Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг
БУЙРУҒИ
БОЛАЛАР МАЙДОНЧАЛАРИДА ТЕХНИКА ХАВФСИЗЛИГИГА РИОЯ ЭТИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2012 йил 29 август, 6-24-/23-8448/6-сон]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги 304-сон «Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011—2015 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 51-сон, 488-модда) қарорига мувофиқ буюраман:
1. Болалар майдончаларида техника хавфсизлигига риоя этиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 16 июль
32-Б-сон
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2012 йил 18 августдаги 32-Б-сон буйруғига
ИЛОВА
Болалар майдончаларида техника хавфсизлигига риоя етиш
қоидалари
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги 304-сон «Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011—2015 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 51-сон, 488-модда) мувофиқ болалар майдончаларини қуриш ва ундан фойдаланишда техника хавфсизлигига риоя қилинишини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар болаларнинг ўйнаши ва дам олиши учун мўлжалланган болалар майдончаларига (кейинги ўринларда болалар майдончалари деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги 304-сон «Болалар майдончаларини тиклаш ва ташкил этишнинг 2011—2015 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан болалар майдончаларининг кўркам ва обод ҳолда сақланиши, улардаги ўйин ва спорт қурилмаларининг (кейинги ўринларда жиҳозлар деб юритилади) техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлишига уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари масъулдир.
3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
4. Болалар майдончаларини жиҳозланиши, жойлашуви ва ўлчамлари ШНК 2.07.01-03 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
II боб. Жиҳозлар ва уларнинг таркибига бўлган техника хавфсизлиги талаблари
5. Болалар майдончалари болаларнинг ўз вақтини мазмунли ўтказиши, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига хизмат қиладиган, шунингдек болалар учун қизиқарли бўлган жиҳозлар билан таъминланган бўлиши лозим.
6. Болалар майдончаларининг қулай, кўркам ва текис жойларда ташкил этилиши, уларнинг атрофида серсоя дарахтлар ва ўтириб дам олинадиган ҳордиқ ўриндиқлар бўлиши, жиҳозлар болаларнинг ёши ва қизиқишларига мос замонавий ва содда тузилишга эга бўлиши ҳамда уларнинг санитария ва хавфсизлик техникаси талабларига жавоб берадиган турларини ўрнатиш лозим.
7. Болалар майдончаларида жиҳозлар Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 декабрдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган Болалар майдончаларига қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
8. Болаларнинг жиҳозлардан йиқилиб тушишларини олдини олиш учун қўл билан ушлаб юриш мосламаси ва тўсиқлар, шу билан бирга йиқилганда жароҳатланишни олдини олиш учун зарбани юмшатувчи қопламалар кўзда тутилиши керак.
9. Болаларнинг юқорига чиқиши ва сирғаниб тушишида, узунлиги 2 м, баландлиги 2,5 м дан баланд бўлмаган қўл билан ушлаб чиқиш учун мосланган сирпанчиқлар билан жиҳозланиши керак.
10. Сирпанчиқлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
сирпанчиққа чиқишда нарвон, тирмашиб чиқиш учун секция ёки бошқа мосламалар бўлиши;
алоҳида турган сирпанчиқнинг баландлиги, унга чиқиш йўлларидан қатъи назар, 2,5 м дан баланд бўлмаслиги;
очиқ ва тўғри сирпанчиқнинг эни 0,7 м дан кам ва 0,95 м дан катта бўлмаслиги;
старт майдончаси узунлиги камида 0,3 м ва қиялиги 5° гача, эни — сирпаниб тушиш участкасининг горизонтал проекцияси энига тенг бўлиши;
алоҳида турган сирпанчиқларда старт майдончаси ён томонининг тўсиқлари баландлиги 0,75 м дан кам бўлмаслиги;
сирпанчиқнинг сирпаниб тушиш қисми қиялиги, унинг исталган нуқтасида 60° дан ошмаслиги;
сирпанчиқнинг сирпаниб тушиш қисми якуний бўлагида ўртача қиялик 10° дан ошмаслиги;
сирпанчиқнинг якуний қисми камида 0,5 м радиус ва камида 100° бурчак билан ер йўналишида айланма шаклига эга бўлиши;
сирпанчиқнинг сирпаниб тушиш якуний қисми четидан ер юзасигача бўлган масофа 0,10 м дан кўп бўлмаслиги;
сирпаниб тушиш якуний қисмининг ён томонларини тўсиб турувчи мосламаларнинг баландлиги, сирпаниб тушиш участкасининг узунлиги 1,5 м дан кам бўлганида — 0,20 м дан кўп, шунингдек сирпаниб тушиш участкасининг узунлиги 1,5 м дан кўп бўлганида — 0,35 м дан кўп бўлмаслиги;
туннел шаклидаги сирпанчиқнинг минимал баландлиги ва эни 0,75 м бўлиши;
сирпанчиқлар болалар майдончаларида жойлаштирилганда ён конструкциялардан камида 1 м ва сирпанчиқ қия сиртининг пастки қиррасидан олдинги томонга камида 2 м хавфсизлик масофалари кўзда тутилиши шарт.
11. Болалар майдончалари болаларнинг кучини ва уларнинг эгилувчанлигини ривожлантириш мақсадида баландлиги 3 м, эни камида 1 м, кўндаланг ёғочлар диаметри 22 мм, кўндаланг ёғочлар орасидаги масофа 0,25 м бўлган гимнастика девори ҳамда гимнастика устунчалари билан жиҳозланиши лозим.
12. Болалар майдончаларидаги осма арғимчоқлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
осма арғимчоқ ўриндиғи, тинч турган ҳолатда, ер юзасидан 0,35 м дан кам ва 0,63 м дан кўп бўлмаган баландликда жойлаштирилиши;
осма арғимчоқлар болалар майдончаларида жойлаштирилганда ён конструкциялардан камида 1,0 м ва улар қия турганида энг чекка нуқталаридан олдинда (орқасида) камида 1,5 м лик хавфсизлик масофалари кўзда тутилиши шарт.
13. Учоқлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
ўриндиқлар болалар учун қулай бўлиши ва улар олдида ушлагичлари бўлиши;
ўриндиқлар мувозанат ҳолатида ер юзасидан 0,55-0,75 м баландликда бўлиши лозим;
ўриндиқлар юқорига ва пастга ҳаракатланиш вақтидаги қиялиги кўпи билан 20° дан ошмаслиги зарур;
учоқнинг конструкцияси унда ўтирган боланинг оёқларини учоқнинг таянч қисмлари тагига тушиб қолмаслигини таъминлаши ва ўткир қирралар бўлмаслиги;
учоқлар подшипник орқали асосга бирлаштирилиши шарт. Чунки ҳаракатларнинг силлиқ ва равон бўлишига подшипниклар воситасидагина эришилиши мумкин. Вертикал учоқ атрофида маълум масофагача хавфсизлик зонаси ташкил этилиши ва бошқа жиҳозлар жойлаштирилмаслиги талаб этилади.
14. Каруселлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
болалар майдончаларига ўрнатиладиган каруселлар ўзининг содда конструкцияси ва ҳажмининг кичиклиги билан боғларда ўрнатиладиган каруселлардан фарқланиши;
каруселларда ўтиргичлар бўлмаслиги ва болалар унда тик турган ҳолда айланишларига мослашган бўлиши, шу билан бирга каруселлар электр қуввати билан эмас, катталарнинг ёки болаларнинг жисмоний ҳаракатлари эвазига ҳаракатланиши;
ер юзасидан пастки айланувчи қисмгача 6 см дан кам ва 11 см дан кўп бўлмаган масофада бўлиши;
айланувчи платформанинг пастки юзаси силлиқ бўлиши;
каруселнинг пастки қисмидан юқори нуқтасининг баландлиги кўпи билан 1 м бўлиши;
каруселлар болалар майдончаларида жойлаштирилганда ён конструкциялардан камида 2 м ва пастки айланувчи юзадан камида 3 м баландликдаги хавфсизлик масофалари кўзда тутилиши.
15. Болалар майдончаларидаги жиҳозларнинг материаллари ва уларга ишлов беришда қўйиладиган талаблар:
ёғочдан ишланган жиҳозлар қаттиқ дарахт турларидан тайёрланган бўлиши ва чириш, ёниш ҳамда синишларни олдини олувчи махсус ишлов берилган бўлиши, шунингдек полировкаланган ва учли қирралари юмалоқланган бўлиши лозим;
жиҳозларнинг кўтариб турувчи қисмларида металлдан фойдаланганда, улар ишончли бирикмаларга эга бўлиши ва тегишли ишлов берилган (коррозияга қарши қопламага эга) бўлиши зарур;
жиҳозларнинг бетон ва темир бетон элементлари силлиқ юзаларга эга бўлиши зарур;
пластик ва полимерлардан тайёрланган жиҳозлар силлиқ, ёрқин ва тоза ранг, иқлимий омиллар таъсирида рангини йўқотмайдиган юзага эга бўлиши шарт.
16. Болалар майдончаларида жиҳозларни ўрнатишда белгиланган хавфсизлик масофалари инобатга олиниши лозим.
17. Жиҳозларга болаларнинг бошлари, бўйинлари ва тананинг бошқа қисмларини ҳамда кийимларини тиқилиб қолишини имкон қадар олдини олган ҳолда ўрнатилиши лозим.
18. Жиҳозларда ўткир қиррали чиқиб турувчи қисмлар бўлмаслиги ва болалар кира оладиган жойлардаги барча бурчаклар юмалоқлаштирилган бўлиши шарт.
19. Болалар майдончаларида болалар соғлиғи ва хавфсизлигига салбий таъсир этувчи жиҳозларни ўрнатишга йўл қўйилмайди.
20. Жиҳозлар носоз ҳолга келган тақдирда, болалар майдончасида хавфсизлик таъминланиши учун жиҳознинг ўша қисмининг атрофи ўраб қўйилиши ёки усти ёпиб қўйилиши шарт.
21. Атрофи ўралган болалар майдончаларининг асосий ва захира кириш-чиқиш йўллари доим бўш бўлиши шарт.
III боб. Якуний қоидалар
22. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
23. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган.
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.ЗОКИРОВ
2012 йил 16 июль
Ички ишлар вазири Б.МАТЛЮБОВ
2012 йил 16 июль
Соғлиқни сақлаш вазири А.ИКРАМОВ
2012 йил 16 июль
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т.НАРБАЕВА
2012 йил 16 июль
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган Т.КУЗИЕВ
2012 йил 16 июль