Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш Давлат инспекцияси БОШЛИҒИНИНГ
буйруғи
КЎМИР ШАХТАЛАРИДА ИШЛАТИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ДИЗЕЛЬ ЮРИТМАЛИ ТРАНСПОРТ МАШИНАЛАРИ УЧУН ХАВФСИЗЛИК МЕЪЁРЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2010 йил 4 декабрь, 6-24/11-11701/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сон «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2004 й., 7-сон, 64-модда) қарорига мувофиқ буюраман:
1. Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун хавфсизлик меъёрлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилиб, норматив техник ҳужжат сифатида эътироф этилган кундан бошлаб кучга киритилсин ва кўпайтирилсин.
Инспекция бошлиғи Б. ҒУЛОМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 29 ноябрь,
339-сон
Ўзбекистон Республикаси «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг 2010 йил 29 ноябрдаги 339-сонли буйруғига
ИЛОВА
Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун
ХАВФСИЗЛИК МЕЪЁРЛАРИ
«Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун хавфсизлик меъёрлари» Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларини саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) мувофиқ ишлаб чиқилган ва кўмир шахталарида дизель юритмали машиналарни конструкциялаштириш, ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш бўйича тўпланган тажрибаларнинг умумлаштирилиши асосида тайёрланган.
Мазкур «Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун хавфсизлик меъёрлари» кучга кириши билан, «Кўмир ва сланецли шахталар учун дизель юритмали транспорт воситаларини ишлаб чиқариш қоидалари» (МакНИИ, 1974 й) ўз кучини йўқотади.
I. БЎЛИМ. УМУМИЙ ТАЛАБЛАР
1. Мазкур «Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун хавфсизлик меъёрлари» газ ёки чанг бўйича хавфли бўлган шахталар учун РВ (конда қўлланиладиган портлаш чиқаришдан хавфсиз) тарзда бажарилган дизель юритмали транспорт машиналари (ер усти дизелевоз ва осма якка рельсли йўллар)ни конструкциялаш ва ишлаб чиқариш учун жорий этилади.
2. Дизель юритмали транспорт воситалари ва комплектловчи ускуналар конларда портлаш чиқаришдан хавфсиз тарзда ишланган жиҳозларга қўйиладиган талабларга мос келиши керак. Дизель юритмали транспорт воситаларида токсиклик даражаси кам бўлган ва портлаш хавфидан ҳимояланган дизель двигателлари ўрнатилган бўлиши лозим.
3. Юритмалар учун портлаш хавфидан ҳимояланган, ишлаш жараёнида энг кам миқдорда газ ажратувчи, икки босқичли ёниш камерасига эга бўлган тўрт тактли дизель двигателлар қўлланилиши лозим.
4. Машиналарни конструкциялаштириш вақтида цилиндрларнинг бир қисми ўчиқ ҳолатда ҳам ишлай оладиган дизель двигателларини, яъни чиқинди газларни ҳажми ва токсиклигини камайтириш учун двигатель салт режимда ишлаганида ва юклама оз бўлган вақтда двигатель цилиндрларининг фақат бир қисми ишлашини таъминлай оладиган двигателлар ва ёқилғи аппаратураларининг конструкцияларини танлаш тавсия этилади.
5. Дизель машиналари 5-тоифа, у бажарилиши учун иқлимий омилларни таъсир этиш қисмида (ГОСТ 15510-69) қуйидаги:
нисбий намликнинг:
293°К (20°С) да ўртача ойлик қиймати90%;
298°К (25°С) да юқори қиймати100% гача;
атроф-муҳитнинг чангланганлик даражаси100 мг/м3 гача;
денгиз сатҳидан баландлик2000 м гача;
атроф-муҳит ҳароратининг юқори кўрсаткичи +40° С, қуйи кўрсаткичи –35° С гача бўлган эксплуатация шароитларида яхши ишлаши керак.
6. Дизель юритмали транспорт воситалари чиқинди газларни тозаловчи икки босқичли тизим — каталитик ва суюқ нейтралловчилар билан жиҳозланган бўлишлари керак.
7. Дизель двигателининг сўриб олиш коллектори машинист кабинасидан туриб бошқариладиган тўсма қопқоқ (заслонка) билан жиҳозланиши лозим. Ушбу мослама метан-ҳаволи муҳитда ишлаётган двигателни фавқулодда тартибда тўхтатиш учун (5 соат дан кўп бўлмаган вақт оралиғида) цилиндрларга борувчи ҳаво оқимини тўсиб қўяди.
8. Транспорт машинасининг дизель двигателидаги энг кўп қизийдиган қисмининг ҳарорати 150° С дан, чиқинди газларнинг ҳарорати — тозаланиб совутилганидан сўнг кон атмосферасига юборилаётган вақтда — 70° С дан паст бўлиши лозим. Гидроузатманинг ишчи суюқлигининг ҳарорати 85° С дан, совутиш тизимидаги сувнинг ҳарорати — 95° С дан, мотор мойининг ҳарорати — 115° С дан ортмаслиги керак.
9. «Саноатконтехназорат» ДИ билан келишувга асосан, чиқинди газларни бир босқичли тозалаш ёки тозаланмайдиган, гидроузатманинг ишчи суюқлиги ҳароратини назорат қилувчи қурилмаси бўлмаган, шунингдек, ишчи суюқлик сифатида минерал мойларнинг қўлланиши мумкин бўлган дизель двигателларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга рухсат этилади. Бунда машинанинг барча иш режимларида чиқинди газлардаги зарарли компонентларнинг миқдори рухсат этилган қийматдан ортиб кетмаслиги ва ишчи суюқликнинг қизиб кетишининг олдини олиш бўйича конструктив чоралар кўрилган бўлиши шарт.
10. Транспорт воситаларини эксплуатация қилиш давомида чиқинди газлардаги углерод (IV) оксиди ва азот (IV) оксиди миқдорлари азот (I) оксидига нисбатан ҳисобланганида жадвалда келтирилган қийматлардан ортиб кетмаслиги лозим:

Номи

Ҳажмий улуши, % (ррм)

тозаланмаган газда

тозаланган газда

Углерод (IV) оксиди

0,2 (2000)

0,08 (800)

2га нисбатан ҳисобланган азот оксидлари

0,07 (700)

0,07 (700)

Янги дизель двигателларининг тозаланган чиқинди газларидаги углерод оксидининг ҳажмий улуши 0,05 % (500 ррм) дан ортиб кетмаслиги лозим.
11. Машиналарнинг чиқинди газларни чиқариб ташлайдиган туйнуклари машинист кабинасига ва машина ёнидаги одамларнинг нафас олиш зонасига концентрацияси юқори чиқинди газлар киришига йўл қўймайдиган тарзда жойлаштирилиши зарур. Чиқинди газларнинг тезлиги ва йўналиши конлардаги чангни уюрмаланишига олиб келмаслиги лозим.
12. Чиқинди газларни суғориш тизимининг сувли баки чиқинди газларни чиқариб юборадиган қувурга сув етказиб берувчи насос сатҳидан юқорироқда жойлашган бўлиши керак. Насосга юбориладиган газ механик аралашмалардан фильтр ёрдамида тозаланган бўлиши лозим.
13. Портлаш хавфидан ҳимояланган дизель двигателларини ишга тушириш транспорт воситасига ўрнатилган автоном портлаш хавфидан ҳимояланган ишга тушириш мосламаси ёрдамида амалга оширилади.
Дизель двигатели қўлда ишга туширилганида ишга тушириш дастаси жараён сўнггида автоматик равишда бошланғич ҳолатига қайтиши лозим.
Совуқ дизель двигателини ишга тушириш учун портлашдан ҳимояланган стационар мосламани қўллашга рухсат этилади.
14. Двигателда ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилмаган ёқилғини ишлатиш ман этилади.
15. Дизель двигателларидаги ёқилғини етказиб бериш ва ёқилғини пуркаш бурчакларини созлаш механизмларининг тузилиши, созлашнинг ўз-ўзидан бузилишига йўл қўймаслигини таъминлаши лозим, шунингдек дизель двигателларидаги чиқинди газлар заҳарлилигининг энг кам даражасини таъминловчи созланишнинг ўзгармасдан сақланишини кафолатловчи пломба ва маркировкалар кўзда тутилган бўлиши керак.
16. Клапанли шток бўйлаб аланга ўчиришни таъминлаш учун дизель двигателларининг клапан йўналтирувчилари 13 мм дан кам бўлмаган узунликка эга бўлишлари керак.
Дизель двигателининг цилиндр каллаклари ва чиқинди газлар коллектори ўртасидаги бирикма қалинлиги 1,5 мм дан кам бўлмаган металл ёки темир-асбестли қистирмалар ёрдамида зичлаштирилиши лозим.
17. Дизель двигателидаги картернинг сўриш тизими билан бирлаштирувчи вентиляцион тешиклар сони минимал бўлиши керак. Бу тешиклар ҳамда сўриш ва чиқариш тизимларидаги тиқинлар аланга ўчирувчи мосламалар билан жиҳозланиши лозим.
18. Двигателнинг ёқилғи тизимидан ҳавони чиқариб юбориш учун қўл насоси, шунингдек ҳавоси бўлган ёқилғини ёқилғи бакига чиқариб ташлаш учун магистраль кўзда тутилган бўлиши керак.
19. Портлаш чиқиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дизель юритмали транспорт машинасининг сўриш ва чиқинди газларни чиқариб ташлаш тизимлари аланга ўчириш мосламалари билан тўсиб қўйилган бўлиши керак. Аланга ўчириш мосламасининг киришдаги ҳақиқий кесими сўрувчи қувур тешиклари юзасидан кам бўлмаслиги, чиқишда эса — двигателнинг чиқинди газларни чиқариб ташлаш қувури тешиги юзасидан камида икки мартага каттароқ бўлиши керак.
20. Пластинкасимон аланга ўчириш мосламаларини қўлланилганида пластиналар эни (пластиналар ўртасидаги тирқиш узунлиги) — 50 мм дан кам, қалинлиги — 1,5 мм дан ортиқ бўлмаслиги, пластиналар ўртасидаги масофа (тирқиш кенглиги) — сўрувчи тизимлардаги аланга ўчириш мосламалари учун — 0,5 мм дан, чиқариб юбориш системаларидаги аланга ўчирувчилари учун — 0,8 мм дан кўп бўлмаслиги керак.
Донадор материаллардан тайёрланган аланга ўчирувчи мосламалар қўлланилганда доналар диаметри 4 мм дан катта бўлмаслиги, портлаш чиқишидан ҳимоя қилувчи доналар қатламининг баландлиги 18 мм дан кам бўлмаслиги лозим.
Аланга ўчирувчи мосламалар доимий равишда тозаланиб турилиши учун осон ечиладиган ва механик шикастланишлардан ишончли тарзда ҳимояланган бўлишлари лозим.
21. Аланга ўчириш мосламаларининг конструкцияси дизель юритмали транспорт машиналари тўлиқ юкланиш билан 8 соат давомида алмаштирилмасдан ишлашини таъминлаб бериши лозим.
Аланга ўчириш мосламаларининг корпуслари, уларнинг портлаш чиқишидан ҳимояловчи гардишлари (фланецлари), чиқинди газларни чиқариб ташлаш коллектори ва чиқариб ташлаш қувури, аланга ўчирувчи тирқиш ва каналларни ҳосил қилувчи мосламаларнинг қисмлари фаол коррозияга учрамайдиган, эксплуатация вақтида вужудга келиши мумкин бўлган иссиқлик, кимёвий ва бошқа таъсирларга чидамли бўлган материаллардан тайёрланган бўлиши керак.
22. Сўрувчи ва чиқинди газларни чиқариб юборувчи қувурлар камида 0,8 МПа босимга мўлжалланган бўлиши ва ҳисобланган босимдан 1,5 баравар катта бўлган босимга нисбатан гидравлик синовдан ўтказилиши шарт.
Синовдан ўтган деталлар ва йиғма бирикмаларга «ДИ» белгиси қўйилиши лозим. Гидравлик синовлардан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома бўлиши керак.
23. Сувли суюқлик нейтралловчиларнинг ва ёқилғи бакларининг ҳажмлари дизель юритмали машиналар двигателнинг номинал юкламаси билан 6 соат давомида узлуксиз ишлашини таъминлаб бера олиши зарур.
24. Транспорт воситаларидаги машинистларнинг кабиналари, уларнинг сони (бир ёки икки) ва конструктив тузилиши — хавфсизлик ва машинист учун қулайлик яратиш шартларидан келиб чиқиб, машина исталган йўналишда ҳаракатланганида кўришнинг зарур доираси таъминланишини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштирилиши лозим.
25. Кабина томининг қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган пўлат листдан тайёрланган бўлиши керак, томнинг кенглиги машинанинг рама бўйича кенглигидан ортиқ, капот қисми кенглигидан кам бўлмаслиги, шунингдек узунлиги бўйича бутун кабинани ёпиб туриши лозим.
Кабинанинг олд қисми синганда ўткир ва майда парчаларга бўлинмайдиган шаффоф материал билан қопланган бўлиши керак.
26. Машинист кабинасида двигателнинг мойлаш тизимидаги мой босими ва ҳароратини, двигателнинг совутиш тизимидаги ҳароратни, ёқилғи сатҳини, ҳаракат тезлигини, дизель двигатели ишлашининг мотосоатлари, босиб ўтилган йўлни назорат қилиб турувчи қурилмалар ўрнатилган бўлиши керак. Қурилмалар тегишли жадваллар билан таъминланган бўлиши лозим.
Гидравлик узатмали машиналарда ишчи суюқлик босими ва ҳароратини назорат қилувчи қурилмалар ўрнатилган бўлиши лозим.
Пневматик ускуналар бўлганида, ҳаво босимини назорат қилувчи қурилма бўлиши керак.
Бевосита бакларда ёқилғи, мой ва сув сатҳини визуал назорат қилувчи қурилмалар ўрнатилишига рухсат берилади.
Маҳаллий шамоллатиш вентиляторлари билан шамоллатиб турилувчи тайёрлов лаҳимларида ва чиқувчи ҳаво оқими бўлган лаҳимларда, III тоифага мансуб шахталарда, газ бўйича юқори тоифали ва бехосдан газ отилиши хавфи мавжуд шахталарда ишлашга мўлжалланган дизель юритмали транспорт воситалари кабиналарида метан миқдорини ўлчаб турувчи автоматик назорат қурилмалари ўрнатилиши учун жой ажратилган бўлиши лозим, шунингдек дизелевоз машинисти диспетчер билан боғланишини таъминлаб берувчи алоқа аппаратурасининг ўрнатилиши ва ток манбаига уланиши, ҳаракатдаги локомотив кабинасидан туриб рельс ўқларини бошқариш имконини берувчи мосламанинг жойлаштирилиши кўзда тутилган бўлиши керак.
27. Машинада қуйидаги бошқарув органлари бўлиши керак:
а) двигателни ишга тушириш;
б) дизель двигателининг айланиш частотасини ўзгартириш (акселератор);
в) локомотивнинг «олдинга», «орқага», «нейтрал» (реверсор) ҳаракатини ва тезлигини тартибга солиш;
г) ишчи ва фавқулодда тормозлаш тизими;
д) ёритиш;
е) қумли тизимни (фақат ер усти рельсли дизелевозлар);
ж) ўт ўчириш тизимини;
з) тўхтаб туришга мўлжалланган механик тормоз;
и) товуш сигнали;
к) ишга тушириш вақтида қўшимча ёқилғи бериш;
л) ёқилғи беришни тўхтатиш.
28. Барча назорат қурилмалари машинистнинг кўриш доирасида жойлашган бўлиши лозим. Бошқарув ричаглари қулай ва қўл бемалол етадиган қилиб жойлаштирилиши лозим. Бошқарув органларининг конструкцияси ва жойлашуви шундай бўлиши лозимки, кабинадан ташқарида турган машинист ҳаракатни бошқара олмаслиги керак. Кабина иккита бўлса, иккала кабинанинг бошқарув органлари ва дизелевоз ҳаракатини назорат қилиш воситалари билан жиҳозланиши бир хилда бўлиши лозим.
29. Дизель двигателининг айланиш частотасини бошқариш ричаги (акселератор ричаги) ва локомотив ҳаракатини бошқариш ричаги (реверсор) ечиб олинадиган бўлиши лозим.
Конструкция реверсорнинг фақат нейтрал ҳолатда ечиб олинишига мўлжалланган бўлиши керак. Бундай ҳолатларда транспорт машиналари дизель двигатели ишлаётган ёки тинч туришидан қатъи назар, тўхтаб туриш тормози билан тўхтатилган бўлиши керак.
30. Дизель юритмали транспорт машиналари дизель двигателидаги энг қизийдиган юза ҳарорати 150° С дан, чиқинди газларнинг кон атмосферасига чиқишидаги ҳарорати, суюқ нейтралловчидаги сув ҳарорати, гидротизимдаги ишчи суюқлик ҳарорати 75° С дан ошганида, ҳамда двигателдаги мой ва гидротизимдаги суюқлик босимлари жоиз даражадан тушиб кетганида дизель двигателларини автоматик равишда тўхтатувчи ҳимоя мосламалари билан жиҳозланган бўлишлари лозим. Двигателнинг ёқилғи тизимида пурковчи насосга ёқилғи берилишини тўхтатиб қўювчи фавқулодда тўхтатиш қурилмаси бўлиши керак, бунда двигателнинг тўхталиши сигнал келганидан кейин 100 сониядан ортиқ бўлмаган вақт ичида содир бўлиши керак.
31. Иссиқликдан ҳимоя қилиш қурилмасининг конструкцияси унинг ишлашини назорат қила олиш имкониятини таъминлаши лозим.
32. Дизель двигателининг сўриб олувчи ва чиқариб ташловчи тизимларига туташ бўлган қувурлари аниқликнинг 3 синфи бўйича бажарилган резбали гайкалар билан бириктирилиши лозим. Иплар сони 5 тадан, резьба қадами — 0,7 мм дан кам бўлмаслиги керак. Силкиниш ва вибрация вақтида гайкаларнинг ўз-ўзидан бўшаб кетишига йўл қўймайдиган махсус қурилмалар кўзда тутилган бўлиши лозим.
33. Чиқинди газларни чиқариб ташловчи ва сўриш тизимларига аланга ўчирувчи аралашма ёки сув юбориш учун мўлжалланган кириш жойлари, шунингдек чиқинди газлардан намуна олиш учун мўлжалланган штуцерлар узунлиги 13 мм дан кичик бўлмаганида диаметри 1 мм дан кичик ёки узунлиги 5 мм дан кичик бўлмаганида диаметри 0,8 мм дан кичик каналлар кўринишидаги аланга ўчирувчиларга эга бўлишлари керак.
34. Ёқилғи тизимининг конструкцияси ва зичланишларининг сифати ёқилғи оқиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Ёқилғи магистраллари шикастланишдан, титрашлардан ҳимояланган бўлиши ҳамда дизель двигателининг совутилмайдиган ва айланадиган қисмларидан, двигателнинг чиқинди газлар чиқариладиган қувури, чиқинди газлар коллектори юзаларидан камида 25 мм нарида ўтказилган бўлиши керак. Ёқилғи ўтказувчи қувурлар шикастланишдан ҳимояланган бўлиши ҳамда пайдо бўлган ёриқлар ва деаэрация натижасида сизиб чиқаётган ёқилғи дизель двигателининг айланаётган ёки совутилмайдиган қисмларига тушмайдиган тарзда ўтказилиши лозим.
Ёқилғи қувурларининг алоҳида қисмлари мойга чидамли шланглар ёрдамида ёки қаттиқ кавшар воситасида кавшарлаш йўли билан бирлаштирилиши лозим.
35. Дизелевознинг ёқилғи баки механик ва иссиқлик таъсирларидан ҳимояланган бўлиши, ёқилғи қуйиш шланги уланганида автоматик тарзда очиладиган ва шланг олинганида автоматик тарзда ёпиладиган клапанга эга бўлиши лозим. Бакда бошқа тўлдириш тешиклари бўлмаслиги керак. Ёқилғи қуйилаётган вақтда унинг оқиб кетиши ва двигатель ишлаётган вақтда ёқилғининг сачраши истисно қилиниши лозим.
Ёқилғи бакидаги туйнук (сапун) бакдаги ҳаво босимини мувозанатда ушлаб туриш учун хизмат қилиб, аланга тўсувчи билан ҳимояланган бўлиши лозим.
Аланга тўсувчининг конструкцияси уни осон алмаштирилиши учун қулай бўлиши керак.
36. Транспорт машинаси ва дизель двигателининг алюминий қотишмасидан тайёрланган қисмлари фрикцион учқун ҳосил бўлишидан хавфсиз бўлган материаллардан бажарилган мустаҳкам тўсиққа эга бўлиши зарур. Бунда учқун қилиш хоссалари камайтирилган ва таркибидаги магний миқдори 0,5% дан кўп бўлмаган бирламчи алюминий қотишмалари қўлланилиши керак.
37. Дизель юритмали транспорт машиналарининг механик, гидравлик, дизель ва электр ускуналарини ҳамда локомотивнинг алоҳида механик ва электр қисмларини тайёрлаш учун мўлжалланган материаллар Ўзбекистон Республикасининг норма ва стандартлари талабларига жавоб бериши зарур.
Дизель двигателларининг ёрдамчи агрегатлари узатмаларининг тасмалари ва қайишқоқ муфталар элементлари ёниши қийин материаллардан тайёрланиши керак.
Мотор, трансмиссион, гидравлик мойлар учун алоҳида ёнғин хавфсизлиги талаблари қўйилмайди.
Гидротизимларнинг ишчи суюқликлари ёнмайдиган бўлиши лозим.
Барча тизимларнинг шланглари айланаётган деталларга тасодифан тегиб кетиши натижасида механик шикастланмаслиги учун ҳимоя қатламига эга бўлишлари керак.
38. Дизель юритмали транспорт машиналарининг электр жиҳозлари портлашдан хавфсиз қилиб тайёрланган бўлиши (шу жумладан автоном манба сифатида қўлланилаётган аккумулятор батареялари ҳам), ортиқча юкланиш ва қисқа туташувдан ҳимояга эга бўлиши лозим.
Электр жиҳозлар изоляциясининг қаршилиги 500 кОм дан кам бўлмаслиги керак.
Тўғрилагичли чўткасиз ўзгарувчан ток генераторларини қўллаш тавсия этилади.
Электр ўтказгичларнинг иккала учи ҳам белгилаб қўйилган бўлиши керак. Кабелларнинг белгиланиши техник ҳужжатларда кўрсатилиши шарт. Кабелларни улаб узайтириш тақиқланади.
39. Ёритиш тизими яқин ва узоқни ёритиш учун мўлжалланган ёритқичларга эга бўлиши керак. Ер усти ва осма дизелевозлардаги узоқни ёритиш учун мўлжалланган ёритқичларнинг тормоз йўли масофасидаги ёритилганлик даражаси 2 лк дан кам бўлмаслиги лозим.
40. Ёритиш тизими:
а) двигатели ишлаётган машиналар тўхташ жойида оқ рангли лампа ўчирилганида иккала фарада ҳам қизил рангли лампалар ёқилишини;
б) ҳаракатланиш давомида олд фараларда оқ рангли лампа ёқилиши ва дизелевоз ҳаракатланиши билан орқа фараларда қизил лампа ёқилишини таъминлаши зарур.
41. Фараларнинг рефлекторлари механик шикастланишнинг олдини олиш мақсадида тўр ёки панжара билан ҳимояланган бўлишлари лозим.
Портлашдан хавфсиз машиналар фаралари том ўлчамларидан четга чиқмасликлари ва фарани 30 — 50 мм га ёпиб турувчи ҳимоя кожухи билан таъминланган бўлишлари лозим.
42. Ёритиш қурилмалари вибрацияга бардошли бўлишлари керак. Барча электр симлари механик шикастланишдан ҳимояланган бўлиши лозим.
43. Ёритиш занжирлари ва товушли электр сигналларидаги номинал кучланиш 24 В дан ошмаслиги ва бунда лампалардаги кучланиш номиналдан 4 фоиздан кўпга фарқ қилмаслиги керак.
44. Дизель двигателларининг мойлаш тизими ва гидроюритмалар ГОСТ 12.2.040-79 «Ҳажмли гидроюритмалар ва мойлаш тизимлари»га мос келиши лозим.
45. Ер ости лаҳимларида дизель двигателлари ўчиқ ҳолатда турган транспорт машиналарини белгилаш учун қизил рангли автоном (кўчма) ёритқичлардан фойдаланишга рухсат берилади ва машиналарнинг конструкцияларида уларни ўрнатиш учун жойлар кўзда тутилиши лозим.
46. Дизель юритмали транспорт машинаси машинист кабинасидан туриб бошқариладиган ёнғинга қарши стационар қурилма ва кўчма аланга ўчирувчи билан жиҳозланган бўлиши керак.
Стационар ёнғинга қарши қурилмасининг тўлдирилган ҳолатида углерод оксидининг массаси 6 кг дан кам бўлмаслиги керак. Стационар қурилмадан чиққан қувурлар углерод оксидини дизелнинг сўрувчи ва чиқариб ташловчи тизимларига, ёқилғи бакига ва ёқилғи насосларига бир вақтнинг ўзида етказиб берилишини таъминлай олиши лозим.
Ёнғинни ўчириш қурилмаси ишга туширилганидан кейин дизель двигатели 25 сек дан ортиқ бўлмаган вақт ичида тўхташи лозим.
Кўчма аланга ўчиргич ичида 4 кг дан кам бўлмаган кукун ёки 2 кг углерод (IV) оксиди бўлиши керак.
47. Дизель юритмали транспорт машинаси кабинадан туриб бошқариладиган товушли огоҳлантириш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши лозим. Товуш даражаси 1 метрлик масофа учун 95 дБ дан кам бўлмаслиги керак.
48. Частотанинг октава доирасидаги товуш босими даражаси ва машинистнинг иш жойидаги (кабинасидаги) товушнинг эквивалент даражаси (товуш даражасининг қабул қилинган меъёри 80 Дб бўлганида), уларнинг тебранишлари, смена алмашган вақтдаги узилиши, машинист иш жойидаги частотанинг октава доирасидаги тебранишлар даражасини инобатга олган ҳолда, меъёрий ҳужжатларда белгиланган қийматлардан ошмаслиги лозим.
49. Дизелевозларнинг деталлари ва агрегатлари қуйидаги рангли бўёқларга бўялиши лозим:
1) оч рангларда — ром, капот, машинист кабинасининг ички ва ташқи юзалари, ром ва капот ичида жойлашган барча жиҳозлар (кондиционер, чиқинди газларни чиқариш патрубкаси ва дизелдан ташқари), цистерна-вагонетка, мой станцияси.
2) қизил рангли — гидропневмоаккумулятор, ёнғинга қарши ҳимоя воситалари, ёқилғи ва сув баклари, портлашдан ҳимоя қилинган ускуналарнинг маркировкаси ва мойлаш нуқталари.
3) қора рангда — ғилдирак марказлари, тормоз колодкалари, бандажлар, илгак пружиналарининг буксалари, буфер қурилмалари ва кабина поли.
Ром ва буферларнинг вертикал қирралари 45° қияликда сариқ-қора рангга йўл-йўл қилиб бўялиши лозим. Йўлларнинг кенглиги 120 мм дан ошмаслиги керак.
Дизелевознинг ён томонларида кўтариш учун махсус илгичларнинг жойлашиши ва локомотив массаси кўрсатилиши лозим.
50. Машина ромининг олд томонида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган жадвал ўрнатилган бўлиши керак:
а) ишлаб чиқарувчи заводнинг товар белгиси;
б) транспорт машинасининг номи ва белгиси;
в) ишлаб чиқарувчи заводда белгиланган тартиб бўйича маҳсулотнинг тартиб рақами;
г) ишлаб чиқарилган санаси.
II-БЎЛИМ. ЕР УСТИ ДИЗЕЛЕВОЗЛАРИ УЧУН ХАВФСИЗЛИК МЕЪЁРЛАРИ
51. Оғирликнинг ўқлар бўйича нотекис тақсимланиши дизелевознинг ҳар бир ўқига тўғри келадиган ўртача ҳақиқий оғирликнинг 6 фоиздан ошмаслиги лозим.
Дизелевознинг конструкцияси уни қисмларга ажратиб туриб транспортда шахтага ташиш имкониятини бериши лозим.
Рама ва капот ички агрегатларни механик шикастланишдан ва атмосфера таъсиридан ишончли ҳимоя қилиши керак. Капотнинг шчитлари олиб қўйиладиган ёки очиладиган бўлиши ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун қулай жойлашган бўлиши лозим.
Тиркама массаси 8 тонна ва ундан ортиқ бўлган дизелевозлар марказда жойлашган битта ёки икки томонда жойлашган очиқ ёки ярим очиқ турдаги, томлари ва иккитадан чиқиш жойлари (ўнг ва чап томондан)га эга бўлган, дераза ўрни шаффоф материал билан қопланган кабиналар билан жиҳозланиши лозим. Кабиналарда хавфсизлик ва яхши кўриниш таъминланган бўлиши лозим. Кабина ўлчамлари машинист ҳамда дизелевознинг бошқарув органларининг қулай жойлашувини техник эстетика ва эргономика талабларига мос равишда таъминлаши лозим.
52. Дизелевоз кабиналарининг конструкцияси шундай бўлиш керакки, ҳаракат давомида машинистга кўринмайдиган майдон: икки кабинали дизелевозлар учун — 1,5 м, кабинаси бир томонда жойлашган дизелевозлар учун — 18 м, кабинаси марказда жойлашган дизелевозлар учун — 15 м ни ташкил қилиши лозим.
53. Кабинадаги бошқарув, ҳимоя ва назорат аппаратураси машинани бошқаришда машинистни сиқиб қўймаслиги, кабинага кириш ва ундан чиқишга халақит бермаслиги керак.
54. Дизелевознинг кабинасида баландлиги бўйича созланувчи, камида 0,12 м2 юзага эга бўлган ва иссиқлик ўтказувчанлиги кам ҳамда вибрацияни сўндирувчи материал билан қопланган курси бўлиши лозим. Кенглиги 1050 мм дан катта бўлган дизелевозларда стажёр учун мўлжалланган ечиб олинувчи курсилар ўрнатилиши кўзда тутилган бўлиши керак.
55. Тормозланиш тизими қуйидагиларни таъминлаши лозим:
а) тўхташ жойида тормозланишни — ғилдиракларнинг рельслар билан уланиш коэффициенти 0,17 га тенг бўлган қийматида 0,05 қияликда ҳисобланган оғирликдаги поездни узоқ вақт ушлаб туриш;
б) оператив (ишчи) тормозланишни — поезднинг тезлигини бутунлай тўхтагунича бошқариш ва камайтириш;
в) тезкор тормозланишни — кўмир шахталарида хавфсизлик қоидаларида белгиланган тартибда поездни йўлда тўхтатиш — бунда тормоз йўли ҳисобланган оғирликка эга юк ортилган составни ташишда 40 м гача, дезелевознинг шатакли оғирлиги 10 т дан кўп бўлган юк ортилган составни ташишда 80 м гача, одамларни ташишда 20 м гача бўлиши керак. Дизелевоз(состав)нинг тезкор тўхталиши барча тормоз тизимлари ёрдамида амалга оширилиши лозим;
г) дизель двигатели ёрдамида тормозланишни.
56. Тормоз тизимининг ишга тушиш вақти 2 сониядан ошмаслиги керак.
57. Тормоз тизими элементларини мустаҳкамлик бўйича ҳисоблашда энг катта тормозланиш кучининг дизелевоз оғирлигига бўлган нисбати 0,3 га тенг қилиб қабул қилиниши керак.
58. Колодкали (дискли) тормозда иккита узатма бўлганида, уларнинг мустақил равишда ишга туширилишини таъминлаш зарур.
Тўхтаб туришдаги тормозланиш учун қўлда қотириладиган узатмага эга бўлган колодкали (дискли) тормозлар ёки нормал ёпилувчи колодкали механик тормозлар ишлатилади (тормознинг ишга туширилиши сиқилган пружиналар ёрдамида амалга оширилади).
59. Тормозни бошқариш машинист кабинасидан туриб ричагли қўл узатмаси, оёқ педали ёки штурвал ёрдамида амалга оширилади.
60. Агар дизелевознинг ишчи тормози пневматик узатмали бўлса, пневматик тизимдаги босим 0,6 МПа дан ошмаслиги керак.
61. Тормоз тизимининг конструкцияси тормоз кучланишини ҳамма ғилдиракларга тенг тақсимланишини таъминлаши зарур.
62. Тормоз тизими конструкциясидаги элементлар раманинг пастки зиҳидан чиқиб кетмаслиги керак.
63. Дизелевоз намлиги 7 фоизгача бўлган, эланган ва лойдан тозаланган қуруқ қум (доналарининг ўлчами 0,5-2 мм) етказиб берувчи қумли тизим билан жиҳозланган бўлиши лозим.
64. Дизелевозлар амортизацияловчи тортма ва зарбали тиркаш қурилмалари билан жиҳозланишлари лозим. Дизелевоз конструкциясида автоматик ва қозиқли улаш қурилмаларининг ўрнатилиши кўзда тутилиши керак.
65. Дизелевозлар буфер қулочи 150 мм дан кам бўлмаган (амортизаторлар бўлганида — унинг сиқилган ҳолати учун) буферли-шатаклаш қурилмалари билан жиҳозланиши лозим. Амортизаторнинг бикрлиги 0,8-1 Н/мм дан кўп бўлмаслиги керак.
66. Ғилдиракларнинг янги бандажлари учун клиренснинг катталиги 80 мм дан кам бўлмаслиги керак. Дизелевоз ғилдираклари бандажининг профили ГОСТ 7873-75 талабларига жавоб бериши лозим.
67. Дизелевозларда домкрат ва самоставлар, шунингдек вагонеткаларни уловчи занжирлар жойлаштирилиши учун жой ажратилган бўлиши керак.
III-БЎЛИМ. ЯККА РЕЛЬСЛИ ОСМА ДИЗЕЛЬ ЙЎЛЛАР УЧУН ХАВФСИЗЛИК МЕЪЁРЛАРИ
1-§. Умумий талаблар
68. Якка рельсли йўллар газ ва чангдан хавфли бўлган кўмир шахталаридаги тармоқланган горизонтал ва қия лаҳимларда жиҳозларни, материалларни, одамларни қайта ортмасдан етказиш учун мўлжалланган.
69. Якка рельсли йўл таркибида қуйидаги ускуналар бўлиши лозим:
а) якка рельсли поезд;
б) якка рельсли йўл;
в) ёрдамчи ускуналар (дизель двигателини ишга тушириш агрегати, дизель ёқилғиси учун цистерна ва насос, чиқинди газлар таркибини экспресс ташхиси учун асбоблар, гидротизимни тўлдириш учун жиҳозлар комплекти ва б.).
70. Якка рельсли поезд дизель локомотив, юк ташувчи тележка (арава), йўловчилар учун мўлжалланган салонлар ва оғир юк ташишга мўлжалланган мосламалардан иборат. Поезд элементлари сцепкалар (илгаклар), контрсцепкалар (контрилгаклар) ва бошқарув коммуникациялари билан боғланган бўлиши лозим.
71. Якка рельсли йўл осма арматурали яккарельс секцияларидан, темир йўл стрелкаларини буриш мосламалари ва чекка таянчлардан ташкил топади.
§ 2. Якка рельсли дизелли локомотив
72. Дизелли локомотив гидроузатмали дизель секцияси, юк тортувчи блоклар, тормозли аравалар, машинист кабинасидан иборат. Локомотив таркибий қисмларининг ўлчамлари уларни махсус лифтда шахтага тушириш учун мўлжалланган бўлиши керак. Зарур ҳолатларда, дизелевоз вертикал ва горизонтал эгриликларга мос келишини таъминлаш мақсадида локомотивнинг таркибий қисмлари шарнирли бириккан бўлиши керак.
73. Юк тортиш блоклари иккита футерланган етакчи ғилдираклардан ва уларни якка рельсга сиқиб қўювчи қурилмадан иборат. Футеровка материали кўмир шахталарида қўлланилиши мумкин бўлган материаллар учун қўйиладиган талабларга жавоб бериши лозим. Локомотивда етакчи ғилдиракларнинг рельсларга сиқилиш кучини назорат қилувчи қурилма бўлиши лозим.
74. Поезд иккита бошқарув кабинасига эга бўлиши лозим: биттаси состав бошида, иккинчиси охирида.
Кабина синганда майда бўлакларга бўлинмайдиган олд ойнага эга бўлиши лозим. Эшик ўринларининг кенглиги 0,7 м дан, баландлиги 1,0 м дан кам бўлмаслиги керак.
75. Локомотив қуйидагиларни таъминловчи бошқарув тизимига эга бўлиши керак:
а) юк тортишни ишга тушириш ва тўхтатиш, тезликни ўзгартириш, тормозланишни;
б) бошқариш фақат битта кабинадан туриб амалга оширилишини.
76. Дизелли локомотив оператив (ишчи), тўхтатиб туриш, аварияли тормозланиш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
77. Оператив (ишчи) тормозланиш тизими тезликни ўзгартириш ва тўлиқ тўхтатилгунича поездни секинлаштиришни таъминлаши лозим.
78. Тўхтатиб турувчи тормозланиш тизими ҳисобланган оғирликка эга бўлган поездни максимал қия лаҳимда тура олишини таъминлаши лозим, бунда тормоз кучи захирасининг йўл эксплуатацияси учун рухсат этилган максимал қияликдаги ҳисобланган юкламага нисбати 2,5 дан кам бўлмаслиги керак.
79. Аварияли тормозланиш тизими қўл билан ҳамда максимал тезлик (2 м/с) 25 фоизга ортганида ёки состав узилган вақтда автоматик тарзда ишга тушиши ва ҳисобланган оғирликка эга бўлган поездни максимал қия лаҳимда, 10 м дан кўп бўлмаган йўлда 35 м/с2 дан катта бўлмаган секинлашиш билан тўхтатишини таъминлаши лозим.
§ 3. Йўловчилар салони
80. Салон кузови ёпиқ бажарилиши ва ҳимоя тўсиқлари билан жиҳозланган эшик ўрниларига эга бўлиши лозим. Эшик ўрниларининг баландлиги 1,0 м дан, кенглиги эса — 0,7 м дан кам бўлмаслиги керак.
81. Бир йўловчига тўғри келадиган пол юзаси 0,41 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Ўриндиқлар конструкцияси лаҳимнинг қиялик бурчаги қандай бўлишидан қатъи назар, одам танаси жойлашуви учун қулай бўлиши лозим. Ўриндиқлар материали санитария-гигиеник талабларга жавоб бериши лозим.
82. Салон амортизаторларда осиб қўйилиши лозим.
83. Йўловчи салонининг конструкцияси унда шикастланган одамларни ташийдиган замбил жойлаштирилишини таъминлаши лозим.
84. Йўловчи салони тезкор тормозлаш қурилмаси ёки локомотив машинистига сигнал берувчи мослама билан таъминланиши керак.
§ 4. Юк тортадиган аравалар
85. Юк тортадиган аравалар юк кўтарувчи механизациялашган қурилмаларга ва юкни (контейнерларни, поддондаги пакетларни) мустаҳкам маҳкамлайдиган ҳамда транспорт ҳолатида қотирадиган қурилмаларга эга бўлиши лозим.
86. Юк тортадиган араваларда машинист кабинасидан локомотивга борадиган бошқарув коммуникацияларини жойлаштириш учун жой бўлиши керак.
§ 5. Шатаклаш (улаш) қурилмалари
87. Ҳаракатланувчи состав бирликлари ушбу состав горизонтал ва вертикал ҳолатларда ишлашини таъминловчи қаттиқ шатаклаш қурилмалари ёрдамида бир-бири билан бириктирилган бўлишлари лозим. Шатаклаш қурилмаларининг ўз-ўзидан узилиб кетишига йўл қўйилмайди.
88. Шатаклаш қурилмалари юк ташишда 6 карралик мустаҳкамлик захирасига, одамларни ташишда эса 10 карралик мустаҳкамлик захирасига эга бўлиши лозим.
§ 6. Тормоз аравалари
89. Тормоз аравалари ишончли тормозланишни таъминлашлари лозим.
90. Ишга тушиш вақти 0,3 сониядан ошмаслиги керак.
§ 7. Контейнерлар
91. Контейнерлар уларни турли транспорт воситаларида (рельсли, якка рельсли) ташиш ва жойлаштиришда текис тахланиш учун қулай бўлишлари лозим.
92. Контейнерларнинг қуйидаги турларини қўллаш тавсия қилинади:
а) ўлчанадиган материаллар учун мўлжалланган контейнерлар;
б) аркали металл мустаҳкамлагич иншоотлар учун мўлжалланган контейнерлар;
в) суюқликлар учун мўлжалланган контейнерлар.
§ 8. Якка рельсли йўл
93. Якка рельсли йўл йиғиладиган ва бўлакларга ажраладиган махсус профилли секциялардан ясалиб, ушбу профиллар кесимининг геометрик ўлчамлари ва мустаҳкамлик характеристикалари Европа стандартларига жавоб берувчи қўштаврникига ўхшаш бўлиши керак.
94. Тўғри чизиқли секцияларнинг узунлиги 3,2 м дан ошмаслиги керак. Эгри участкалардаги якка рельсли йўл техник ҳужжатларда кўзда тутилган эгилиш радиусига эга ва горизонтал ҳамда вертикал текисликлар бўйича аввалдан эгиб олинган секциялардан йиғилиши лозим.
95. Якка рельсли йўлларнинг осиш қурилмалари максимал статистик юкламага нисбатан камида 3-карралик мустаҳкамлик захирасига эга бўлиб, якка рельсни баландлик бўйича созланишига имкон бериши ва лаҳимларни мустаҳкамлаш иншоотларининг мос турларига осилиш учун мўлжалланган бўлишлари лозим. Якка рельсларни осиш учун занжирлар ишлатилса, бу занжирлар максимал статистик юкламага нисбатан камида 5-карралик мустаҳкамлик захирасига эга бўлишлари зарур.
Илгаклараро масофа шундай бўлиши керакки, якка рельснинг эгилиши илгаклар орасидаги оралиқ узунлигининг 1/200 қисмидан ошмаслиги керак.
96. Якка рельсли йўл ва илгаклар қурилмасининг конструкцияси қия лаҳимларда ишлаётган вақтда йўлнинг пастга силжишини ва туташиш жойларидаги тирқишларнинг катталашишини истисно қилиши керак.
Туташиш бирикмаларининг конструкцияси туташиш тирқишининг ўлчами 5 мм дан ва вертикал ҳамда горизонтал бўйича юриш сатҳларининг мос келмаслиги 3 мм дан ортиқ бўлмаган якка рельсли йўлларни йиғиш имконини таъминлаши лозим. Бу талаблар стрелкали ўтказгичларни туташтиришда ҳам бажарилиши шарт.
Якка рельсли секцияларни ўзаро маҳкамлаш, шунингдек лаҳимларни металл мустаҳкамлаш иншоотларининг юқори қисмига маҳкамлаш мосламалари қисмларга осон ажратиладиган бўлиши лозим.
Якка рельсли секцияларнинг горизонтал текисликдаги туташиш жойларидаги эгилиш бурчаги 4° дан ошмаслиги лозим. Бунда туташиш жойларидаги тирқишларнинг рухсат этилган катталикларига якка рельснинг таг томонидан риоя қилиниши керак.
97. Якка рельсли йўл тўпламига ҳаракатланувчи состав йўлдан чиқиб кетмаслигининг олдини олиш учун йўлнинг охирги пунктларида маҳкамланадиган чекка тиркагичлар киритилиши лозим.
98. Якка рельсли йўл конструкциясида унинг чайқалишини ва ҳаракатланувчи составнинг якка рельсдан чиқиб кетишининг олдини олувчи растяжкалар ўрнатилиши кўзда тутилиши керак.
99. Якка рельснинг стрелкали ўтказгичлари ромли конструкцияга эга бўлиши, стрелка перосини қотирувчи мосламага, агар стрелка охиригача туташмаса ёки стрелка пероси бошқа йўлга ўтказилган бўлса, ҳаракатланувчи составни якка рельсдан чиқиб кетишининг олдини олувчи механик ва қўлда ўтказиш юритмаларига ҳамда тўхтатиб туриш стопорларига эга бўлиши лозим.
100. Якка рельсли йўлларни канатли ва дизель юритмали йўллар билан туташган жойларида якка рельсли йўл канатли йўлдаги составнинг дизелли йўл якка рельсига киришини таъминлаши лозим.
IV БЎЛИМ. ДИЗЕЛЬ ЮРИТМАЛИ ТРАНСПОРТ МАШИНАЛАРИНИ ЗАВОДДАГИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ-ТОПШИРИШ СИНОВЛАРИ
101. Машинанинг асосий ускуналари ва асосий қисмлари қабул қилиш-топшириш синовларидан ўтиши лозим.
102. Қабул қилиш-топшириш синовларини ўтказишдан мақсад — машиналарни мазкур техник шароитларнинг хавфсизлик меъёрлари ва ишчи ҳужжатлар талабларига мос келишини аниқлаш.
103. Қабул қилиш-топшириш синовларининг натижалари тегишли журналларга киритилиши лозим, ушбу натижалар асосида машина тайёрланишининг сифати ҳақида якуний далолатнома ва баённома расмийлаштирилади.
104. Субтаъминотчи томонидан етказиб бериладиган комплектловчи ускуна ва узеллар ишлаб чиқарувчи заводларнинг амалдаги кўрсатмалари, меъёр ва стандартлари бўйича қабул қилиш-топшириш синовларидан ўтишлари лозим.
105. Қабул қилиш-топшириш синовлари дастурига қуйидагилар киритилиши лозим:
а) дизель двигателини ишга тушириш тизимининг ишини текшириш;
б) асосий техник тавсифларнинг ТШ (техник шартлар) талабларига мос келишини текшириш (тортиш кучи, тормозланиш тизими, товуш сигнализацияси, аккумулятор батареясини қувват олиши, ёритиш тизими ва ҳ.к.)
в) дизель двигателларини очиқ юзалари, гидравлика тизими ва атмосферага чиқарилаётган чиқинди газларнинг исиш ҳароратини назорат қилиш;
г) ўт ўчириш тизимининг ишини текшириш;
д) кондиционерда сув сатҳи пасайганида ва двигатель қизиб кетганидаги дизель двигателини фавқулодда тўхтатиш тизимининг ишини текшириш;
е) гидравлик контурнинг сўрувчи фильтрида сийракланишни текшириш (гидроузатиш мавжуд бўлса);
ж) ҳаво тизими, шунингдек мой, сув, гидравлик ва ёқилғи қувурларидаги бирикиш жойларининг мустаҳкамлигини ва сизиб чиқишларни назорат қилиш.
V БЎЛИМ. ТАЪМИНОТ КОМПЛЕКТЛИГИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
106. Таъминот комплектига қуйидагиларни кириш лозим:
1) дизель юритмали транспорт машинаси;
2) тез емириладиган захира қисмлар, асбоблар ва тегишли қисмлар тўплами, шу жумладан кўчма ўтўчиргич.
Махсус талаблар бўйича:
3) совуқ дизелни бошланғич ишга тушириш қурилмаси;
4) транспорт машинасининг ишчи ҳажмларини тўлдириш учун ускуна;
5) вагонетка-цистерна.
107. Ҳар бир машинага қуйидаги техник ҳужжатлар бириктирилади:
а) транспорт машиналарини эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича бажариладиган ишлар даврийлиги кўрсатилган қўлланма (йўриқнома);
б) дизель двигателини эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқнома;
в) етказиб берилаётган эҳтиёт қисмлар, асбоблар ва анжомлар рўйхати;
г) дизель двигатели параметрларини ўлчаш бўйича баённомалар (қуввати, ёқилғи сарфи, СО ва N0х миқдори);
д) техник паспорт;
е) транспорт машинасини қўллаш мумкинлиги тўғрисида «Саноатгеоконтехназорат» ДИ томонидан берилган рухсатнома нусхаси.
108. Транспорт машинаси мойи қуйилган, ўт ўчириш тизими карбонад ангидрид гази (СО2) билан тўлдирилган ва қумдонларида қуми билан етказиб берилади. Етказиб берилаётган двигатель ва унинг совутиш тизимига, кондиционер ва сув бакига ёқилғи ҳамда сув қуйилмайди.
VI БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҲОЛАТ
109. «Кўмир шахталарида ишлатишга мўлжалланган дизель юритмали транспорт машиналари учун ХАВФСИЗЛИК МЕЪЁРЛАРИ» «Ўзбеккўмир» ОАЖ билан келишилган.
Бош директор П. ХУРСАНОВ