Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ХАЛҚАРО ШАРТНОМАНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро шартномалар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, 2010 йилнинг 15 декабридаги Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчилар Кенгашининг «Квоталарни умумий ўн тўртинчи қайта кўриб чиқиш ва Ижро этувчи кенгашни ислоҳ қилиш» ҳақидаги 66-2-сонли Резолюциясига мувофиқ Жамғармага аъзо давлатлар томонидан ратификация қилиниши лозим бўлган Ижро этувчи кенгашни ислоҳ қилиш тўғрисидаги Халқаро валюта жамғармаси Битими моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилинган.
2. 2010 йилнинг 15 декабрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчилар Кенгашининг 66-2-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ижро этувчи кенгашни ислоҳ қилиш тўғрисидаги Халқаро валюта жамғармаси Битими моддаларига киритилган тузатишлар қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.С. Азимов Ўзбекистон Республикаси ушбу тузатишларни қабул қилгани тўғрисида Халқаро валюта жамғармасини хабардор қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу тузатишлар кучга киргандан кейин белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 26 сентябрь,
ПҚ–1824-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 39-сон, 449-модда)