жараёни тугагандан сўнг ва цехдан темир йўл таркиби чиқиб кетишидан аввал мульдаларнинг аравачаларга тўғри ўрнатилганлиги текширилиши лозим.
Нотўғри қўйилган ёки габарит ўлчамлари бузилиб ўрнатилган мульдали таркибнинг цехдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик керак.
89. Печ оралиғидаги тикловчи материаллар махсус бункерларда сақланиши керак.
Печ олдидаги иш майдончасида тикловчи материалларни фақат бир ёки икки эритмага етадиган миқдорда сақлаш лозим.
90. Юкланаётган шихтанинг миқдори шихта эритилгандан сўнг ваннадаги металл сатҳи печнинг асосий остоналаридан баланд бўлмаслигини таъминлаши лозим.
91. Мазкур Қоидаларнинг 76-(биринчи банди), 77 — 83-бандлари талаблари электр ёйли печларга материаллар юклаш жараёнларига ҳам тааллуқлидир.
92. Электр билан пўлат эритиш цехларида печларга материаллар юклаш учун фақат ўзи тўкадиган турдаги бадьялар қўлланилиши керак.
93. Электрпечларга юкланаётган руда, ферроқотишма ва бошқа материаллар олдиндан қуритилган ёки қиздирилган бўлиши лозим. Эритилган ваннага нам материалларни солиш ман этилади.
94. Руда ва бошқа материалларни қуритиш ва қиздириш печларининг жойлаштирилиши ходимларни икки томонлама нурланиш таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслиги керак.
95. Материаллар юклаш ва қўшимча шихта юклаш чоғида печдаги барча ишлар тўхтатилиши, ходимлар эса печ гумбази қайта ёпилгунча хавфсиз жойга чиқариб юборилиши лозим.
96. Юклаш бадьяси иш майдончасига кўтарилаётган ва печга шихта юкланаётган пайтда товушли огоҳлантириш сигнали берилиши керак.
97. Печдаги сурилма майдончанинг юритмаси ёки гумбазни кўтариш ва ён тарафга буриш юритмасини ишга туширишдан аввал пўлат эритувчи барча ходимлар печ атрофидан хавфсиз масофага узоқлашганига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Иш майдончаси остида ишлаётган ходимларни печ гумбазини ён тарафга буриш механизми юргизилганлиги тўғрисида огоҳлантириш учун сигнал бериш қурилмаси ўрнатилган бўлиши лозим.
98. Печ туби шикастланиши ва шихта материалларининг бўлаклари отилиб чиқишига йўл қўймаслик учун бадьяни очиб-ёпиш механизмини фақат бадья пастки ҳолатга туширилгандан сўнг очиш лозим; бу пайтда юклаш дарчаси ёпиқ бўлиши керак.
99. Қўшимча шихта тўлиқ эримаган шихта устига юкланиши, бу пайтда печнинг юклаш дарчаси ёпиқ бўлиши лозим.
Қўшимча шихта юклаш пайтида кўприкли кран машинисти кабинанинг кузатиш дарчасини катаклари 0,5x0,5 mm ли металл тўр билан тўсиши, ходимлар эса печдан хавфсиз масофага узоқлаштирилиши керак.
Шихта қўшиш пайтида печдан иш майдончасига сачраб тушган металл ва шлаклар юклаш жараёни тугагандан кейин дарҳол олиб ташланиши керак.
100. Печ атрофидаги иш майдончасида эритиш жараёнида ишлатиладиган материалларнинг икки-уч сменалик захирасини махсус хампаларда сақлаш лозим.
Хампаларнинг қурилмаси ва жойлашиши ишларни қулай ва бехатар бажарилишини таъминлаши лозим.
101. Иш майдончалари балконидаги стеллажларга мульдаларни узатиш илгакли занжирлар ёрдамида амалга ошириладиган цехларда бир вақтнинг ўзида кран билан мульдаларни стеллажларга ўрнатиш ва уларни юклаш машинаси воситасида олиш мумкин эмас.
VI-БОБ.
ПЎЛАТ ЭРИТИШ КОРХОНАСИДА КИСЛОРОД ҚЎЛЛАНИШИГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР
102. Пўлат эритиш печларига кислород марказлаштирилган усулда узатилиши лозим.
103. Ёпиб-очадиган ва ростловчи арматура ўрнатилган жойлар ёритилган бўлиши керак.
104. Юқори ҳароратли ёки иссиқлик нурланиши кучли ҳудудда ўтказилган кислород ўтказувчи қувурлар иссиқликдан изоляция қилинган бўлиши лозим.
105. Кислород ўтказувчи қувурлар ва кислород қурилмалари уларга ёғ тушишидан ҳимояланган бўлиши керак.
106. Кислород қувури ва кислород қурилмаларида музлаб қолган сув конденсати буғ ёки қайноқ сув ёрдамида эритилиши керак.
107. Арматурадаги нозичликлардан ёки бошқа сабаблар билан кислород сизиб чиқаётган бўлса, кислород узатилиши носозлик бартараф этилгунча тўхтатилиши лозим.
108. Кислород ўтказгич (енг)лар ва арматураларнинг зичлигини ҳар ойда камида бир марта совун эритмаси билан текшириб чиқиш ва текшириш натижаларини қувур ўтказгичлардан фойдаланиш журналига ёзиб қўйиш керак.
Олов ёки тутаётган буюмлар билан зичликни текшириш мумкин эмас.
109. Кислород қувурлари пўлат эритиш цехлари биноларига киришда ва улардан чиқишда цех электр ускуналарини ерга улаш контурига уланган бўлиши лозим.
Гардишли (фланецли) бирикмалар бўлган жойларга доимий ток ўтказувчи туташтиргичлар ўрнатилган бўлиши керак.
110. Босим остида бўлган кислород қувурларида таъмирлаш ишлари олиб борилмаслиги лозим.
111. Таъмирланиши лозим бўлган кислород қувури фойдаланилаётган кислород қувурларидан узиб қўйилиши ва ундаги кислород 20 фоиздан (ҳажмий) ошмайдиган миқдорга пасайгунча ҳаво, азот ёки буғ билан пуфланиши, бу икки карра таҳлил орқали назорат қилиниши лозим.
Кислород қувурларини поршенли компрессордан олинадиган ҳаво билан пуфлаш мумкин эмас.
112. Кислород қувурларидаги оловли ишлар ушбу Қоидаларнинг 603 — 605-банди талабларига асосан наряд-рухсатнома бўйича ва мутахассисларнинг узлуксиз кузатуви остида бажарилиши керак.
113. Кислород қурилмалари (кислород ростловчи пункт ва ҳоказолар) жойлашган хоналарда чекиш ва оловдан фойдаланиш мумкин эмас.
114. Кислород ўтказгичлар ва кислород қурилмаларини таъмирлаш бўйича барча ишлар камида икки ходим томонидан бажарилиши керак.
Кислород хўжалигига хизмат кўрсатувчи ходимлар учун мўлжалланган хоналар тегишли норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ жиҳозланган бўлиши лозим.
115. Кислород қувурлари ва кислород қурилмаларига хизмат кўрсатиш пайтида қўлланиладиган асбоб-анжомлар мис билан қопланган ва тўлиқ ёғсизлантирилган бўлиши керак.
116. Кислород қувурлари ва кислород қурилмаларига хизмат кўрсатувчи ходимнинг қўллари, махсус кийими, махсус пойабзали, қўлқопи мой билан ифлосланмаган бўлиши керак. Иш тугагандан сўнг чекиш ва очиқ оловга яқинлашишга фақат иш кийими камида 30 дақиқа давомида шамоллатилганидан кейин рухсат этилади. Кислород қувурларининг гардиш ёки жўмрак (вентил)ларига кийим-бошни илиш мумкин эмас.
117. Кислород қувури ёна бошласа ёки у жойлашган ҳудудда ёнғин содир бўлса, зудлик билан кислород қувурини узиб қўйиш лозим.
118. Кислород қувурларини улаш ёки узиш пайтида улардаги кислород босимини аста-секин ва равонлик билан ўзгартириш керак.
119. Пўлат эритиш печларига кислород келтирадиган қувурлар уларга (суюқ) металл ва шлак сачраб тегмайдиган жойларга ўрнатилиши керак.
120. Пўлат эритиш печларига кислород узатувчи фурмалар мис учлик билан таъминланган бўлиши керак.
121. Пўлат эритиш печлари ванналарига кислород узатиш учун қўлланиладиган фурмаларнинг сув билан совитиш элементлари тайёрлангандан ёки таъмирлаш ўтказилгандан сўнг 1,5 Р босим остида герметиклик ва мустаҳкамликка гидравлик синовдан ўтказилиши лозим, бу ерда Р — фурмадан олдинги магистралда бўлган сувнинг иш босими катталиги. Гидравлик синов натижалари фурма паспортига киритилиши керак.
122. Пўлат эритиш печларига кислород узатиш учун ишлатиладиган енг (шланг)лар кислород параметрларига ҳамда кислород муҳитида ишлайдиган ускуналарга қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Енглар дарз ва ёриқларга эга бўлмаслиги лозим. Кислород узатиш учун қўлланиладиган металлқувурчалар қуруқ бўлиши ва уларда мой қолдиқлари бўлмаслиги лозим.
123. Енг (шланг)лар штуцерларга, шунингдек, қувурчалар енгларга уларнинг чиқиб кетишига ҳамда кислород сизиб чиқишига йўл қўймайдиган махсус қисқич (резбали бирикма)лар билан маҳкамланиши керак.
124. Фурмалар ўрнатилишидан аввал, шунингдек енглар қўлланилишидан олдин ёғсизлантирилиши керак.
125. Бошқа ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун кислород қўлланилган пайтда мазкур Қоидаларнинг 102 — 118, 122 (иккинчи бош банди) — 124-бандлари талабларига риоя қилиш лозим.
126. Корхонада кислород станциялари мавжуд бўлмаса, газсимон кислородли баллонлардан фойдаланиш мумкин.
Марказлаштирилган усулда кислород узатиш учун тақсимловчи қурилма (рампа) ўрнатилган бўлиши ва бу ердан кислород истеъмол қилиш жойларига жўнатилиши керак.
127. Кислород рампаси нол сатҳида, алоҳида оловбардош бинода жойлашган бўлиши лозим. Кислород рампасининг биноси шамоллатиш, иситиш ва ёритиш ускуналари билан жиҳозланиши керак. Рампа биноси ичида чекиш ва очиқ оловдан фойдаланиш ман этилади.
128. Рампа биносидаги кислород баллонлари уларнинг йиқилиб кетишини истисно қилувчи махсус устунларга ўрнатилиши лозим.
Рампа редуктори бино девори ташқарисида, умумий вентиль эса рампа биноси ичида ўрнатилган бўлиши керак.
129. Кислород баллонларининг кундалик захираси қулфланадиган махсус омборда сақланиши лозим.
130. Кислород баллонларини сақлаш, ташиш ва ишлатиш пайтида уларни мой билан ифлосланишига йўл қўймаслик лозим.
131. Носоз редуктор ёки манометрли баллонлардаги кислороддан фойдаланиш мумкин эмас.
132. Таъмирлаш ишлари ўтказилаётган вақтда кислород шлангларини улаш учун мўлжалланган қурилмалар қулай ва бехатар жойларга ўрнатилган бўлиши керак.
VII-БОБ.
МАРТЕН ПЕЧЛАРИНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ
1-§. Умумий хавфсизлик талаблари
133. Печнинг юқори қисмини текшириш ва таъмирлаш, шунингдек ундан чангларни тозалаш учун печ гумбази ва каллаги устида жойлашган конструкцияларга муқим майдончалар ўрнатилган бўлиши лозим.
Печ гумбази ёки арматураси устида юриш мумкин эмас.
134. Мартен печининг орқа майдончасини эни камида 2 m бўлиши ва тўсқичлар билан муҳофазалаш керак. Печ участкасидаги тўсқичлар бутун ҳимоя баландлигида темир листдан бўлиши лозим. Бунда суюқ пўлат чиқариш тарнови олдидаги тўсқичлар олинадиган ёки суриладиган қилиб ясалиши керак.
Пўлат чиқариш тешиги ва бошқа элементларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган майдончаларнинг муқим ва олинадиган тўсқичлари мавжуд бўлмаса ёки носоз ҳолатда бўлса, печни ишлатмаслик лозим.
135. Кўчма пўлат чиқариш тарнови бўлган печларда тарновлар олиб қўйилгандан сўнг иш майдончасида очилиб қоладиган жойларни ёпиб қўйиш лозим.
136. Иссиқлик нурланишидан сақланиш учун печнинг орқа девори экран билан тўсилиши керак.
Печнинг орқа майдончасида жойлашган чиқариш тарнови олдидаги иш жойларига ташқи ҳавони тортувчи («ҳаво души») ускуналар ўрнатилиши лозим.
137. Ванналарига кислород пуфланувчи мартен печлари уларнинг ичидаги газларни тўлиқ чиқариб юборадиган қурилмалар билан жиҳозланиши, кейинчалик бу газлар зарарли аралашмалардан санитария меъёрларида белгиланган концентрацияларгача тозаланиши керак.
Газ тозалаш қурилмаларининг электрфильтрлари тегишли норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
2-§. Печлардаги юклаш дарчаларининг қопқоқ ва рамалари
138. Қопқоқларни кўтариш механизмлари кўтарилишни чеклайдиган қурилмаларга эга бўлиши керак.
139. Қопқоқлар конструкцияси уларнинг юклаш дарчаси рамаларига жипс ўтиришини таъминлаши лозим.
140. Кўтариш механизмининг занжири узилган пайтда қопқоқлар тушиб кетишининг олдини олиш учун махсус мосламалар қўлланиши керак.
141. Юклаш дарчасининг қопқоқлари узлуксиз равишда совитилиб турилиши лозим.
Қопқоқлар сув ёрдамида совитилса, уларнинг конструкциясида буғнинг эркин чиқиб кетиш имконияти кўзда тутилиши керак.
142. Юклаш дарчаларининг куйган қопқоқ ёки рамаларини, шунингдек футеровкаси ейилиб кетган қопқоқларни ҳам алмаштириш керак. Уларни алмаштириш ташкилотнинг техник қурилмалардан фойдаланиш йўриқномасига биноан печга газ ва ҳаво камайтирилиб амалга оширилиши лозим.
143. Юклаш дарчаларидаги қопқоқларнинг совитиш қурилмалари ва кўтариш механизмларини таъмирлаш ишлари бирка тизими талабларига мувофиқ бажарилиши лозим. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал қопқоқларнинг кўтариш механизмларини ишга тушириш қурилмалари электр токидан узилиши ва уларга «Ишга туширилмасин, одамлар ишлаяпти!» деган лавҳалар осилиши керак.
144. Шихта эритилаётган пайтда қопқоқ, рамаларни алмаштириш, шунингдек печнинг юқори қисмида юклаш дарчаси яқинида ходимларнинг бўлиши билан боғлиқ бошқа ишларни бажариш ҳам мумкин эмас. Қопқоқ футеровкасини таъмирлаш учун юк кўтариш механизмлари хизмат кўрсатадиган махсус жойлар ажратилиши лозим.
3-§. Печ каллаклари, регенератор ва шлаковиклар
145. Печ каллаклари ҳамда газ ва ҳаво вертикал каналларининг чоклари зичланган бўлиши керак.
Каллаклар атрофидаги ҳудудни бирор-бир материал ёки бегона буюмлар билан банд қилиб қўйиш мумкин эмас.
146. Регенератор ва шлаковик деворларининг чуқурлашган қисмига (ариқча (лешадь)дан цех поли сатҳигача) гил тупроқ билан қум аралашмаси сепилиши, сўнгра шиббаланиши лозим. Бу мақсадда қурилиш чиқиндиларини ишлатмаслик лозим. Регенератор ва шлаковикларнинг гумбазлари герметик ҳамда иссиқликдан изоляцияланган бўлиши керак.
147. Регенераторлар гумбази ва деворларининг герметиклиги ҳар сменада текширилиши лозим.
Гумбаз усти ҳамда регенератор ва шлаковик деворлари атроф-муҳитида углерод оксиди мавжудлигига ҳаво намунаси ташкилотнинг технологик йўриқномасига мувофиқ олиниши керак.
148. Ретенераторларнинг ён деворларида регенератор насадкаларини пуфлаш ёки ювиш учун тешиклар бўлиши керак. Бу ишлар бажарилгандан сўнг тешиклар махсус тиқинлар билан беркитилиши лозим.
149. Ишлаб турган печ регенераторларини ювиш ёки пуфлаш фақат регенераторлар тутунда ишлаётган пайтда бажарилиши керак.
150. Шлаковикларнинг ариқчаси (лешади) қуйиш оралиғидаги цех поли сатҳидан пастроқ жойлашган бўлса, шлаковикларнинг ён томонларига махсус ўралар қилиниб, панжаралар билан тўсилиши ёки усти олинадиган плиталар билан ёпилиши керак.
151. Шлаковиклардан шлакни олиб ташлаш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.
152. Регенератор боровлари чуқурлаштирилган, зичлаштирилган бўлиши ва уларга ер ости сувлари ўтмаслиги учун ҳимояланган бўлиши лозим. Дренаж қурилмалари мавжуд бўлса, сувни тортиш автоматик равишда амалга оширилиши керак.
Газ боровларининг гумбази ер сатҳидан камида 0,8 m пастроқ жойлаштирилиши лозим.
153. Газ боровларига кириш учун уларнинг гумбазларида ўлчами 0,8x0,8 m дан кам бўлмаган туйнуклар қилиниши керак.
Туйнуклар йўналтирувчи штирлар билан таъминланган ва қатронда қайнатилган асбест қистирмаларга жойлаштирилган қўш қопқоқлар ёрдамида ёпилиши лозим. Қопқоқлар орасидаги бўшлиқ қум билан тўлдирилиши керак.
Ишчиларнинг боровга тушиши учун кўчма нарвонлар қўлланиши керак. Туйнук ва боровларнинг деворларига тутқичлар ўрнатилмаслиги лозим.
4-§. Печларни совитиш
154. Печларнинг сув билан совитиладиган элементларини ўрнатишдан олдин уларни 1,5 Р катталикда гидравлик синовдан ўтказиш лозим, бунда Р — совитувчи сувнинг иш босими.
155. Сув билан совитиладиган элементларининг уланмаси алоҳида элементларни совитиш тизимидан узиб қўйиш имконини бериши керак.
156. Совитиш учун берилаётган сув механик аралашмалардан тозаланган бўлиши керак.
157. Совуқ сув совитиладиган элементларнинг пастки қисмига узатилиши, қизиган сув эса юқори қисмидан олиб кетилиши лозим.
158. Печнинг сув билан совитиладиган элементлари ва совитиш тизими магистралларига ўрнатилган ёпиб-очадиган арматура хизмат кўрсатиш учун қулай ва бехатар жойларга ўрнатилиши ҳамда чамбараклар билан таъминланиши керак.
159. Совитиш суви эритилган металл ва шлак тегмайдиган жойларга ўрнатилган сув тўплаш резервуарларига олиб кетилиши лозим.
160. Юклаш дарчалари қопқоқларидан сувни олиб кетиш учун мўлжалланган ускуналар конструкцияси печнинг асосий гумбазига сув тушишига йўл қўймаслиги керак.
161. Сув билан совитиладиган элементлардан қайтаётган сувнинг ҳарорати вақтинчалик қаттиқлик чўкиндилари тушиш ҳароратидан паст бўлиши ва ташкилотнинг технологик йўриқномасида кўрсатилган бўлиши лозим.
Совитиладиган элементлар вақти-вақти билан текшириб турилиши ва зарур бўлса, тозаланиши керак.
162. Совитиш тизимининг ишлашини назорат қилиш учун унинг яқинида сув тўплагич ўрнатилган бўлиши, унга сув билан совитиш тизимининг барча элементларидан сув қайтадиган қувурчалар келтирилган бўлиши керак. Сув тўплагичдан тушаётган сув оқими хизмат кўрсатувчи ходимларга кўриниб туриши лозим.
163. Печни совитиш учун берилаётган сув тўхтаган ҳолларда сув бериш қувурларининг жўмраклари ёпилиши ва печга ёқилғи узатилиши тўхталиши керак. Сув қайтадан берилганда шиддат билан буғ пайдо бўлмаслиги ва совитиш тизими бузилмаслиги учун сув узатилишини бир маромда оз-оздан кўпайтириб бориш керак.
164. Буғлатиб совитиш тизимининг совитиладиган элементларини ўрнатишдан аввал гидравлик синовдан ўтказиш лозим.
165. Буғлатиб совитиш тизимининг барабан-сепараторлари оловга бардошли материаллардан ясалган махсус галереяларда ёки мартен цехи биносидан ташқарига ўрнатилиши лозим.
166. Галерея қурмасдан цех биносининг стропила ости фермаларига барабан-сепараторларни ўрнатиш мумкин эмас.
167. Барабан-сепараторлар ўрнатилган галереялар қарама-қарши тарафларда жойлашган камида иккита кириш (чиқиш)ларга эга бўлиши керак. Кириш (чиқиш) эшиклари ташқи томонга очилиши ва ички бекитгичларга эга бўлмаслиги керак. Галереяга кириш учун супали қия зинапоялар ўрнатилган бўлиши лозим.
Галереялар ҳаво етказиб берилишини кафолатлайдиган киритиш-тортиш шамоллатгичи билан жиҳозланган бўлиши керак.
168. Барабан-сепараторлар кран ости тўсинлари оралиғига алоҳида ҳолларда, қуйидаги талабларга риоя этиб, ўрнатилиши лозим:
а) барабан-сепараторлар атрофига эни камида 0,5 m ли юриш майдончаси қурилган бўлиши зарур. Майдонча полидан кран ости тўсинининг юқори токчасигача бўлган масофа 2 m дан кам бўлмаслиги лозим;
б) барабан-сепараторларга чиқиш учун қия зиналар ўрнатилган бўлиши керак;
в) тўсинларнинг ички бўшлиғини шамоллатиб туриш керак;
г) кран ости тўсинлари бўйлаб юриш майдончалари қурилган бўлиши керак. Майдончадан краннинг чиқиб турган остки қисмларигача бўлган масофа вертикал йўналишда камида 2 m ва горизонтал йўналишда камида 0,5 m бўлиши лозим.
169. Печ устида жойлашган юриш майдончаси баландлиги камида 1,8 m ли темир листдан ясалган яхлит девор билан тўсилиши керак. Майдончанинг пол ва деворлари қизишдан ва иссиқлик нурланишдан экранлар билан муҳофазаланган бўлиши керак.
170. Буғлатиб совутиш тизимининг ёпиб-очадиган арматураси хизмат кўрсатиш учун қулай ва хавфсиз жойларга ўрнатилган бўлиши лозим.
Мартен печларининг гумбаз ва каллаклари устига ёпиб-очадиган арматурани ўрнатиш мумкин эмас.
171. Печга хизмат кўрсатиш ҳудудида жойлашган буғлатиб совутиш тизимининг қувур ва арматуралари иссиқликдан муҳофазаланган бўлиши керак.
172. Барабан-сепараторларнинг сақлаш клапанларидаги свечалар ходимларнинг буғ билан куйиб қолишини истисно қилувчи жойларга чиқарилган бўлиши лозим.
173. Буғлатиб совутиш тизимидан буғни ташқарига чиқариб юбориш учун тизимда шовқин сўндиргич ўрнатилган бўлиши керак.
174. Буғлатиб совутиш тизимининг барабан-сепараторларидаги сув сатҳи автоматик тарзда сақлаб турилиши керак.
175. Агар барабан-сепаратордаги сув сатҳи меъёридан 150 mm юқорига ёки пастга қараб ўзгарса, мартен печининг бошқариш постига товуш ва ёруғлик сигналлари берилиши лозим.
Чегара сатҳлар сигнализациясининг ишга яроқлилиги смена давомида камида бир марта уни (пастки ва юқори чегара сатҳларда) ишга тушириб текширилиши ва смена журналида қайд этилиши керак.
176. Печларни буғлатиб совутиш тизимини бошқариш постлари ҳавони мўътадиллаш ускунаси ёки киритиш-тортиш шамоллатгичи билан жиҳозланган бўлиши лозим. Шамоллатиш ускуналари бир соат мобайнида ҳавонинг камида бир ярим марта алмашишини таъминлаши керак.
Пост деразаларига иссиқликни қайтарувчи қопламали тобланган ойнаклар ўрнатилган бўлиши керак.
177. Буғлатиб совутиладиган печлар техник сув билан совутишга алмаштириб улайдиган қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
178. Буғлатиб совутиш тизимини ишга тушириш, тўхтатиш, алмаштириб улаш ва ишлашини кузатиш ушбу тизимнинг лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган талабларни ҳисобга олиб корхонада ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган фойдаланиш йўриқномасига асосан амалга оширилиши керак.
179. Печнинг буғлатиб совутиш тизимини ишга тушириш, шунингдек печни буғлатиб совутишдан сувли совутишга ва аксинча, сувдан буғлатишга ўтказиш пайтида барча хавфсизлик чоралари кўрилиши лозим.
180. Печларни совутиш тизимининг ҳолатини ҳар сменада текшириб бориш керак. Текшириш натижалари смена журналида қайд этилиши лозим. Ушбу журналга ўтказилган таъмирлаш ишлари, носозликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилиши керак.
181. Барабан-сепараторлар галереясида ёки навбатчи ходимлар хонаси ва печни бошқариш постида буғлатиб совутиш тизимининг схемаси ҳамда авария вазиятлари учун фойдаланиш йўриқномасидан кўчирма осиғлиқ бўлиши лозим.
182. Буғлатиб совутиш тизимидан сизиб чиқишлар пайдо бўлса, зудлик билан печ гумбази ва регнераторларга сув тушишини истисно қилувчи чоралар кўрилиши керак.
183. Буғлатиб совутиш тизимини таъмирлаш ишлари ушбу Қоидаларнинг 603 — 605-банди талабларига биноан наряд-рухсатнома асосида ва фақат тизимдан буғ босими туширилгандан сўнг бажарилиши лозим. Зарур ҳолларда, таъмирлаш бўйича ишларни тизим техник сув билан совутишга ўтказилгандан кейин бажариш лозим.
5-§. Эритмани суюқлантириш ва меъёрига етказиш
184. Печдаги шлакни иш майдончасининг остига ўрнатилган ковшларга тўкиш керак.
Шлак тўкишлар орасидаги даврда ва ковшларни алмаштириш пайтида шлак тешиклари, шунингдек, иш майдончасидаги шлак тўкиш тешиги ёпиқ бўлиши лозим.
Шлакни ковшга тўкиш имкони бўлмаган цехларда уни печ дарчалари пастига ўрнатилган шлакдонларга қабул қилиб олиш керак.
185. Шлакни қабул қилиш учун ўрнатиладиган ковшлар қуруқ ва оҳак эритмаси билан қопланган бўлиши керак. Ковш тубига қуруқ шлак, тикловчи ва ўтга чидамли материаллар чиқиндилари солиниши лозим. Нам ёки мойланган материаллар бўлган ковшларга суюқ шлак қуйиш мумкин эмас.
Иш майдончаси остидаги полнинг ковшлар ўрнатиладиган жойлари қуруқ бўлиши талаб этилади.
186. Шлак тарновида пайдо бўладиган қатқалоқ (настил)лар ўз вақтида олиб турилиши керак. Тарновни тозалаш чоғида тарнов остида ходимлар бўлмаслиги лозим.
187. Иш майдончаси остига суюқ шлакни тўкишдан аввал пўлат эритувчи хавфли ҳудудда ходимлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
188. Ковш ва шлакдонларни шлак билан тўлдириш сатҳи уларнинг юқориги қиррасидан 250 mm пастроқ бўлиши лозим.
Шлакни бехатар чўктириш усули ташкилотнинг технологик йўриқномасида аниқлаб қўйилиши керак. Суюқ эритмани меъёрлаш ва чиқариш пайтида шлакни нам материаллар ва сув ёрдамида чўктириш мумкин эмас.
Шлакни тўкиш пайтида шлакдонга металл тушишига йўл қўймаслик керак.
189. Иш майдончаси остидан шлакдонларни олиб кетиш механизациялашган бўлиши зарур. Бу мақсад учун чиғир (лебедка)дан фойдаланилса, блокларнинг қурилмаси улардан канатлар чиқиб кетишини истисно қилиши лозим.
Чиғирни бошқариш пульти шлакдон ўрнатилган аравача ҳаракатланиши кўринишини таъминловчи хавфсиз ҳудудда жойлашган бўлиши керак.
Канат ва роликларнинг тортувчи қурилмаларини таъмирлаш пайтида чиғирни ишга тушириш қурилмаси электр токидан узиб қўйилиши керак.
Шлакни йиғиштириш учун мўлжалланган ускунадан фойдаланиш ва таъмирлаш калит-бирка қўлланилиб амалга оширилиши лозим.
190. Цехнинг иш майдончаси остига шлак йиғиштирувчи воситаларни ўрнатиш учун тоннеллар қурилган бўлса, темир йўл таркиби ва тоннел деворлари ўртасидаги очиқ оралиқнинг эни 0,7 m дан кам бўлмаслиги керак.
191. Шлак қуйиладиган ковшлар ўрнатиладиган жойга жуда яқин жойлашган клапанларнинг очиб-ёпиш қурилмалари шлак сачрашидан оловбардош материаллардан ясалган тўсиқ билан муҳофазаланган бўлиши керак.
192. Шихтани юклаш ва қиздириш даврида печ остидан шлак ва чиқиндиларни йиғиштириш ишлари фақат печнинг пўлат эритувчиси рухсати билан амалга оширилиши лозим.
Печнинг иш майдончаси остидаги ҳудуд ёритилган бўлиши керак.
193. Печга руда, оксидсизлантирувчи модда ва легирловчи қўшимчалар киритиш пайтида клапанларни очиб-ёпишга йўл қўймаслик керак.
194. Эритмани меъёрига етказиш даврида печга киритилаётган материаллар қуруқ бўлиши ва печдан металл отилиб чиқишига йўл қўймайдиган миқдорда берилиши лозим.
Материалларни киритиш ташкилотнинг технологик йўриқномасига мувофиқ печни қиздириш қуввати пасайтирилганда амалга оширилиши керак.
Печ ва ковшга киритиладиган ферроқотишма ҳамда легирловчи материаллар қуритилган бўлиши керак.
195. Печга материаллар киритиш пайтида ишловчиларнинг гумбаз, шунингдек юклаш дарчаларининг рўпарасидаги иш майдончасида туриши мумкин эмас.
196. Мартен печи ваннасининг ҳолатини узлуксиз кузатиб туриш керак.
197. Печдан металл намунасини қуруқ ва иситилган асбоб ёрдамида олиш лозим.
Клапанлар очилиб-ёпилаётган вақтда намуна олиш мумкин эмас.
198. Стакандаги намунани металл қотгандан сўнг тушириб олиш керак.
199. Намуна олинадиган жойдан 50 m ва ундан ортиқ масофада жойлашган лабораторияга намуна пневмо-почта орқали етказиб берилиши лозим.
6-§. Печ дарчалари остоналарига қаров
200. Остоналарни тузатиш жараёни механизациялашган бўлиши керак. Остоналарга сепиб қўйиш учун ишлатиладиган материаллар қуруқ бўлиши лозим.
201. Клапанларни очилиб-ёпилиш маҳалида остоналарни тузатиш ва тозалаш мумкин эмас.
202. Остоналарни тузатишдан аввал уларни металл ва скрапдан пухталик билан тозалаш керак.
203. Мульдали таркиблар ҳаракатланаётган пайтда остоналарни тузатиш ва материалларни йиғиштириш ишлари тўхтатилиши, ходимлар эса печдан хавфсиз масофага узоқлаштирилиши лозим.
204. Тузатиш машинасини юклаш машинаси ёрдамида печнинг бир дарчасидан иккинчисига силжитиш, шунингдек, печ дарчасининг рўпарасида тузатиш машинасини таъмирлаш ва бошқа ишларни бажариш мумкин эмас.
Тузатиш машинаси иссиқлик нурланиши ва учиб чиқувчи буюмлар таъсиридан ходимларни муҳофазалаш учун махсус пардача билан жиҳозланган бўлиши керак.
7-§. Печ тубига қаров
205. Туб, ён деворлар ва чиқариш тешигининг ҳолати печдан металл ва шлакнинг тўлиқ тушишини таъминлаши лозим.
206. Эритма чиқарилгандан кейин печ туби кўздан кечирилиши керак. Печ юкланишига уста рухсат бериши лозим. Печ тубини тузатиш ва сепиб қўйиш учун қуруқ материал ишлатиш керак.
207. Туб чуқурлигида қолган металлни, одатда, юклаш дарчалари қопқоқларининг кузатиш туйнуклари орқали сиқилган ҳаво ёки кислород пуфлаб пўлат чиқариш тешикларидан чиқариб олиш керак.
208. Туб чуқурлигидаги металлни пуфлаб чиқаришдан аввал металл ва шлаклар сачрамаслиги учун пўлат чиқариш тешиги олдига экран ўрнатилиши, шунингдек кислород ёки ҳаво берилиши учун мўлжалланган шланг, бириктирувчи штуцер, қувур ва жўмракларнинг созлиги текширилиши лозим.
Олдин металлни ҳаво билан пуфлаб чиқариш учун ишлатилган шлангларни кейин кислород ёрдамида пуфлаб чиқариш учун қўллаш мумкин эмас.
209. Металлни чуқурликдан пуфлаб чиқариш махсус кўчма майдонча ёки тубларни таъмирлаш учун мўлжалланган таркиб, шунингдек сочилувчан материаллар юкланган ва тўсувчи сигналлар ўрнатилган мульдалар ёрдамида амалга оширилиши керак.
210. Печнинг туби ва бошқа элементларини тузатиш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.
Шлак тушириладиган майдончадаги тешик очиқ бўлганда мартен печларини тўлиқлаш мумкин эмас.
8-§. Мартен печларини қиздириш
211. Печнинг иссиқлик режимини бошқариш автоматлаштирилган бўлиши керак.
212. Печга келаётган газ босими ҳаво босимидан ташкилотнинг технологик йўриқномасида кўзда тутилган миқдорга ортиқ бўлиши керак.
213. Печга газ узатишдан аввал очиб-ёпиш қурилмалари, юклаш дарчаларининг қопқоқларини кўтариш механизмлари, бажарувчи механизмлар, назорат-ўлчов аппаратураларининг ишга яроқлилиги, шунингдек туйнук, шибер, клапан, дроссель ва узувчи клапанлар ҳолати текширилиши лозим.
214. Газ печга киритилаётганда унинг алангаланишини кузатиш учун каллак яқинидаги газ киритиладиган иккита юклаш дарчалари тўлиқ очиқ бўлиши керак.
Печдаги босимни пасайтириш учун (паққиллаш юз берган ҳолда) газ киритилаётган пайтда барча бошқа дарчалар ярим очиқ бўлиши лозим.
Печга газ узатишдан аввал барча ходимлар печдан хавфсиз масофага ўтишлари керак.
215. Клапанлар очилиб-ёпилишидан аввал ва очиб-ёпилаётган пайтда иш майдончаси ва унинг остига автоматик равишда товуш сигнали берилиши лозим.
216. Очиб-ёпиш қурилмалари ҳаво клапанларининг ўз-ўзидан очиб-ёпилишини истисно қилувчи блокировка қурилмасига эга бўлиши керак.
217. Очиб-ёпиш қурилмаларининг контрюклари тўсилган бўлиши лозим.
218. Очиб-ёпиш клапанлари чиғирларининг электрдвигателлари чиғирлар ёнига ўрнатилган улаб-узгичларга эга бўлиши керак.
Клапанларнинг кўтарилиш баландлигини ростлаш учун мўлжалланган чиғирларнинг дастаки юритмаси чамбарак типда бўлиши лозим.
219. Тутун клапанлари ичига ходимларнинг киришига фақат очиб-ёпиш қурилмалари ўчирилгандан сўнг ва бирка тизимига мувофиқ рухсат этилиши лозим.
220. Тортиш кучини ростловчи шибер вертикал ўққа нисбатан 15 — 25 даражали бурчак остида тутун боровига ўрнатилиши керак.
Шибер ва рамаларнинг туташувчи юзалари уларнинг бир-бирига жипс ўтиришини таъминлаши керак.
Шибер электрлаштирилган усулда бошқарилиши лозим.
221. Мартен печларига ҳаво узатувчи шамоллатгичларнинг сўриш туйнукларига ҳимоя тўрлари ўрнатилган бўлиши керак.
222. Цехнинг газ қувурларидан юкларни кўтариш пайтида таянч сифатида, шунингдек коммуникацияларни маҳкамлаш ёки ускуналарни ерга улаб электрдан муҳофазалаш учун фойдаланиш мумкин эмас.
223. Иш майдончасининг пастидаги очиб-ёпиш қурилмалари ва регенераторлар жойлашган ҳудуд ёритилган бўлиши лозим.
224. Печга ёқиш учун узатиладиган мазут фильтрланиши ва буғларнинг чақнаш ҳароратидан кўп бўлмаган ҳароратгача иситилиши керак.
225. Мазут қувурлари иссиқликдан изоляция қилиниши ва уларни бўшатиш мумкин бўлган тарафга қараб камида 0,003 нишабликка эга бўлиши лозим.
Мазут қувури билан параллель тарзда иситувчи буғ қувури биргаликда умумий изоляция қилиниб ўтказилиши керак.
Мазут қувурини юқори белгисидан қуйи белгисигача буғ билан пуфлаб тозалаш имконияти яратилган бўлиши лозим.
226. Мазут қувурларни бўшатиш пайтида мазут қуйиладиган сиғимлар цех биносининг ташқарисига ўрнатилиши керак.
227. Мазут қувурини печ устига жойлаштириш мумкин эмас.
228. Мазут қувурининг цехга кириш жойига беркитувчи зулфин (задвижка) ўрнатилиши керак.
229. Печга мазут келтирувчи умумий қувурга ёпиб-очадиган ва ростловчи арматура ҳамда мазутнинг босими ва ҳароратини назорат қилувчи асбоблар, шунингдек печнинг томонларига мазут узатилишини автоматик равишда алмашлаб улайдиган қурилма ўрнатилиши лозим.
230. Форсункалар ҳолатини ўзгартириш механизациялашган усулда амалга оширилиши керак.
231. Мазутли сарфлаш баклари печлардан камида 5 m узоқликда ўрнатилиши зарур ва иссиқлик нурланишидан қизиб кетмаслиги учун махсус экранлар билан тўсилган бўлиши керак. Бакларни печ устига ўрнатиш мумкин эмас. Сарфлаш бакларидаги мазутнинг миқдорини сатҳ ўлчагичлар ёрдамида ўлчаш лозим.
232. Мазутли сарфлаш баклари мазут буғларини олиб кетиш учун жездан ясалган муҳофазалаш тўри ўрнатилган тортиш қувурлари ва баклар тўлиб тошиб кетишга йўл қўймайдиган қуйиб олиш қувурчалари билан таъминланган бўлиши керак.
233. Ёнғин ҳоллари рўй берганда мазутни чиқариб юбориш учун сарфлаш баклари бекитилган қувур ўтказгичлар воситасида махсус сиғимларга уланган бўлиши керак. Ушбу сиғимларга сарфлаш бакларининг қуйиб олиш қувурчалари ҳам уланган бўлиши лозим.
234. Авария ёки ёнғин ҳоллари рўй берганда зудлик билан мазут узатилишини ёпиш учун мазут қувурларига хизмат кўрсатиш осон бўлган жойга махсус жўмраклар ўрнатилиши керак.
235. Ишчиларнинг мазут ёки қатрон баклари ичига тушишига фақат баклар қувур ўтказгичлардан узиб қўйилгандан, тўлиқ бўшатилгандан, буғлатиб тозалангандан, шамоллатилгандан ҳамда улардаги ҳаво таркиби зарарли моддаларнинг мавжудлигига текширилгандан кейин рухсат этиш лозим.
Бак ичида ходимлар бўлган пайтда барча туйнуклар очиқ бўлиши керак. Агар туйнукларни очган пайтда бакларнинг шамоллатилиши таъминланмаса, сунъий шамоллатиш қўлланиши керак.
Хизмат кўрсатувчи ходимлар бак ичида ишлаётган пайтда ёритиш учун портлашдан ҳимояланган чироқлар қўлланиши лозим. Чироқлар баклар ташқарисидан ёқилиши ва ўчирилиши керак.
9-§. Мартен печларига кислород бериш
236. Печ ваннасига кислород бериш учун сув билан совитиладиган махсус фурмалар қўлланиши лозим.
237. Печ ваннасига кислород берувчи фурманинг юритмасида блокировка қурилмалари бўлиши, уларнинг ёрдамида совитувчи сувнинг ҳарорати кўтарилиб кетган ёки кислороднинг босими белгиланган чегарадан пасайиб кетган пайтларда печнинг иш бўшлиғидан фурмани автоматик тарзда чиқариш амалга оширилиши керак.
Печнинг иш бўшлиғидан фурмани кўтариш чоғида кислород узатилиши автоматик равишда тўхташи керак.
238. Фурмалар ўрнатиладиган гумбаз тешикларидаги совитгичларнинг конструкцияси совитгичлар куйиб қолганда уларни тезда алмаштириш имконини таъминлаши лозим.
Фурма ва совитгичларни алмаштириш учун кўтариш-ташиш мосламалари кўзда тутилган бўлиши керак.
Совитгичларни алмаштириш ва фурмаларни текшириш учун печ гумбази устига майдончалар қурилган бўлиши керак.
239. Мартен печларининг каллаклари ёнида аланга оқимига кислород берилишини реверсивлайдиган клапанлар ўрнатилмаслиги керак.
240. Печда шиддатли реакциялар пайдо бўлган пайтда кислород берилишини камайтириш ёки тўхтатиш керак. Бир вақтнинг ўзида печга берилаётган қиздириш қувватини ҳам пасайтириш лозим.
241. Аланга оқимига кислород бериш учун мўлжалланган фурмани текшириш, таъмирлаш ёки тозалашдан аввал печга кислород узатилишини тўхтатиш керак.
242. Агар кислород печга гумбаз орқали берилса, чўянни тўкиш ва шихтани эритиш вақтида фурма ҳамда шлангларни алмаштириш мумкин эмас.
243. Печга қувур ёки фурмани киритишдан аввал тешикни металл ва шлак қатқалоқларидан тозалаш керак.
244. Ёнилғидан фойдаланиш параметрлари бирламчи асбоб (датчик)лар ёрдамида ўлчаниши, аниқланган кўрсаткичлар иккиламчи асбобларга масофадан узатилиши лозим.
Параметрларни назорат қилиш асбоблари алоҳида ёки бошқарув постларига ёндош қурилган махсус хона ёки шкафларга ўрнатилиши керак.
245. Печнинг иссиқлик режимини ростловчи иккиламчи асбоб ва автоматизация воситалари, шунингдек ёнилғи ва кислород элтгичлар параметрларининг чегаравий миқдорларидан огоҳлантирувчи сигнализация мартен печларини бошқариш постларига жойлаштирилган бўлиши лозим.
246. Эритиш даврида металл ҳароратини узлуксиз равишда ўлчаб туриш учун мартен печлари механизациялашган ҳарорат ўлчагичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
247. Мартен печининг ҳар бир бошқарув пости умумзавод АТС телефони ва мартен цехи нозимига бевосита уланган алоқа, шунингдек баланд товушда сўзлашиш учун цех ички алоқаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
VIII-БОБ.
ЭЛЕКТРПЕЧЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ ВА УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ
1-§. Электр ёйли печлар
248. Электрпечлар ажралиб чиқаётган тутун газларини чиқариб юбориш ва уларни чангдан тозалаш учун самарали қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
249. Электрпеч пойдевори конструкцияси унинг остки қисмини текшириш ва иш майдончаси тагида жойлашган механизмлар таъмирланиши қулайлигини таъминлаши лозим.
Электр билан пўлат эритиш цех (печ)ларида печ остидаги шлак механизациялашган усулда тозаланиши лозим.
250. Печ ва ғилдиратиб чиқариладиган майдончаларнинг оғдириш механизмларига ўтиш учун панжарали зинапояси бўлган майдончалар қурилган бўлиши керак.
251. Печни оғдириш механизми ҳам олд тарафга, ҳам орқа тарафга оғиш чеклагичларига эга бўлиши керак. Оғиш чеклагичлари носоз печни оғдириш мумкин эмас. Оғиш чеклагичларининг созлиги ҳар куни текшириб турилиши лозим. Текшириш натижалари смена журналига ёзиб борилиши лозим.
Электрпечининг оғирлик маркази шундай жойлаштирилиши керакки, оғдириш механизми ишдан чиққан ҳолда ҳам печ яна тик ҳолатига қайтсин.
252. Печни оғдириш юритмасининг бошқариш қурилмаси эритмани чиқариш ва шлакни оғдириб тўкиш пайтидаги операциялар аниқ кўринишини таъминлайдиган жойга ўрнатилиши лозим.
Бошқариш дастагининг ҳаракат йўналиши печ оғиши йўналиши билан бир хил бўлиши керак.
253. Печни оғдириш учун гидравлик юритма қўлланилган ҳолда гидравлик қурилмаларга эриган металл ва шлак тушишини истисно қилувчи чора-тадбирлар кўрилган бўлиши лозим.
254. Гумбаз айри (вилка)лари бузилиши натижасида гумбаз қулаши мумкин бўлганлиги учун, улар камида ўн карра мустаҳкамлик захирасига эга бўлиши керак.
Гумбазнинг кўтариш ва тушириш механизмлари иссиқлик нурланиши ва электродлар киритиладиган тешикларнинг тирқишидан чиқадиган алангадан муҳофазаланган бўлиши лозим.
255. Юқори ҳароратли ҳудудда, яъни бевосита печ гумбази устида жойлашган конструкцияларда зинапояли ва иссиқликдан изоляция қилинган полли майдончалар бўлиши керак. Бевосита печ гумбазига чиқиш мумкин эмас. Ходимларнинг гумбаз майдончасига чиқиш тартиби тегишли йўриқномада белгилаб қўйилиши керак. Ходимларнинг гумбаз майдончасига кўтарилишидан олдин печдан электр кучланиши узиб қўйилиши, калит-бирка эса печ устига чиқаётган шахсда бўлиши лозим. Электрпечнинг механизм ва ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ва профилактик ишларни бажариш пайтида гумбаз ёпиқ бўлиши керак.
256. Иш дарчалари қопқоқлари тушиб кетмаслиги учун кўриладиган чора-тадбирлар ушбу Қоидаларнинг 140, 142-бандларидаги талабларга жавоб бериши керак.
Иш дарчалари қопқоқларини алмаштириш печ ўчирилган пайтда амалга оширилиши лозим.
257. Сув билан совутиладиган электрод зичлагичларининг маҳкамлаш мосламаси гумбаз қулаб тушган пайтда уларнинг печ ваннасига тушиб кетишига йўл қўймаслиги керак.
258. Барча печни совутиш элементлари ва уларга сув келтириш тармоқлари герметик бўлиши керак.
Печнинг энг муҳим узелларини совутиш суви билан бетўхтов таъминлаб туриш лозим.
Электрпечлар учун совутиш тизимининг барча тармоқларига сув оқимини назорат қилиш датчиги, энг муҳим узелларнинг тармоқларига эса оқим ва ҳароратни назорат қилиш датчиклари ўрнатилиши керак.
Совутиш сувининг узатилиши тўхтаган ёки унинг ҳарорати технологик йўриқномадаги кўрсаткичлардан ошиб кетган ҳолларда печнинг электр таъминоти манбаини ўчириб қўйиш учун оқим ва ҳароратни назорат қилиш датчиклари блокировка тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим.
259. Электрпечларнинг совутиш элементларига мазкур Қоидаларнинг 154 — 159, 161 — 163-бандларидаги талаблар тааллуқлидир.
260. Совутиш сувини келтириш ва олиб кетиш тармоқларини иш дарчаси ҳамда эркер остига жойлаштирмаслик лозим.
261. Электродларни силжитиш механизми улар белгиланган чегаравий сатҳгача кўтарилган ёки тушган пайтда автоматик равишда ишлаб кетадиган йўл чеклагичлари билан таъминланган бўлиши керак.
262. Электродларни йиғиш ва алмаштирилаётган электродни ўрнатиш учун электрпеч ёнида махсус дастгоҳ (механизациялаштирилган стенд) бўлиши лозим. Иш майдончаси остида турган электрод қисми тўсиб қўйилиши керак. Электродларни печнинг ўзида улашга рухсат этилади. Электродларни улашдан аввал печ ўчириб қўйилиши ва бу ишларни бажариш пайтида мазкур Қоидаларнинг 255-банди талабларига риоя қилиш керак.
263. Электродларни алмаштириш пайтида металл ниппель электродга тўлиқ бураб киргизилган (кертикнинг охиригача) бўлиши лозим.
264. Электродларни улаш ва алмаштириш чоғида қўлланиладиган краннинг илгаги ундан электрод ниппели бандлари ўз-ўзидан чиқиб кетишига йўл қўймайдиган мослама билан таъминланган бўлиши керак.
265. Электродтутқичларнинг электродларни қисиб олиши ва бўшатиши механизациялашган бўлиши керак. Электродларни қисиш механизми печ олдидаги майдончадан бошқарилиши керак. Электродлар гумбаз тешиклари бўйлаб эркин силжиши ва гумбаз деворига тегмаслиги керак. Электрод қисқичлари печ устунлари ва ерга уланган узеллардан изоляция қилинган бўлиши лозим.
Электрод ҳалқалари ва электродлар орасидаги тирқиш зичлаштирилган бўлиши керак.
266. Печдаги шихта эригандан сўнг ишчи-ходимларнинг печ остида туришига йўл қўймаслик лозим. Иш майдончаси остида ва металл қуйиш оралиғида ишлаётган ходимларни шлакни тўкиш ёки эритмани чиқариш учун печ оғдирилиши ҳақида огоҳлантириш учун ёруғлик-товуш сигнализацияси ўрнатилган бўлиши керак. Сигнал печ оғдирилишидан камида бир дақиқа олдин берилиши лозим.
267. Печ оралиғининг иш майдончаси бутун периметри бўйлаб пастида баландлиги 0,14 m ли яхлит ён қопламаси бўлган, бўйи камида 1,0 m ли тўсқич билан муҳофазаланган бўлиши керак.
Иш дарчалари яқинидаги панжарали тўсиқ ечиб олинадиган бўлиши керак.
Печ оралиғининг иш майдончаси ва оғдириладиган печ майдончаси орасидаги тирқишлар печнинг ён томонларидан сиғими 50 t дан кам печлар учун 80 mm дан кўп бўлмаслиги, сиғими 50 t ва ундан юқори печлар учун эса 150 mm дан кўп бўлмаслиги лозим.
268. Иш майдончасининг печга яқин жойларига иш ўринларини ҳаво билан шамоллатиш қурилмалари ўрнатилган бўлиши лозим.
269. Электрпеч туби, қиялиги ва деворларини тиклаш жараёни механизациялаштирилган бўлиши керак.
270. Печдан металл ва шлак отилиб чиқмаслиги учун оксидланиш даврида печга бир вақтнинг ўзида киритилаётган қаттиқ оксидловчи модда миқдори технологик йўриқномада белгиланган миқдордан кўп бўлмаслиги керак.
271. Электрпечнинг иш дарчасига газкислород ёндиргичини ўрнатиш учун дарча қопқоғида ёндиргич ўлчамларига мос келувчи махсус тешик бўлиши лозим.
272. Газкислород ёндиргичлари очиб-ёпувчи мослама, шунингдек газ, кислород ва совутиш сувининг сарфи ҳамда босимини назорат қилувчи асбоблар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
273. Ёндиргич ёқилишидан аввал кислород билан пуфлаб тозаланиши, кейин газ берилиши керак. Аралашма ёнишига ишонч ҳосил қилмай, газ ва кислороднинг белгиланган сарфини ўрнатиш мумкин эмас.
Ёндиргични ўчириш тескари тартибда бажарилиши керак. Авария юз берган ҳолда биринчи навбатда кислород ўчирилиши лозим.
Ёндиргичлардаги газ-кислород нисбати автоматик тарзда сақланиши керак.
274. Кўчма ёндиргични ёқишдан аввал барча келтирувчи шланглар ва ёндиргич шикастланмаганлигига ҳамда ундаги тешиклар тозалигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
275. Печ ишлаб турган пайтда металлни кислород билан пуфлаш учун киритиладиган ёндиргич-фурмалар ва электрод орасидаги масофа электр ёйнинг ёндиргичга туташишини истисно қилиши керак.
276. Совутиш суви босими авариявий равишда тушиб кетган, кислород ёки газ берилиши тўхтаган ҳолларда ёндиргич автоматик тарзда ўчирилиши ва печнинг иш бўшлиғидан чиқарилиши лозим.
277. Сув билан совутиладиган ёндиргич куйиб қолганда, у ўчирилиши ва печнинг иш бўшлиғидан энг чекка юқори (ишламайдиган) ҳолатга чиқариб қўйилиши керак. Ёндиргичнинг ҳолатини назорат қилиш учун кареткаларда махсус кўрсаткичлар бўлиши керак.
278. Газкислород ёндиргичи ишлаётган вақтда иш дарчасининг қопқоғи ёпиқ бўлиши лозим.
279. Тўкиб олинаётган шлакни қабул қилиш мақсадида шлак ковшлари ёки шлакдонлардан фойдаланиш керак. Шлакдонлар уларни ташиш ва ағдариш учун мўлжалланган қурилма билан таъминланган бўлиши лозим.
280. Шлакни қабул қилиш учун ўрнатилган ковш ва шлакдонлар қуруқ бўлиши керак. Бундан ташқари ковшларнинг ичига оҳак эритмаси суртилган бўлиши лозим. Печ остидаги пол, шунингдек шлакдон ўрнатиладиган ўранинг таги ҳам қуруқ бўлиши керак.
281. Ишчиларни шлак сачрашидан муҳофазалаш учун ковш ёки шлақдон ўрнатиладиган печ остидаги жой сақловчи қалқонлар билан тўсилган бўлиши лозим.
282. Ковш ва шлакдонларни шлак билан лиммо-лим қилиб тўлдириш мумкин эмас.
Кўпикланаётган шлакни қуруқ қум ёки ўтга чидамли ғишт синиқлари билан чўктириш керак.
283. Печ остидаги ҳудудни, шунингдек шлак ва чиқинди ўраларини тозалашга фақат печ тўхтаган ва унда суюқ металл бўлмаганда ҳамда қуйидаги талабларга риоя этилганда рухсат этилади:
а) иш майдончасидаги очиқ туйнуклар ёпилган бўлиши керак;
б) иш майдончаси остидаги ҳудуд ёритилган бўлиши лозим.
284. Шлак палахсаларини идишга солмасдан темир йўл платформаси ёки думпкарга ташиб келтириш ва ортиш мумкин эмас.
Шлакни нам думпкар ёки ҳўл платформага ортиш мумкин эмас. Агар шлак шлақдонда қисилиб қолган бўлса, уни уриб чиқариш шу мақсадда алоҳида ажратилган, ходимлар хавфсизлигини таъминлайдиган жойларда махсус мосламалар ёрдамида бажарилмоғи лозим.
Шлакни ағдариш пайтида ходимлар ҳаракатланувчи таркиб устида турмаслиги лозим.
Шлак ортиш учун қўйилган думпкар ёки платформалар тормоз бошмоқлари билан маҳкамланиши керак.
285. Металлдан намуна олиш ушбу Қоидаларнинг 197, 198, 199-бандлари талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
286. Электр ёйли печларнинг газ тозалаш тизими тегишли норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
287. Газ чиқариш ва тозалаш ускуналари автоматлаштирилган бўлиши, марказлаштирилган масофадан туриб бошқариш тизимига ва хавфсиз ишлатиш учун керакли назорат ўлчов асбобларига эга бўлиши керак. Электр ёйли печнинг газ чиқариш трактини бошқариш пултида газни совутиш, газ тозалаш, тутун сўрғич ва ёндириб тугатиш қурилмасининг схемаси осиғлиқ бўлиши керак.
Электр печини бошқариш пульти оператори билан тутун сўриш қурилмасининг оператори ўртасида телефон алоқаси бўлиши лозим.
288. Электр ёйли печнинг газ чиқариш тракти конструкцияси эритиш жараёнида ажралиб чиқувчи углерод оксидининг тўлиқ ёниб тугашини таъминлаши керак.
289. Электр печни таъмирлаш пайтида совутгич, чанг тутувчи қурилма ва газ трактларини ревизия қилиш ва тозалаш керак.
290. Газ чиқариш тракти ва газ тозалаш қурилмаларида таъмирлаш ишларини механизациялаштириш учун улар юк кўтариш-ташиш воситалари, шунингдек ишловчиларни баландликка кўтариш учун механизмлар (люлка ва ҳоказо) билан жиҳозланган бўлиши лозим.
291. Совутгич ва чанг тутувчи қурилмалар (скруббер, қувур-чанглатгич, газ қувурлари ва ҳоказо) кўздан кечириш ва таъмирлаш учун қопқоқли туйнук (люк)ларга эга бўлиши ҳамда бу ишларни бехатар бажарилишини таъминлайдиган қурилмалар билан жиҳозланиши керак. Қопқоқли туйнуклар герметик бўлиши, уларга бемалол яқинлашиш таъминланган бўлиши лозим. Газ чиқариш тракти ишлаётган вақтда туйнук (люк)ларни очиш мумкин эмас.
292. Электр печи қиш фаслида таъмирлашга тўхтатилган пайтда сув билан совитиш ва газ чиқариш тракти таъминотининг бутун тизими сувдан бўшатилиши ёки иситиш билан таъминланиши керак.
293. Газ чиқариш тракти элементларида ҳосил бўладиган чўкинди (қатқалоқ, қуйқум ва ҳоказо)ларни олиб ташлаш ташкилотнинг ускуналарни таъмирлаш ва тозалаш йўриқномасига мувофиқ наряд-рухсатнома асосида бажарилиши лозим.
294. Электр печининг газ чиқариш тракти таъмирлаш пайтида умумий коллектор, боров ва ҳоказолардан ишончли тарзда узиб қўйилган бўлиши керак.
Таъмирланаётган газ тозалаш аппаратларининг оқова сувларини чиқариш тизими оқова сув чиқариш умумий коллекторидан узиб қўйилиши лозим (бундан углерод оксидини тўлиқ ёндириш тизими мустасно).
295. Совутгич ва газ йўлларига портлайдиган сақловчи клапанлар ўрнатилиши керак.
296. Газ тозалаш ва тутун сўрғичлар жойлашган бинолар углерод оксиди мавжудлигини автоматик назорат қилувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Газ тозалаш ва тутун сўрғичлар биноларининг ҳавосида углерод оксиди мавжудлиги белгиланган тартибда тасдиқланган графикка асосан текшириб турилиши керак.
297. Барча газ йўллари герметик бўлиши лозим.
298. Газ чиқариб юбориш тракти печдан узилган пайтда газ йўлига ҳаво юбориш қурилмаси автоматик равишда очилиши лозим.
299. Тутун сўрғич авариявий тарзда тўхтаганда газ чиқариб юбориш трактининг печдан автоматик равишда ёпилиши таъминланган бўлиши керак.
300. Газ тозалаш ускуналарини тозалаш, таъмирлаш бўйича ишлар улар тўхтатилгандан ва углерод оксидини тўлиқ чиқариб юбориш ҳамда совитиш учун шамоллатилгандан сўнг бажарилиши лозим.
2-§. Индукцион печлар
301. Индукцион печнинг каркаси индуктор ўрамларидан изоляция қилинган бўлиши керак. Печь индукторига ток келтирувчи кабеллар изоляция қилинган ва тўсилган бўлиши лозим.
302. Печнинг электр юритмали оғдириш механизми печ оғишини чекловчи қурилма ва оғдирилаётган печни исталган ҳолатда дарҳол тўхташини, шунингдек печ оғдирилаётган вақтда электрэнергия таъминоти узилиши рўй берганда унинг тўхташини таъминлайдиган тормоз қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Оғдириш механизми металл ва шлак сачрашидан ҳимояланган бўлиши керак.
Печни оғдириш механизми жойлашган хона ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабларига мувофиқ ёритилган бўлиши керак.
303. Кўтариб қўйилган печнинг остида жойлашган ускунани кўздан кечириш ва таъмирлашга фақат кўтарилган печ мустаҳкам ва барқарор махсус таянчлар ёрдамида қўшимча тарзда маҳкамлангандан сўнг рухсат этилиши лозим.
304. Индуктор қувурчалари мустаҳкамлик ва герметикликка камида 1,5 Р гидравлик босим остида синалиши лозим, бу ерда Р — совитиш сувининг иш босими миқдори.
305. Индуктор ва сув келтириш қувурлари орасидаги сув келтириш қисми резина-матоли енглардан ясалган бўлиши керак.
306. Сувнинг печ индукторига узлуксиз келиши визуал ва совутиш суви келмай қолганда печни автоматик равишда ўчириб қўювчи махсус асбоблар ёрдамида назорат қилиниши лозим.
307. Печнинг иш майдончаси бутун периметри бўйлаб пастки қисмида баландлиги 0,14 m ли яхлит ён қопламаси бўлган, бўйи камида 1,0 m ли тўсқич билан муҳофазаланган бўлиши керак. Печ яқинидаги иш майдончасининг поли электрдан изоляцияловчи тўшама билан қопланган бўлиши лозим.
308. Печга қўшимча юк ортиш пайтида металл сачрамаслиги учун эриган ваннага нам шихта ва ферроқотишмаларни солиш ман этилади. Печнинг юқори қисмида эримаган шихтадан «кўприк» ҳосил бўлса, шу заҳоти печни ўчириб уни чиқариб олиш керак.
309. Индукцион печларга хизмат кўрсатиш пайтида қўлланиладиган металл асбоблар электр изоляцияли дастага эга бўлиши керак. Печдаги ишлар изоляция қилинмаган металл асбоблар ёрдамида бажарилса, печ ўчирилган бўлиши лозим.
310. Иш жойларида электромагнит майдони оқимининг кучланиши ва зичлигини ўлчаш муддатларининг даврийлиги ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилиши керак.
311. Очиқ индукцион печлар тортувчи аспирация тизими, иш майдончалари эса иш жойларига ҳаво пуфловчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
3-§. Электр билан пўлат эритиш печларига кислород бериш
312. Печга гумбаз орқали кислород бериш учун мўлжалланган фурмани тушириш ва кўтариш жараёни механизациялашган бўлиши керак.
313. Печ ваннасига кислород берувчи фурманинг юритмаси ушбу Қоидаларнинг 237-банди талабларига мувофиқ фурмани иш бўшлиғидан чиқарилишини таъминлайдиган блокировка қурилмаларига эга бўлиши лозим. Фурма кўтарилаётган пайтда кислород берилиши автоматик тарзда тўхташи лозим.
314. Кислород печга юклаш дарчаси орқали металл қувурча ёрдамида берилса, печнинг юклаш дарчаси олдига қувурча кирадиган тешикли муҳофаза қалқони ўрнатилган бўлиши керак.
4-§. Печлар электр қисмининг тузилиши ва унга хизмат кўрсатиш
315. Электр билан пўлат эритиш печлари электр қисмининг тузилиши ва ишлатилиши тегишли норматив-техник, лойиҳа ҳужжатларига ҳамда мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
316. Печ трансформаторидан печ электродларига электр токи етказиб берувчи «қисқа тармоқ» кабеллари баландда жойлашган бўлса, уларнинг остида тўсилган йўлак, агар кабеллар пастда жойлашган бўлса, қулфланадиган эшикли панжара билан тўсилган бўлиши керак.
317. Электр печь корпуси ва конструкцияси пухталик билан ерга улаб ҳимояланган бўлиши лозим.
318. Электр печни бошқариш пультларининг жойлаштирилиши хизмат кўрсатувчи ходимларга электр ёйнинг кўзни қамаштирадиган таъсири бўлмаслигини таъминлаши керак. Бошқариш пульти электр ёй нурланиши ҳудудида жойлашган бўлса, ҳимоя экранлари қўлланиши лозим.
319. Бошқариш пульти деразаларига иссиқликдан ҳимояловчи ойналар ўрнатилган бўлиши керак.
Пульт хоналари нормал микроиқлим шароитларини таъминловчи шамоллатиш ёки ҳавони мўътадиллаш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
Йилнинг совуқ ва ўтиш мавсумларида пульт хоналари иситилиши лозим.
320. Бошқариш пульти таъминловчи электр станциялар билан бевосита телефон алоқасига эга бўлиши ва зарур сигнализация воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
321. Эритиш жараёнини бошлаш учун печни ёқишдан аввал пўлат эритувчи ҳамда механика ва электр-хизматларининг жавобгар шахслари печ ускунаси, футеровкаси ва гумбазининг созлигини текшириб чиқишлари керак.
Пульт оператори фақат пўлат эритувчидан печни ишга тушириш ҳуқуқини берувчи калит-биркани олгандан сўнггина печни ёқиши лозим.
Печни ишга туширишдан олдин барча ходимларни хавфсиз масофага узоқлаштириш керак.
Ишлаб турган печ ёнида унга хизмат кўрсатмайдиган ходимлар бўлмаслиги керак.
322. Қисқа муддатли ўчиришлар учун (қайта ишга тушириш, электродларни алмаштириш ёки улаш, электрод синиқларини олиш учун ва ҳоказо) печь калит-бирка олиб қўйилган пайтда юқори вольтли улаб-узгичнинг узиб қўйилишини таъминлайдиган блокировка қурилмасига эга бўлиши лозим.
Қайта ишга тушириш, электродларни алмаштириш ва улаш, электродлар синиқларини чиқариб олиш ва ҳоказо ишлар бажарилаётганда калит-бирка ушбу ишларни бажараётган ходимда бўлиши керак.
323. Юқори вольтли улаб-узгич билан печни ишга тушириш ва ўчириш тартиби ташкилотнинг техник қурилмалардан фойдаланиш йўриқномасида белгилаб қўйилган бўлиши лозим.
324. Электр печдаги «қисқа тармоқ» кабелларининг қисқа туташиши юз бермаслиги ёки кўприкли қуйиш кранининг пўлат арқонлари шикастланмаслиги (куйиб кетмаслиги) учун электродлардаги кучланиш ўчирилмаган пайтда печни оғдиришга имкон бермайдиган блокировка қурилмаси ўрнатилган бўлиши керак.
Ишлаётган печ қуйиш оралиғига қараб 15 даражадан ортиқроқ оғдирилган пайтда блокировка қурилмаси ишга тушиши лозим.
325. Электр токи урмаслиги учун ишлаб турган электрпечга киритилаётган асбоблар печ иш дарчасига ўрнатилган темир тахтачага тегиб туриши керак.
Печга киритилаётган асбоб билан кучланиш остида бўлган электродларга тегиш мумкин эмас.
326. Электр печда электрпайвандлаш ишларини олиб бориш чоғида юқори кучланиш узатиладиган тарафга ва печ трансформаторининг юқори ва паст кучланиш тарафларига ерга улаш мосламасини ўрнатиш шартдир.
IX-БОБ.
ОСОН АЛАНГАЛАНУВЧИ КУКУНСИМОН МАТЕРИАЛЛАР, УЛАР АСОСИДА ТАЙЁРЛАНГАН АРАЛАШМАЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ҚЎЛЛАШ
327. Осон алангаланувчи кукунсимон материаллар ва уларнинг асосида тайёрланган аралашмаларнинг* (бундан буён — материал ва аралашмалар деб аталади) техник ҳужжатларида ва технологик йўриқномаларда қуйидаги тавсифлар келтирилган бўлиши керак:
а) ёнувчанлик гуруҳи;
б) аланга тарқалишининг қуйи концентрация чегараси;
в) аэросуспензиянинг алангаланиш ва қатламда ўз-ўзидан алангаланиш ҳарорати;
г) портлашнинг энг катта босими ва унинг ошиб бориш тезлиги;
д) аралашмалар учун, булардан ташқари, мустақил ёниш қобиляти.
*Осон алангаланувчи кукунсимон материаллар — бу ёндириш манбаси олиб қўйилгандан сўнг қатламда мустақил ёниш ёки аэросуспензия ҳолатида портлаш хоссасига эга бўлган моддалар.
Таркибида оксидловчи моддалар бўлган аралашмалар учун бундан ташқари қуйидагилар ҳам кўрсатилган бўлиши лозим:
а) ёниш жараёнининг ҳисобланган солиштирма иссиқлиги ва ҳарорати;
б) механик таъсир (ишқаланиш, зарба)га сезувчанлиги.
Охирги тавсиф аралашманинг фаол таркибий қисми (ёнилғи билан оксидловчи аралашмаси) учун ҳам алоҳида аниқланиши керак.
328. Олдинги, яъни 327-бандда кўрсатилган тавсифларни (ёниш жараёнининг ҳисобланган солиштирма иссиқлиги ва ҳароратидан ташқари) ҳамда материал ва аралашмалардан фойдаланиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосани тегишли ихтисослаштирилган ташкилотлар беради. Ёниш жараёнининг солиштирма иссиқлиги ва ҳарорати ишлаб чиқарувчи корхона томонидан аниқланади.
Кўрсатиб ўтилган тавсифлар мавжуд бўлмаса, осон алангаланувчи материаллар ва аралашмаларни ишлатишга йўл қўйилмаслиги лозим.
329. Пўлат ишлаб чиқаришда қуйидаги аралашмаларни ишлатишга рухсат этилмаслиги керак:
а) уларнинг ёниш жараёни портлашга олиб келса;
б) мустақил ёниши мумкин бўлса ва ёниш жараёнининг солиштирма иссиқлиги 50 kJ/mol дан ортиқ бўлса;
в) уларнинг механик таъсир (зарба)га сезувчанлиги 19,6 J ва ундан камроқни ташкил этса, фаол таркибиники эса 9,8 J ва камроқ бўлса.
Ҳаво кирмаса ҳам мустақил ёна оладиган аралашмаларни ташкилотнинг технологик йўриқномасига мувофиқ ишлатиш лозим.
330. Осон алангаланувчи бошланғич материалларнинг техник шартларида аралашмаларни тайёрлаш учун ишлатиладиган материаллар йириклигининг қуйи чегараси, шунингдек асосий компонент ва аралашмаларнинг чегаравий миқдорлари кўрсатилиши лозим.
Материал ва аралашмалар техник шартларга мувофиқ ташкилотларга етказиб берилиши ёки ташкилотнинг ўзида ишлаб чиқарилиши керак.
331. Ёнаётган материал ва аралашмаларни ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан тавсия этилган усул ва воситалар билан ўчириш лозим. Бу мақсадда сув ва кўпикли ўт ўчиргичлардан фойдаланиш мумкин эмас.
332. Материал ва аралашмалар ишлаб чиқариладиган ва сақланадиган хоналарда очиқ оловдан фойдаланиш мумкин эмас.
Бу хоналардаги полларнинг материаллари учқун чиқармайдиган бўлиши керак.
Чекиш фақат махсус ажратилган ва жиҳозланган (ташкилотнинг ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган) жойларда рухсат этилиши керак.
333. Материал ва аралашмалар ишлаб чиқариладиган ва сақланадиган хоналардаги барча таъмирлаш ишлари мазкур Қоидаларнинг 603 — 605-бандлари талабларига биноан наряд-рухсатнома асосида бажарилиши лозим.
Портлаш ва ёнғин хавфи бўлган кукунсимон материал ва аралашмалар ишлаб чиқариладиган ва сақланадиган хоналарда очиқ олов қўлланиладиган таъмирлаш ишлари ташкилотнинг тегишли йўриқномаси талабларига мувофиқ бажарилиши керак.
334. Материаллар ва аралашмаларни сақлаш ва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган бино ва хоналарнинг тоифалари белгиланган бўлиши керак.
Бино ва хоналарнинг тоифаларини белгилашда авария вазиятларининг энг хавфли тусини инобатга олиб портлашнинг ортиқча босимини ҳисоблаб чиқиш шартдир.
335. Ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга ёки янги турдаги осон алангаланувчи материал ва аралашмаларни ишлаб чиқаришга фақат ишлаб чиқариш ҳажми ортиши ёхуд ишлаб чиқарилаётган осон алангаланувчи материал ва аралашмалар турлари ўзгариши инобатга олинган ҳолда портлашнинг ортиқча босими ҳисоблаб чиқилгандан сўнг рухсат этилиши керак.
336. Материал ва аралашмалар ишлаб чиқариладиган ёки сақланадиган биноларнинг ташқарисини тўсувчи конструкция (девор, қоплама)лар соз ҳолатда тутилиши, атмосфера ёғинлари бино ичига тушмаслиги лозим. Шамоллатиш тизимида ҳавонинг намланишига йўл қўймаслик лозим.
337. Кукунсимон материал ва аралашмалар ишлаб чиқариладиган ёки сақланадиган биноларда портлаш хавфи бўлган ҳудудлар белгилаб қўйилиши керак.
Ушбу бинолар портлашдан ҳимояланган тарзда ясалган телефон алоқаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
338. Ишлаб чиқариш биноларининг пол, майдонча, зиналар катаги, девор ва бошқа қурилиш конструкцияларига, шунингдек қувур ўтказгич ва ускуналар сиртига ўтирган чангни мунтазам равишда тозалаб туриш керак. Тозалаш даврийлиги қатлам ёки аэросуспензия ҳолатида ёниши мумкин бўлган чанг миқдори тўпланишини истисно қилиши керак.
Чангни тозалаш даврийлиги ва тартиби ҳамда бу вақтда хавфсизлик чоралари корхонанинг тегишли йўриқномасида белгилаб қўйилган бўлиши керак.
339. Кукунсимон материал ва аралашмалар сақланадиган ва ишлаб чиқариладиган хоналарда портловчи ва заҳарли газлар таркибини назорат қилиш учун бундай газлар ажралиб чиқиши мумкин бўлган жойларга сигнализаторлар ўрнатилиши лозим.
340. Чангнинг мустақил ёниш қобилиятини ва ўз-ўзидан алангаланиш ҳароратини аниқлаш учун белгиланган тартибда тасдиқлаган жадвалга мувофиқ ускуна сирти ва аспирация тизимларидан чанг намуналари олиниши керак.
341. Майдалаш машинасининг юклаш туйнуги парчалаш пайтида ферроқотишма ва модификаторлар бўлаклари учиб чиқмаслиги учун ёпилган бўлиши керак.
342. Майдалагич бункерини катакларининг ўлчами майдалагич оғзи ёки юклаш туйнуги ўлчамларидан катта бўлмаган панжара билан беркитиш лозим.
Панжара катакларининг ўлчами 300 mm дан ортиқ бўлса, бункер дарчалари тўсиқлар билан ўралган ёки хизмат кўрсатиш майдончалари бункернинг юқори қисмидан 1,1 m пастроқда жойлашган бўлиши керак.
343. Майдалаш учун ферроқотишма ва модификаторларни юклаш жараёни механизяциялашган бўлиши керак.
344. Майдалагич ёнида парчаланган тайёр материални тушириш учун қурилган ўралар тегишлича тўсилган ва зиналар билан жиҳозланган бўлиши керак.
Ўра ичида ходимлар ишлаётган пайтда юк қутиларни унинг ичига тушириш ёки ундан кўтариб чиқариш мумкин эмас.
345. Чанги портлашга хавфли бўлган (силикокальций, ферросиликомарганец модификаторлари ва ҳоказолар) ёки ёнғинга хавфли бўлган (ферротитан, кремний кристалли, ферромарганец, марганец металли, юқори фоизли ферросилиций ва ҳоказолар) ферроқотишма ва модификаторларни парчалаш чоғида майдалаш агрегатларидан чангни максимал даражада чиқариб ташлаш, шунингдек агрегат ва аспирация тизимларини чангдан ўз вақтида ҳамда мунтазам равишда тозалаш чоралари кўрилиши лозим.
Аспирация тизими ҳаво ўтказгичларининг конструкцияси уларда чанг ўтириб қолишини истисно қилиши керак.
Модификаторлар учун ишлатиладиган майдалаш агрегатларининг аспирация тизимлари портлашдан ҳимояланган тарзда ясалган ва водородни чиқариб юбориш учун портловчи сақлаш клапани ҳамда свечалари, шунингдек водород миқдорини назорат қиладиган датчиклар билан жиҳозланган бўлиши керак.
346. Парчалаш ва янчиш жараёнлари кечаётганда ёнғин ва портлаш хавфи бўлган муҳит ҳосил бўлишининг олдини олиш чоралари (инерт газ ва ҳоказо) кўрилиши лозим.
347. Золдир ва стерженли тегирмонлардаги ферроқотишма ва модификаторларни майдаловчи узеллар парчаланган ферроқотишма ва модификаторларни механизациялашган усулда юклаш тизими, тегишли тўсиқлар, паналагичлар ва аспирация тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
Ферроқотишма ва модификаторлар парчаларини механизациялашган усулда юклаш тизими, тўсқич, паналагич ҳамда аспирация тизимлари носоз бўлса, майдалаш узелларидан фойдаланиш мумкин эмас.
348. Чанги ёнғин ва портлашга хавфли бўлган ферроқотишма ва модификаторларни тегирмонларда янчиш жараёни портлаш ва ёнғин рўй беришини истисно қилувчи чора-тадбирлар кўрилиб амалга оширилиши лозим.
Тегирмон ва ундаги материаллар юкланадиган ҳамда тушириладиган жойлар герметик бўлиши ҳамда газ ва чанг чиқишига йўл қўймаслиги керак.
349. Тегирмон ишлаётган пайтда янчиш хонасида барча эшиклар ёпиқ бўлиши ва ёруғлик огоҳлантириш таблоси ёқилган бўлиши лозим.
350. Кукунлар ўзи тўкувчи ёпиқ контейнерларда ташилиши керак.
Контейнерлар ва уларни тахлаш ҳамда бошқа идишга тўкиш пайтида ўрнатиш учун мўлжалланган майдончалар конструкцияси учқун пайдо бўлишини истисно қилиши лозим.
351. Бино ва ускуналар нам усулда тозаланиши керак.
352. Янчиш хоналарида чекиш ва очиқ оловдан фойдаланмаслик лозим.
353. Осон алангаланувчи материал ва аралашмаларни ташиш ҳамда сақлаш учун мўлжалланган идиш ишга яроқли, тоза ва қуруқ бўлиши керак.
Кўрсатиб ўтилган материаллар ва селитра учун ишлатилган идишлар белгиланган тартибда тасдиқланган корхона йўриқномасига мувофиқ тозаланиши лозим.
354. Материал ва аралашмалар уларнинг тўкилишини ҳамда аралашмали идишга намлик ўтишини истисно қилувчи ёпиқ идишда ташилиши ва сақланиши керак.
355. Материал ва аралашмаларни оксидловчи модда, кислота ва ишқорлар билан бирга ташиш мумкин эмас.
356. Материал ва аралашмаларни ташиш усуллари идишларнинг ўзаро ва бошқа буюмларга урилишини истисно қилиши лозим.
Цех ички транспорт воситалари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талабларига жавоб бериши керак.
357. Материал ва аралашмалар солинган барабан, бочка, банка ва идишларни ташиш учун ишлатиладиган контейнерларнинг ички юзаси ва остдонлар юклаш, ташиш ва тушириш пайтида идиш контейнер ёки остдонга урилган ёхуд ишқаланган вақтда учқун чиқишига йўл қўймайдиган материаллар билан қопланган бўлиши лозим.
358. Эритма чиқарилаётган пайтда печлар ёнидан ва металл қуйилаётган пайтда қуйиш майдончалари яқинидан осон алангаланувчи кукунсимон материалларни олиб ўтмаслик лозим.
359. Материал ва аралашмаларни пневмотранспорт воситасида ташиш ҳимоя атмосферасидан фойдаланиб амалга оширилиши керак. Ҳимоя атмосферасининг таркиби ва ундаги оксидловчи модданинг чегаравий миқдори норматив-техник ҳамда лойиҳа ҳужжатларига мос бўлиши керак. Пневмотранспорт ишлаётган вақтда газдаги оксидловчи модданинг миқдори автоматик равишда назорат қилиниши керак.
360. Материал ва аралашмалар ёпиқ омборхоналарда сақланиши лозим. Омборхонада кукун материаллар турларига қараб алоҳида-алоҳида сақланиши керак.
Осон алангаланувчи кукун материалларнинг штабели (барабан, қути, бочка, банка) ва девор орасидаги масофа камида 1 m бўлиши лозим.
Штабеллар барқарор ўрнатилган бўлиши керак. Уларнинг баландлиги 1,7 m дан ортиқ бўлмаслиги керак.
Кукун материаллар билан кислота, ишқор ҳамда оксидловчи модда (селитрага ўхшаш)ларни битта хонада сақлаш мумкин эмас.
361. Материал ва аралашмалар сақланаётган хоналарда материалларни саралаш, аралаштириш ва тайёрлаш бўйича бошқа ишларни бажариш, шунингдек аралашмалар тайёрлаш ҳам мумкин эмас.
362. Материал ва аралашмаларни ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари ҳамда қўлланиладиган технологик ускуна ГОСТ 12.1.004, ГОСТ Р 12.3.047 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Материаллар ва аралашмалар ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларида портлаш хавфи бўлган муҳит пайдо бўлиши мумкин бўлса, бу жараёнлар ва қўлланиладиган технологик ускуналар ГОСТ 12.1.010, ГОСТ 12.1.041 талабларига мувофиқ бўлишлари керак.
363. Материал ва аралашмаларни ишлаб чиқариш учун қўлланиладиган барча технологик ускуналар статик электрдан муҳофазаланган бўлиши лозим.
364. Материал ва аралашмалар солинган идиш (банка, барабан, контейнер ва ҳоказо)ларни очиш учун ишлатиладиган асбоб ва мосламалар учқун чиқармайдиган материаллардан ясалган бўлиши керак.
365. Ускунани юкдан бўшатиш ва тозалаш чоғида материал ва аралашмалар қатламига механик таъсир (зарба, ишқаланиш) берилмаслиги лозим.
366. Турли материаллар ва аралашмаларни ишлаб чиқариш ёки ташиш учун битта ускуна (идиш)дан фойдаланилса, уни илгари ишлаб чиқарилган ёки ташилган материал ва аралашмаларнинг қолдиқларидан пухталик билан тозалаш керак.
367. Идишни очиш, материал ва аралашмаларни фасовка қилиш ва бошқа идишга солиш чангитмайдиган, механизациялашган усулда амалга оширилиши лозим.
368. Кукунсимон материалларни қуритиш ва қиздириш уларнинг ўз-ўзидан алангаланишга олиб келмайдиган ҳароратда, турлари бўйича алоҳида-алоҳида амалга оширилиши керак. Қуритиш режими ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилиши лозим.
369. Қуритилган ва қиздирилган кукунсимон материалларнинг ҳарорати қўлланишдан аввал 80° С (353 К) дан кўп бўлмаслиги керак.
370. Таркибида портлашга хавфли муҳит туғдирадиган фаол оксидловчи модда ва осон алангаланувчи кукунсимон материаллар бўлмаган аралашмаларни тайёрлаш вақтида бункер (аралаштиргич)га дастлаб инерт материаллар ва оксидловчи моддалар, сўнгра осон алангаланувчи кукунсимон материаллар юкланиши керак. Осон алангаланувчи кукунсимон материалларни олдиндан аралаштирмай юклаш мумкин.
371. Яроқсиз аралашмани пўлат ишлаб чиқаришда ишлатиб бўлмаса, ташкилотнинг тегишли йўриқномасида кўзда тутилган хавфсизлик чора-тадбирларига риоя этиб йўқ қилиш керак.
372. Бино ва ускуналарни тозалаш пайтида йиғилган чангни технологик жараёнда ишлатиш мумкин эмас.
Тозалаш пайтида йиғилган чангни ташкилотнинг тегишли йўриқномасида кўзда тутилган хавфсизлик чора-тадбирларига риоя этиб йўқ қилиш керак.
373. Пўлат эритиш цехларида кукунсимон материал ва аралашма солинган идиш унга учқун, очиқ аланга ҳамда суюқ металл сачраб тушмайдиган жойларга ўрнатилиши лозим.
Мустақил ёниши мумкин бўлган материал ва аралашмаларнинг захираси улар бевосита ишлатиладиган жойда фақат битта эритмага етадиган миқдорда, цехда эса бир суткалик сарфлаш миқдорида бўлиши лозим.
374. Печ ёки ковшга бир вақтда қўшилаётган материал ва аралашмаларнинг миқдори ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилиши керак.
375. Материал ва аралашмаларни печ ёки ковшга киритиш цех бўйича фармойиш билан тайинланган жавобгар шахс иштирокида амалга оширилиши лозим.
376. Материал ва аралашмаларни электр ёйли печга киритиш жараёни печь трансформаторнинг паст қувватида ишлаётганда, ташкилотнинг технологик йўриқномасида кўзда тутилган хавфсизлик чора-тадбирларига риоя этиб амалга оширилиши керак.
377. Аралашманинг алангаланиш ҳароратидан юқори ҳароратга қиздирилган пўлат қуйиш ковшига кукунсимон ва брикетланган аралашмаларни солиш мумкин эмас.
378. Печдан металл чиқарилаётган пайтда материал ва аралашмалар пўлат қуйиш ковшига киритилаётган бўлса, хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз ҳудудга чиқарилган бўлиши лозим.
Х-БОБ.
КОВШ ВА ТАРНОВЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ. УЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ
379. Ковшлар конструкцияси уларнинг ўз-ўзидан ағдарилиш хавфини истисно қилиши керак. Ковш ҳалқа ва цапфалари ясалгандан сўнг путур етказмайдиган назорат усули билан текширилиши керак.
380. Ковш цапфалари болғалаш усулида ясалиши ва камида саккиз карра мустаҳкамлик захирасига эга бўлиши лозим.
Маркаси 25 ва 30 пўлатдан электр шлакли қайта эритиш усули билан тайёрланган цапфаларни, агар уларнинг кимёвий ва механик хоссалари болғалаб ясалган цапфаларнинг хоссаларига мос бўлса, ишлатишга йўл қўйилиши керак.
381. Ковш цапфалари олти ойда камида бир марта пухталик билан кўрикдан ўтказилиши керак. Цапфанинг барча ўлчамлардаги ейилиши бошланғич ўлчамнинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари, ковш цапфалари бир йилда камида бир марта путур етказмайдиган назорат усули билан текширилиши керак. Кўрик ва текширишлар натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши лозим.
382. Ковшларнинг ғиштин футеровкаси камида икки қатордан: ғишт-арматурали ва ишчи ғиштларидан иборат бўлиши керак.
Арматурали ва ишчи қаторларнинг чоклари бир-бирига тўғри келмаслиги керак. Ковш туби ва девори футеровкасини териш тартиби очиқ чок бўлишини истисно қилиши лозим.
383. Ковшларнинг бекитгичи (стопори) ва шиберли очиб-ёпқичи (затвори) масофадан туриб бошқарилиши керак.
384. Пўлат қуйиш ковшларидаги шиберли очиб-ёпқичнинг гидроюритмасида ёнмайдиган иш суюқлиги қўлланилиши лозим.
385. Ковшга хизмат кўрсатиш учун унинг корпусига маҳкамланадиган нарвон, тутқич, майдонча ва бошқа мосламалар техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ ясалиши керак.
386. Бекитгичлар тайёрлангандан сўнг ва ковшга ўрнатилишидан олдин пухталик билан қуритилиши керак. Бекитгичларни қуритиш ҳарорати ва муддати ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилади. Қуритиш ҳарорати уни автоматик тарзда қайд қилувчи термопара билан назорат қилиниши лозим.
387. Бекитгичларни қуритиш печи (сушила)га юклашдан аввал ҳар бирига қуритишга қўйиш санаси ва вақти ёзилган бўлиши керак.
388. Бекитгичлар кран ёрдамида ташилиши керак. Бекитгичларни аравачаларда ташишга фақат цехнинг бир оралиғидан иккинчисига олиб ўтиш ва камера типидаги қуритиш печига юклаш учун йўл қўйилиши керак.
389. Куйиш стаканини уяга мутлақо вертикал қилиб ўрнатиш керак. Стакан ва уя девори орасидаги тирқиш ўтга чидамли масса билан тўлдирилиши ёки стаканга пухталик билан лой суртилган бўлиши лозим.
390. Қуйиш стаканларини иссиқ ковш ичига ўрнатиш пайтида ковш ичига тушириладиган, девори иссиқликдан изоляцияланган махсус ҳимоя камералари (кессонлар) қўлланилиши лозим.
Кессонларга тушиш учун уларнинг ички деворларига чиқиш-тушиш тутқичлари ўрнатилиши керак.
391. Ковшдан стаканни уриб чиқариш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.
392. Пўлат қуйиш стаканлари, бекитгич ёки уларнинг ўрнига ишлатилаётган қурилмаларни алмаштириш шу мақсадда махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда ҳамда ташкилотнинг техник қурилмалардан фойдаланиш йўриқномасига мувофиқ амалга оширилиши керак.
393. Пўлат қуйиш учун шиберли очиб-ёпқич қўлланиладиган цехларда очиб-ёпқичларни йиғиш, қисмларга ажратиш ва қуритиш учун махсус участкалар кўзда тутилиши лозим. Очиб-ёпқичларни йиғиш, қисмларга ажратиш, ташиш ва ўрнатиш ишлари механизациялаштирилган бўлиши керак.
394. Шиберли очиб-ёпқичлар ковшларга махсус механизациялаштирилган стендларда ўрнатилиши лозим.
395. Металл ва шлак таъсиридан муҳофазалаш учун бекитгичнинг юқори қисмидаги шамот қувурча ва айри (вилка) оралиғига лой суртиш лозим.
396. Ковшларни ташиш пайтида уларни бошқа ковш ва ускуналарга 0,5 m дан кам бўлган масофага яқинлаштирмаслик керак.
397. Эритмани қабул қилишга ковшни тайёрлаш пайтида унинг футеровкаси, туби ва унга туташган девор футеровкаси қаторлари, шунингдек корпус ва цапфалари ҳолатини текшириш лозим.
Футеровкаси шубҳали ёки бекитиш механизми носоз бўлган ковшларни, шунингдек устига шлак тўкилган ёки ичида металл қотиб қолган («закозленный») ковшларни эритма қабул қилишга узатиш мумкин эмас.
398. Мартен печларининг пўлат чиқариш тарновлари олинадиган қилиб ясалиши керак.
399. Эритмани чиқариш бошлангунга қадар, тарнов таъмирланиши, сувалиши ва қуритилиши лозим. Тарновнинг олинадиган, қўзғалувчан ёки қўзғалмас қисми ва печ орасидаги чокни ўтга чидамли материал билан тўлдириш ҳамда қуритиш керак.
Тарнов ва чокларни қуритиш сифатини печда пўлат эритувчи текшириши керак.
Тарновни тайёрлаш вақтида унинг остида ходимлар бўлишига йўл қўймаслик лозим.
400. Ковшларга пўлат қуйилишини ростловчи бекитгичларнинг қурилмаси уларнинг ишончли ва бузилмасдан ишлашини таъминлаши лозим.
Ростловчи бекитгичлар узилиб кетмаслиги учун уларнинг кўтарилиш баландлигини чекловчи қурилма кўзда тутилган бўлиши лозим. Бекитгичлар конструкцияси унинг ўз-ўзидан пастга тушишни истисно қилиши керак.
Бекитгични бошқариш жойи тарновдан четроқда бўлиши ва иссиқлик нурлари ҳамда металл сачрашидан ҳимояловчи экран билан муҳофазаланган бўлиши лозим.
401. Тарнов остидаги «фартук»ни таъмирлаш махсус ўрнатилган ҳавозаларда туриб бажарилиши керак. Ушбу мақсадлар учун тиркама нарвонлардан фойдаланиш мумкин эмас.
ХI-БОБ.
ПЎЛАТНИ ЧИҚАРИШ, ҚУЙИШ ВА ОЛИБ КЕТИШ
402. Пўлат чиқариш тешигини фақат тарнов ёки эркер остига ковшлар қўйилган бўлса очиш лозим.
403. Электрпечь олдида ковшни жойлаштириш учун ўра бўлса, унинг туби қуруқ бўлиши керак. Эритма чиқарилгандан сўнг ўрани чиқинди ва скрапдан тозалаш лозим.
404. Эритмани қабул қилиш учун тайёрлаб қўйилган ковш, бекитгич, шиберли очиб-ёпқич ва ўраларнинг ҳолати ускуналардан техник фойдаланиш йўриқномаси талабларига мувофиқ текшириб чиқилиши керак.
405. Пўлат чиқариш тешигини очиш пайтида ходимларнинг тарнов устига ёки унинг бортларига чиқиб туришига йўл қўймаслик лозим.
406. Пўлат чиқариш тешигининг шакли ва ўлчамлари металлнинг печдан бир меъёрда тўла оқим бўлиб тушишини таъминлаши лозим. Пўлатнинг оқиб чиқиш муддати технологик йўриқномада белгилаб қўйилиши лозим.
407. Пўлат чиқариш пайтида металл ва шлак сачраб тегиши мумкин бўлган жойларда ходимларнинг туришига йўл қўймаслик лозим.
408. Эритилган металл ковшларга уларнинг юқори чеккасидан 250 mm пастроқ сатҳгача қуйилиши керак.
409. Пўлат чиқариш тешигини бекитиш ташкилотнинг техник қурилмалардан фойдаланиш йўриқномасига асосан амалга оширилиши лозим.
410. Ковш ёки тарновга оксидсизлантирувчи моддаларни киритиш жараёни механизациялаштирилган бўлиши керак. Ковшга оксидсизлантирувчи моддаларни киритиш пайтида бекитиш қурилмаларига шикаст етмаслиги лозим.
Ковш тубига қуруқ ферроқотишма ва бошқа қўшимча моддаларни бехатар киритиш шартлари ташкилотнинг технологик йўриқномаларида кўзда тутилган бўлиши керак.
411. Пўлат қуйиш ковши тубига қуйилган суюқ синтетик шлакка қаттиқ ферроқотишмаларни киритиш мумкин эмас.
412. Карбонизатор-кукунининг алоҳида порцияларини оғирлиги ва уни ковшга бехатар киритиш шартлари технологик йўриқномада кўзда тутилган бўлиши лозим.
413. Металл ва шлакли ковшларни кўтариш фақат краннинг юк тутиш мосламаси цапфага тўғри илинганлиги текширилгандан сўнг ташкилотнинг тегишли йўриқномасига мувофиқ амалга оширилиши керак.
414. Пўлат чиқариш пайтида ковшдаги суюқ металлдан намуна олиш ва ҳароратини ўлчаш масофадан туриб бошқариладиган махсус қурилма ёрдамида бажарилиши керак.
Қурилма вақтинча носоз бўлса, ушбу операцияларни қўлда бажаришга ташкилотнинг технологик йўриқномасига мувофиқ рухсат этилиши лозим.
415. Намунани ковшдан бекитгич ёки шиберли очиб-ёпқич берк бўлганда олиш лозим. Намуна олиш асбоблари қуруқ бўлиши керак.
416. Цехда пўлат ташувчи аравачалар қўлланилса, аравачанинг бошқарув пульти (кабинаси) металл ва шлак сачрашидан муҳофазаланган бўлиши керак. Кабина деразаларига иссиқлик қайтарадиган қопламали тобланган ойналар ва металл тўр ўрнатилган бўлиши лозим.
Кабинани ёритиш учун 12 V ли кучланишдан фойдаланиш керак.
Эритмани чиқариш чоғида аравача машинисти кабинадан хавфсиз жойга ўтиб туриши керак.
417. Пўлат ташувчи аравачалар сигнал берувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Аравача ғилдираклари рельс каллакларига 10 mm етмайдиган ҳимоя қалқончалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Аравача ҳаракати бошланишидан олдин товуш сигнали берилиши керак.
418. Аравачанинг электрдвигателини таъминловчи эгилувчан кабель оловбардош қобиққа эга бўлиши ёки металл ва шлак сачрашидан, шунингдек, механик шикастланишлардан муҳофазаланган бўлиши лозим.
419. Пўлат ташувчи аравача ва бинонинг қурилиш конструкциялари, шунингдек иншоотлар орасидаги очиқ масофа 0,7 m дан кам бўлмаслиги шарт.
420. Қуйиш оралиғида пўлат чиқарилаётган печ рўпарасидан локомотив ва вагонларнинг ўтишига рухсат берилмаслиги керак.
421. Пўлат қуйиш пайтида ушбу ишларга бевосита дахлдор бўлмаган ходимларнинг ковш яқинида туриши мумкин эмас.
422. Тиқин эриб стаканга ёпишиб қолган ҳолларда пўлатни бехатар қуйиш усуллари ташкилотнинг технологик йўриқномасида кўзда тутилган бўлиши керак. Шу мақсадда металл штирдан фойдаланишга йўл қўймаслик лозим.
423. Таъмирланаётган мартен печи рўпарасида пўлат қуйиш жараёнини амалга оширмаслик керак. Агар бу талабни бажариб бўлмаса, шлаковиклардаги таъмирлаш ишлари тўхтатилиши, ходимлар эса хавфсиз ҳудудга чиқарилиши лозим.
Ковшлар таъмирланадиган ўралар рўпарасида пўлат қуйилаётган пайтда ўралар ичида ишлаётган ходимлар чиқариб юборилиши керак.
424. Шлак ковшлари ва шлакдонларнинг конструкцияси уларнинг ўз-ўзидан ағдарилиб кетишини истисно қилиши лозим.
Пўлат қуйиш ва шлак ковшларини шлак тўкилган стендларга ва қистирмалардан фойдаланиб ўрнатиш мумкин эмас.
425. Эритма чиқарилаётган пайтда суюқ шлак шлакдонга ёки шлак ковшларига қуйилиши лозим.
Ковш ва шлакдонлар қуруқ бўлиши ва оҳак эритмаси билан қопланган бўлиши керак. Ковш ва шлакдонларга оҳак эритмасини суртиш механизациялашган бўлиши лозим. Ковш тубига қуруқ шлак ёки ўтга чидамли ва тикловчи материаллар чиқиндиси сепилган бўлиши лозим.
426. Кўпираётган шлак ушбу Қоидаларнинг 188-банди талабларига мувофиқ чўктирилиши керак.
427. Пўлат қуйиш якунлангандан кейин пўлат қуйиш ковшидаги суюқ шлак қолдиқлари шлак ковши ёки шлакдонларга қуйилиши лозим.
Шлакдонларни икки қават қилиб ўрнатиш мумкин эмас. Ходимларнинг шлак тўкиш жойи яқинида бўлишига йўл қўймаслик керак.
428. Локомотив бригадасини шлак чайқалиб сачрашидан ҳимоялаш учун локомотивдан кейинги биринчи шлак-ташигич олдига махсус вагон-паналагич қўйилиши керак.
429. Танаворларни узлуксиз қуйиш машина (ТУҚМ)ларидаги барча ишлаб чиқариш жараёнлари, яъни металлни қуйишдан бошлаб то танаворларни стеллажларга узатиш механизациялаштирилган ва имкон борича автоматлаштирилган бўлиши лозим. Шунингдек, барча механизмларнинг ишини қўлда бошқариш имкони ҳам кўзда тутилган бўлиши керак.
ТУҚМ си механизмларини ишлатиш ва таъмирлаш чоғида бирка тизими талабларига риоя этиш лозим.
430. Иккиламчи совутиш зонаси тортувчи шамоллатгич билан жиҳозланган ва девори иссиқликдан изоляцияланган алоҳида хонага ажратиб жойлаштирилган бўлиши лозим.
Металл қуйиш вақтида иккиламчи совутиш зонаси жойлашган хонага олиб борувчи эшиклар қулфлоғлиқ бўлиши керак.
Иккиламчи совутиш зонасига хизмат кўрсатиш учун майдонча ва зинапоялар ўрнатилган бўлиши керак.
431. Иккиламчи совутиш зонаси пастида жойлашган технологик ускуна то тортувчи қурилмаларгача, қурилмаларнинг ўзи ҳам, оловбардош деворли хонага ўрнатилиши лозим. Хизмат кўрсатувчи ходимларнинг металл қуйиш пайтида бу хонага киришига йўл қўймаслик керак.
432. ТУҚМ телефон ва баланд товушли алоқа, сигнализация ҳамда зарур бўлса, алоҳида агрегатларнинг ишини кузатиш учун телевизион қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
433. ТУҚМ сининг барча ёпиқ бошқарув пультлари мўътадил ҳаво билан таъминланган ва товушдан изоляция қилинган бўлиши керак.
434. ТУҚМ сининг бошқарув пультида кристаллизаторни совутиш учун ва иккиламчи совутиш зонасига келаётган сувнинг миқдори ва ҳароратини назорат қилувчи асбоблар бўлиши керак.
435. Кристаллизаторни мойлаш механизациялашган бўлиши керак.
ТУҚМ механизмлари марказлаштирилган мойлаш тизимига эга бўлиши керак. Кристаллизаторда юзаси шлак билан қопланган металл билан ишлаш пайтида барча қўлланиладиган аралашмалар ташкилотнинг технологик йўриқномасига мувофиқ қуритилган ёки қиздирилган бўлиши лозим.
436. Кристаллизатор ва иккиламчи совутиш зонасининг совутиш тизимида асосий тизим узилиб қолганда авариявий тарзда сув билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиши керак.
Кристализатор ва иккиламчи совутиш зонасига сув келиши тўхтаб қолган ёки камайган пайтда ТУҚМ ни бошқарув пультига автоматик равишда товуш ва ёруғлик сигнализацияси берилиши ҳамда пўлат қуйиш дарҳол тўхтатилиши лозим.
Кристаллизаторнинг ички бўшлиғи нам бўлмаслиги керак.
437. Кристаллизатор ва иккиламчи совутиш зонасининг совутиш тизимига сув берилишидан олдин пўлат қуйиш жараёнини бошлаб юбориш мумкин эмас.
438. Кристаллизаторда ҳосил бўлаётган танавор узилмаслиги ва кристаллизатордан чиққан танавордан суюқ металл ёриб чиқмаслиги учун қуйидаги талабларга риоя қилиш лозим:
а) танавор осилиб қолмаслиги учун кристаллизатор илгарилама-қайтма ҳаракат қилиши керак;
б) тортувчи қурилмалар кристаллизатор технологик йўриқномада кўзда тутилган сатҳгача металл билан тўлдирилгандан сўнг ишга туширилиши лозим;
в) тортувчи қурилмаларни ва кристаллизаторнинг тебратиш механизмини равонлик билан ишга тушириб тезликни аста-секин ошириб бориш керак; танаворни кристаллизатордан тортиш тезлиги технологик йўриқномада белгиланган бўлиши лозим;
г) танаворларнинг иккиламчи совутиш тизими уларни бир текисда совушини таъминлаши керак.
Иккиламчи совутиш зонасидаги таянч элементларининг конструкцияси ферростатик босим таъсирида танавор қобиғининг дўппайиши ва узилишидан сақлаши керак.
439. Чиқариш мосламаси (затравка)ни кристаллизаторга киритиш жараёни механизациялашган бўлиши ва ташкилотнинг техник қурилмалардан фойдаланиш йўриқномасига биноан амалга оширилиши лозим.
440. Қуйиш майдончасидаги ТУҚМ ни бошқарув пульти алоҳида хонада жойлашган бўлиши, қуйиш майдончаси иккита чиқиш эшигига эга бўлиши ва иссиқлик нурланиши таъсиридан муҳофазаланган бўлиши керак. Пост деразаларига иссиқлик қайтарувчи қопламали тобланган ойналар солинган ва металл тўр билан ҳимояланган бўлиши керак.
Бошқариш постининг ўрни машинада бажарилаётган операциялар яхши кўринишини таъминлаши лозим.
Металл қуйиш вақтида бошқариш пости ва кристаллизатор ўртасига кўчма экран ўрнатилиши лозим.
441. ТУҚМ қуйиш майдончасининг полига ўтга чидамли ғиштлар терилган бўлиши ва атрофи панжарали тўсиқ билан муҳофазаланган бўлиши керак. Қуйиш майдончасида камида иккита чиқиш жойи бўлиши керак.
442. Қуйиш майдончасида иш ўринларини ҳаво билан шамоллатиш қурилмалари бўлиши лозим.
443. Қуйиш жараёни тугагандан сўнг оралиқ ковшлардаги шлак қуруқ сиғимларга тўкилиши керак. Оралиқ ковшлар футеровка қилинган қопқоқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
444. Пўлат қуйиш ковшидан металлни авариявий тарзда тўкиш учун барча суюқ металл сиғадиган авариявий идишлар бўлиши лозим.
Оралиқ ковшдан металл ва шлакни авариявий тарзда тўкиш учун металл ва шлакни қабул қиладиган футеровкали сиғимлар бўлиши керак.
445. Газ билан кесишни бошқариш постлари иссиқликдан изоляцияланган деворли хоналарга жойлаштирилган бўлиши ва иссиқликдан ҳимояловчи ойнали кузатиш дарчаларига эга бўлиши лозим.
446. Газ билан кесувчи кескичлар сув билан совутилиши керак.
Кескичларни аравачага маҳкамлаш мосламаси уларни ускуна ишидаги қисқа муддатли танаффусларда таъмирлаб олиш учун исталганини қулай ва хавфсиз ечиб олиш имконини таъминлаши керак.
447. Танаворни машинадан чиқариб берадиган кўтаргич ишлаётган пайтда унинг ҳаракат ҳудудига хизмат кўрсатувчи ходимлар кирмаслиги учун тўсиқ ўрнатилган бўлиши лозим.
448. Танаворларни йиғиштириш ва юклаш, шунингдек куюндини йиғиштириб олиш механизациялашган бўлиши керак.
449. ТУҚМ си авариявий ёритиш билан таъминланган бўлиши лозим.
450. ТУҚМ сининг насос-аккумулятор станциялари алоҳида хоналарда жойлашган бўлиши керак.
451. Насос-аккумулятор станциялари ёнғин хавфсизлиги меъёрлари талабларига мос бўлиши ва мой учун оқиб тушиш жойига ёки тўплагичга эга бўлиши керак.
452. Насос-аккумулятор станцияларида ўрнатилган сиғимлар тузилиши ва ишлатилиши «Босим остида ишлайдиган идишларни тузилиши ва бехатар ишлатиш қоидалари» (ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2011 й. 23-декабрдаги 6-24/11-13112/6-сонли хулосаси билан техник ҳужжат деб топилган) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
453. Қуйидаги ишларни амалга ошириш мумкин эмас:
а) сув оқаётган ва иш бўшлиғида йирик (3 mm дан катта) ёриқларга эга бўлган кристаллизаторга металл қуйиш;
б) кристаллизатор ва иккиламчи совутиш зонасидаги сув сарфини, қуймани тортиш тезлигини кўрсатувчи асбоблар носоз бўлганда металл қуйиш;
в) кўтарилган кўтариш-буриш стенди остида ҳамда пўлат қуйиш ва оралиқ ковшлари тагида иш бажариш;
г) пўлат қуйиш ковши стендини ва оралиқ ковш аравачасини силжитиш;
д) кристаллизаторни тебратиш механизмлари носоз бўлганда металл қуйишни бошлаш ва давом эттириш;
е) кристаллизатор ва иккиламчи совитиш зонасига сув берилиши тўхтаганда металл қуйишни давом эттириш.
ХII-БОБ.
СУЮҚ МЕТАЛЛГА ПЕЧДАН ТАШҚАРИДА ИШЛОВ БЕРИШ
454. Суюқ металлга печдан ташқарида ишлов бериш ускуналарини бошқариш ва технологик жараёнларни визуал кузатиш «Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари» (ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2009 й. 28-майдаги 20-15-195/12-сонли хулосаси билан техник ҳужжат деб топилган) талабларига жавоб берадиган бошқариш пульти, постларидан амалга оширилиши лозим.
455. Автоматизация, ишлаб чиқариш сигнализацияси ва алоқа воситалари, блокировка қурилмалари лойиҳа ҳужжатларига, монтаж ҳамда ишлатиш йўриқномасига мувофиқ бўлиши, шунингдек «Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари» (ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2009 й. 28-майдаги 20-15-195/12-сонли хулосаси билан техник ҳужжат деб топилган) ва мазкур Қоидалар талабларига жавоб бериши лозим.
456. Ускуналарни лойиҳалаш пайтида уларни механизациялашган усулларда таъмирлаш кўзда тутилиши керак.
Профилактик кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишлари ушбу Қоидаларнинг 601 — 616-бандлари талабларига мувофиқ ўтказилиши лозим.
457. Ускунани ишга ҳозирлаш, ишларни бажариш ва тугатиш, мумкин бўлган авария вазиятларида технологик жараёнларни бехатар олиб бориш чоралари ва бу вазиятда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хатти-ҳаракатлари, шунингдек шлак, скрап ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини йиғиштириш пайтида кўриладиган хавфсизлик чора-тадбирлари ташкилотнинг тегишли йўриқномаларида белгилаб қўйилиши керак.
458. Корхоналарда аргон (азот) ишлаб чиқарилмаса ва аргон (азот)нинг цех магистраллари бўлмаса, баллонларга тўлдирилган газсимон аргон(азот)дан фойдаланиш керак.
Аргон (азот)ни марказлаштирилган усулда узатиш учун тақсимлаш қурилмаси (рампаси) қурилган бўлиши керак, ундан аргон (азот) истеъмол қилинадиган жойларга узатилиши лозим.
Аргон (азот) истеъмол қилиш участкаларида ўра, чуқурлик, сиғимлар мавжуд бўлса, уларга ходимларнинг кириш тартиби ташкилотнинг тегишли йўриқномасида белгилаб қўйилиши керак.
459. Суюқ металлнинг ҳароратини ўлчаш ва ундан намуна олиш масофадан туриб бошқариладиган махсус қурилма ёрдамида амалга оширилиши лозим. Қурилма вақтинча носоз бўлса, бу операцияларни ташкилотнинг технологик йўриқномасига риоя қилиб қўлда бажариш керак.
460. Иш гази мой билан алоқада бўладиган гидротизимларда иш гази таркибидаги кислороднинг энг кўп рухсат этилган миқдори тегишли йўриқномада белгилаб қўйилиши лозим.
461. Ўзи тўкадиган контейнер ва пневмоҳайдагичларга юкланадиган ҳамда суюқ металлга киритиладиган ферроқотишма ва бошқа кукунсимон материаллар қуритилган бўлиши керак.
462. Ковшни тўлдириш баландлиги ва қўшилмаларнинг умумий миқдори печдан ташқарида ишлов бериш пайтида металл ва шлакнинг чайқалиб сочилишини истисно қилиши лозим.
463. Газ ёрдамида суюқ металлни пуфлаш ускуналари қуйидагилар: газ қувурларини ёпиб-очадиган ва ростловчи арматура, газ сарфи ва назорат қилиш асбоблари, сигнализация ва алоқа воситалари билан жиҳозланиши лозим.
464. Газ қувурлари (аргон, азот, табиий газ) иссиқлик нурланиши таъсиридан изоляция қилинган ва суюқ металл, шлак сачрашидан ҳамда механик шикастланишлардан ҳимояланган бўлиши лозим.
465. Пуфлаш жараёнини бошлашда газ қувуридаги газ босими лойиҳа ҳужжатларида энг кам рухсат этилган кўрсаткичдан паст бўлмаслиги керак.
466. Суюқ металлни газлар ёрдамида пуфлаш фурмалари қуритилган ва технологик йўриқномада белгилаб қўйилган ҳароратгача махсус печда иситилган бўлиши керак.
467. Суюқ металлни пуфлаш участкасига оксидсизлантирувчи ва легирловчи материалларни конвейер транспорти ёки контейнерларда етказиб бериш керак.
468. Суюқ металлни пуфлаш режими, оксидсизлантирувчи, легирловчи материалларни киритиш, совитувчи элемент (қуйма ва ҳоказо)ни тушириш, фурма ва совитувчи элементни бехатар алмаштириш усуллари ташкилотнинг технологик йўриқномаларида кўзда тутилган бўлиши лозим.
469. Туб орқали пуфлаш фурмаларининг конструкциялари уларни ковш тагига мустаҳкам ва жипс маҳкамланишини таъминлаши ҳамда суюқ металлнинг ёриб чиқиш имконини истисно қилиши керак.
Барча болтли, шпонкали ва понали бирикмалар ўз-ўзидан бўшаб кетиш ва ейилишдан муҳофазаланган бўлиши лозим.
Пуфлаш фурмаларини маҳкамлаш учун қўлланилган пона ва болтларнинг ҳолатини вақти-вақти билан текшириб туриш керак.
470. Эритмани қабул қилиш учун ковшни қўйишдан олдин табиий газдан фойдаланилса, туб фурмаси орқали кираётган газ босими ёки тезлигининг катталиги ковшда газ тўпланишини истисно қилиши ва ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилиши керак.
Туб фурмасидан кираётган табиий газ фурмадан узилмай ёнаётган аланга кўринишида бўлиши керак.
471. Пуфлаш пайтидаги газ босими ковшдаги суюқ металлнинг ферростатик босимидан катта бўлиши ва металл ҳамда шлакни чайқалиб сочилишини истисно қилиши лозим.
472. Эритма чиқарилаётганда фурмалардаги газ босимини ошириш тезлиги пуфлаш фурмаларига суюқ металл кириб кетишини истисно қилиши ва технологик йўриқномада кўрсатилган бўлиши лозим.
473. Фурмалар газ (аргон, азот, табиий газ) қувурларига уланмаган бўлса, тубига фурма ўрнатилган пўлат қуйиш ковшларига эритмани қуймаслик керак.
474. Порциялаб вакуумлаш ускунаси механизмларнинг бехатар режимларда ишлашини ва уларнинг ҳолатини мнемосхемада қайд этилишини ҳамда назорат қилинадиган параметрлар лойиҳада берилган кўрсаткичлардан четга чиққан пайтда уларни автоматик тарзда ўчирилишини таъминловчи бошқариш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.
475. Пўлат ташигич ва вакуум камерасининг кўчма платформаларини ҳаракатлантириш механизмлари блокировка қурилмасига эга бўлишлари лозим. Блокировка қурилмаси вакуум камерасидаги сўриш найининг учи пўлат ташигичга ўрнатилган пўлат қуйиш ковшининг юқори қирраси сатҳи билан баравар ёки ундан пастроқда бўлганда пўлат ташигичнинг ҳаракатлантириш механизми юритилишини истисно қилиши лозим.
476. Кўчма платформани ҳаракатлантириш механизми вакуум камерасидаги босим атмосфераникидан паст бўлганда, суюқ металлдан сўрувчи най чиқарилишига йўл қўймайдиган блокировка тизими билан жиҳозланиши керак.
477. Ускуналар механизмини таъминлаш манбалари схемасида қуйидаги ҳоллар учун ускуна юритилишини истисно қилувчи блокировка қурилмаси кўзда тутилиши керак:
а) газ-совутгич орқали ўтаётган сув сарфи лойиҳа ҳужжатларида энг кам рухсат этилганидан пасайиб кетса;
б) газ совутиш тизимидаги захира насос носоз бўлса;
в) газ-совутгичда сув пайдо бўлса.
478. Газ-совутгич вакуум камераси совугандан сўнг ўчирилиши керак. Вакуум камерасидаги ҳарорат ҳосил бўлаётган конденсатнинг алангаланиш ҳароратидан паст бўлиши керак.
479. Газ-совутгични чангдан вакуумлаш жараёни тугагандан ва вакуум камерасига азот тўлдирилгандан кейин тозалаш лозим.
480. Совутиш тизими берилган совутиш параметрлари бузилгани ва ускуна механизмларини таъминлаш манбаси ўчирилгани тўғрисида автоматик равишда ёруғлик ва товуш сигнали берадиган сув ҳарорати ва оқими датчиклари билан жиҳозланган бўлиши керак.
Сув узатиш авариявий равишда тўхтаган ҳоллар учун совутиш тизимида захира сув таъминоти кўзда тутилган бўлиши лозим.
481. Вакуум камерасининг янгидан футеровка қилинган найи қуритилган ва ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгиланган иш ҳароратигача қиздирилган бўлиши керак.
Вакуум камераси найини тушириш тезлиги оптимал ва шлак-ажратгичнинг (эриб кетмасдан) шлак қатламидан вакуумга зиён етказмай ўтиши учун етарли бўлиши керак.
482. Порциялаб вакуумлаш участкасига ферроқотишмалар контейнерда ёки конвейер транспорти воситасида берилиши лозим.
483. Вакуум камерасини герметиклаш ишлари қуйидаги тартибда бажарилиши керак:
а) қумли очиб-ёпгич (затвор)га най ўрнатилгандан ва вакуум камераси азот ёки аргон билан атмосфера босимигача тўлдирилгандан сўнг;
б) вакуум камерасини ҳаракатлантириш ва буриш механизмларини бошқариш электр схемаси ўчирилгандан кейин ва калит-бирка ускунани бехатар ишлатилишига жавобгар шахсда бўлса.
484. Буғэжектор насосини бошқариш электр схемасида қуйидаги ҳолларда насоснинг тўхтатишини таъминловчи блокировка тизими кўзда тутилган бўлиши лозим:
а) буғ босими ва ҳарорати белгиланган кўрсаткичдан ортиқ кўтарилган;
б) совутиш суви ҳарорати лойиҳа ҳужжатларидаги энг кўп белгиланган даражадан ошиб кетган;
в) электр энергияси узатилиши тўхтаган;
г) буғ ва сув қувур ўтказгич ҳамда арматураларининг бутунлиги бузилган.
485. Электр иситгичнинг графитли электродлари қуйидаги тартибда алмаштирилиши керак:
а) вакуумлаш жараёни, вакуум камерасини азот ёки аргон билан пуфлаш тугагандан ва най қумли очиб-ёпгичга ўрнатилгандан сўнг;
б) вакуум камерасини ҳаракатлантириш ва электр иситиш механизмларини бошқариш электр схемаси ўчирилгандан кейин ва калит-бирка ускунани бехатар ишлатилишига жавобгар шахсда бўлса.
486. Порциялаб вакуумлаш ускуналари чиқиб кетаётган газларни, шу жумладан углерод оксидини ҳам тўлиқ ёндирувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлишлари лозим.
487. Циркуляцияли вакуумлаш ускуналарига ушбу Қоидаларнинг 465, 478 — 486-бандлари талаблари тааллуқлидир.
488. Циркуляцияли вакуумлаш ускуналарининг бошқариш тизими механизмлар ҳолатини мнемосхемада қайд этиб, уларнинг бехатар режимларда ишлашини ва назорат қилинадиган параметрлар берилган кўрсаткичлардан четга чиққан пайтда уларни автоматик тарзда ўчирилишини таъминлаши керак.
489. Ускунанинг вакуум камераси босим 0,01 МРа (0,1 kgf/сm2) бўлганда ишлаб кетадиган сақловчи клапан билан жиҳозланган бўлиши керак.
490. Пўлат ташигични ва вакуум камерасининг кўчма платформасини ҳаракатлантирувчи механизмларга ўрнатилган блокировка тизими вакуум камерасининг келтирувчи ва олиб кетувчи қувурлари учи пўлат ташигичга ўрнатилган пўлат қуйиш ковшини юқориги чеккасига тенг ёки ундан пастроқ бўлганда пўлат ташигични ҳаракатлантирувчи механизм ишга тушишини истисно этиши лозим.
491. Пўлат ташигични ёки вакуум камерасининг кўчма платформасини ҳаракатлантириш механизмларига ўрнатилган блокировка тизими вакуум камерасидаги босим атмосфераникидан паст бўлганда суюқ металлдан келтирувчи ва олиб кетувчи қувурларнинг чиқарилишини истисно қилиши лозим.
492. Ташувчи газ (аргон) келтирувчи қувурга зангламайдиган пўлатдан ясалган бир нечта қувурчалар ёрдамида узатилиши ва қувурчалар тиқилиб қолганда ташувчи газ узатилиши тўхтаб қолмаслиги учун ҳар бир қувурчанинг ўзида алоҳида ростлаш мосламаси бўлиши керак.
493. Суюқ металлга оксидсизлантирувчи ва легирловчи материалларни киритиш титрама тарновли вакуум шлюзи орқали амалга оширилиши лозим.
494. Суюқ металлни циркуляцияли вакуумлаш ускуналари газни назорат қилиш ва сарфини ўлчаш асбоблари, газ қувурларига ўрнатилган ёпиб-очувчи ва ростловчи арматура билан жиҳозланган бўлиши керак.
495. Вакуумли углеродсизлантириш ва ковшни вакуумлаш ускуналарининг бошқариш тизими механизмлар ҳолатини мнемосхемада қайд этиб, уларнинг бехатар режимларда ишлашини ва назорат қилинадиган параметрлар лойиҳавий (берилган) кўрсаткичлардан четга чиққанда уларнинг ишлашини автоматик тарзда ўчишини таъминлаши керак.
496. Ускуна камераси ёпилаётган пайтда пўлат эритувчи унда ишловчилар йўқлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
497. Ускуна камерасида вакуум кескин тушиб кетган ҳолатда у вакуумнинг тушиб кетиш сабаблари аниқланиб ва улар бартараф этилгунча ўчириб қўйилиши керак.
498. Тигелдан металл оқиб чиққанда ускуна ўчирилиши ва суюқ металл қолипга қуйилиши керак. Ускунани очишдан аввал уни инерт газ билан тўлдириш зарур. Ускунани фақат металл совугандан (қорайгандан) сўнг аста-секин ҳаво билан тўлдириш лозим.
499. Эритиш жараёни ва эритишлар орасидаги танаффус пайтида технологик зарурият юзасидан вакуум камерасига ҳаво киритиш тартиби, шунингдек камерани герметиксизлантириш тартиби ташкилотнинг технологик йўриқномаларида белгилаб қўйилиши лозим.
500. Кислород фурмасини ҳаракатлантириш механизмига ушбу Қоидаларнинг 236, 312, 313-бандлари талаблари тааллуқлидир.
501. Суюқ металл қуйилган ковшга вакуум остида оксидсизлантирувчи ва легирловчи материалларни фақат вакуум шлюзи орқали киритиш, унинг конструкцияси тизимдаги вакуум сақланишини таъминлаши лозим.
502. Вакуум камерасининг қопқоғи ён тарафга сурилиб очилиши керак.
Вакуум камераларидаги қайтарма типдаги қопқоқлар уларнинг ўз-ўзидан ёпилиб қолишини истисно қилувчи мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Камера қопқоқлари иссиқликдан изоляция қилинган бўлиши керак.
503. Вакуум камераси тубига, яъни ковш тагига металл остдон (ўрнаткич мослама) ўрнатилган бўлиши керак.
504. Вакуумлаш пайтида вакуум очиб-ёпқичи аста-секин очилиши лозим.
505. Ковшдан ковшга қуйилаётган пўлат оқими вакуумланса, пўлат қуювчи учун мўлжалланган майдончанинг ковш тарафи панжара баландлигида иссиқликдан ҳимояловчи яхлит тўсиқ билан жиҳозланган бўлиши керак. Майдончанинг икки тарафига қиялик бурчаги 45 даражали зиналар ўрнатилиши лозим.
506. Вакуум насосларининг хонаси келтирувчи-тортувчи шамоллатиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши керак.
Насос хонасига вакуумлаш жараёнига алоқадор бўлмаган ускунани жойлаштириш мумкин эмас.
507. Вакуум насосларининг тортиш қувури тегишли норматив-техник ҳужжатларда кўзда тутилган баландликка чиқарилган бўлиши лозим.
508. Суюқ металлга кукунсимон материалларни пуркаш ускуналари аргон қувурларига ўрнатилган ёпиб-очувчи ва ростловчи арматура, аргон, кукунсимон материаллар босими ва сарфини назорат қилиш асбоблари, сигнализация ва алоқа воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
509. Материалларни ускунага ўзи тўкадиган герметик контейнерларда етказиб бериш керак.
Контейнерларда материал номи, унинг маркаси, уста фамилияси, унинг имзоси ва кукун ишлаб чиқарилган сана кўрсатилган ёрлиқ ёпиштирилган бўлиши лозим.
510. Кукунсимон материалларни контейнерга юклаш механизациялашган бўлиши ва инерт атмосферада бажарилиши керак.
511. Пневмо-ҳайдагичга юкланаётган кукунсимон материалларнинг миқдори суюқ металлни пуфлаш учун зарур бўлган бир марталик меъёрдан ортиқ бўлмаслиги лозим.
512. Суюқ металлга кукунсимон материалларни пуркаш бўйича операцияларни бажариш тартиби ташкилотнинг технологик йўриқномасида қатъий белгилаб қўйилиши керак.
513. Пневмоҳайдагичга кукунсимон материалларни юклашдан аввал аргон билан пуфлаб тозалаш керак.
514. Суюқ металлга кукунсимон материаллар билан ишлов бериш жараёни бошқарув пультидан бошқарилиши лозим.
515. Ускунада ишлашга қуйидаги ҳолатларда йўл қўймаслик керак:
а) кукунсимон материалларни узатиш тизимининг герметиклиги бузилганда;
б) пневмоҳайдагичдаги босим лойиҳа ҳужжатларида белгиланган энг катта кўрсаткичдан ошиб кетса;
в) фурма соплоси пайвандланиб қолган ёки носоз бўлса;
г) кукунсимон материалларни пуркаш вақтида аргон берилиши тўхтаган бўлса;
д) фурмани кўтариш ва тушириш механизми ишдан чиққан бўлса;
е) чанг ва газни тутиш тизими ишламаётганда.
516. Пневмоҳайдагич ва узатиш трактидан кукунсимон материалларни цех атмосферасига пуфлаб тозалаш мумкин эмас.
517. Юклаш контейнери ва пневмоҳайдагични бириктирувчи конструкция герметикликни таъминлаши лозим.
518. Суюқ металлга сим ёки кукунсимон сим (кейинги ўринларда сим) кўринишидаги оксидсизлантирувчи модда ва модификаторларни киритиш механизациялашган бўлиши керак.
519. Симни киритиш ускуналари (трайб-аппарат ва ҳоказолар) симни тортиш механизмлари ва киритиш тезлигини ўлчовчи асбоблар, шунингдек йўналтирувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
520. Суюқ металлга сим кўринишидаги оксидсизлантирувчи моддалар ва модификаторларни киритиш тезлиги сим маркаси ва таркибига боғлиқ ҳолда технологик йўриқномада қатъий белгилаб қўйилиши керак. Бу тезлик катталиги ковшдаги суюқ металлнинг юқори қатламларида оксидсизлантирувчилар ва модификаторлар таркиби эриши, буғланишини ҳамда цех атмосферасига буғланиш маҳсулотлари тушишини истисно қилиши лозим.
521. Сим кўринишидаги оксидсизлантирувчи модда ва модификаторларни киритиш жараёни масофадан туриб бошқарилиши керак.
522. Чалкашиб кетган сим ўрамаларидан фойдаланмаслик лозим.
523. Суюқ металлга комплекс ишлов бериш агрегатлари учун мазкур Қоидаларнинг 248, 254, 255, 259, 261, 262 — 265, 286 — 300, 315 — 323, 326, 454 — 457, 459 — 467, 469 — 473, 509 — 522-бандларидаги талаблар тааллуқлидир.
524. Суюқ металлга комплекс ишлов бериш агрегатларининг бошқариш тизими механизмлар ҳолатини мнемосхемада қайд этиб, уларнинг бехатар режимларда ишлашини ва назорат қилинадиган параметрлар берилган кўрсаткичлардан четга чиққанда автоматик тарзда ўчишини таъминлаши керак.
525. Суюқ металлга комплекс ишлов бериш операцияларини бажариш тартиби технологик йўриқномада белгилаб қўйилиши лозим.
526. Ковшларга тўлдирилган суюқ металлнинг сатҳи уларнинг юқори қиррасидан 400 mm паст бўлиши керак.
Ковшнинг юқори қиррасидан ундаги суюқ металл сатҳигача бўлган масофа 400 mm дан кам бўлса, бундай ковшни комплекс ишлов беришга узатиш мумкин эмас.
527. Тубдан пуфлаш фурмаларини очиш учун зарур бўлган инерт газ (азот, аргон) босимининг энг юқори миқдори ташкилотнинг технологик йўриқномасида белгилаб қўйилиши лозим.
528. Пўлат ташигични ҳаракатлантириш ва суюқ металлга комплекс ишлов бериш агрегати гумбазини кўтариш механизмларининг блокировка қурилмаси электродларнинг пастки учи пўлат ташигичга ўрнатилган пўлат қуйиш ковшининг юқори қиррасига тенг ёки ундан пастроқда бўлганда, шунингдек ковш қопқоғи (гумбази) кўтарилмагунча пўлат ташигични ҳаракатлантирувчи механизмлар ишга тушишини истисно қилиши лозим.
529. Чиқаётган газларни олиб кетиш тизими газларнинг ковш қопқоғи остидан четга чиқиб кетишига йўл қўймаслиги керак.
530. Қопқоқ (гумбаз)ни тушириш жараёни ковшни ҳаракатлантирувчи механизм билан блокировка қилинган бўлиши керак.
531. Ишлов бериш жараёнида суюқ металлга сочилувчан, легирловчи материаллар ва оксидсизлантирувчи моддаларни бериш механизациялаштирилган ва автоматлаштирилган бўлиши керак.
XIII-БОБ.
САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ
532. Пўлат эритиш цехларини лойиҳалаш, қуриш, техник қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишда СанҚваМ 0271-09 сонли «Қора металлургия корхоналари учун санитария қоидалари», шунингдек амалдаги саноат ташкилотларини лойиҳалаш санитария нормалари, қурилиш меъёрлари ва қоидалари ҳамда ушбу Қоидалар талабларига риоя этиш лозим.
533. Пўлат эритиш цехларида ШНҚ 2.09.04-09 «Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолар»га мувофиқ санитария-маиший хоналар кўзда тутилган бўлиши лозим.
534. Ишлаб чиқариш жараёнлари бажарилаётганда иш ҳудудида пайдо бўладиган зарарли ишлаб чиқариш омилларини бартараф этиш ёки чегаравий рухсат этилган миқдорларгача камайтириш учун ишловчилар ГОСТ 12.4.011 ва бошқа тегишли давлат стандартлари бўйича жамоавий техник ҳимоя воситалари ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишлари керак.
535. Пўлат эритиш цехларининг ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолари иш ҳудуди ҳавосидаги зарарли моддалар, шовқин, тебранишнинг миқдорини ГОСТ 12.1.005 ҳамда тегишли санитария қоида ва меъёрларида белгиланган чегаравий миқдорларгача пасайтирилишини таъминловчи иситиш, шамоллатиш, аспирация ва ҳавони мўътадиллаш тизимлари билан жиҳозланиши лозим.
536. Ишлаб чиқариш цехларининг иш ҳудудларидаги ҳарорат, намлик ва ҳаво ҳаракати тезликларининг рухсат этилган ўзаро мослашуви СанҚваМ 0203-06 сонли «Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлимининг санитария меъёрлари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
537. Пўлат эритиш цехларининг ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бино ҳамда хоналаридаги табиий ва сунъий ёритиш, шунингдек, авариявий ёритиш ҳам ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш», «Электрускуналарни ўрнатиш қоидалари» (ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2004 й. 27-февралдаги 20-15-62/24-сонли хулосаси билан техник ҳужжат деб топилган) талабларига мос бўлиши лозим.
538. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳаво юбориш-тортиш вентиляцияси ва аспирация воситаларининг узлуксиз ишлаши таъминланиши ва ушбу тизимлар амалдаги Корхоналарда вентиляция тизимини хавфсиз ишлатиш бўйича намунавий йўриқнома НЙ-ВТ-94 ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.
539. Бинонинг сув ўтказиш ва канализация тизимлари ҚМҚ 2.04.01-98 «Биноларнинг ички сув ўтказгич ва канализациялари» талабларига жавоб бериши лозим.
540. Товуш даражаси ёки товуш даражасига эквивалент 80 dB дан юқори бўлган ҳудудларга ГОСТ 12.4.026 талабларига мувофиқ хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши керак. Ушбу ҳудудларда ишловчилар тегишли шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.
541. Радиоактив моддалар ва бошқа ионловчи нурланиш манбалари қўлланиладиган техник қурилмаларни ишлатиш амалдаги СанҚваМ 0193-06 сонли «Радиация хавфсизлиги қоидалари ва санитария меъёрлари», РХМ-2006 «Радиация хавфсизлиги меъёрлари», РХТАСҚ-2006 «Радиация хавфсизлигини таъминловчи асосий санитария қоидалари» талаблари ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган технологик йўриқномаларда аниқлаб қўйилиши керак.
542. Пўлат эритиш цехларида радиоактив препаратларини ўрнатиш усули ва тартиби олдиндан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши керак.
543. Радиоактив изотопларни танлаш ва ўрнатиш ишлари таъмирлаш чоғида ўрнатилган моддаларнинг фаоллиги рухсат этилган меъёрлардан ортиқ бўлмаслиги учун препаратнинг хизмат вақти, ўрнатиш жойини ҳисобга олган ҳолда бажарилиши лозим.
Радиоактив изотопнинг ярим емирилиш муддати тугагунча ўрнатиш жойини таъмирлаш зарурати туғилганда махсус ҳимоя чора ва воситалари (ҳимоя экрани, материалларни чиқариш учун манипулятор ва ҳоказолар) қўлланилиши керак.
544. Радиоактив препаратлар ўрнатилган жойдан чиқиши мумкин бўлган барча турдаги радиоактив нурланишлар тегишли дозиметрик асбоблар билан назорат қилиниши керак.
545. Иш ўринларида радиоактив изотопларнинг бўлиши ва сақланиши ман этилади.
546. Корхоналарда ишловчи ходимлар сони бўйича тиббий пунктлар, фельдшерлик соғлиқни сақлаш пунктлари ёки шифокорлик соғлиқни сақлаш пунктлари ШНҚ 2.09.04-09 «Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолар»га мувофиқ ташкил этилган бўлиши керак. Пунктни ташкил этиш ва унинг ускуналари маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари билан келишилади. Ҳар бир маиший хонада биринчи тиббий ёрдам аптечкалари бўлиши керак.
547. Аптечкаларда дори-дармонлар мавжудлиги ва уларнинг тўплами тўлиқлиги устидан кузатишни цех (бўлинма) бошлиғи ва соғлиқни сақлаш пункти ходимлари олиб боришлари лозим.
XIV-БОБ.
ЎТГА ЧИДАМЛИ МАТЕРИАЛЛАРНИ САҚЛАШ ВА ЕТКАЗИБ БЕРИШ
548. Ўтга чидамли маҳсулот ва материаллар (печ ва ковшларни таъмирлаш учун ғишт, сифон жиҳозлари, ковшлар учун стаканлар, бекитгич учун тиқинлар, шиберли очиб-ёпқичлар учун плиталар, магнезит ва доломит) махсус ёпиқ омборларда сақланиши лозим.
Ўтга чидамли материалларни очиқ майдончаларда фақат контейнерларда сақлаш керак.
549. Ўтга чидамли материалларни омборга тушириш ва уларни цех биноси ҳамда таъмирлаш ўтказилаётган жойларга етказиб бериш механизациялаштирилган бўлиши керак.
550. Цехларда кундалик сарф учун мўлжалланган ўтга чидамли материаллар ушбу материаллар ишлатиладиган жойларга имкон борича яқин бўлган, махсус ажратилган майдончаларга тахланиши лозим.
551. Қуйиш майдончалари остига ускуна ва ўтга чидамли материалларни тахлашга йўл қўймаслик керак.
552. Ўтга чидамли материаллар текис майдончаларга тахланиши керак. Штабелнинг баландлиги 1,5 m дан кўп бўлмаслиги, уларнинг орасидаги ўтиш йўлакларининг эни 1 m дан кам бўлмаслиги керак.
Ўтга чидамли материаллар юкланган контейнерларни уч қаватдан баланд қилмай тахлаш керак.
Сифон жиҳозлари махсус стеллажларда сақланиши лозим.
553. Мартен печининг иш майдончаси остида ўтга чидамли материалларни печнинг навбатдаги таъмирланиш эҳтиёжидан ортиқ бўлмаган миқдорда сақлаш керак.
Очиб-ёпувчи қурилмаларнинг яқинида ўтга чидамли материалларни сақлаш мумкин эмас.
Ковш, тарнов ва печ қопқоқларини таъмирлаш учун ишлатиладиган ўтга чидамли материалларни иш майдончалари остидаги бўш оралиқларда сақлаш мумкин.
554. Ғиштлар автоюклагичларда ташилганда ғишт пакетлари тагликларга, донабой ғиштлар эса остига паншахали тутқичлар кира оладиган тагдонларга терилиши лозим.
Цех ичида ҳаракатланаётган автоюклагичнинг тезлиги 4 km/h дан ошмаслиги керак.
Ўтга чидамли материалларни тахлаш тартиби ҳайдовчига ҳаракат йўли кўринишини таъминлаши керак.
ХV-БОБ.
ШЛАК ҲОВЛИЛАРИ, ШЛАКНИ ДАСТЛАБКИ ҚАЙТА ИШЛАШ БЎЛИНМАСИ
555. Янги қурилаётган шлак ҳовлилари ёрдамчи ва маиший бинолар, шунингдек йўлак ва транспорт юрадиган йўллардан узоқроқ ҳудудда жойлашган бўлиши лозим.
556. Шлак ташигичнинг лафети ковш ағдарилиши бошланишидан аввал уни ағанаб кетишига йўл қўймайдиган мослама билан маҳкамланиши керак.
557. Шлак ҳовлисида темир йўл бўйлаб эни камида 1 m ли бемалол ўтиш йўлаклари бўлиши лозим.
558. Шлак ҳовлисига кириш жойида яшил ва қизил рангли чироқлардан иборат ёруғлик сигнализацияси ўрнатилган бўлиши, бу чироқлар ташкилотнинг тегишли йўриқномаси талабларига мувофиқ ёқилиши керак.
559. Шлак ҳовлисида ҳаракатланаётган темир йўл транспортининг тезлиги 4 km/h дан ортиқ бўлмаслиги лозим.
560. Шлак ташигичлар автоулагич ва белгиланган энг чекка ҳолатга келганда ковш ағдарилишини тўхтатувчи чеклагичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
561. Шлак ташигичлар шлак тўкиладиган майдончага қўйилгандан сўнг локомотив шлак ҳовлиси ташқарисига чиқариб юборилиши керак.
562. Шлак ковшларини ағдаришдан аввал қотиб қолган шлакнинг қобиғи босиб синдирилиши, шунингдек шлак ўрасида намлик йўқлиги текширилиши лозим.
563. Шлак ковшларини ағдаришдан аввал баланд товушли сигналлар берилиши, шундан сўнг барча ходимлар муҳофазаланган жойга чиқарилиши, кран эса хавфсиз жойга ўтказилиши лозим.
564. Суюқ шлак ўрага бир текис оқим бўлиб тўкилиши керак.
Бир вақтнинг ўзида иккита ёнма-ён турган ковшларни ағдаришга йўл қўйилмаслиги лозим.
565. Шлак ўраларининг деворлари иссиқбардош бетондан ясалган ва металл плиталар билан қопланган бўлиши лозим.
566. Шлак ковшларини ағдариш жараёни масофадан туриб ва бошқарув постларидан бошқарилиши керак.
567. Шлак ковшларини ағдариш бошқариладиган постлар ёнмайдиган материалдан ясалган бўлиши керак. Ағдариш учун ишлатиладиган ковшлар бошқарув постларига 10 m дан яқин бўлмаган жойга ўрнатилиши лозим. Пультларнинг кузатиш туйнуклари шлак сачраб тегишидан муҳофазаланган бўлиши керак.
568. Электр кабелни ағдариш қурилмасининг юритмасига штепселли бирлаштириш муфтаси ёрдамида улаш лозим. Кабелнинг учларини очиқ қисқич ёки уяларга улаш мумкин эмас.
569. Йилнинг совуқ ва ўтиш мавсумларида ишчиларни дам олиш ва исиниши учун шлак ҳовлисида иситиладиган хона бўлиши лозим.
570. Шлакни дастлабки қайта ишлаш бўлинмаларига мазкур Қоидаларнинг 556 — 561, 564 — 569-бандларидаги талаблар тааллуқлидир.
571. Шлакни дастлабки қайта ишлаш бўлинмасининг барча тарафлари, транспорт кириш жойидан ташқари, тўсилган бўлиши керак. Тўсиқларнинг конструкцияси ва баландлиги бўлинмадан шлак отилиб чиқишини истисно этиши керак.
Шлакни дастлабки қайта ишлаш бўлинмасидан ёрдамчи ва маиший бинолар, йўлак ва йўлларгача бўлган хавфсиз масофа камида 50 m бўлиши ва лойиҳада аниқлаб қўйилиши лозим.
572. Шлакни тўкиш ва унга ишлов бериш учун камида иккита секция бўлиши керак. Шлакни тўкиш ва унга ишлов бериш навбатма-навбат бажарилиши керак. Битта секциянинг ўзида бир вақтда шлакни тўкиш ва ишлаш мумкин эмас.
573. Шлак ариқлари технологик ва юза сувларини қочириш учун дренаж тизими билан жиҳозланган ҳамда уларга сизот сувлари тушишидан муҳофазаланган бўлиши лозим.
Шлак ариқларидаги дренаж тизимининг иши кўрсатиб ўтилган сувларни тўлиқ қочирилишини таъминлаши ва ташкилотнинг технологик йўриқномасида ўрнатилган муддатларда мунтазам равишда текшириб турилиши керак.
574. Сув билан совутиш тизимининг сачратиш қурилмалари шлак сиртига бир текисда сув сепилишини таъминлаши керак. Шлак тўкилмаган жойларга сув сепилмаслиги лозим.
575. Суюқ ва қотган шлакли ковшлар шлак майдонининг турли зоналарига ағдарилиши керак.
576. Шлакни дастлабки қайта ишлаш бўлинмаси ёруғлик ва яхши эшитиладиган товуш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши лозим. Шлак тўлиқ тўкилгунча сигнализация ишлаб туриши керак.
577. Шлак идишларини ағдариш учун очиқ ҳавода ишлашга мўлжалланган, масофадан туриб бошқарадиган қурилма билан жиҳозланган ва шлакнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланган кўприкли кранлардан фойдаланиш керак.
578. Шлак тўкилишини бошқариш постларидаги кузатиш туйнукларига иссиқбардош ойналар солинган бўлиши лозим.
579. Шлак ковшларини ташиш ва ағдариш учун авто-ташигичлар қўлланилса, шлак тўкиладиган жойда авто-ташигичларни шлак ариғига ағанаб кетишига йўл қўймайдиган махсус муқим тўсиқ (тиргаклар) кўзда тутилиши керак.
580. Қўлланиладиган авто-шлакташигичларда шлакни ташиш ва тўкиш пайтида ҳайдовчи кабинасига шлак тушишини истисно қилувчи қурилма бўлиши лозим.
581. Шлак ковшларини ағдаришдан аввал ариқлардаги ҳўл жойларга сувни тўлиқ буғлатиб юбориш учун иссиқ шлак сепилиши керак. Шлакни ҳўл юзага тўкиш мумкин эмас.
582. Ковшдаги шлак қобиғини босиб синдириш механизациялаштирилган бўлиши керак. Қобиқни қўлда уриб синдириш мумкин эмас.
583. Шлакни тўкиш ва совутиш тартиби, шунингдек шлак ковшларини ташиш ва ағдариш учун мўлжалланган шлак-автоташигичлардан фойдаланиш пайтидаги хавфсизлик чоралари ускуналардан техник фойдаланиш йўриқномасида кўзда тутилиши лозим.
584. Шлак ковшларидан қатқалоқ ва шлак гарнисажларини уриб чиқариш механизациялаштирилган бўлиши керак.
585. Экскаватор, юклагич, бульдозер ёки бошқа машина ва механизмлар ёрдамида шлакка ишлов бериш ва уни юклашга шлак тўкиладиган жойдан камида 50 m узоқликда рухсат этилади. Агар бу масофа 50 m дан кам бўлса, шлак тўкилаётган вақтда ишлов бериш жараёнлари тўхтатилиши, хизмат кўрсатувчи ходимлар эса махсус хонага кириб туришлари лозим.
586. Шлак тўкилаётган жойдан буғ келиши ёки ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли бўлинмада (хандақда) кўриниш кескин ёмонлашган ҳолларда қўшимча ёритиш ёқилиши керак. Агар шундан кейин ҳам ёритилганлик етарли бўлмаса, шлакка ишлов бериш ва юклаш жараёнлари тўхтатилиши лозим.
587. Оҳакли эритма пуркаш учун шлак ковшлари ва шлакдонлар камида 200° С (473 К) ҳароратга қиздирилган ҳолатда узатилиши керак.
588. Пўлат эритиш ишлаб чиқаришининг шлакларини донадорлаш (грануляция) сув, сиқилган ҳаво ёки бир вақтнинг ўзида сув ва сиқилган ҳаво ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
589. Донадорлаш ускуналарининг иш режими ва асосий технологик параметр (сув ва ҳавонинг босими ва сарфи, донадорлаш ҳавзасининг чуқурлиги ва бошқа)лари лойиҳа ҳужжатларида белгиланган бўлиши керак ва фақат лойиҳани ишлаб чиққан ташкилот билан келишилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.
590. Бино ичида жойлашган донадорлаш ускуналари буғни тўлиқ чиқариб юборадиган аспирация тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
591. Донадорлаш қандай усулда бажарилмасин, шлак ковшларини ағдариш, сув, сиқилган ҳаво ёки бир вақтда сув ва сиқилган ҳавони узатиш шлак тўкиладиган жойдан камида 10 m узоқликда жойлашган бошқарув пультида масофадан туриб бошқарилиши керак.
Донадорлаш ускунасининг пульти оловбардош ва буғ ҳамда шлак сачрашидан муҳофазаланган бўлиши керак.
592. Шлакни донадорлаш жараёни чоғида донадорлаш ускунаси ёнида унга хизмат кўрсатмайдиган цех ходимлари бўлмаслиги, юк кўтариш кранлари турмаслиги ва темир йўлда маневр ишлари бажарилмаслиги керак.
593. Донадорлашдан аввал ковш ичидаги шлак қобиғини уриб синдириш механизациялаштирилган бўлиши лозим.
594. Донадор шлакни ташиш учун фойдаланиладиган темир йўллар шу йўллар бўйлаб қазилган оқова зовурларга ёки донадорлаш ҳавзасига сув ва тўкилган шлакларни қайтадан оқиб тушишини таъминлайдиган ариқчалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
Донадор шлакни юклаш учун ишлатиладиган темир йўл вагонларининг донадорлаш ҳавзаси бўйлаб ҳаракатланиши механизациялашган бўлиши лозим.
595. Шлак тозаловчи грейфер кранлар улар ҳаракатланаётганда сигнал берадиган автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
596. Донадорлаш ҳавзалари донадор шлакнинг канализацияга тушишини истисно қилувчи мосламалар билан таъминланиши лозим.
597. Таркибида металл бўлган шлакни донадор қилишга йўл қўймаслик керак. Шлакни донадорлашга яроқлилигини мутахассис аниқлаб бериши керак.
598. Шлак тўкилиши бошланганлиги тўғрисида ходимларни огоҳлантириш учун донадорлаш ускунаси ёруғлик-товуш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
599. Ходимларнинг дам олиши ва исиниши учун донадорлаш участкасида тегишли хона қурилган бўлиши керак.
600. Донадорлаш ускунасининг бошқарув пульти калит-бирка билан жиҳозланган бўлиши лозим.
XVI-БОБ.
УСКУНАЛАРНИ ПРОФИЛАКТИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ВА ТАЪМИРЛАШ
601. Пўлат эритиш цехларининг техник қурилмалари ташкилотда ўрнатилган тартибда тасдиқланган графикларда белгиланган муддатларда кўрикдан ўтказилиши, текширилиши ва таъмирланиши керак.
Пўлат эритиш цехларининг асосий металлургия ускуналарини капитал таъмирлаш муддатларини кўчиришга таъмирлаш графигини тасдиқлаган шахснинг рухсати ва ускунадан фойдаланишни давом эттириш мумкинлиги тўғрисида хулоса берилган техник шаҳодатлаш далолатномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.
602. Металлургияда қўлланиладиган техник қурилмаларни профилактик кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш учун ишлаб чиқилган тегишли ҳужжатлар амалдаги «Қора металлургия корхоналарининг ускуналарини таъмирлаш пайтида хавфсизлик қоидалари» ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
603. Пўлат эритиш цехларида таъмирланиши учун бирка тизими, наряд- рухсатнома қўлланиладиган ёки ишларни ташкил этиш лойиҳаси (ИТЭЛ) расмийлаштириладиган объект, агрегат ва ускуналар рўйхати тузилган бўлиши ҳамда ташкилотда белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.
Ишларни ташкил этиш лойиҳасида таъмирлаш ишларини ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларини бажариш тартиби ва кетма-кетлиги ҳамда ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чора-тадбирлар кўрсатилган бўлиши керак.
604. Ишлаб турган цехларда бошқа цехлар ёки пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилаётган таъмирлаш, созлаш, қурилиш ва монтаж ишлари хавфи юқори ишлар жумласига киритилади ва наряд-рухсатномалар асосида бажарилиши керак.
605. Ишни бошлашдан олдин таъмирлаш ишларига жалб қилинган барча мутахассис ва ишчилар ИТЭЛ билан танишишлари ва меҳнат хавфсизлиги бўйича мақсадли йўл-йўриқдан ўтишлари керак.
Таъмирлаш чоғида меҳнат шароитлари ўзгарганда янги наряд-рухсатнома расмийлаштирилиши ва такроран йўл-йўриқ ўтказилиши керак.
606. Бирка тизими қўлланиб ишлатиладиган механизмларни кўрикдан ўтказиш, созлаш ва таъмирлаш ишлари ОСТ ССБТ 1455-79, ташкилотнинг ускуналарни таъмирлаш ва тозалаш йўриқномасига мувофиқ бажарилиши лозим.
607. Печларни таъмирлашдан аввал зарур жойларда хавфсиз ўтиш йўлаклари қилиниши, ГОСТ 12.4.026 га асосан техника хавфсизлиги бўйича огоҳлантириш плакатлари ўрнатилиши лозим.
608. Ходимлар ўтиши учун мўлжалланган майдонча ва уст ёпмалардаги тўсиқсиз туйнуклар ошиқ-мошиқли қопқоқлар билан ёпилиши керак.
609. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда конструкция, ускуна, детал, қурилиш материаллари ва бошқаларни кўтариш ҳамда ташиш механизациялашган бўлиши ва уларнинг тушиб кетишига йўл қўймайдиган усулда бажарилиши лозим.
Юкларни кўтариш учун газ қувурлари ва уларни кўтариб турувчи устунлардан таянч сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
610. Печнинг металл конструкцияларини монтаж ва демонтаж қилаётганда уларни осиғлиқ ва қалтис ҳолатда қолдириб кетиш мумкин эмас.
Демонтаж қилинаётган конструкция ва ускуналар зарур ўтиш йўлаклари қолдирилиб барқарор ҳолатда тахланиши керак.
611. Ходимлар юқорида ишлаётганда асбоб ва майда деталларни олиб юриш учун махсус сумкалардан фойдаланиши лозим.
612. Қўлланилаётган асбоб ва мосламалар «Асбоб ва мосламалар билан ишлаш пайтида хавфсизлик қоидалари» (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2007 йил 10 декабрь 20-15-306/11-сон хулосаси) ва тегишли давлат стандартлари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
613. Захира детал ва ускуналарни сақлаш учун цехларда юк кўтариш механизмлари ва кириш йўллари билан жиҳозланган омборлар кўзда тутилиши лозим.
614. Печларда навбатдаги режали-олдини олиш таъмирланиши ўтказилаётганда дудбўронларнинг ҳолати текширилиши керак.
615. Пўлат эритиш печлари, ковшларнинг футеровкасини синдириш тартиби ишларни бехатар олиб бориш чоралари кўзда тутилган ташкилотнинг тегишли йўриқномаларида белгилаб қўйилиши лозим.
616. Пўлат эритиш печлари таъмирдан чиққандан сўнг қуритилиши ва қиздирилиши керак. Уларни қуритиш ва қиздириш ташкилотда белгиланган тартибда тасдиқланган жадвал ва йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши керак.
Қуритиш режими назорат-ўлчов асбоблари ёрдамида назорат қилиниши керак.
617. Таъмирланаётган печларнинг ичини ёритиш учун кучланиши 12 V дан юқори бўлмаган кўчма чироқлардан фойдаланиш лозим.
618. Мартен печини таъмирлаш чоғида уни иккала тарафига (қуйиш ва печ оралиқларида) ўтказилаётган таъмирлаш ишлари тўғрисида огоҳлантирувчи плакатлар осиб қўйиш лозим.
619. Мартен печи тўхтатилгандан сўнг гумбаз, девор ва арка қисмлари остига ишчилар фақат алмаштирилаётган девор бузилгандан сўнг қўйилиши керак.
Печнинг иш бўшлиғига ходимларни киритишдан аввал юклаш дарчаларидаги қопқоқлар олиб қўйилиши лозим.
620. Деворларни бузиш пайтида печнинг рама ва бошқа қисмларини осиғлиқ ва маҳкамланмаган ҳолатда қолдириб кетишга йўл қўймаслик керак.
621. Печнинг юқори ва пастки қурилмалари гумбазларини синдириш пайтида гумбаз устида туриш мумкин эмас. Печ каллаклари гумбазини синдира бошлашдан аввал ходимлар шлаковикдан чиқариб юборилиши лозим.
622. Печ каллакларининг деворини иш майдончаси сатҳигача синдиргандан сўнг пайдо бўладиган очиқ жойларни ёпиб қўйиш ёки иш майдончасининг чеккаси бўйлаб тўсиб қўйиш керак.
623. Кессон ариқчаси (лешадь) сатҳидан пастроқ бўлган вертикал канал деворларини синдириш фақат кессон маҳкамлаб ёки олиб қўйилгандан сўнг бажарилиши лозим.
624. Юқори ва пастки қурилмалар гумбазларини териш фақат опалубка ҳолати ва унинг тўғри ўрнатилганлиги текширилгандан сўнг бажарилиши лозим.
625. Қизиб турган ускуна (печ, регенератор, шлаковик, ковш ва бошқа)лар ичига ишчилар кириб бажарадиган таъмирлаш ишларини ўтказишга ундаги ҳаво ҳарорати 40° С (313К) дан ортиқ бўлмаганда рухсат этилиши керак.
626. Печ каллакларининг каналлари очиқ бўлганда ходимлар шлаковик ичида бўлмаслиги лозим.
Таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда шлаковикдан шлак ва ғишт синиқларини чиқариш механизациялашган бўлиши керак.
627. Таъмирланаётган печ олдидаги иш майдончасига ғишт штабеллари, контейнер, материаллар солинган қути, конструкция ва ҳоказоларни жойлаштиришга рухсат этилади. Бунда юклаш машиналарининг тахланган буюмларга камида 1,5 m масофага яқинлаша олмаслиги учун чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Таъмирланаётган печ олдидаги мульда йўллари бўйлаб ҳаракатланувчи таркибларнинг ўтиш тартиби ИТЭЛ да белгиланган бўлиши керак.
628. Печларни совуқ ҳолатда таъмирлаш пайтида буғлатиб совутиш тизими ва арматуралар ревизия қилиниши ҳамда таъмирланиши, сўнгра махсус журналга қайд қилиниши лозим.
629. Юклаш дарчасининг рамасини алмаштириш дастлаб ундан совутиш суви тўкилгандан сўнг амалга оширилиши керак.
Қопқоқ ва рамаларни алмаштириш пайтида мульдали аравачаларни печ олдида ҳаракатлантирмаслик лозим.
630. Печ гумбазида иссиқ ҳолатда таъмирлаш ўтказилаётган пайтда печга ёнилғи узатилиши тўхтатилиши лозим.
631. Таъмирланаётган печ олдида шлак идишларини алмаштириш ва печ таъмирланиши билан боғлиқ бўлмаган бошқа технологик ишларни бажариш мумкин эмас.
632. Печни зичлаш бўйича барча ишлар ИТЭЛ ва тегишли йўриқномалар талабларига мувофиқ бажарилиши ҳамда журналга ёзиб қўйилиши лозим. Зичлаш пайтида иш жойини кучланиши 12 V дан кўп бўлмаган кўчма чироқлар билан ёритиш керак.
633. Печни қуритиш учун ёқиш пайтида ва таъмирлашдан сўнг печга газ юборилаётганда барча ходимлар печдан хавфсиз ҳудудга ўтказилиши лозим.
634. Электр ёйли печ совуқ ҳолатда таъмирлаш бошланишидан аввал ўчирилиши ва таъминловчи электр нимстанцияда электр схема узиб қўйилиши лозим.
Электрод-тутқичларни маҳкамлаб қўйиш керак.
635. Таъмирланаётган электр ёйли печ остидаги ҳудуд тўсиб қўйилиши керак. Печь ва иш майдончалари ўртасидаги оралиқлар ёпилиши ёки тўсилиши лозим.
636. Электр печ футеровкасини алмаштириш ва йиғиштириш ишлари механизациялашган бўлиши керак.
637. Таъмирлаш ишларини бажариш пайтида электр печнинг алоҳида қисмларига хавфсиз ўтиш учун енгил металл нарвонлар қўлланилиши, улар йиқилиб кетишига йўл қўймайдиган мосламалар билан таъминланиши лозим.
638. Совуқ ҳолатда таъмирлаш пайтида электр печ гумбази олиб қўйилиши ёки гумбаз остида ишчилар туришини истисно қилувчи тўсиқ ўрнатилиши керак.
639. Газ чиқариш тракти ва газ тозалаш қурилмалари ичида олиб бориладиган текшириш, тозалаш ва таъмирлаш ишлари наряд-рухсатнома асосида бажарилиши керак.
640. Ковшларни таъмирлаш махсус ажратилган жойларда, тўсқичли майдонча ва зинапоялар билан жиҳозланган стендларда ёки баландлиги камида 0,8 m бўлган бортлар билан таъминланган ўраларда амалга оширилиши лозим.
Ўра деворлари ва ковш ўртасидаги очиқ жойни майдончалар билан ёпиш керак, бу мақсадда ўра бортларига қўйилган тахталардан фойдаланиш мумкин эмас.
641. Таъмирлашдан олдин ковш ичидаги скрап, қотиб қолган металл ва ахлатларни ковш совугандан сўнг механизациялашган усулда олиб ташлаш керак.
Футеровка қисман алмаштирилаётганда ковшлар совушини тезлатиш учун шамоллатгич ёрдамида ҳаво пуфлашга рухсат этилади. Футеровка тўлиқ алмаштирилса, ковш ичига сув сепиб совутиш лозим.
642. Таъмирлаш учун горизонтал ҳолатда ўрнатилган ковшлар ўз-ўзидан ағдарилиб кетмаслиги учун бортлари остига махсус таглик қўйиб маҳкамланиши лозим.
643. Ковш футеровкасини синдириш ва уни чиқариб ташлаш механизациялашган бўлиши лозим.
644. Таъмирлаш учун ковш ичига ғишт узатиш механизациялашган бўлиши керак. Ғиштлар қути ёки бадьяда узатилса, олдин ходимлар ковш ичидан чиқариб юборилиши керак.
645. Фақат корпуси, цапфаси ва ағдаргичи ишга яроқли бўлган ковшларни футеровка қилиш лозим.
Таъмирланаётган ковшларни футеровка қилиш ушбу Қоидаларнинг 382-банди талабларига риоя қилиб амалга оширилиши лозим.
646. Сиғими 40 t дан кўп бўлган ковшларни таъмирлаш пайтида механизациялашган кўтарувчи столлар қўлланиши керак.
Ковшларни ҳавозаларда туриб таъмирлашга фақат айрим ҳолларда йўл қўйилиши керак.
647. Футеровкани териш пайтида ковшга ҳаво берилиши, қиш мавсумида ҳаво иситилиши лозим.
Кичик сиғимли (10 t гача) ковшларнинг футеровкаси терилаётганда инфрақизил нуртарқатгичдан фойдаланиш мумкин.
648. Таъмирлашдан сўнг ковшларнинг деворлари пухталик билан қуритилиши керак.
Ковшлар тегишли норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ табиий газ (кокс гази) ёки мазут ёрдамида тортувчи қурилмалар билан жиҳозланган махсус жойларда қуритилиши лозим. Қуритиш жараёнининг муддати ва тугашининг ташқи белгилари ташкилотнинг ускуналардан техник фойдаланиш йўриқномасида аниқлаб қўйилиши керак. Қуритиш пайтида газнинг ёниши кузатиб борилиши лозим.
649. Пўлат қуйиш ковшларининг монолит (қуйма) футеровкасини ясаш учун ишлатиладиган машина (ускуна)ларда ишларни тайёрлаш, бажариш ва тугатиш тартиби, технологик операцияларни олиб боришда авария вазиятлари ва бу пайтда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ҳисобга олинган хавфсизлик чоралари ташкилотнинг технологик йўриқномасида қатъий белгилаб қўйилиши лозим.
650. Пўлат қуйиш ковшларининг монолит (қуйма) футеровкасини ясаш учун ишлатиладиган машиналарда қуйидаги жиҳозлар: аралаштиргич ва таъминлагич бункерини ёпиб-очувчи ва ростловчи арматура, футеровка қоришмаси сарфини, унинг таъминлагич бункеридаги сатҳини назорат қилиш, тезлик (шнекли таъминлагичдан фойдаланганда) ёки босимни (пневмотаъминлагич ишлатилганда) назорат қилиш асбоблари, сигнализация ва алоқа воситалари бўлиши керак.
651. Платформани буриш ва таъминлагичдан футеровка қоришмасини узатиш механизмларига ўрнатилган блокировка қурилмаси таъминлагич бункерида футеровка қоришмаси бўлмаганда платформани буриш механизми юритилишига йўл қўймаслиги лозим.
652. Пўлат қуйиш ковшларининг монолит (қуйма) футеровкасини ясаш учун ишлатиладиган машина (ускуна)ларда уни қуйидаги ҳолларда тўхташини таъминлайдиган блокировка тизими кўзда тутилиши керак:
а) таъминлагич бункерида футеровка қоришмаси мавжуд бўлмаса;
б) машина узелларидан бирортаси (аралаштиргич, таъминлагич, платформани буриш механизми) носоз бўлса;
в) ҳимоя тўсиғи нотўғри ўрнатилса;
г) электр энергияси узатилиши тўхтаса.
653. Пўлат қуйиш ковшларининг монолит (қуйма) футеровкасини ясаш учун ишлатиладиган машина (ускуна)ларда ишлашга қуйидаги ҳолатларда йўл қўймаслик керак:
а) тўсувчи қурилмалар носоз ёки мавжуд бўлмаса;
б) футеровка массаси сарфи, тезлик (шнекли таъминлагич ишлатилганда) ва босимни (пневмотаъминлагич ишлатилганда) назорат қилиш асбоблари носоз бўлса;
в) футеровкалаш пайтида футеровка қоришмасини узатиш тўхтаса;
г) таъминлагич ва таъминлагич бункерининг бутунлиги бузилса;
д) платформа, пўлат қуйиш ковши ва шаблонларнинг вертикал ўқлари бир бирига мос келмаса.
654. Пўлат қуйиш ковшларининг монолит (қуйма) футеровкасини ясаш учун ишлатиладиган машина аралаштиргичига ўтга чидамли материалларни узатиш пайтида ташувчи газ сифатида азотдан фойдаланилса, ташкилотнинг технологик йўриқномасида тегишли хавфсизлик чора-тадбирлари кўзда тутилиши лозим.
655. Техник қурилмалар (асосий металлургия агрегатлари) капитал таъмирлаш ёки реконструкция қилингандан кейин тегишли норматив-техник ҳужжатларда белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши керак. Қабул қилиш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши лозим.
656. Ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган барча ўлчаш воситалари тегишли норматив ҳужжатларида белгиланган тартибда таъмирлашдан ва давлат қиёсловидан ўтказилган бўлиши керак.
XVII-БОБ.
ХАВФСИЗЛИК ҚОИДАЛАРИНИНГ БУЗИЛИШИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
657. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.