28.12.2007 йилдаги 173-сон
Ҳужжат кучини йўқотган 19.05.2018
Ҳужжат 05.12.2013 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
 LexUZ шарҳи
2. Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 156-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар хўжалик судига апелляция шикоятини (протестини) бериш ҳуқуқига эгадирлар. Худди шундай ҳуқуққа, ХПК 170-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилганидек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, бироқ хўжалик суди уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар ҳам эгадирлар. Бундай ҳолда кўрсатилган шахслар (шу жумладан жисмоний) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ХПКнинг 35-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланадилар, хусусан апелляция инстанцияси судида ишни кўришда иштирок этиш, илтимосномалар киритиш, иш материаллари билан танишиш, далилларни тақдим этишга ҳақлидирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ишда иштирок этувчи шахслар ХПКнинг 149-моддасига мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция шикояти (протести) беришга ҳақлидирлар.
4. ХПК 162-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтаришни, ушбу моддада назарда тутилган асослар бўйича судья шикоят олинган кундан бошлаб 5 кундан кечиктирмай якка тартибда амалга оширади.
Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, ХПК 162-моддасининг биринчи қисмида назарда туғилган апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асосларининг рўйхати қатъий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
ХПК 162-моддасининг иккинчи қисмига кўра апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Судья апелляция шикоятини (протестини) кузатув хати билан ёки қонунда назарда тутилмаган бошқа усулда қайтаришга ҳақли эмас.
ХПК 162-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 3-бандларига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтариш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг у яна умумий тартибда ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ичида берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти (протести) ушбу модданинг 4, 5-бандларида назарда тутилган асослар бўйича қайтарилган бўлса, у қайтадан берилиши мумкин эмас, берилган тақдирда эса ХПК 117-моддасининг 1-бандига мос ҳолда унинг қабул қилиниши рад этилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ХПКнинг 153-моддасига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажрим у чиқарилгандан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилиши ёки ўша муддатда тилхат олиб топширилиши лозим уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
ХПК 162-моддаси биринчи қисмининг 2, 3-бандларида назарда тутилган апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асослари суд томонидан апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан сўнг аниқланган ҳолларда, иш апелляция инстанциясида мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Бунда апелляция инстанцияси суди шикоят (протест) берган шахсдан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоят (протест)нинг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади. Апелляция шикоятини (протестини) берган шахс томонидан шикоят (протест)нинг нусхаси бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш имкони бўлмаганда, суд шикоят (протест)нинг нусхасини ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси залида топшириш чораларини кўради. Давлат божи суммаси ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилишда тегишли тарафдан ундирилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. ХПКнинг 158-моддасига мувофиқ апелляция шикояти (протести) хўжалик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ой ичида, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) эса — у қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.
ХПКнинг 99-моддасига кўра ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.
ХПК 146 - моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан қонуний кучга киради. Шу сабабли Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят (протест) қилинмайди.
ХПКнинг бошқа нормаларига мувофиқ: судья, прокурор, эксперт, котиб, таржимонни рад қилиш ва ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари (ХПКнинг 21-моддаси); ишни бошқа хўжалик судига тегишлилиги бўйича ўтказиш (ХПКнинг 33-моддаси); ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганлиги (ХПКнинг 38-моддаси); процессуал ҳуқуқий ворислик (ХПКнинг 39-моддаси); далилларни талаб қилиб олиш (ХПКнинг 56-моддаси); ашёвий далилларни қайтариш (ХПКнинг 66-моддаси); экспертиза тайинлаш ёки экспертизани тайинлаш ҳақидаги илтимосномани рад этиш (ХПКнинг 67-моддаси); суд топшириғи (ХПКнинг 74-моддаси); даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш (ХПКнинг 78-моддаси); иш юритишни тиклаш (ХПКнинг 84-моддаси); процессуал муддатларни тиклаш (ХПКнинг 99-моддаси); суд буйруғини бекор қилиш (ХПКнинг 111 -моддаси); ишларни бирлаштириш ва талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш (ХПКнинг 115-моддаси); қарши даъвони қабул қилиш (ХПКнинг 120-моддаси); ишни судда кўришга тайёрлаш ва иш қўзғатиш (ХПКнинг 123-моддаси); ишни кўришни кейинга қолдириш (ХПКнинг 131 -моддаси); суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш (ХПКнинг 208-моддаси) ҳақидаги ажримлар апелляция тартибида шикоят (протест) қилинмайди.
Агар ХПКнинг 149-моддасида белгиланган асослар бўйича биринчи инстанция суди томонидан қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш ёки ХПКнинг 150-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги арифметик хатоларни тузатиш йўли билан ҳал қилув қароридаги камчиликлар бартараф қилинган бўлса ҳам, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш рад қилиниши мумкин.
7. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, биринчи инстанция судида иштирок этаётган вакил, шу жумладан адвокат суднинг ҳал қилув қарорига берилган апелляция шикоятини, агар вакил қилинган шахсга берилган ишончномада бундай процессуал ҳаракатни амалга ошириш ХПКнинг 52-моддасига кўра қайд этилган бўлса, имзолашга ҳақли. Агар апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоятга (протестга) имзо қўйган шахснинг уни имзолашга ҳакли эканлигига шубҳа туғилса, аризачига тегишли далилларни такдим этиш таклиф этилади. Бундай далиллар такдим этилмаганда, шикоят (протест) ХПК 88-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. ХПК 15-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ апелляция инстанциясида барча ишлар хўжалик суди томонидан ҳайъатда кўрилади. Агар хўжалик судида апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун суд таркибини шакллантиришнинг имкони бўлмаса (масалан, рад этиш натижасида ёки судьяларнинг сони етарли бўлмаса), иш апелляция тартибида кўриш учун бошқа хўжалик судига ўтказилади. Бундай ҳолатда ишни қайси хўжалик судига ўтказиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси томонидан «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 53-моддасининг 6-бандига асосан ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. ХПКнинг 165-моддасига кўра апелляция шикоятини берган шахс қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечишга ҳақли. Протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунча протестни чақириб олишга ҳақли. Суд ХПК 40-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича шикоятдан воз кечишни рад этиб, ишни апелляция тартибида кўриб чиқишга ҳақли.
11. ХПКнинг 164-моддасига мувофиқ иш апелляция инстанциясида ХПКнинг 21-бобида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ишни хўжалик судининг биринчи инстанциясида кўриб чиқиш қоидалари бўйича кўриб чиқилади. Бунда биринчи инстанция учунгина белгиланган қоидалар қўлланилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Апелляция инстанциясида хусусан: ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш (ХПКнинг 38-моддаси); даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ва камайтириш ёхуд даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечиш (ХПКнинг 40-моддаси); учинчи шахсларни ишга жалб қилиш (ХПКнинг 41, 42-моддалари); битта даъво аризасида бир нечта талабларни бирлаштириш, бир нечта ишларни битта иш юритишга бирлаштириш, талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш (ХПКнинг 115-моддаси); қарши даъвони тақдим этиш (ХПКнинг 120-моддаси) тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўришда тақдим этилмаган янги талабларни қабул қилишга ёки кўриб чиқишга ҳақли эмас (ХПК 166-моддасининг учинчи қисми). Бунда янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар ҳамда биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан тақдим этилган талаблар тушунилиши лозим.
13. ХПК 166-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ хўжалик суди апелляция инстанциясида ишда мавжуд ва қўшимча тақдим этилган далиллар бўйича ишни қайта кўради. Қўшимча далилларни қабул қилиш ҳақидаги масала ҳал этилаётганда биринчи инстанция судида мазкур далилларни тақдим қилмаганлик сабаблари, уларни апелляция инстанцияси судига тақдим қилишнинг зарурлиги, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга далилларнинг дахлдорлиги ҳақидаги арз қилувчининг тушунтиришлари эътиборга олинади. Агар манфаатдор шахс биринчи инстанция судида ўзини инсофсизларча тутганлиги ва суд жараёнини чўзиш мақсадида мазкур далилларни такдим қилмаганлиги аниқланса, қўшимча далиллар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмаслиги мумкин.
14. ХПК 166-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятида (протестида) баён этилган важлар билан чекланиб қолмайди ҳамда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини тўла ҳажмда, шу жумладан процесснинг барча иштирокчиларига, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилган шахсларга нисбатан ҳам, шикоят қилмаган шахсларга нисбатан ҳам текширади. Апелляция инстанцияси судлари ишни кўришда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри аниқланганлиги ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўлланилганлиги текширилиши зарурлигини эътиборга олишлари лозим. Суд шикоятнинг (протестнинг) важлари билан чекланиб қолмаслиги сабабли, уни кўриш натижалари бўйича арз қилувчи сўраганидан ўзгача қарор қабул қилишга ҳақли. Шунинг учун ХПКнинг 169-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, апелляция шикоятида (протестида) суд томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ҳақидаги кўрсатма бўлиш — бўлмаслигидан қатъи назар, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади.
16. Апелляция инстанцияси судида ХПКнинг 82, 83-моддаларида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Бунда судлар эътиборга олишлари лозимки, ХПКнинг 82-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганида хўжалик суди иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур. ХПКнинг 83-моддасида қайд этилган асослар мавжуд бўлганида эса иш юритишни тўхтатиб туриш масаласи хўжалик суди томонидан ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. ХПК 82-моддаси биринчи қисмининг 1-бандини қўллашда шуни назарда тутиш керакки, хўжалик суди иш юритишни ушбу ишни конституциявий, фуқаролик, жиноят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала бўйича қарор қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаган ҳолда тўхтатиб туришга мажбур. Ишни кўриш имконияти мавжуд бўлганда иш юритишни тўхтатиб туриш мумкин эмас.
17. Апелляция инстанцияси судлари ХПК 168-моддасида санаб ўтилган ваколатларнинг рўйхати қатьий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслигини ҳисобга олишлари керак.
Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ХПК 170-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилган ҳамда бу ҳол нотўғри қарор қабул қилинишига олиб келган деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ёки ўзгартиради.
Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ХПК 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилган деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.
Қарорнинг хулоса қисмида: ХПКнинг 168-моддасида назарда тутилган қарорлардан бири; апелляция шикоятини бериш билан боғлиқ суд харажатларининг тарафлар ўртасида тақсимланиши кўрсатилади.
Апелляция инстанцияси судлари ХПК 171-моддасининг қарорнинг мазмуни ҳақидаги нормаларига қатъий риоя этишлари зарур.
19. Апелляция инстанцияси судининг қарори ХПКнинг 150-моддасида назарда тутилган тартибда тушунтирилиши, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва арифметик ҳисоблашдаги янглишишлар эса тузатилиши мумкин.
20. Апелляция инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси бўйича ёки ўзининг ташаббуси билан, агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилган ва янги қарор қабул қилган бўлса, қўшимча қарор қабул қилишга ҳақли (ХПК 168-моддасининг 2-банди). Қўшимча қарор апелляция инстанцияси судида ХПК 149-моддаси биринчи қисмининг 2, 3-бандларида кўрсатилган асослар бўйича ва ХПК 149-моддасининг учинчи қисмида белгиланган тартибда қабул қилиниши мумкин. Қўшимча қарор қабул қилиш рад этилган ҳолда ажрим чиқарилади ва у ХПК 149-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ кассация тартибида шикоят (протест) қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
ХПК 172-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ биринчи инстанция судининг ажримлари устидан апелляция шикоятлари (протестлари) суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади. Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра апелляция инстанцияси суди томонидан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларда низо мазмунан кўрилмаганлиги сабабли, иш биринчи инстанция судига кўриш учун ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ишда апелляция инстанцияси суди мажлиси баённомасининг бўлмаслиги ёки унинг ХПКнинг 134-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан имзоланмаганлиги ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 8-бандига мувофиқ апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.
23. ХПКнинг 217-моддасига мувофиқ апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилишда ўзи чиқарган янги қарорнинг ижросини кечиктириш ва қарорни бўлиб-бўлиб ижро этиш масаласини ҳал этишга ҳақли.