PDF-файлидаги расмий манба
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ЁЗИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон қарорига мувофиқ, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ деб аталади) фаолиятини янада такомиллаштириш ва фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва у 2012 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда олис аҳоли пунктларида ФҲДЁ органларига бўлган эҳтиёжни ўргансин;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда, тасдиқланган мезонлардан келиб чиқиб, ФҲДЁ органлари ходимлари сонини белгиласин;
икки ой муддатда ФҲДЁ органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишни назарда тутадиган ФҲДЁнинг ягона электрон архивини ташкил этиш, шунингдек ҳужжатлар ва архив материаллари сақланишини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тегишли хизмат кўрсатувчи банклар билан биргаликда ФҲДЁ органларини тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари ва назорат-касса машиналари билан тўлиқ жиҳозлашни таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки, ФҲДЁ органлари таъминоти давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 октябрдаги 873-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.10.2017 й., 09/17/873/0180-сон)
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н.Т. Йўлдошев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 30 декабрь,
346-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 декабрдаги 346-сон қарорига
1-ИЛОВА
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг сонини белгилаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ органлари деб аталади) ходимлари сонини аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ бўлимлари деб аталади), никоҳ уйлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ФҲДЁ архивлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ архивлари деб аталади) ФҲДЁ органлари ҳисобланади.
3. Қуйидагиларда:
а) ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйларида:
мудир;
1 ва 2-тоифали инспектор;
иш юритувчи (техник ходимлар);
б) ФҲДЁ архивларида:
мудир;
архивариус ФҲДЁ органлари ходимлари ҳисобланади.
4. ФҲДЁ органлари ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишув бўйича Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
ФҲДЁ органлари ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан кўпи билан бир йилда бир марта белгиланади.
Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш учун ФҲДЁ органлари харажатлари, шу жумладан ягона ижтимоий тўлов (мартаба даражаси ва белгиланган хизмат муддати учун устамалар тўлови бундан мустасно) давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.
II. ФҲДЁ органлари ходимлари сонини белгилаш мезонлари
5. Ҳар бир ФҲДЁ органида:
а) ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйларида — мудир ва 1-тоифали инспектор;
б) ФҲДЁ архивларида — мудир ва 2 нафар архивариус лавозимлари жорий этилади.
6. ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари инспекторларининг иккинчи ва ундан кейинги лавозимларини белгилашда жамланган ҳолда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:
а) тегишли туман ва шаҳар ҳудудида рўйхатдан ўтказилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ҳамда уларга киритилган тузатишларнинг ўртача ойлик сони (туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳни бекор қилиш). Бунда бир ходимга (иш юритувчи бундан мустасно) рўйхатдан ўтказилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ва уларга киритилган ўзгартиришлар сони ойига камида 200 — 250 та бўлиши керак;
б) хизмат кўрсатиладиган туман ва шаҳар ҳудуди аҳолиси сони. Бунда, хизмат кўрсатиладиган ҳудуд аҳолиси сони 50 минг кишидан 100 минг кишигача бўлганда — 1 нафар инспектор, 100 минг кишидан 150 минг кишигача бўлганда — 2 нафар инспектор, 150 минг кишидан 200 минг кишигача бўлганда — 3 нафар инспектор ва 200 минг ва ундан ортиқ киши бўлганда — 4 нафар инспектор лавозими жорий этилади.
7. ФҲДЁ бўлимида ёки никоҳ уйида инспекторларнинг 4 ва ундан ортиқ лавозимлари мавжуд бўлганда 1-тоифали инспекторлар улар умумий сонининг ярмидан ортиғини ташкил этмаслиги керак.
8. Ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган мезонларга қўшимча равишда ФҲДЁ бўлими ёки никоҳ уйидаги инспекторлар лавозимлари сонини белгилашда, аниқ ҳолатлардан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиладиган ҳудуд чегараларида аҳоли пунктларининг бир-биридан узоқлиги ва улар ўртасидаги мавжуд транспорт ҳаракати ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
9. ФҲДЁ архивлари архивариусларининг учинчи ва ундан кейинги лавозимларини белгилашда жамланган ҳолда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:
архив фондидаги мавжуд ҳужжатлар йиғмажилди сони. Бунда, архивариуслар сони бир ходимга ҳар бирида бир йилда 250 тадан варақ бўлган 4000 та ҳужжатлар йиғмажилди ҳисобидан белгиланади;
ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйларидан тушган хабарномалар бўйича фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувига киритилган қайдлар сони. Бунда, архивариуслар сони бир ойда бир ходимга 450 — 500 та киритилган қайдлар ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади;
берилган маълумотномалар, такрорий гувоҳномалар ва фуқаролик ҳолати далолатномаларидан кўчирмалар сони. Бунда, архивариуслар сони бир ойда бир ходимга 250 — 300 та берилган ҳужжатлар ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади.
10. ФҲДЁ бўлими ёки никоҳ уйида 3 нафар ва ундан ортиқ инспектор мавжуд бўлганда иш юритувчи лавозими жорий этилади.
III. ФҲДЁ органлари ходимлари сони тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш
11. ФҲДЁ органлари ходимлари сони тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан киритилади.
12. ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари ходимлари сони тўғрисидаги таклифларга туман ва шаҳар бўйича қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлган материаллар илова қилинади:
охирги уч йилда ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари томонидан рўйхатдан ўтказилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ва уларга киритилган ўзгартиришлар сони;
аҳоли сони;
ушбу таклифни асослайдиган бошқа маълумотлар.
13. ФҲДЁ архивлари архивариуслари сони тўғрисидаги таклифларга қуйидаги маълумотлар илова қилинади:
охирги уч йилда архив фондидаги мавжуд ишлар сони;
охирги уч йилда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувига киритилган қайдлар сони;
охирги уч йилда берилган маълумотномалар, такрорий гувоҳномалар ва фуқаролик ҳолати далолатномаларидан кўчирмалар сони;
ушбу таклифни асослайдиган бошқа маълумотлар.
14. ФҲДЁ органлари ходимларининг сони тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан умумлаштирилади ва келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига киритилади.
15. ФҲДЁ органлари ходимларининг сони тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан белгиланган тартибда келишилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 декабрдаги 346-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимча
1. Қуйидаги мазмундаги 24б-илова қўшилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига
24б-ИЛОВА
ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатига ЯТС бўйича ҳақ тўлаш разрядлари ва тариф
КОЭФФИЦИЕНТЛАРИ

Лавозимлар номи

Разрядлар ва тариф коэффициентлари

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларидаги ФҲДЁ бўлимлари

Шаҳарлар ва туманлардаги ФҲДЁ бўлимлари

разряд

тариф коэффициентлари

разряд

тариф коэффициентлари

Мудир

9

2,466

8

2,299

I тоифали инспектор

8

2,299

7

2,139

II тоифали инспектор

7

2,139

6

1,988

»

2. 28-илованинг 1-банди саккизинчи хатбошидаги «Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлимлари бошлиқлари (мудирлари) ва» сўзлари чиқариб ташлансин.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 52-сон, 563-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.10.2017 й., 09/17/873/0180-сон)