Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси «Саноатконтехназорат» бОШЛИҒИНИНГ
бУЙРУҒИ
АММИАКЛИ СОВУТИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИНГ ТЕХНИК ҲОЛАТИНИ ТЕКШИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2008 йил 6 ноябрь 20-15-372/12-сон]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Шоисматов томонидан 2007 йил 21 майда тасдиқланган Саноат хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ва меъёрий техник ҳужжатларни тайёрлаш жадвалига асосан буюраман:
Аммиакли совутиш қурилмаларининг техник ҳолатини текшириш ва улардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш бўйича услубий кўрсатмалар тасдиқлансин.
Бошлиқ И. ҲОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 24 октябрь,
220-сон
«Саноатконтехназорат» Давлат инспекциясининг 2008 йил 24 октябрдаги 220-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
АММИАКЛИ СОВУТИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИНГ ТЕХНИК ҲОЛАТИНИ ТЕКШИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАР
«Аммиакли совутиш қурилмаларининг техник ҳолатини текшириш ва улардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш бўйича услубий кўрсатмалар» Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 28 сентябрдаги 57-сонли «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сонли «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аммиакли совутиш қурилмалари (кейинги ўринларда — АСҚ)нинг техник ҳолатини текшириш ва баҳолашда ягона услубиётни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ушбу ҳужжат «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳудудий органларининг АСҚни текшириш ишларини бажарадиган кимёвий назорат инспекторлари учун мўлжалланган, шунингдек корхона ва ташкилотлар техник хизматларининг АСҚни сақлаш ва фойдаланиш устидан муассасавий назоратни амалга оширувчи мутахассислари томонидан фойдаланилиши мумкин.
КИРИШ
Аммиак — энг самарали совутиш агентларидан бири ҳисобланади. Энергетик кўрсаткичларининг, агрегат ҳолати ўзгарганда (конденсация, қайнаш) иссиқлик алмашинув интенсивлигининг юқорилиги туфайли аммиак катта миқдорда совуқлик ҳосил қилинадиган кўплаб йирик корхоналарнинг совуқлик таъминоти масалаларини ҳал қилишда кенг қўлланилади. Совутиш қурилмалари экологиясига қўйиладиган талабларнинг кучайиб бораётганлиги сабабли корхоналарда (ҳатто совуқлик кам ҳосил қилинадиган корхоналарда ҳам) аммиакнинг қўлланилиши соҳаси кенгайиб бормоқда.
Аммиакли совутиш қурилмаларидан узоқ вақтлардан буён фойдаланиб келинишига қарамай, янги совутиш қурилмаларини лойиҳалашда ҳам, ишлаб турган қурилмалардан фойдаланишда ҳам, аммиакни ишлатиш билан боғлиқ ўзига хос қатор хавф-хатарлар тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш керак, жумладан:
аммиакнинг ҳаводаги ҳажмий улуши 11% дан ошганда у ёна бошлайди; 15—28% — бу нормал шароитларда портлаш хавфи бўлган концентрациялар диапазони; аммиак 100°С гача қизиганда портлаш хавфи бўлган концентрациялар чегаралари кенгаяди ва 14,5—29,5% ни ташкил этади;
максимал портлаш кучи аммиакнинг ҳаводаги 22% га тенг ҳажмий улушига тўғри келади;
агар ҳаво тизимида конденсацияланмайдиган хавфли газлар, мой қолдиқлари ва уларнинг парчаланиш маҳсулотлари мавжуд бўлса, аммиакнинг портлаш тезлиги ва босими кенг доираларда ўзгариши мумкин.
Ишлаб турган ва лойиҳаланаётган совутиш қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш шароитларини таъминлашнинг энг рационал усулларини излаб топиш — бугунги куннинг долзарб муаммоларидан биридир.
I БОБ. УМУМИЙ ТАЛАБЛАР
1. Мазкур Услубий кўрсатмалар совутиш агенти сифатида аммиак ишлатиладиган ёпиқ циклда ишловчи стационар компрессор совутиш қурилмалари ва комплект ҳолда ўрнатилган совутиш қурилмалари тизимларини текшириш тартибини белгилаб беради.
2. Услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш зарурияти аммиакли совутиш қурилмалари устидан уларнинг конструкцияси ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги бўйича давлат назоратининг ўрнатилиши билан боғлиқ ҳолда юзага келди.
3. Аммиакли совутиш қурилмаларини назоратга олишда уларни рўйхатдан ўтказиш ва амалдаги хавфсизлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқлик даражасини аниқлаш учун комплекс текширувдан ўтказиш лозим.
4. Текшириш жараёнида совуқлик ишлаб чиқариш технологик схемасининг лойиҳага, паспортларга, ҳисобий параметрларга мувофиқлиги, технологик регламентнинг амалдаги талабларга мувофиқ тўғри ишлаб чиқилганлиги, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар, АСҚ ни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш даврида технологик схемага ўзгартиришлар тўғри киритилганлиги аниқланади.
5. Совутиш қурилмасининг технологик схемаси қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
совуқ ҳосил қилишнинг барча босқичларида технологик параметрларнинг технологик регламентга мувофиқлиги таъминланиши керак;
назорат, бошқарув ва аварияга қарши ҳимоя (АҚҲ) тизими, технологик режим параметрлари сигнализацияси бўлиши керак;
компрессорларни нам ҳолатда ишлашдан ҳимояловчи воситалар бўлиши керак;
аммиакни АСҚнинг исталган аппарат ва идишидан захира ресиверлар ёки ишга яроқли аммиак баллонларига чиқариш имконияти бўлиши керак.
6. Совутиш қурилмасидан фойдаланиш жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
ишга тушириш;
режимга чиқиш;
АСҚнинг технологик режим параметрларини технологик регламентга мувофиқ сақлаш;
АСҚни тўхтатиш;
АСҚга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш.
II БОБ. АСҚ ТЕХНОЛОГИК УСКУНАЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
7. АСҚда ихтисослашган корхоналар (ташкилотлар)да амалдаги меъёрий-техник ҳужжатларга мувофиқ тайёрланган ускуналардан фойдаланилади.
8. Технологик ускуналарнинг ҳолатини текшириш чоғида қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) компрессорлар, насослар, идишлар ва АСҚнинг бошқа ускуналари учун ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан бериладиган фойдаланиш ҳужжатлари (паспорт, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича йўриқнома)нинг борлиги;
б) совутиш қурилмасининг лойиҳага мувофиқлиги;
в) компрессор ва насосларни вибрациядан ҳимоялаш чораларининг етарлилиги (уларни таянч конструкцияларга маҳкамланганлиги, пойдеворнинг ҳолати, боғлама қувур ўтказгичларнинг ишончли маҳкамланганлиги);
г) суюқ фазанинг компрессорга тушишига йўл қўймайдиган ускуналар (суюқлик ажратгичлар, ҳимоя ресиверлари)нинг мавжудлиги ва уларнинг ҳолати (кўздан кечириб текширилади);
д) компрессорни мойлаш тизимидан фойдаланиш шароитларининг ишлаб чиқарувчи ташкилот йўриқномаси талабларига мувофиқлиги (машинани мойлаш учун ишлатилаётган мой ишлаб чиқарувчи ташкилот йўриқномасида кўзда тутилганга мой турига тўғри келиши, мойнинг сифати сертификат билан тасдиқланган бўлиши керак);
е) компрессор ва насосларнинг айланувчи қисмларида ечиб олинадиган ҳимоя тўсиқларининг мавжудлиги ва уларнинг ишончли маҳкамланганлиги;
ж) назорат асбоблари, автоматик ҳимоя воситаларининг мавжудлиги ва ҳолати, улардан фойдаланиш шароитларининг ишлаб чиқарувчи ташкилот йўриқномаси талабларига мувофиқлиги;
з) АСҚ сиғимли ускуналари (ресиверлар, конденсаторлар, буғлатгичлар, суюқлик ажратгичлар, мой ажратгичлар, мой йиғгичлар ва бошқа ускуналар)нинг ҳолати, уларнинг амалдаги «Босим остида ишлайдиган идишларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидалари»га мувофиқлиги;
и) белгиланган хизмат муддатини ишлаб бўлган ускуналар ва улардан фойдаланишни давом эттириш мумкинлиги тўғрисида ихтисослашган ташкилот хулосасининг борлиги.
9. Қувур ўтказгич ва арматураларнинг ҳолатини текшириш чоғида қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) аммиакли қувур ўтказгичлар рўйхатининг мавжудлиги;
б) аммиакли қувур ўтказгичларнинг паспортлари ва ижро схемалари борлиги;
в) аммиакли қувур ўтказгичларнинг корхона томонидан ҳар йили ташқи кўрикдан, шунингдек даврий тафтишлар, мустаҳкамлик ва зичлик бўйича синовдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
г) қувур ўтказгич деворлари қалинлиги бузмайдиган назорат усуллари ёрдамида даврий текширувдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
д) монтаж қилишда ишлатиладиган қувур ва арматура материалларининг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар (сертификатлар)нинг мавжудлиги;
е) арматура ва қувурлар материалининг ишчи муҳит параметрларига мувофиқлиги;
ж) қисмларга ажраладиган уланмаларни герметиклаш учун қўлланилган қистирма материалга сертификатнинг борлиги, унинг ишчи муҳит параметрларига мувофиқлиги.
10. Аммиакли қувур ўтказгичларни ташқи кўрикдан ўтказиш чоғида қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) девор устидан ўтказилган қувур ўтказгичларнинг эстакадалардаги пайванд туташувларининг тўғри жойлашганлиги;
б) қувур ўтказгич таянч ва осмаларининг ҳолати;
в) фланецли уланмаларнинг лойиҳага мувофиқ жойлашганлиги;
г) фланецлар зичловчи юзалари конструкциясининг хавфсизлик қоидалари талабларига мувофиқлиги («чиқиқ-ботиқ» ёки «тирноқ-ўйиқ»);
д) фланецли уланмани маҳкамловчи деталларнинг ишчи шароитларга мувофиқлиги, фланецли уланмалар тўғри йиғилганлиги;
е) қулф арматуранинг лойиҳага мувофиқ жойлашганлиги, арматура корпусларида уларнинг тавсифлари (шартли босим, ўтиш йўли, ишчи муҳит йўналиши) кўрсатилган тамғаларнинг мавжудлиги, шток, маховикнинг ҳолати, қўлда ҳаракатлантириладиган арматуранинг баландлик бўйича пол ёки хизмат кўрсатиш майдончасига нисбатан тўғри жойлашганлиги;
ж) изоляция қопламаларининг мавжудлиги ва ҳолати;
з) қувур ўтказгичларнинг таянчлар ўртасида меъёрий қийматлардан ортиқ миқдорда осилиб қолмаганлиги;
и) япроқсимон конструкцияда ўтувчи пайвандланган жойларнинг йўқлиги;
к) ажратувчи бўёқ ва совутиш агентининг ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи стрелкаларнинг мавжудлиги;
11. Совутиш қурилмаларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шароитлари текширилганда қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) сақловчи клапан (СК) ва ускуна ўртасида қулфлаш органларининг йўқлиги;
б) СКни навбатдан ташқари тафтиш қилиш учун қувур ўтказгич участкасини узиб қўювчи қулфловчи арматуранинг мавжудлиги;
в) СКнинг ишлаб чиқарувчи корхона томонидан берилган паспортда ёки АСҚ лойиҳасида кўрсатилган босимда очилиши учун тўғри ростланганлиги;
r) СКдан газсимон аммиакнинг хизмат кўрсатиш майдончасидан 3 m дан, бино томининг тепа қиррасидан 1 m дан, ҳудуд юзасидан 6 m дан кам баландликда чиқишини олди олинганлиги;
д) СКдан четга чиқарувчи қувурларнинг мавжудлиги ва уларнинг қаршиликлари ҳисобланганлиги (СК очила бошланишидаги босимнинг кўпи билан 5%);
е) компрессор сақловчи клапанлари ва аппаратлар (идишлар)даги сақловчи клапанларнинг созлиги даврий текширувлардан ўтказилганлигини (камида 6 ойда бир марта) тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
ж) корхонада қуйидагиларнинг мавжудлиги текширилади:
СК паспорти, мавжуд СК турларидан фойдаланиш ва уларни ишга тушиш босимига ростлаш бўйича ишлаб чиқарувчи корхона йўриқномалари;
СКни синовдан ўтказиш ва ростлаш (очилиш бошланишига, ишга тушгандан кейин ёпилишга, затвор зичлигига) параметрларини автоматик тарзда ёзиб бориш, СК созлиги ва ростланганлигини текшириш учун стенд;
корхонанинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган СКдан фойдаланиш бўйича йўриқнома;
ходимлар (ишчи ва мутахассислар)нинг ўқитилганлигини (ҳужжатлар бўйича) тасдиқловчи ҳужжатлар.
12. АСҚнинг назорат-ўлчов асбоблари, аварияга қарши ҳимоя ва автоматика воситалари билан тўлиқ жиҳозланганлиги текширилганда қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) блокировка ва сигнализация қурилмалари рўйхати ҳамда уларни текшириш бўйича корхонанинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган йўриқноманинг борлиги;
б) НУА ва А ҳамда аварияга қарши ҳимоя воситалари электр таъминотининг ишончлилиги (мустақил захира электр таъминоти манбасининг мавжудлиги);
в) қуйидаги параметрлар бўйича авария режимларидан автоматик тарзда ҳимояловчи асбобларнинг мавжудлиги ва созлиги (ҳужжатлар бўйича):
йўл қўйиладиган миқдордан ортиқ ҳайдаш босимидан;
йўл қўйиладиган миқдордан ортиқ ҳайдаш ҳароратидан;
мойлаш тизимидаги йўл қўйиладиган қийматдан паст босим фарқидан;
аммиак буғлари сўриладиган аппарат (идиш)даги суюқ аммиакнинг авариявий сатҳидан.
Параметрларнинг йўл қўйиладиган миқдорлари АСҚнинг технологик регламентида белгиланади.
г) оралиқ иссиқлик ташувчи муҳит (тузли эритма, сув)да ишлайдиган совутиш тизимларида автоматик тарзда ҳимояловчи асбобларга қўшимча равишда буғлантирувчи қобиқ-қувурлар орқали иссиқликни ташувчи муҳитнинг ҳаракати тўхтаганда ёки уларда аммиакнинг қайнаш ҳарорати (босими) йўл қўйиб бўлмайдиган даражада пасайганда компрессорларни узиб қўядиган асбоб (реле)ларнинг мавжудлиги;
д) сув билан совутиладиган ҳар бир компрессорда сув оқимини назорат қиладиган ва сув оқими бўлмаганда компрессорни ишга туширилишини блокировка қиладиган ёки узиб қўядиган қурилмаларнинг мавжудлиги;
е) совутиш қурилмалари компрессорларининг автоматик тарзда ҳимояловчи асбобларни (камида бир ойда бир марта) ва аппарат (идиш)лардаги сатҳ ҳимоя релеларини даврий текширувдан (10 кунда бир марта) ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг борлиги;
ж) ёруғлик ва товуш сигнализациясининг мавжудлиги ва созлиги;
з) автоматик сатҳ регуляторларининг мавжудлиги;
и) ҳимоя асбоблари ишлаб кетгандан кейин компрессорнинг автоматик тарзда ишга тушишини олди олинганлиги;
к) ҳар қайси компрессорнинг ҳайдаш ва сўриш қувур ўтказгичларида термометрлар учун уларни механик шикастланишдан сақловчи ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланган гильзаларнинг мавжудлиги (вентиллардан 200 — 300 mm масофада); бунда симобли термометрлардан фойдаланиш рухсат этилмайди;
л) ишлатилаётган манометр ва мановакуумметрларнинг «Босим остида ишлайдиган идишларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидалари» талабларига мувофиқлиги ва ишчи муҳит (аммиак)га тўғри келиши;
м) манометр ва мановакуумметрлар ўрнатилган жойларнинг лойиҳага мувофиқлиги;
н) манометрлар даврий текширишдан ўтказилиб, пломбаланганлиги ёки тамғаланганлигини, шунингдек ишчи манометрларнинг назорат манометрлари билан текширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг борлиги;
о) аммиакли ускуналар жойлашган хоналардаги электр асбоблари ва бошқарув воситалари қобиқларининг ГОСТ 14254 «Қобиқлар ёрдамида таъминланадиган ҳимоя даражалари» бўйича камида IP44 даражада ҳимояланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг борлиги;
п) корхонада назорат-ўлчов асбоблари ва автоматик ҳимоя воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш тизимининг мавжудлиги, унинг фаолияти самарадорлиги.
13. АСҚ электр ускуналари ва вентиляцияси текширилганда қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) машина (аппарат) бўлимларида умумий ҳаво алмашинув (ҳавони юбориш-тортиш), ҚМҚ 2.04.05 «Иситиш, вентиляция, конденсациялаш тизимлари»да кўзда тутилган авариявий механик ҳаво тортиш вентиляцияси тизимларининг мавжудлиги ва ҳаво алмашинуви сонининг ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги; вентиляторларнинг амалдаги хавфсизлик қоидаларига мувофиқлиги. Электр таъминоти, электр ускуналарининг «Электр ускуналарини ўрнатиш қоидалари», «Электр ускуналаридан фойдаланиш қоидалари» ва «Хавфсизлик техникаси қоидалари»га мувофиқлиги;
б) машина (аппарат) ва конденсатор бўлимлари хоналарида ҳаводаги аммиак буғларининг авариявий концентрациялари сигнализаторлари ва аммиакнинг ҳавога чиқишини кўрсатувчи индикаторларнинг мавжудлиги;
в) чегаравий йўл қўйиладиган аммиак концентрациялари сигнализаторларининг товуш-ёруғлик сигнализацияси, авариявий вентиляция ва ажратувчи автомат арматура билан биргаликда ишлаши (танлаб текширилади);
г) трансформатор подстанциялари, электр шити, диспетчер, оператор ҳамда НЎА ва А хоналари жойлашишининг лойиҳага, «Электр ускуналарини ўрнатиш қоидалари»нинг 7-боби талабларига мувофиқлиги;
д) портлаш хавфи бўлган В-16 ҳудудларда ўрнатиладиган электр машиналари, электр аппаратлари, шу жумладан ташқи конденсатор қурилмалари қобиқларининг ГОСТ 14254 бўйича камида IP44 даражада ҳимояланганлиги тўғрисида ҳужжатли тасдиқнинг мавжудлиги.
Авариявий ва ҳавони тортиш вентиляторларининг электр двигателлари портлашдан ҳимояланган: ёритқичлар қобиғининг ҳимояланиш даражаси ГОСТ 14254 бўйича камида IP53 бўлиши керак.
е) машина (аппарат) ва конденсатор бўлимларида ишчи ёритиш ўчиб қолганда автоматик тарзда ишга тушадиган авариявий ёритиш тизими камералари ва тақсимлаш қурилмаларининг мавжудлиги;
ж) ёритиш тизимининг тўғри уланганлиги (авариявий ва ишчи ёритиш ёритқичлари турли трансформаторларга уланган бўлиши керак);
з) маҳаллий ёритиш учун мўлжалланган 12 V дан юқори бўлмаган кучланишда ишлайдиган (портлашдан ҳимояланиш даражаси портлашга қарши кучайтирилган мустаҳкамликдан паст бўлмаган) ёритқичларнинг мавжудлиги;
и) ҳарорати 0°С ва ундан паст бўлган совутиш камералари учун «Камерада одам бор» сигнализациясининг мавжудлиги;
к) машина (аппарат) бўлими деворининг ташқи томонида (ишчи кириш жойи ва ҳар бир захира чиқиш жойи эшиги ёнида) бутун совутиш қурилмаси ускуналари ва ишчи ёритиш тизими электр таъминотини фавқулодда узиб қўйиш учун мўлжалланган тугмачаларнинг мавжудлиги. Бу тугмачалар ускунанинг электр таъминотини узиб қўйиш билан бир вақтда авариявий ва умумий ҳаво алмашинув вентиляциясини, ёруғлик-товуш сигнализацияси ва авариявий ёритиш тизимини ишга тушириши керак.
л) портлаш хавфи бўлган В-16 ҳудудда жойлашган машина (аппарат) ва конденсатор бўлимларида РД 34.21.122 «Бино ва иншоотларни яшиндан ҳимоялаш қурилмаларини қуриш бўйича йўриқнома»га мувофиқ бинони яшиндан ҳимояловчи қурилмаларнинг мавжудлиги;
м) ер усти ва ер ости коммуникацияларини бинога кириш жойида яшиндан ҳимояловчи қурилманинг ерга улаш мосламасига улаш йўли билан уларнинг юқори потенциаллар ўтишидан, шунингдек яшиннинг иккиламчи таъсиридан ҳимояланганлиги;
н) машина (аппарат) бўлимлари, электр шитлари, диспетчерлик пунктлари, оператор хоналарида СНиП 2.04.09 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси»га мувофиқ автоматик ёнғин сигнализациясининг мавжудлиги;
14. АСҚ ускуналари ва қувур ўтказгичларини режавий-профилактик таъмирлаш ишларини ташкил этилиши текширилганда қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) корхона (ташкилот)да «Саноатконтехназорат» давлат инспекциясининг ҳудудий органи томонидан АСҚ ускуналарини таъмирлаш ишларини бажариш учун берилган рухсатнома (лицензия) ёки ушбу фаолият тури учун лицензияга эга ташкилот билан тузилган шартноманинг мавжудлиги;
б) ускуналарни режавий-профилактик таъмирлаш ишларини ташкил этишда асос сифатида фойдаланилган ҳужжат («Технологик ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш тизими» ёки корхона стандарти)нинг мавжудлиги;
в) режавий таъмирлаш ишларининг ҳақиқатда ҳам бажарилганлигини тасдиқловчи «Технологик ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш тизими»да кўзда тутилган қуйидаги техник ҳужжатларнинг мавжудлиги:
йиллик ва ойлик таъмирлаш графиклари;
таъмирлашга топшириш ва таъмирлашдан қабул қилиб олиш далолатномалари;
таъмирлаш журналлари;
капитал таъмирлаш учун нуқсонлар қайдномалари;
кўрикдан ўтказиш ва жорий таъмирлашда бажарилиши шарт бўлган ишлар рўйхатлари;
муҳим ускуналарни капитал ва ўрта таъмирлаш учун техник шартлар;
компрессор ва насосларнинг ишлаган соатларини ҳисобга олиш журнали;
тиқинларни ўрнатиш ва ечиб олишни қайд этиш журнали.
15. Ускуналарнинг ҳолати ва улардан фойдаланиш устидан техник назоратнинг ташкил этилиши текширилганда қуйидагилар аниқланади:
Қ ускуналари, қувур ўтказгичлари, арматура ҳамда НУА ва Анинг соз ҳолати ва хавфсиз ишлаши учун масъул шахслар;
АСҚнинг техник ҳолати ва улардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича масъул шахслар;
АСҚ ускуналари, қувур ўтказгичлари ва назорат-ўлчов асбобларининг техник ҳолатини назорат қилиш бўйича масъул шахсларда иш режаларининг мавжудлиги ва текширув далолатномалари бўйича режанинг бажарилиши тўғрисида маълумотлар.
Текширувда техник хизматлар ва масъул шахслар ишининг самарадорлиги баҳоланиши лозим.
III БОБ. ТЕХНОЛОГИК ИНТИЗОМ ҲОЛАТИ
16. Текширувда қуйидагилар аниқланиши лозим:
а) совутиш қурилмасининг технологик регламенти ва паспорти борлиги;
б) технологик регламент таркиби ва мазмуни, бунда «Ишлаб чиқариш ва жараённи бошқариш назорати» бўлимида белгиланган параметрларни назорат қилиш даврийлиги ва усуллари, назорат воситалари ва бажарувчиларга эътибор қаратилиши керак; сигнализация, блокировка, технологик жараённи ёки алоҳида компрессор ва насос агрегатларини автоматик назорат қилиш ва тартибга солиш тизимлари рўйхатининг мавжудлиги;
в) «Ишлаб чиқаришдан фойдаланиш хавфсизлиги» бўлимида хавф-хатарлар, юзага келиши мумкин бўлган ускуна бузилишлари ва авария вазиятларининг тавсифлари, уларни тузатиш, локаллаштириш ва бартараф этиш усуллари кўрсатилганлиги;
г) йўриқномаларни қайта кўриб чиқиш муддатларига риоя қилиниши;
д) йўриқномаларда иш жойларидаги асосий хавф-хатар омиллари, аварияларни бартараф этишда ходимларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълумотларнинг борлиги;
е) иш жойларида талаб этиладиган йўриқнома ва схемаларнинг мавжудлиги;
ж) рақамланган, шнурланган, корхонанинг муҳри, сана ва компрессор цехи бошлиғининг имзоси қўйилган белгиланган шаклдаги АСҚ ишлашини қайд этиш журналининг мавжудлиги ва машинистлар томонидан унинг тўғри тўлдирилганлиги;
з) технологик жараённи юритиш қоидалари ва унинг параметрларига регламентга мувофиқ риоя қилиниши; текширув суткалик журналга қайд этилган НЎА ва А асбоблари кўрсаткичларини таққослаш ва регламентнинг «Ишлаб чиқариш назорати» бўлими ёрдамида амалга оширилади;
и) конденсаторлардан чиқаётган сув таркиби унда аммиак борлигини аниқлаш учун ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган АСҚдан фойдаланиш бўйича йўриқномага мувофиқ ҳар ой текширилаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
к) иссиқлик ташувчи оралиқ муҳит таркиби унда аммиак борлигини аниқлаш учун ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган АСҚдан фойдаланиш бўйича йўриқномага мувофиқ ҳар ой текширилаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
л) смена журналида аммиакли газ ҳайдаш қувур ўтказгичларидаги бекитиш вентилларини ҳамда суюқликни ажратгичлар ва ажратувчи идишларнинг чиқариш қувурларидаги вентилларни пломбалаш ва улардаги пломбани олиш ҳолатлари ва вақти тўғрисида қайдларнинг мавжудлиги;
м) хизмат кўрсатувчи ходимларнинг технологик интизомга риоя қилишлари устидан АСҚ бошлиғи (унинг ўрнидаги шахс) томонидан кундалик назоратнинг ўтказилганлиги;
н) танлаб текшириш ёрдамида АСҚга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг технологик жараённи хавфсиз юритиш усуллари ва АСҚни авариявий тўхтатиш бўйича билимлари етарлилиги аниқланиши керак;
о) сигнал қурилмаларини текшириш бўйича йўриқнома ва графикнинг мавжудлиги, унинг бажарилиши;
п) блокировка қурилмаларининг тўғри ўрнатилганлиги;
р) «Авария вазиятларини локаллаштириш режаси» (АВЛР)нинг мавжудлиги;
с) АСҚ технологик блокларининг портлаш хавфи тоифасини, ускуналарнинг герметиклиги бузилганда, аммиак отилиб чиққанда ва аммиак-ҳаво аралашмаси портлаганда бузиладиган ҳудудларнинг ҳисобий радиусларини белгилаш;
т) аммиак ташқарига чиққан авария вазиятларида аммиак тўлқинини тарқатиб юбориш, локаллаштириш, уни йиғиш, нейтраллаш бўйича, шу жумладан ташқи қурилмаларда, аммиакни сақлаш жойларида, техник воситалар (сув пардалари, аммиакни нейтраллаш қурилмалари, чиққан аммиакни ёйиб юбориш тизимлари)нинг мавжудлиги; аммиак-ҳаво аралашмаси портлаганда бинолар, технологик блокларни портлаш тўлқини таъсирида бузилишдан ҳимоялаш, хизмат кўрсатувчи ходимларни портлаш тўлқини таъсиридан муҳофаза қилиш, газ-портлаш хавфи бўлган ҳудуддан одамларни эвакуация қилиш бўйича техник воситаларнинг мавжудлиги;
у) авария вазиятларини локаллаштириш режасида кўзда тутилган тадбирлар ва уларнинг етарлилиги, шунингдек:
ходимларни АВЛР билан таништирилганлиги ва бу уларнинг имзолари билан тасдиқланганлиги;
ходимларнинг иш жойлари бўйича АВЛРни билишлари;
ҳар чоракда АВЛР қисмларидан бири бўйича ўқув машғулотлари ва ҳар йил АВЛР бўйича ўқув тревогаси ўтказилаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
компрессор бўлимида товуш сиренасининг мавжудлиги ва унинг ишлаши (ишлатиб кўрилади). Бунда ходимларнинг сирена товуши берилганда бажарадиган хатти-ҳаракатлари текширилади (улар бинони тарк этишлари ва АВЛРда белгиланган жойда тўпланишлари керак);
хавф-хатар тўғрисида газ тарқалиши мумкин бўлган ҳудудда жойлашган ташкилотларга, аҳоли яшайдиган жойлардаги қутқарув бўлинмаларига, ҳудудий назорат органига хабар бериш воситаларининг мавжудлиги ва унинг самарадорлиги;
ф) индивидуал ҳимоя воситалари (ҳимояловчи махсус кийим, махсус пойабзал, индивидуал противогазлар)нинг мавжудлиги; уларни ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби; нафас олиш органларини изоляциялайдиган фильтрловчи ва шлангли авария противогазларининг мавжудлиги.
IV БОБ. ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР
17. Корхона (ташкилот)да текширув ўтказиш чоғида қуйидагилар текширилиши лозим:
Олдин содир бўлган ишлаб чиқариш бузилишлари ва травматизми, уларнинг таҳлили ва уларнинг такрорланишини олдини олиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар;
машина ва конденсатор бўлимлари биноларининг енгил тўсиқ қурилиш конструкциялари (элементлари) ҳолати;
ускуна ва қувур ўтказгичларни пневматик синовлардан ўтказиш бўйича йўриқноманинг мавжудлиги ва унинг талабларига риоя қилиниши;
АСҚ хоналарини хавфсизлик талабларига мувофиқ тўғри жойлаштирилганлиги;
юкларни совутиш камераларида тўғри жойлаштириш талабларининг бажарилиши;
аммиакли баллонларни сақлаш тартиби;
совутиш қурилмасида иссиқлик нагрузкаси ўзгарганлиги тўғрисида АСҚ ходимларини хабардор этиш тартиби;
аммиакли совутиш батареялари устидаги ҳосил бўлган қор қатламини кўчириш бўйича йўриқнома талабларининг бажарилиши.
V БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА
18. Ушбу Услубий кўрсатмалар Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимёсаноати ва геология ходимлари касаба уюшма Марказий кенгаши ва «Ўзкимёсаноат» Давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимёсаноати ва геология ходимлари касаба уюшма Марказий кенгаши Раиси А. ГУЛЯМОВ
2008 йил 23 октябрь
«Ўзкимёсаноат» ДАК Бошқаруви Раиси Г. ИБРАГИМОВ
2008 йил 23 октябрь