LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатда олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш ва Ўзбекистон спортчиларининг Сидней шаҳри (Австралия)даги XXVII Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этишларини рағбатлантириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашда, ёш авлодни миллий ғурур ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек спортчилари эришган ютуқларнинг ғоят катта аҳамиятини эътиборга олиб:
1. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан ўтказиладиган барча тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг расмий вакили деб ҳисоблансин.
2. XXVII Олимпия ўйинларида совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини рағбатлантириш, Ватанимизнинг спортдаги шон-шуҳратини кўпайтиришга улар қўшган муносиб ҳиссани эътироф этиш мақсадида қуйидаги миқдорларда бир йўла бериладиган мукофотлар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан бирга юқорида кўрсатилган пул мукофотларини тўлаш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат спорт қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси XXVII Олимпия ўйинларига бағишланган лотереяни ўтказишдан олинган даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод қилинсин, бунда тушган маблағлар XXVII Олимпия ўйинларига Ўзбекистоннинг спорт делегациясини тайёрлаш ҳамда иштирок этишига мақсадли йўналтирилиши шарт;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон спортчиларини XXVII Олимпия ўйинларида қатнашишга тайёрлаш ҳамда иштирок этишларига йўналтирилган ҳомийлик маблағлари тегишли равишда даромад (фойда) солиғи ёки жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўлашдан озод қилинсин;
Ўзбекистон спорт делегациясини XXVII Олимпия ўйинларига тайёрлаш ҳамда иштирок этишини таъминлаш учун аниқ мақсадни кўзлаб республикага олиб келинаётган махсус спорт ускуналари ва анжомлари, спорт либослари божхона тўловларини тўлашдан озод қилинсин (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун йиғимлар бундан мустасно).
4. Вазирлар Маҳкамасининг истеъмол моллари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси Ўзбекистон Республикаси Давлат спорт қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг буюртмаси бўйича Олимпия ўйинларида ўзбек спортининг муносиб намояндалари бўлмиш Ўзбекистон спорт делегациясининг аъзолари учун махсус спорт кийими тайёрлаб берилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат спорт қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси XXVII Олимпия ўйинларига тайёргарлик даврида олимпия терма жамоаларига республиканинг барча спорт базаларида, улар қайси идорага қарашли бўлишидан қатъи назар, ижара ҳақи тўламасдан ўқув-машқ машғулотларини ўтказиш ҳуқуқи берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, «Ўзбеккино» давлат-акционерлик компанияси, «Ўзтелерадио» компанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги XXVII Олимпия ўйинларида республиканинг маданият ва спорт соҳасидаги ютуқларини тарғиб қилиш учун матбаа ва кино-видео маҳсулотлари тайёрлашни, шунингдек Ўзбекистон терма жамоаларининг Олимпия ўйинларига тайёргарлиги ҳамда иштирокини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминласинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу Фармонни бажариш юзасидан қарор қабул қилсин.
LexUZ шарҳи