Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» бошлиғининг
Буйруғи
ҚУВУРЁТҚИЗГИЧ - КРАНЛАРНИНГ СОЗ ҲОЛАТИГА ЖАВОБГАР МУҲАНДИС ТЕХНИК ХОДИМЛАР УЧУН НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 18 март 20-15-105/11-сон]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2016 йил 13 майдаги 52-сонли «Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар учун намунавий йўриқномани ўз кучини йўқотганлиги тўғрисида»ги буйруғига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июль 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолияти ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э. Шоисматов томонидан 2007 йил 21 майда тасдиқлаган Саноат хавфсизлиги соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ва меъёрий техник ҳужжатларни тайёрлаш жадвалига асосан, буюраман:
Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар учун намунавий йўриқнома тасдиқлансин.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 февраль,
41-сон
«Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йил 27 февралдаги 41-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар учун
НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМА
1-§. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон республикасининг 2006 йил 28 сентябрдаги ЎРҚ-57-сонли «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли қарори билан тасдиқланган «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший хизмат секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон республикаси Давлат инспекцияси тўғрисида»ги низом асосида ишлаб чиқилди.
3. Ушбу Намунавий йўриқнома талабларига риоя қилиш, саноат хавфсизлигини таъминлашга ва қувурётқизгич-кранларни ишлатишда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ҳолатлари ва аварияларнинг олдини олишга қаратилган.
4. Мазкур Намунавий йўриқномага мос равишда қувурётқизгич-кранларни ишлатаётган ҳар бир ташкилот, қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим учун лавозим йўриқномаси ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши шарт. Бу йўриқномалар талаблари, мазкур Намунавий йўриқнома талаблари даражасида бўлиши керак.
5. Лавозим йўриқномасида қуйидагилар ҳам ўз ифодасини топиши лозим:
а) мазкур Намунавий йўриқноманинг асосий кўрсатмалари;
б) қувурётқизгич-кранларини маҳаллий шароитларида ишлатишдан келиб чиқадиган қўшимча талаблар;
в) қувурётқизгич-кранларни ишлатиш бўйича қўлланмаларда баён этилган, қувурётқизгич-кранларни соз ҳолатда сақлаш бўйича кўрсатмалар.
2-§. Умумий талаблар
6. Қувурётқизгич-кранларни хавфсиз ишлатиш бўйича жавобгарлик, қувурётқизгич-кранлар тузилиши ва уларни хавфсиз ишлатиш қоидасига мувофиқ унинг эгаси қувурётқизгич-кранларни ишлатувчи корхона билан биргаликда тегишли малакага эга бўлган муҳандис-техник ходим зиммасига юклатилади, унга бўйсунган қувурётқизгич-кранларга хизмат кўрсатадиган ходим (юк илувчилардан ташқари) бўлади.
7. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгарлик, балансида қувурётқизгич-кран бўлган корхона ёки ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тайинланган муҳандис-техник ходим зиммасига юклатилган бўлиши лозим.
8. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходимнинг тайинланиши тўғрисидаги буйруқ рақами, санаси ва шунингдек, унинг лавозими, фамилияси, исми, шарифи, кран «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси органларида қайд қилинишидан олдин, ҳамда ҳар қайси бошқа жавобгар шахс тайинланганда, қувурётқизгич-кран паспортига ёзилиши лозим.
9. Ташкилотга кранларни ижарага бераётганда, тегишли шартномада қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар томоннинг номи кўрсатилган бўлиши керак.
10. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим иш таътилида, хизмат сафарида бўлганда, касаллигида ва бошқа ҳолатларда, унинг вазифалари мазкур Намунавий йўриқноманинг 12-бандида ва Қоидаларда ўрнатилган тартибда бошқа ходим зиммасига юклатилиши лозим.
11. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим қуйидагиларни билиши керак:
а) қувурётқизгич-кранлар тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидаларини;
б) қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим учун лавозим йўриқномасини;
в) қувурётқизгич-кранларининг конструкциясини, уларнинг вазифалари, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ўтказиш учун зарур бўлган ҳажмдаги таъмирлаш ускуналари, механизмлар ва қисмларнинг мойлаш жойлари;
г) қувурётқизгич-кранларни ишлатиш бўйича қўлланмаларда баён қилинган талабларни, айнан узел ва механизмларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш муддатларини, металл-конструкциялардаги гидротизим узелларида содир бўлиши мумкин бўлган носозликларини ва хавфсизлик асбобларини текшириш усуллари, тормозларни тартиблаш, тез ейиладиган ва алмашинадиган деталлар рўйхатини ва уларнинг ишдан чиқишидаги рухсат этилган емирилишларни, капитал таъмирлашга юбориш учун қувурётқизгич-кранларнинг чегаравий ҳолати мезонларини;
д) хизмат кўрсатувчи ходимлар — кранчи (машинист)лар, чилангарлар, хавфсизлик асбобларини созловчилар учун амалдаги ишлаб чиқариш йўриқномаларини;
е) қувурётқизгич-кранларни ишлатиш пайтида бахтсиз ҳодисалар ва авариянинг олдини олиш бўйича «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси органларининг бошқа ёзма буйруғи ва услубий тавсияномаларини;
ж) қувурётқизгич-кранларни ҳисобдан чиқариш ва қайд қилиш, уларни ўрнатиш ва ишга тушириш тартибини;
з) бошқа жойларда ишлаганда қувурётқизгич-кранларни бошқа ташкилотларга бериш тартибини;
и) қувурётқизгич-кранларни режавий-огоҳлантириш таъмирлаш тизимини, уларни таъмирлашга чиқариш ва таъмирдан сўнг ишга тушириш тартибини;
к) қувурётқизгич-кранлар тузилиши ва хавфсиз ишлатиш қоидаларида кўзда тутилган ҳолатларида наряд-рухсатнома бериши ва расмийлаштириш тартиби;
л) корхонада қувурётқизгич-кранларга хизмат кўрсатиш ва назоратни ташкил қилиш тартибини;
м) пўлат арқонларни яроқсизлик (брак)ка чиқариш меъёрларини.
12. Қувурётқизгич-кран эгаси ҳисобланган корхона раҳбари жавобгар шахсларга улар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришлари учун зарур шароит яратиб бериши ва қувурётқизгич-кранни соз ҳолатда бўлиши устидан текширув ўрнатиши шарт.
3-§. Вазифалар
13. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим қуйидагиларни таъминлаши лозим:
а) аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф қилинишини, даврий кўрикдан ўтиш журналини тўғри олиб борилишининг мунтазам назоратини, жадвалда ўрнатилган муддатда таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни, даврий текшириш йўли билан ечиб олинадиган юк тутувчи мосламаларни ва идишларни соз ҳолатини шахсан ўзи томонидан мунтазам текширилишини;
б) юклатилган масъулиятни бажариш, ҳамда хизмат кўрсатаётган ходимларга йўл-йўриқ бериб, билимларини даврий текшириш учун етарли маҳоратга эга бўлган қувурётқизгич-кранларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўргатилган тегишли гувоҳнома олган шахслар ёрдамида амалга оширишни;
в) қувурётқизгич-кранларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлаб чиқариш йўриқнома талабларини таъминланишини ва кранчи (машинист) ходимлар томонидан бажарилишининг назоратини;
г) қувурётқизгич-кранларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишга ва зарур гувоҳномалар олишга тайёрлаш ва меъёрий хизмат вақтини ўтаган қувурётқизгич-кранларни текширишга тайёрлаш;
д) қувурётқизгич-кранларни жадвалга асосан таъмирлашга чиқариш;
е) ечиладиган юк кўтариш мосламалари ва идишлар, қувурётқизгич-кранларга доир техник ҳужжатлар ва паспортларнинг сақланишини ва шунингдек, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг билимларини даврий текшириш журналини тўғри расмийлаштирилишини;
ж) юк кўтарувчи машиналарни хавфсиз ишлатиш устидан назорат қилувчи хизматлар ва «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси органлари фармойишларининг бажарилишини;
з) қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим, таъмирлашдан сўнг олинган қувурётқизгич-кранни ёки янгидан тикланган қувурётқизгич-кранларни ишлатишга фақат техник кўрик ўтказилгандан сўнг ва қувурётқизгич-кран паспортида ишлашига рухсат берилгани тўғрисидаги ёзув ва шунингдек, ўқитилган хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи ходимлар мавжудлигида рухсат беради.
14. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим, кранни йиғиш ёки ишлатиш жараёнида унинг конструкциясидаги ёки ясалишидаги камчиликни қувурётқизгич-кранларнинг тузилиши ва хавфсиз ишлатиш талабларига номувофиқлигини аниқлаганда, уларни ишлатишни тўхтатиши, аниқланган камчилик тўғрисида уни ишлатаётган ташкилот ёки қувурётқизгич-кран эгасига хабар бериши лозим.
15. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим қувурётқизгич-кранларни техник кўригида, меъёрий хизмат муддатини ўтаган қувурётқизгич-кранларни текширишда ва шунингдек, «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси инспектори ўтказаётган қувутётқизгич-кранларнинг текширувида ва қувурётқизгич-кранларни хавфсиз ишлатилишини назорат қилувчи муҳандис-техник ходим ўтказаётган текширувда иштирок этиши керак.
16. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим машинани техник кўрикка тайёрлаши лозим; бунда унинг механизмлари, хавфсизликни таъминловчи асбоблари, тормозлари, бошқарув аппаратлари, гидротармоқларининг узеллари, ёритгичлари, сигнализацияларнинг ишлаши текширилади. Агар қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимга қувурётқизгич-кранларнинг механизмларини ва айрим қисмларини унинг тўла техник гувоҳлик берилишигача кўрикдан ўтказиш топширилса, унда тўлиқ гувоҳлик беришда, у қуйидагиларни текшириши лозим:
а) металлконструкциялар, пайвандли, болтли, парчинланиб уланган жойлар (ёриқлар, деформация йўқлигини, коррозия ва бошқа нуқсонлар оқибатида деталлар деворининг юпқаланиши), шунингдек, кабиналар, нарвонлар, майдончалар ва тўсиқлар ҳолатини;
б) илгаклар, блоклар, барабанлар, тормоз элементлари ҳолатини;
в) арқонлар ва уларнинг маҳкамланиш ҳолатини;
г) балласт ва посонги вазнининг паспортда кўрсатилган қийматларига тўғри келишини.
Кўрик ва текширув натижалари қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим томонидан имзоланган акт орқали расмийлаштирилиши керак.
17. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим кўтариб турувчи ва тортиб турувчи қанот ва пўлат арқонларини, эскирган тортма арқонларни алмаштиришда қуйидагиларга эътибор бериши шарт:
а) паспортдаги маълумотларга мувофиқ арқон танлашга;
б) арқон учининг маҳкамланганлигини ва захирасининг тўғрилигини текширишга;
в) ишчи юк билан арқонни тортиб текширишдан ўтказишга;
г) бажарилган иш тўғрисида қувурётқизгич-краннинг паспортига маълумотларни ёзиб қўйишга.
18. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар ходим хавфсизлик асбобларини кўрикдан ўтказишда қуйидагиларни текшириши шарт:
а) кўтариш механизмининг охирги қўшгичларини ўрнатиш, бунда у тўхтагандаги юк ушлаш органи билан тиргак орасидаги тирқиш қувурётқизгич-кранлари учун 200 mm дан кам бўлмаслиги лозим;
б) қанот узунлиги ва юк кўтара олишлигини кўрсатадиган шкалаларнинг тўғри ўрнатилишини.
19. Агарда қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим зиммасига идишлар ва юк кўтариш мосламаларини соз ҳолатда сақлаш бўйича масъулият юклатилган бўлса, унда у қувурётқизгич-кранлар тузилиши ва хавфсиз ишлатиш Қоидаларида ўрнатилган муддатда уларни даврий кўрикдан ўтказилиши ва таъмирланиши шарт.
20. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим уларга доимий бириктирилган хизмат кўрсатув ходимлари бўлишини таъминлаши ва кранчи (машинист)ларни бир қувурётқизгич-крандан бошқасига унинг рухсатисиз кўчиришга йўл қўймаслиги лозим.
21. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим қувурётқизгич-кранларга хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилган ишчилар ўртасидаги қуйидаги тартибни ўрнатиши лозим: кранчи (машинист)лар, чилангарлар, хавфсизлик асбобларини созловчилар, уларга топширилган ускуналарни ишга лаёқатлилигини текширишлари ва кўриб чиқиш йўли билан уларни соз ҳолатда ушлаб туришлари лозим. Кранчи (машинист)лар иш бошлашдан олдин қувурётқизгич-кранларни кўрикдан ўтказишлари лозим. Бунинг учун уларга тегишли вақт ажратилган бўлиши зарур. Қувурётқизгич-кранларни текшириш ва кўрик натижалари вахта журналига ёзиб қўйилиши керак.
Кувурётқизгич кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар вахта журналини олиб борилишини, бир ойда энг камида бир мартада текшириши лозим.
22. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим кранчи (машинист)лар ва чилангарларга, улар йўл қўйган камчиликлар, шикастланиш ва авария ҳолатларини таҳлил қилиб, қувурётқизгич-кранларга хавфсиз хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича йўл-йўриқ бериб бориши керак.
23. Иш бошлашдан олдин кранчиларга йўл-йўриқ кўрсатишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:
а) бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўладиган қувурётқизгич-кранларни ҳаракатланувчи қисмларига (барабан, вал, тишли узатма ва ш.ў.лар), яқинлашиш хавфли бўлган жойларда тўсиқларнинг созлиги ва мавжудлигига;
б) асбоблар ва хавфсизлик қурилмаларининг соз ишлашига;
в) краннинг металлконструкциялари, пўлат арқонлар, барабанлар, блоклар, тормозлар ҳолатига, мойлаш-совутиш суюқликларининг ҳолатига ва сатҳига;
г) сменани топшириш ва қабул қилишдаги ўрнатилган тартибига риоя қилинишига;
д) Қоидада кўзда тутилган ҳолатлардаги наряд-рухсатнома талабларининг аниқ бажарилишига;
е) юриш қисмлари ҳолатига;
ж) қувурётқизгич-кранларга ортиқча юк ортишга йўл қўймасликка;
з) қувурётқизгич-крандан кетганда ёки иш тугаганда кабина эшигини беркитиш зарурлигига;
и) ишлаётган қувурётқизгич-кран яқинида ва жойи ўзгартирилаётган юк тагида одамлар бўлиши мумкин эмаслигига;
к) юкларнинг массаси ва тафсилотига кўра, ечиб олинадиган юк ушловчи мосламаларни қўлланилиши ва юкларни илиш усулларига юк илувчиларни риоя қилишлари зарурлигига;
л) қувурётқизгич-кран ишлаётган пайтда ва юкли қанотни тушириш шарти операцияларини бирга олиб бориш зарурати ҳақидаги ишлатиш бўйича қўлланмадаги кўрсатмага риоя қилишга.
24. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим қуйидагиларни бажариши шарт:
а) кранчини вахта журнали билан таъминлаш;
б) қувурётқизгич-кранида навбатдаги синаш санаси ва юк кўтара олиши, рўйхатга олиш рақами кўрсатилган табличка ва шунингдек, огоҳлантирувчи ёзувлар ва плакатлар мавжудлигини таъминлашга;
в) қувурётқизгич-кранларни ишлаш учун участкаларга фақат талабнома асосида юборишга, талабномада ишлаб турган қувурётқизгич ёки электр узатиш тармоқлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумот, ишлар тури юк илувчилар ва қувурётқизгич-кранлари билан хавфсиз иш олиб боришга жавобгар шахс фамилиялари ва гувоҳнома рақами кўрсатилган бўлиши лозим. Баён этилган маълумотлар йўл варағида кўрсатилган бўлиши керак;
г) қувурётқизгич-кранларнинг ишини мотосоатлар ҳисобида олиб боришга.
25. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим қуйидаги пайтларда уларни ишлашига рухсат бермаслиги керак:
а) краннинг металлконструкцияларида ёки механизмлари деталларида хавфли нуқсонлар мавжудлигида (ёриқ, қийшайиш, деворлари юпқаланиши ва бошқ.);
б) металлконструкцияда ёки механизмлар деталлари бирикмасидаги маҳкамлагичларнинг бўшашида;
в) хавфсизлик асбоблари ва қурилмаларининг носозлигида;
г) механизм ва тормозларнинг носозлигида ва улардаги деталларнинг йўл қўйиб бўлмайдиган даражада эскиришида, гидротизимларнинг кўзга кўринадиган носозликларида ва гидромеханик узатма ва гидроузелларнинг ишлашида носозлик кузатилганда;
д) пўлат арқонлар ва уларни маҳкамлагичларида йўл қўйиб бўлмайдиган нуқсонлар аниқланганда, илгак ва унинг осмаси носозлигида;
е) қувурётқизгич-кранларнинг меъёрий ишлаш муддати ёки техник кўрикдан ўтказиш муддати ўтганда;
ж) «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси ёки қувурётқизгич-кранларни хавфсиз ишлатиш назорати бўйича муҳандис-техник ходим томонидан қувурётқизгич-кранни мажбурий ҳолатда пломба қўйиб тўхтатилса, пломба фақат шу ходимлар рухсати билангина ечилиши мумкин, пломба қўйишдан то уни ечиш пайтигача кранни сақланишига жавобгарлик қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим зиммасига юклатилади.
4-§. Жавобгарлик
26. Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходим ушбу Намунавий йўриқнома талабларини бузилишига йўл қўйган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
ЯКУНИЙ ҚОИДА
27. «Қувурётқизгич-кранларнинг соз ҳолатига жавобгар муҳандис-техник ходимлар учун намунавий йўриқнома» «Ўзбекнефтгаз» МХК ва Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгаши билан келишилган.
«Ўзбекнефтгаз» МХК Бошқарув раиси У.С. НАЗАРОВ
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаси Марказий Кенгашининг раиси А.Х. ҒУЛОМОВ