Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
САМАРҚАНД ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАР ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Чет тиллар соҳасида кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш, минтақадаги корхоналар ва муассасаларнинг кенгайиб бораётган халқаро алоқаларни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида:
1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Самарқанд давлат университетининг тегишли факультети негизида Самарқанд давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар институтнинг асосий вазифаси қилиб белгилансин:
Чет тилларни пухта биладиган таржимонлар ва республика таълим муассасалари учун педагоглар тайёрлаш;
Чет тилларни жадал ўргатишнинг илғор педагогик усулларини жорий этиш;
Чет тиллар бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш;
Олий маълумот негизида таржимонлар ва экскурсия раҳбарларини жадал қайта ўқитиш;
Институтнинг ўз илмий кучларини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда мазкур Фармонни амалга ошириш бўйича ташкилий тадбирларни кўзда тутувчи тегишли қарор тайёрласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 8 ноябрь,
ПФ-984-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 11-12-сон, 290-модда)