Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида
қўшма декларация
Ўзаро муносабатлар қатъиятлари тўғрисида
1997 йил 3 май, Тошкент
(1997 йил 3 майдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси, бундан кейин Олий Аҳдлашувчи Томонлар деб юритилувчилар,
демократия, озодлик, бирдамлик ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш қатъиятлари асосида давлатлараро муносабатларни ривожлантириш заруратига қатъий ишонган ҳолда,
Европа, Марказий Осиё ва бутун жаҳонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик ишига ҳисса қўшишга аҳд қилиб,
иккала халқ ўртасида яқиндан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ниятида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1. Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўз муносабатларини халқаро ҳуқуқ қатъиятлари ва ҳурмат ҳамда БМТ Хартияси, ЕХҲТнинг Хельсинки Якунловчи Акти, Янги Европа учун Париж Хартияси ва бошқа ҳужжатларига амал қилиш асосида ўрнатади.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар давлатлар ўртасида суверен тенглик, ҳудудий бутунликни ҳурмат қилиш, ҳудудларнинг ўзгармаслиги ва бузилмаслиги, баҳсларни тинч йўл билан ҳал этиш, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойда кўриш, халқаро мажбуриятларни оғишмай бажариш қатъиятларига амал қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар инсон ва этник озчилик ҳуқуқларига, демократия қатъиятлари ва фундаментал озодликка амал қилишга алоҳида аҳамият берадилар.
2. Олий Аҳдлашувчи Томонлар барча халқларни тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва иқтисодий ҳамда ижтимоий фаровонлик билан таъминлаш учун халқаро муносабатларда юз берган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий, аввало, хавфсизлик ва қуролсизланиш соҳаларидаги ўзгаришлар давлатлар ўртасидаги янада яқин муносабатлар асосида юз беришига эришилиши керак деб ҳисоблайдилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар шунга ишонадиларки, халқаро хавфсизлик Европа ва Осиёда демократик ўзгаришлар ўз тасдиғини топаётгани ва кучаяётгани, ҳар бир халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаётгани ва ички ҳамда ташқи сиёсатини дахлсиз ҳамда ташқаридан ҳеч кимнинг аралашувисиз белгилаётгани билан узвий равишда боғлиқ.
3. Олий Аҳдлашувчи Томонлар ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш ва оммавий қирғин қуролларининг ҳар қандай турини тарқатишнинг олдини олишга қаратилган самарали тадбирлар қўллашни қатъий баён қиладилар.
4. Олий Аҳдлашувчи Томонлар шунга ишонадиларки, мамлакатларининг келажаги муайян даражада иқтисоднинг ривожланиши ва бозор иқтисодиётига асосланган тизимнинг тузилишига боғлиқ. Улар турли соҳалар, шу жумладан, энергетика, қазиб олинувчи ва қайта ишланувчи саноат, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, алоқа ва нақлиёт, енгил саноат, рақобатга бардош берувчи охирги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхоналар барпо этиш, инфратузилмалар, замонавий технологиялар ва мутахассислар тайёрлаш соҳаларида ўзаро фойдали ҳамкорликнинг янги шакллари пайдо бўлиши учун зарур шароитлар яратиб берадилар. Олий Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томон ишбилармонларининг ўз ҳудудидаги фаолиятини рағбатлантиради ҳамда ўзбек ва итальян фирмалари ўртасидаги ҳамкорликка ёрдамлашади.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар юқорида кўрсатилган соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиб бериш учун зарур чора-тадбирлар кўрадилар.
Италия иккала мамлакат халқлари ва ташкилотлари яқинлашувига кўмаклашиш учун Ўзбекистонга ўзининг ҳуқуқ, сиёсат, иқтисод ва маданият соҳаларидаги барча тажрибаларини беришга тайёр.
5. Олий Аҳдлашувчи Томонлар, сайёрамиз бутун инсониятнинг умум мулки ва унда ҳаётни сақлаб қолиш ҳамда яхшилаш барча ҳукуматларнинг энг муҳим мақсади ҳисобланади, деб биладилар. Олий Аҳдлашувчи Томонлар атроф муҳит учун мавжуд хавфларни камайтириш ва халқаро назоратни кучайтирган ҳолда экологик мувозанатни қўллаб-қувватлаш учун зарур чора-тадбирлар қўллаш мақсадида халқаро ҳамжамият фаол ҳамкорлик қилишига рози. Олий Аҳдлашувчи Томонлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликларини ривожлантирадилар ва тажриба ҳамда технологиялар алмашлашни ташкил этадилар.
6. Маданиятга халқлар ва кишиларнинг яқинлашуви йўлидаги бебаҳо восита сифатида алоҳида аҳамият бериб, Олий Аҳдлашувчи Томонлар иккала мамлакат ўртасидаги маданий, шунингдек, таълим, фан ва маданий меросни асраш соҳаларидаги ҳамкорликларни рағбатлантирадилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар университетлар, бошқа олий таълим институтлари, академиялар ва илмий муассасалар ўртасида кенг ҳамкорликлар, шунингдек, тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги имкони борича алмашлашни рағбатлантирадилар. Олий Аҳдлашувчи Томонлар дипломатик каналлар орқали таклиф қилинган махсус қўшма эксперт гуруҳлари ишлаб чиққан лойиҳалар асосида мактаб ҳамда университет даражасидаги таълим тўғрисидаги гувоҳномаларни ўзаро тан олиш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар тузиш имкониятини аниқлаш ва тизим ва ўқув планларини таққослаш мақсадида иккала мактаб ва университет таълими ва уларнинг ривожи ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш, шу жумладан вақти-вақти билан ҳужжатлар ва экспертлар ташрифлари алмашлаш йўли билан, мажбуриятини оладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар зарурат туғилиб қолган тақдирда иккинчи Олий Аҳдлашувчи Томондаги ўғирлаб кетилган ёки қонунсиз йўл билан олиб кетилган маданий бойликларни қайтаришга ўзаро ёрдам қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар маданият ва бошқа соҳаларда ёшлар алмашлашларига қулай шароитлар яратадилар, иккала мамлакат ўртасида саёҳатлар ривожланишини рағбатлантирадилар, тегишли инфратузилма барпо бўлишига ёрдамлашадилар.
7. Олий Аҳдлашувчи Томонлар ҳам миллий чегаралардан чиқадиган ва фақат самарали халқаро ҳамкорлик йўли билангина бартараф этилиши мумкин бўлган гиёҳванд моддаларни қонунсиз равишда ишлатиш, уюшган жиноятчилик ва терроризмни кулфат деб ҳисоблайдилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар имкони борича юқорида санаб ўтилган, икки тарафлама ва кўп тарафлама асосда тақиқланган фаолиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, ўхшаш тузилма ва ҳуқуқий тузилмалар яратиш йўли билан ҳамкорлик қиладилар.
8. Олий Аҳдлашувчи Томонлар икки тарафлама муносабатларга ва ўзаро манфаатли халқаро муаммоларга дахлдор масалалар бўйича машваратлар ўтказадилар.
Иккала мамлакат ташқи ишлар вазирликлари доимий равишда алоқада бўладилар. Олий Аҳдлашувчи Томонлар ўзлари иштирок этадиган халқаро ташкилотларда ҳамкорлик қиладилар.
Олий Аҳдлашувчи Томонлар парламентлараро муносабатларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берадилар.
Улар, шунингдек ўз фуқаролари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларга ёрдамлашадилар ва биродар шаҳарлар алоқаларини ҳамда иккала мамлакат минтақалари ва шаҳарлари ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини рағбатлантирадилар.
9. Олий Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Декларацияда келишиб олинган соҳаларда, шунингдек ўзаро манфаатли бошқа жабҳаларда икки тарафлама битимлар тузадилар.
10. Олий Аҳдлашувчи Томонлар шуни тасдиқлайдиларки, ушбу Декларация ҳеч қандай учинчи давлатга қарши қаратилган эмас ва у Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзлари иштирок этаётган бошқа икки тарафлама ва кўп тарафлама шартномалари ва битимларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Ушбу Қўшма Декларация имзоланган кундан кучга киради.
Ушбунинг тасдиғи сифатида, қуйида имзо чекувчилар, Ҳукуматларининг тегишли ваколатини олган вакиллари, ушбу Қўшма Декларацияни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 3 майда ҳар бири ўзбек ва итальян тилларидаги икки асл нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)