Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» бошлиғининг
Буйруғи
ПОРТЛАШ ХАВФИ ВА ПОРТЛАШ-ЁНИШ ХАВФИ БОР ОБЪЕКТЛАРДА ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ ХАВФСИЗ ОЛИБ БОРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 29 майдаги 20-15-200/13-сон]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни хавфсиз олиб борилишини ташкил қилиш бўйича намунавий йўриқномаси тасдиқлансин.
2. Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинганидан сўнг ўн кун ўтгач амалга киритилсин.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 4 май,
87-сон
«Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йил 4 майдаги 87-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
ПОРТЛАШ ХАВФИ ВА ПОРТЛАШ-ЁНИШ ХАВФИ БОР ОБЪЕКТЛАРДА ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ ХАВФСИЗ ОЛИБ БОРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА
НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМА
Ушбу Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 28 сентябрдаги «Хавфли ишлаб чиқариш объектларини саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган.
Йўриқнома «Саноатконтехназорат» давлат инспекциясининг назорати остидаги корхоналарда саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият ошираётганларнинг ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлар ва жамиятларда қўллаш учун мўлжалланган.
I боб. Умумий талаблар
1. Ушбу Намунавий йўриқнома «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси назорати остидаги корхона, ташкилотларда, барча ташкилий-ҳуқуқий ва мулкдорлик шаклидан, уларнинг қайси идорага тегишлигидан қатъи назар, портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни хавфсиз олиб борилишини ташкил қилиш бўйича асосий талабларни белгилайди.
2. Корхоналардаги оловли ишларни олиб борилишида хавфсизликни таъминлаш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгарлик корхоналар раҳбарларига, ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун белгиланган тартибда жавобгар этиб тайинланган шахсларга юклатилади.
3. Оловли ишларга материал ва конструкцияларни, очиқ олов, учқун пайдо қилиш ва қиздириш билан аланга олдиришга қодир (электрпайвандлаш, газпайвандлаш, плазма билан кесиш, бензин билан кесиш, кавшарлаш ишлари, учқун ҳосил қилувчи металларга механик ишлов бериш ва ҳ. к.) ишлаб чиқариш операциялари киради.
4. Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни олиб боришга камдан-кам ҳолларда, бу ишлар учун ажратилган махсус доимий жойларда бу ишларни олиб бориш мумкин бўлмаса ва фақат объектда ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар шахснинг ёзма рухсатномаси билан (ишлаб чиқариш, цех, қурилма раҳбари ва шу кабилар) бош муҳандис, ёки унинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари, ёки ишлаб чиқариш бошлиғи тасдиқлаган рухсатномаси бўлганда, рухсат берилади.
Ҳар бир корхонада техника хавфсизлиги гуруҳи (бўлими) ушбу Намунавий йўриқномага тўлиқ амал қилган ҳолда оловли ишларни олиб бориши керак бўлган ишлаб чиқаришлар, цехлар, бўлинмалар, участкалар ва шу кабилар рўйхатини тузишлари керак. Бундай объектлар рўйхати ҳудудий ёнғин ўчириш органи билан келишилган ва корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бўлиши керак.
5. Ушбу Намунавий йўриқнома асосида, 1995 йил 18 сентябрда тасдиқланган «Саноат корхоналари ёнғин хавфсизлиги Қоидалари»ни ҳисобга олган ҳолда корхоналарда ишлаб чиқаришнинг ва маҳаллий шароитнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, оловли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқарилиши керак. Бу йўриқномалар ушбу Намунавий йўриқномага зид бўлмаслиги керак ва улардаги талаблар ушбу Намунавий йўриқномада белгилангандан паст бўлиши мумкин эмас.
6. Портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишлар фақат кундуз куни амалга оширилиши керак (фалокат ҳолатларидан ташқари).
7. Ушбу Намунавий йўриқнома талаблари корхона бўлимлари томонидан бажарилаётган ишларга тааллуқлидир.
8. Оловли ишларни олиб боришга, иш жойларида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ҳақидаги йўриқномадан (йўриқлашдан) ўтган, малака гувоҳномасига техника ва ёнғин хавфсизлиги бўйича малака гувоҳномасига, талонига эга мутахассисларга рухсат берилади.
9. Оловли ишлар икки босқичга бўлинади: тайёргарлик ва асосий, яъни бевосита оловли ишларни олиб бориш.
10. Оловли ишлар, фақат бўлинма раҳбари имзо қўйган наряд-рухсатнома мавжуд бўлса ва оловли ишлар бажарилаётган корхона бош муҳандиси ёки унинг ишлаб чиқариш бўйича бошлиғи тасдиқлаган бўлсагина, олиб борилиши мумкин (иловага қаралсин).
Авария ҳолатларида оловли ишларни олиб бориш учун наряд-рухсатнома, оловли ишлар бажарилиши керак бўлган бўлинма раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс томонидан берилиши мумкин. Бу ҳолатда оловли ишлар корхона бош муҳандисини ва техника хавфсизлиги хизматини хабардор қилган ҳолда, наряд-рухсатнома берган шахснинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилади.
II боб. Оловли ишларни олиб боришга рухсатнома
11. Оловли ишларни олиб боришга, шу жумладан фалокат ҳолатида ҳам, иловадаги шакл бўйича наряд-рухсатномани ёзма равишда расмийлаштирилиши керак.
12. Оловли ишлар олиб борилаётган жойда бўлинма раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс, оловли ишларни тайёрлашга ва олиб боришга жавобгар шахсни тайинлайди, оловли ишларни олиб боришда тайёргарлик ишларининг ҳажми ва миқдорини, уларнинг бажариш кетма-кетлигини, хавфсизлик чораларини, ҳаво муҳитининг назорат тартибини ва ҳимоя воситаларини белгилайди. Бу унинг наряд-рухсатномасининг 8-бандидаги имзоси билан тасдиқланади.
13. Наряд-рухсатнома икки нусхада тузилади ва унда кўрсатилган тадбирларни бажариш учун, оловли ишларни тайёрлашга ва олиб боришга жавобгар шахсларга берилади.
14. Наряд-рухсатномада назарда тутилган барча тадбирларни бажаргандан сўнг, оловли ишларни тайёрлашга ва олиб боришга жавобгар шахс, тегишлигича 11-бандига ўз имзосини қўяди. Шундан сўнг оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги бўлинма раҳбари ёки унинг ўрнида ишлаётган шахс, бажарилган тадбирларнинг тўлиқлигини текширади, ёнғин хавфсизлиги хизмати (зарур бўлганда корхонанинг бошқа хизматлари) билан ўзаро келишади, наряд-рухсатномага имзо қўяди ва уни тасдиқлаш учун корхона бош муҳандисига, ёки унинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосарига, ёки ишлаб чиқариш бошлиғига беради.
15. Оловли ишларни бажарувчи гуруҳ таркиби ва йўриқнома ўтилгани ҳақидаги белги наряд-рухсатноманинг 9-бандига ёзиб қўйилади.
16. Наряд-рухсатнома оловли ишлар олиб бориладиган жойлари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлангандан кейин ҳамда ёнғин хавфсизлиги талаблари тўлиқ бажарилгандан сўнг корхонанинг ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ўзаро келишилади.
17. Наряд-рухсатномани техника хавфсизлиги хизмати ва корхонанинг бошқа хизматлари билан (газдан қутқарув хизмати, энергетика ва бошқалар), шунингдек ўзаро боғлиқ цех, участка (иш турига боғлиқлик ҳолатига қараб) раҳбарлари билан келишиш тартиби, зарурият бўлганда, корхонада ишлаб чиқиладиган йўриқнома билан аниқланади. Топшириқ-рухсатномада келишилганлик расмийлаштирилиши керак ёки «керак эмас» деб ёзиб қўйилади.
18. Наряд-рухсатноманинг бир нусхаси оловли ишларни олиб боришга жавобгар шахсда қолдирилади, бошқаси эса — корхонадаги ёнғин хавфсизлиги хизматининг оловли ишларни тайёрлаш учун жавобгар шахсга берилади, бу ҳақда журналга қайд этилади.
Агарда корхонада ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлмаса, оловли ишларни олиб боришга наряд-рухсатномани тасдиқлаган раҳбар, оловли ишларни олиб боришда ёнғин хавфсизлигини таъминловчи тадбирларни бажарилишини текшириш учун корхонадаги мутахассислар ичидан жавобгар шахсни белгилайди. Бу вазиятда наряд-рухсатнома журналда қайд этилади ва юқорида кўрсатилган шахсда сақланади.
19. Бажарувчилар фақатгина оловли ишларни олиб боришга жавобгар шахснинг рухсати билан оловли ишларни бажариш учун киришиши мумкин.
20. Наряд-рухсатнома оловли ишларнинг ҳар бир турига алоҳида расмийлаштирилади ва (у) бир кунлик иш сменаси давридагини ўз кучига эга. Агарда бу ишлар белгиланган муддатида тугатилмаган бўлса, оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги бўлинма раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс томонидан наряд-рухсатнома (муддати) узайтирилиши мумкин, лекин бир сменадан — белгиланган иш вақтидан кўп бўлмаган муддатга.
21. Ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатиш билан цехларда тўлиқ таъмирлашни олиб борилишига ва қайта таъмирлаш бўйича ишларни олиб борилишига наряд-рухсатнома тўлиқ таъмирлаш ва қайта таъмирлаш бўйича ишлар жадвалида назарда тутилган муддатга расмийлаштирилади.
22. Корхонанинг таъмирловчи цех ишчилар кучи билан ёки ўзга (ташқи) ташкилотлар томонидан оловли ишлар бажарилишида, оловли ишларни олиб бориш учун наряд-рухсатнома ушбу Намунавий йўриқномага мувофиқ расмийлаштирилиши керак.
23. Сиғимлар ичида, аппаратларда, қудуқларда, коллекторларда, зовурларда ва шу кабиларда оловли ишларни олиб бориш учун наряд-рухсатнома расмийлаштирилишда ушбу Намунавий йўриқномада ва ёпиқ идишларда (сиғимлар, аппаратлар, коллекторлар, хандақлар ва шу кабилар) (оловли ишлар) олиб бориш бўйича йўриқномада назарда тутилган барча тадбирларнинг хавфсизлиги ҳисобга олиниши керак.
III боб. Тайёргарлик ишлари
24. Тайёргарлик ишларига — асбоб-ускуналарни, жиҳозларни, коммуникацияни, конструкцияларни оловли ишларга тайёрлаш билан боғлиқ бўлган барча турдаги ишлар киради.
25. Объектни, унда оловли ишларни олиб бориш учун тайёрлаш, бу ишга махсус тайинланган жавобгар шахс раҳбарлигида шу цехда ишлайдиган ходимлар томонидан амалга оширилади, шу жумладан бошқа (чет) ташкилотлар объектда ишларни бажарганида ҳам.
26. Тайёргарлик ишларини бажариш учун жавобгар этиб, фақат ушбу объектдаги мутахассислар тайинланиши мумкин. Тайёргарлик ишларини бажариш учун жавобгар мансабдор шахслар рўйхати корхона, ташкилот йўриқномаларида аниқланган бўлиши керак.
27. Оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги бўлинма тузилишининг раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс, бу ишларни олиб борилишига ва тайёрланишига жавобгарлар билан оловли ишларга тайёргарлик кўришда хавфли жойларни аниқлайди, бу жойлар чегараси аниқ огоҳлантирувчи белгилар ва ёзувлар билан кўрсатилади.
28. Пайвандлаш, қирқиш, иситиш ва шу каби иш жойлари бўр, бўёқ, хатчўп ёки бошқа яхши кўринадиган таништирувчи белгилар билан белгиланади.
29. Оловли ишлар олиб бориладиган аппаратлар, машиналар, сиғимлар, қувурлар ва бошқа асбоб-ускуналар дастлаб тўхтатилиши, портлаш хавфи, портлаш-ёниш хавфи, ёниш хавфи бор ва заҳарли маҳсулотлардан озод бўлиши керак, улар ишлаб турган аппаратлардан ва коммуникациялардан (бу ҳақида тиқин-қопқоқни ўрнатиш ва олиш журналида ёзиб қўйилиши керак) тиқин-қопқоқлар билан узиб қўйилиши керак ва кимё ва нефтгазни қайта ишлаб чиқариш саноати корхоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқ таъмирлаш ишларига тайёрлаш бўйича тармоқ хавфсизлик қоидалари ва йўриқномаларига мувофиқ оловли ишларни олиб борилишига тайёргарлик кўриш керак. Машиналар ва механизмларни ишга тушириш учун мўлжалланган ишлатувчи аппаратура электр тармоқдан узилган ҳолда бўлиши керак ва машина ва механизмларнинг тўсатдан ишлаб кетишига йўл қўймайдиган чоралар қабул қилиниши керак.
30. Оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги майдонлар, металл конструкциялар, бинонинг конструктив элементлари портлаш хавфи, портлаш-ёниш хавфи бор ва ёнғин хавфи бор (чанг, чиркай-елимлар, ёнувчи суюқликлар ва материаллар ва бошқалар) маҳсулотлардан тозаланиши керак.
Ёнувчи газлар ва буғлар бўлиши мумкин бўлган канализация билан боғлиқ тўкиладиган қуйиши воронкалар, лотоклардан чиқиш жойи ва бошқа ускуналар беркитилиши керак. Оловли ишлар олиб бориладиган жойда учқун учишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар қабул қилиниши керак.
31. Оловли ишлар олиб бориладиган жойлар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари (ёнғин ўчиргичлар, қум тўлдирилган қути, белкурак ва бошқа ёнғин ўчириш асбоб-анжомлар) билан таъминланган бўлиши керак. Оловли ишлар олиб бориладиган жойларида бевосита ички ёнғин ўчириш жўмраклари мавжуд бўлса, ёнғин ўчириш дастак ва енгни ички ёнғини жўмракка уланган ҳолда ишлар олиб борилаётган жойга олиб келинган бўлиши лозим.
IV боб. Оловли ишларни олиб бориш
32. Оловли ишларни олиб бориш учун цехдаги муҳандис-техник ишчилардан ушбу вақтда технологик жараёнларни олиб бориш билан банд бўлмаган ва портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни хавфсиз олиб бориш қоидаларини биладиган жавобгар шахс тайинланиши керак.
33. Оловли ишларга, ҳаво муҳитида ёнувчи моддалар бўлмаганда ва миқдори амалдаги санитария меъёрлари бўйича рухсат берилган миқдоридан юқори бўлмаган заҳарли моддалар (ёнувчи, портлаш хавфига алоқадорлардан ташқари) мавжудлигида бошлашга рухсат берилади.
34. Оловли ишлар олиб борилиш вақтида кўрсатилган ишлар олиб бориладиган аппаратларда, коммуникацияда ва хавфли жойда ҳаво муҳитининг ҳолати назоратини вақти-вақти билан амалга ошириш керак.
35. Агарда оловли ишлар олиб борилаётган аппарат ёки қувурлар ичида, хавфли жойда ёнувчи моддалар миқдори ошган пайтда, тезда (оловли ишлар) тўхтатилиши керак, газланиш сабаблари аниқлангандан, ва фақат бартараф этилгандан ва ҳаво муҳитининг меъёри тиклангандан сўнггина давом эттирилиши керак.
36. Цехнинг технологик ходимлари томонидан оловли ишлар олиб борилган вақтда, ҳаво муҳитига портлаш хавфи, портлаш-ёниш хавфи ва ёниш хавфи бор моддаларнинг ажралиб чиқишига имкон бермайдиган чоралар қабул қилиниши керак.
Оловли ишлар олиб борилаётган жойларда газланиши ва чангланиши сабабли ёнғин ва портлаш келтириб чиқаришини имкон берувчи ишларга: аппаратларнинг люкини ва қопқоқларини очишга, юкларни туширишга, ортиқ юкларни ортишга ва маҳсулотларни тўкишга рухсат берилмайди.
37. Портлаш хавфи, портлаш-ёниш хавфи ва ёниш хавфи бор жойларда ишлашда, у ерда ёнувчи газ ва буғларнинг учиб кетиши эҳтимоли бўлса, учқун бермайдиган материалдан тайёрланган инструментларни ишлатиш керак.
38. Оловли ишларни бошлашдан аввал, оловли ишларни олиб бориш учун жавобгар шахс бажарувчилар билан ушбу объектда оловли ишларни олиб боришда хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўриқнома ўтказади. Йўриқнома олиб борилиши, оловли ишларни олиб бориш учун жавобгар шахс ва бажарувчиларнинг наряд-рухсатномадаги имзолари билан тасдиқланади.
39. Оловли ишларга тайёргарлик кўриш учун, жавобгар шахсдан асбоб-ускуналарни қабул қилгандан сўнг ва об-ҳаво муҳитининг 33-банди талабларига мувофиқ қониқарли ҳолатда бўлганида, оловли ишларни олиб бориш учун жавобгар шахсга оловли ишларни (амалга оширишни) бажаришга рухсат берилади.
40. Оловли ишлар, ушбу Намунавий йўриқнома талабларидан чекланишига йўл қўйилганлиги аниқланганда, наряд-рухсатномада назарда тутилган хавфсизлик чораларига риоя қилинмаганида, шунингдек хавфли вазият содир бўлганида, тезда тўхтатилади.
41. Таъмирлаш-монтаж ишларини тамомлаганидан сўнг, кислород ва ёнувчи газ билан баллонларни хонада қолдиришга рухсат берилмайди. Баллонларни уларнинг доимий сақлаш жойларига юбориш керак.
42. Таъмирлаш ишларини тўгалланганидан сўнг, аппаратлардаги ва қувурлардаги бузилган иссиқлик изоляциясини тиклаш керак.
43. Бино, цех ёки хонада ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар мансабдор шахс, оловли ишларни олиб бориш жойларини улар тугагандан сўнг 3 — 5 соат давомида синчиклаб текширилишини таъминлаши шарт.
V боб. Раҳбарлар ва бажарувчиларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
44. Оловли ишларни олиб бориш учун рухсатномани тасдиқлаган жавобгар шахс ушбу Намунавий йўриқномага мувофиқ чора-тадбирларнинг бажарилишини ташкил қилишга мажбурдир.
45. Оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги бўлинма тузилмасининг раҳбари ёки унинг ўрнидаги шахс, қуйидагиларга мажбурдир:
оловли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва уларни бажарилишини таъминлайди;
оловли ишларни тайёрлаш ва олиб бориш учун жавобгар шахсни, портлаш хавфи ва портлаш-ёниш хавфи бор объектларда оловли ишларни олиб бориш қоидаларини ва тайёрлаш шароитларини биладиган муҳандис-техник ишчилар таркибидан тайинлайди;
оловли ишларни бошлашдан олдин наряд-рухсатномада назарда тутилган, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар бажарилганлигини текширади;
оловли ишларни олиб бориш даврида ушбу Намунавий йўриқнома талабларига риоя қилиш бўйича назоратни таъминлайди;
оловли ишлар олиб борилаётган жойда ва иш жараёнида хавф туғдирадиган жойда ҳаводаги муҳит назоратни ташкил қилиши ва ҳавонинг намунасини танлаб олиш даврийлигини белгилайди;
оловли ишларни олиб боришда наряд-рухсатномани ёнғин хавфсизлиги хизмати, зарурият бўлганида корхонанинг бошқа хизматлари ва ўзаро боғлиқ цех, участка раҳбарлари билан келишишини таъминлайди;
46. Оловли ишлар олиб боришга асбоб-ускуналар ва коммуникацияни тайёрлаш учун жавобгар шахс, қуйидагиларга мажбурдир:
наряд-рухсатномада кўрсатилган чора-тадбирларнинг бажарилишини ташкил этади;
наряд-рухсатномада назарда тутилган чора-тадбирлар бажарилишининг тўлиқлигини ва сифатини текширади;
оловли ишлар олиб борилаётган жойда ва хавфли жойда ҳаво муҳитининг таҳлилини ўз вақтида олиб борилишини таъминлайди;
оловли ишлар олиб бориш вақти, коммуникация йўлларининг узиб қўйилиши ва шу кабилар ҳақида ўзаро боғлиқ (технологик боғлиқ) бўлинма раҳбарларини огоҳлантиради.
47. Оловли ишларни олиб бориш учун жавобгар шахс, қуйидагиларга мажбурдир:
оловли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини ташкил қилиши;
оловли ишларни бажарувчилар билан наряд-рухсатноманинг 9-бандида назарда тутилган инструктаж ўтказиши;
оловли ишларни бажарувчиларда (пайвандловчи, қирқувчи) ёнғин ва техникаси хавфсизлиги бўйича малака гувоҳномаси ва талони мавжудлигини текшириши, уларни (оловли ишларни) бажариш учун асбоб-ускуналар ва воситалар созлигини ва тўлиқлигини (жамланганлигини), ҳамда ишларни олиб боришда махсус кийим-бош, оёқ-кийимлар ва ҳимоя тўсиқлари билан шароитга мувофиқлигини таъминлайди ва текширади;
оловли ишлар олиб бориладиган жойларини бирламчи ёнғин ўчириш воситалар билан таъминлаши — ишчи ва хизматчиларни қўшимча шахсий ҳимоя воситалари (противогаз, қутқариш камарлари, арқонлар ва бошқалар) билан таъминлайди ҳамда улардан фойдаланишини назорат остига олади;
оловли ишлар олиб борилаётган жойда бўлиши керак, бажарувчиларнинг ишларини назорат қилади;
оловли ишлар олиб борилаётган жойдаги ҳаво муҳитининг ҳолатини билиши керак ва зарурий вазиятда ишларни тўхтатиши керак;
танаффусдан сўнг оловли ишлар қайта бошланганда, ишлар олиб борилаётган жойни ва асбоб-ускуналар ҳолатини текшириши керак, хонада (бинода) ва аппаратларда ҳаво муҳити таҳлилининг қониқарли хулосасини олганидан сўнггина ишларни олиб боришга рухсат беради;
оловли ишлар олиб борилиши тугаганидан сўнг, ишлар ўтказилган жойда аланга пайдо бўлиши манбаалари йўқлигини текшириши керак.
48. Смена бошлиғи (смена раҳбари, смена устаси) қуйидагиларни бажаришга мажбурдир:
объектда оловли ишлар олиб борилиши ҳақида смена ходимларини огоҳлантиради;
оловли ишлар олиб бориш вақтида ёнғин, портлаш пайдо бўлиш имкониятларини ва ишчиларнинг жароҳатланишини олдини олиб, технологик жараённи олиб борилишини таъминлайди;
объектда оловли ишларни олиб борилиши ҳақида сменани қабул қилиш ва топшириш журналига бажарилган ишларни ёзиб қўяди;
оловли ишлар тугаганидан сўнг, оловли ишлар олиб борилиши учун жавобгар шахс билан биргаликда аланга олиш имконини йўқотиш мақсадида, оловли ишлар олиб борилган жойларни текширади ва 3 соат давомида ёнғин ўчоғи пайдо бўлишининг энг қулай жойида смена ходимлари билан назорат қилинишини таъминлайди.
49. Оловли ишларни бажарувчилар қуйидагиларга мажбурдир:
ёнғин хавфсизлиги бўйича малака гувоҳномасини ва талонини ўзида олиб юриши;
оловли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича инструктаж олиши ва наряд-рухсатномага имзо қўйиши керак, пудратчи (ташқи) ташкилот бажарувчилари эса махсус йўриқномани қайд этиш журналида ёзиб қўйиш билан ушбу цех, смена бошлиғидан (мастеридан-устасидан) оловли ишлар олиб борилишида техника хавфсизлиги бўйича қўшимча инструктаж олиши керак;
оловли ишлар олиб борилиши назарда тутилган жойда, ишлар ҳажми билан танишиши керак;
оловли ишларни олиб бориш учун фақат жавобгар шахснинг кўрсатмаси билан оловли ишларни бошлаши керак;
наряд-рухсатномада назарда тутилган хавфсизлик чораларига риоя қилиши; фақат наряд-рухсатномада кўрсатилган оловли ишларни бажариш; иш вақтида созланган асбоб-ускуналарни ишлатиши;
ҳимоя воситаларидан фойдаланишни билиши ва зарурият бўлганда ўз вақтида уларни ишлатиши;
бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланишни билиши ва ёнғин содир бўлган вазиятда тезда ўт ўчириш қисмини чақириш чораларини қабул қилиши ва алангани бартараф қилиш учун киришиши керак;
оловли ишлар тугатганидан сўнг, улар олиб борилган жойларни диққат билан кўриб чиқиши ҳамда ёнғин, жароҳатланиш ва фалокатлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлган тартибсизлик аниқланганда, уларни бартараф қилиши;
хавфли вазиятлар пайдо бўлганда оловли ишларни тўхтатиши керак.
50. Оловли ишларни олиб боришга наряд-рухсатномани тасдиқлаган шахс, ёки унинг ўрнидаги шахс, ёки смена бошлиғи (устаси), оловли ишларни тайёрлаш, олиб бориш учун жавобгар шахс, бажарувчилар ўзларига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгардир.
VI боб. Якуний қоидалар
51. Ушбу Намунавий йўриқнома Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаси Марказий Кенгаши, «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаси Марказий Кенгашининг раиси А.ҒУЛОМОВ
«Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқарув раиси У. НАЗАРОВ
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармасининг бошлиғи А. ИСЛОМОВ
«Ўзкимёсаноат» ДАК Бошқарув раиси Ғ. ИБРАГИМОВ