Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Дастур
2011-2015 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик
2010 йил 27 сентябрь,Тошкент
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 22 февралдаги ПҚ–1485-сон «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(2011 йил 4 майдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати (бундан кейин Томонлар деб аталувчилар), иқтисодий ҳамкор бўлиб, иккала давлатнинг ўзаро иқтисодий манфаатлари тарихий ўрнатилган ишлаб чиқариш, хўжалик ва техникавий алоқалар боғлиқлигидан, ўзаро манфаатлилик ва тенг ҳуқуқлилик асосида уларни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш объектив заруриятидан келиб чиқиб, икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантириш заруриятини тан олиб, Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1996 йил 27 майдаги Шартномани, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида эркин савдо тўғрисида 1996 йил 27 майдаги Битимни, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида 2008 йил 11 сентябрдаги Битимни инобатга олиб, қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I. Дастурнинг мақсад ва вазифалари
Мазкур Дастур Томонлар томонидан ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, икки давлат иқтисодиёти етакчи соҳаларининг ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлигида ютуқларга эришиш, шу асосда ўзаро ташқи савдо айланмасини ўсиши ва икки давлат аҳолисининг яшаш даражасини ошириш бўйича чоралар комплексини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мазкур мақсадни амалга ошириш учун Томонлар қуйидаги вазифаларни ҳал қилишга интиладилар:
савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги келишувларни кенг қамровли амалга оширилишини таъминлаш;
икки давлат иқтисодиётлари ўсишига йўналтирилган иқтисодий ҳамкорликни барқарор ривожланишини таъминлаш;
икки давлат ўртасида амалдаги эркин савдо режимини тўлақонли шакллантириш;
ўзаро савдода тўсиқларни бартараф этиш;
барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг имкониятлар ва кафолатларни таъминлаш учун шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш фаолиятида соф рақобат учун шароитлар яратиш;
ташқи иқтисодий фаолият соҳасида ахборот базасини, шу жумладан, товарлар ва хизматлар экспорти масалалари бўйича икки давлат бизнес соҳаси вакиллари ўртасида амалий алоқалар ўрнатиш мақсадида хўжалик юритувчи субъектлар маълумотлар базасини яратиш;
ишлаб чиқаришнинг ўсиши учун, унинг ривожланишига инвестициялар киритиш, янги фан ютуқлари ва етакчи технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни сифат ва рақобатбардошлигини ошириш учун рағбатлантирувчи омиллар яратиш;
барча ишлаб чиқариш соҳаларида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларини ривожлантириш, турли кўринишдаги ва шакллардаги қўшма корхоналар, савдо уйлари ва ваколатхоналар тузиш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш;
давлатлараро иқтисодий ҳамкорлик мақсадли лойиҳа ва дастурларни шакллантириш;
халқаро транспорт коммуникациялар ва алоқалардан ўзаро манфаатли фойдаланиш, амалдаги ва янги транспорт коридорларни самарадорлигини ошириш ва яратиш;
икки мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар субъектларининг экспорт ва импорт юкларини транзит олиб ўтишда ўзаро манфаатли шароитлар яратиш;
минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш.
II. Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари
Мазкур Дастурга асосан Томонлар узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликни қуйидаги йўналишлар бўйича ривожлантирадилар:
Томонлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама эркин савдо ҳақида амалдаги битимлар асосида, тўлиқ ҳажмда товарлар эркин савдо режимини истисно ва тўсиқларсиз амалга оширишни таъминлаш;
транспорт коммуникацияси ва алоқа соҳасида, нефт–кимё саноатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш соҳасида, туризм соҳасида, тармоқлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш;
қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан миллий хусусийлаштириш дастурлари билан ўзаро алмашиниш ва ушбу дастурларда Томонларнинг хўжалик юритувчи субъектларини ўзаро қатнашишига қулайлик яратувчи шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
миллий ва халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, семинарлар, конференциялар ҳамда ахборот алмашиш ва амалий алоқалар ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар ўтказиш.
III. Дастурни амалга ошириш механизми
Дастур Томонлар давлат бошқарув органлари ва хўжалик юритувчи субъектларининг Дастурни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режасида белгиланадиган аниқ вазифаларни бажариш воситаси билан амалга оширилади, бу Дастурнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
Мазкур Дастурга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссияси Дастурни амалга ошириш бўйича келишилган Чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.
Мазкур Дастур ва уни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режасини амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссияси томонидан бажарилади.
(имзолар)