Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғининг
Буйруғи
ХАВФЛИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОБЪЕКТЛАРИДА ХАВФЛИЛИК ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2009 йил 26 август 6-15/13-7462/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 июлдаги 323-сон «Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й. 28-сон, 321-модда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2004 й. 7-сон, 64-модда) қарорига мувофиқ, буюраман:
1. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Инспекция бошлиғи И. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 14 август,
158-сон
«САНОАТКОНТЕХНАЗОРАТ» давлат инспекцияси бошлиғининг 2009 йилдаги 158-сонли буйруғига
ИЛОВА
ХАВФЛИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОБЪЕКТЛАРИДА ХАВФЛИЛИК ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА
УСЛУБИЙ КЎРСАТМАЛАР
«Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмалар» «O'ZKIMYOSANOATLOYIНA» ОАЖда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларини саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 39-сон, 386-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрдаги 271-сонли «Хавфли ишлаб чиқариш объектларини саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш бўйича қўшимча чоралари ҳақида»ги Қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 50-сон, 496-модда) асосида ишлаб чиқилган.
Ушбу Услубий кўрсатмалар хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавф таҳлилининг услубий тамойиллари, атамалар ва тушунчалар, таҳлил тартиби ва натижаларни расмийлаштиришга қўйиладиган умумий талаблар, шунингдек хавф-хатар ва авариялар хавфини таҳлил қилишнинг асосий усулларини кўрсатиб беради.
«Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмалар» (кейинги ўринларда — Услубий кўрсатмалар) хавфли ишлаб чиқариш объектларини лойиҳалаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини амалга оширадиган ташкилотлар, экспертиза ва суғурта ташкилотлари мутахассисларига, саноат хавфсизлиги декларацияларини ишлаб чиқувчилар ва хавф таҳлили соҳасидаги мутахассисларга жорий этилади.
I боб. Асосий тушунчалар
1. Ушбу ҳужжатда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
Авария — бу иншоотлар ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган техника қурилмаларининг бузилиши, назорат қилиб бўлмайдиган портлаш ва (ёки) хавфли моддалар ажралиб чиқишидир (Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 50-сон, 496-модда)).
Авария хавфи таҳлили — алоҳида шахслар ёки кишилар гуруҳи, мулк ёки атроф-муҳит учун хавфли ишлаб чиқариш объектида хавф-хатарларни идентификациялаш ва авария хавфини баҳолаш жараёни.
Авария хавфларини идентификациялаш — хавфли ишлаб чиқариш объектида хавф-хатар мавжудлигини аниқлаш ва тан олиш ҳамда уларнинг хусусиятларини аниқлаш жараёни.
Нохуш ҳодисалар — хавфли ишлаб чиқариш объектларда ишлатилаётган техник қурилмаларнинг тўхташи ёки бузилиши (шикастланиши), технологик жараён (режими) тартибидан оғиши, қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек саноат хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий-техник ҳужжатлардаги талабларнинг бузилиши (Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддаси).
Авария хавфи — хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авария туфайли инсонларга, мулкка ва (ёки) атроф-муҳитга зарар етиши эҳтимоли, хавфи. Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авария хавфлари иншоотлар ва (ёки) техника қурилмаларининг бузилиши, портлаш ва (ёки) хавфли моддалар ажралиб чиқиши ва оқибатда инсонга, мулкка ва (ёки) атроф-муҳитга зарар етиши билан боғлиқдир.
Хавфли моддалар — алангаланувчи, оксидланувчи, ёнувчи, портловчи, заҳарли, ўта заҳарли моддалар ва табиат атроф-муҳит учун хавфни белгиловчи моддалар (Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси).
Авария хавфини баҳолаш — авария хавфларининг содир бўлиш эҳтимоли (ёки содир бўлиш частотаси)ни ва уларнинг оқибатларининг инсон соғлиғи, мулк ва/ёки атроф-муҳит учун оғирлик даражасини аниқлашда бажариладиган жараён. Баҳолаш авария хавфларининг содир бўлиш эҳтимоли (ёки содир бўлиш частотаси)ни, оқибатларини ва уларнинг бирикувларини таҳлил қилишни ўз ичига олади.
Қабул қилса бўладиган авария хавфи — ижтимоий-иқтисодий нуқтаи-назардан асосланган ва йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадаги хавф. Объектдан фойдаланиш хавфи, агар объектдан фойдаланиш натижасида олинадиган фойда учун жамият бундай таваккалчиликни қабул қилишга тайёр бўлса, мақбул ҳисобланади.
Саноат хавфсизлиги — шахс ва жамият ҳаётий муҳим манфаатларининг хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва нохуш ҳодисалар ҳамда уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолати (Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддаси).
Авария хавфи — хавфли ишлаб чиқариш объектида авариянинг юзага келиши эҳтимолини ва унинг оқибатларининг оғирлик даражасини ифодаловчи хавф ўлчови. Қуйидагилар авария хавфининг асосий миқдор кўрсаткичлари ҳисобланади (1-илова):
техник хавф — хавфли ишлаб чиқариш объекти фаолиятининг муайян даврида техник қурилмаларнинг ишламай қолиши ва бунинг натижасида муайян даража (синф)даги оқибатларнинг юзага келиши эҳтимоли;
индивидуал хавф — ўрганилаётган авария хавфи омилларининг таъсири натижасида алоҳида кишининг шикастланиш частотаси;
потенциал ҳудудий хавф (ёки потенциал хавф) — кўриб чиқилаётган ҳудуд нуқтасида шикастловчи авария омилларининг юзага чиқиш частотаси;
жамоавий хавф — муайян вақт мобайнида содир бўлиши мумкин бўлган авариялар натижасида кутилаётган шикастланганлар сони;
ижтимоий хавф, ёки F/N эгри чизиғи — муайян даражада камида N та киши жабрланган Ғ ҳодисаларни содир бўлиш частотасининг шу N сонига боғлиқлиги. Хавфлар юзага чиқиши оқибатларининг оғирлик даражаси (ҳалокатлилиги)ни ифодалайди;
тахмин қилинаётган зарар — муайян вақт мобайнида содир бўлиши мумкин бўлган авариядан кўриладиган зарарнинг математик миқдори.
Хавфли ишлаб чиқариш объектининг таркибий қисмлари — участкалар, қурилмалар, цехлар, омборхоналар ёки техник мосламаларни бирлаштирувчи ёки технология бўйича уларни жамловчи ёки маъмурий нуқтаи назардан бошқа таркибий қисмларига ва хавфли ишлаб чиқариш объектлари таркибига кирувчилардир.
Хавф-хатар даражаси — содир бўлиш даражаси (ёки эҳтимоллилик), бу орқали содир бўлаётган хавфли воқеалар, ҳамда бу хавфли воқеаларнинг оқибатлари (натижалари).
Саноат хавфсизлиги талаблари — бу қонун ҳужжатларида, шунингдек техник ҳужжатларда назарда тутилган шартлар, тақиқлар, чекловлар ва бошқа мажбурий талаблар бўлиб, уларга риоя этилиши саноат хавфсизлигини таъминлайди (Ўзбекистон Республикаси «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддаси).
Хавф-хатар савияси — одамлар ва мол-мулк учун уларнинг атроф-муҳитидаги хавфнинг катталигини белгиловчи кўрсаткич.
Авария туфайли етказилган зарар — инсон фаолиятининг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларидаги йўқотишлар (зарарлар), хавфли ишлаб чиқариш объектида содир бўлган авария натижасида атроф-муҳитга етказилган ва пул эквивалентида ҳисобланадиган зарар.
II боб. Умумий қоидалар
2. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида авария хавфларини таҳлил қилиш (кейинги ўринларда — хавф таҳлили) саноат хавфсизлигини бошқариш тизимининг муҳим элементи ҳисобланади. Унинг ёрдамида кўрсатилган тизимни такомиллаштириш ҳамда авариявийлик ва травматизм даражасини пасайтиришга эришиш мумкин. Хавф таҳлили хавф-хатарларни идентификациялаш ва юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисалар хавфини баҳолаш учун барча мавжуд маълумотлардан систематик фойдаланишни ўз ичига олади.
3. Хавф таҳлили натижаларидан хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлигини декларациялашда, саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказишда, хавфсизликни таъминлашга доир техник ечимларни асослашда, суғурталашда, хавфсизликни «қиймат хавфсизлик — фойда» мезонлари бўйича иқтисодий таҳлил қилишда, хўжалик фаолиятининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашда ва хавфсизлик таҳлили билан боғлиқ бошқа жараёнларда фойдаланилади.
4. Ушбу Услубий кўрсатмалар конкрет хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавф таҳлилини ўтказиш бўйича услубий ҳужжатлар (соҳавий услубий кўрсатмалар, тавсиялар, раҳбарлик ҳужжатлари, услубий ҳужжатлар ва ҳ.)ни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.
5. Ушбу Услубий кўрсатмаларда хавф таҳлилини ўтказиш зарурияти, унинг даврийлиги, шунингдек мақбул хавфнинг конкрет даражалари ва мезонлари белгиланмайди. Хавф таҳлилига қўйиладиган конкрет талабларга, зарур ҳолларда, хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ўзига хос жиҳатларини акс эттирувчи меъёрий ҳужжатлар орқали аниқлик киритилиши мумкин.
6. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар хавфи таҳлилининг асосий вазифалари қарор қабул қиладиган шахсларга қуйидагиларни тақдим этишдан иборат:
объектнинг саноат хавфсизлиги ҳолати тўғрисида объектив маълумот,
хавфсизлик нуқтаи назаридан энг хавфли, «заиф» жойлар тўғрисида маълумотлар,
хавфни камайтириш бўйича асосланган тавсиялар.
III боб. Хавф таҳлилини ўтказиш тартиби
1-§. Хавф таҳлилининг асосий босқичлари
7. Хавф таҳлилини ўтказиш жараёни қуйидаги асосий босқичларни ўз ичига олади:
ишларни режалаштириш ва ташкил этиш;
хавф-хатарларни идентификациялаш;
хавфни баҳолаш;
хавфни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
8. Хавф таҳлилининг мазмуни ва унинг ҳар қайси босқичига қўйиладиган талаблар мазкур бобнинг 2-5 § ларида белгилаб берилган.
9. Хавф таҳлилининг ҳар қайси босқичи мазкур ҳужжатнинг V бобида кўрсатилган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим.
2-§. Ишларни режалаштириш ва ташкил этиш
10. Ишларни режалаштириш босқичида қуйидагилар бажарилиши лозим:
таҳлил қилинадиган хавфли ишлаб чиқариш объектини белгилаб олиш ва унинг умумий тавсифини бериш;
хавф таҳлилини ўтказиш заруриятини келтириб чиқарган сабаблар ва муаммоларни тавсифлаш;
хавф таҳлилини ўтказиш учун ижрочилар гуруҳини белгилаш;
хавфли ишлаб чиқариш объекти тўғрисидаги маълумотлар манбаларини белгилаш ва тавсифлаш;
хавф таҳлилининг чуқур, тўлиқ ва мукаммал ўтказилишини белгиловчи дастлабки маълумотлар, молиявий ресурслар ва бошқа ҳолатларнинг чекланганлигини кўрсатиш;
ўтказиладиган хавф таҳлилининг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш;
хавф таҳлилида қўлланиладиган усулларни асослаш;
мақбул хавф мезонларини белгилаш.
11. Хавф таҳлили сифатини таъминлаш учун хавфли ишлаб чиқариш объектларида аварияларнинг юзага келиши ва ривожланиши қонуниятларига доир билимлардан фойдаланиш лозим. Агар ўхшаш хавфли ишлаб чиқариш объекти ёки хавфли ишлаб чиқариш объектида фойдаланиладиган ўхшаш техник қурилмалар учун хавф таҳлили натижалари мавжуд бўлса, улардан дастлабки маълумот сифатида фойдаланиш мумкин. Лекин бунда объектлар ва жараёнлар бир-бирига айнан ўхшашлиги, мавжуд фарқлар эса таҳлил натижаларига сезиларли таъсир қилмаслиги кўрсатилиши лозим.
12. Хавф таҳлилининг мақсад ва вазифалари хавфли ишлаб чиқариш фаолияти объектининг турли босқичларида фарқ қилиши ва аниқлаштирилиши мумкин.
а) хавфли ишлаб чиқариш объектини жойлаштириш (инвестицияларни асослаш ёки лойиҳаолди ишларини бажариш) ёки лойиҳалаш босқичида хавф таҳлилининг мақсади, одатда, қуйидагиларни ўз ичига олади:
хавф-хатарларни аниқлаш ва шикастловчи авария омилларининг ходимларга, аҳолига ва атроф-муҳитга таъсирини ҳисобга олган ҳолда хавфни миқдорий априор баҳолаш;
таклиф этилган қарорларнинг мақбуллигини таҳлил қилиш ва жойнинг хусусиятлари, бошқа объектларнинг жойлашиши ва иқтисодий самарадорликни ҳисобга олган ҳолда хавфли ишлаб чиқариш объектини, фойдаланиладиган техник қурилмаларни, хавфли ишлаб чиқариш объекти бино ва иншоотларини жойлаштиришнинг оптимал вариантларини танлашда натижаларнинг ҳисобга олинишини таъминлаш;
йўриқномалар, технологик регламент ва хавфли ишлаб чиқариш объектидаги аварияларни локаллаштириш режаларини ишлаб чиқиш учун маълумотлар билан таъминлаш;
хавфли ишлаб чиқариш объектини жойлаштириш ёки техник ечимлар бўйича муқобил таклифларни баҳолаш.
б) Хавфли ишлаб чиқариш объектини фойдаланишга киритиш (фойдаланишдан чиқариш) босқичида қуйидагилар хавф таҳлилининг мақсади бўлиши мумкин:
хавф-хатарларни аниқлаш ва авария оқибатларини баҳолаш, хавфли ишлаб чиқариш объектининг олдинги фаолият босқичларида хавфга берилган баҳоларни аниқлаштириш;
фойдаланиш шароитларининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш,
фойдаланишга киритиш (фойдаланишдан чиқариш) бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш ва уларни аниқлаштириш.
в) Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш ёки уни реконструкция қилиш босқичида қуйидагилар хавф таҳлилининг мақсади бўлиши мумкин:
фойдаланиш шароитларининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш;
асосий хавф-хатарлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштириш (шу жумладан саноат хавфсизлигини декларациялашда);
назорат органлари фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномаларни, хавфли ишлаб чиқариш объектидаги аварияларни локаллаштириш режаларини такомиллаштириш;
ташкилий тузилмалар, амалий иш усуллари ва техник хизмат кўрсатишдаги ўзгаришларнинг саноат хавфсизлигини бошқариш тизимини такомиллаштиришга нисбатан самарасини баҳолаш.
13. Хавф таҳлили усулларини танлашда таҳлилнинг мақсади, вазифалари, ўрганилаётган объектларнинг мураккаблик даражаси, зарур маълумотларнинг мавжудлиги ва таҳлилни ўтказиш учун жалб қилинадиган мутахассисларнинг малакаси ҳисобга олиниши лозим. «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси ёки саноат хавфсизлиги соҳасида қонунчилик асосида алоҳида ваколатга эга бошқа ижро этувчи томонидан тасдиқланган услубий материаллар фойдаланишда устувор ҳисобланади.
Бошқарув тизимларининг асосини ташкил этадиган, хавф-хатарни аниқлаш имконини берувчи сифатий усулларга эътиборни қаратган ҳолда, конкрет объектлар ва қурилмалар учун хавф таҳлили усулларини ишлаб чиқилиши лозим. Замонавий хавфсизликни бошқариш тизимларини яратишда миқдорий хавф таҳлили ҳам талаб этилади (4-илова). Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлигига доир тадбирларнинг самарадорлигини баҳолашни эҳтимоллик тавсифларисиз амалга ошириб бўлмайди.
14. Режалаштириш босқичида қабул қилиниши керак бўлган бошқарув қарорлари, шунингдек бунинг учун талаб этиладиган дастлабки ва тайёр маълумотлар белгилаб олинади.
15. Қабул қилса бўладиган хавф мезонини танлаш ёки белгилашга қўйиладиган асосий талаб — бу унинг асосланганлиги ва аниқлигидир. Бунда қабул қилса бўладиган хавф мезонлари меъёрий ҳужжатларда берилган бўлиши, хавф таҳлилини режалаштириш босқичида ва (ёки) таҳлил натижаларини олиш жараёнида белгиланиши мумкин. Қабул қилса бўладиган хавф мезонлари муайян хавфсизлик талаблари ва хавфнинг миқдорий кўрсаткичларини ўз ичига олган шартлар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим. Хавфнинг мақбуллик шарти муайян хавфсизлик талабларини, шу жумладан миқдорий мезонларни, бажариш шартлари кўринишида ифодаланиши мумкин.
Қуйидагилар қабул қилса бўладиган хавф мезонларини белгилаш учун асос ҳисобланади:
саноат хавфсизлиги меъёрлари ва қоидалари ёки таҳлил қилинаётган соҳага доир хавфсизлик бўйича бошқа ҳужжатлар;
содир бўлган авариялар, нохуш ҳодисалар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида маълумотлар;
амалий фаолият тажрибаси;
хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланишдан кўриладиган ижтимоий-иқтисодий фойда.
3-§. Хавф-хатарларни идентификациялаш
16. Хавф-хатарларни идентификациялаш босқичининг асосий вазифалари — барча хавф манбаларини, уларнинг содир бўлиш йўллари (сценарийлари)ни аниқлаш ва пухта тавсифлаш. Бу таҳлилнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Чунки бу босқичда аниқланмаган хавф-хатарлар кейинчалик ўрганилмайди ва назардан четда қолади.
17. Идентификациялаш чоғида технологик тизимдаги қайси элементлар, техник қурилмалар, технологик блоклар ёки жараёнлар жиддий таҳлил қилиниши зарурлиги ва қайсилари хавфсизлик нуқтаи назаридан камроқ аҳамиятга эгалиги аниқланиши лозим.
18. Хавф-хатарларни идентификациялаш учун мазкур Услубий кўрсатмаларнинг IV бобида кўрсатилган усуллардан фойдаланиш тавсия этилади.
19. Қуйидагилар хавф-хатарларни идентификациялаш натижаси ҳисобланади:
кўнгилсиз ҳодисалар рўйхати (ноўрин фойдаланиш, табиий ва техноген омиллар ва ҳ.),
хавф манбалари, хавф омиллари, номақбул ҳодисаларнинг юзага келиш ва ривожланиш шароитлари (масалан, содир бўлиши мумкин бўлган авариялар сценарийси);
хавф-хатар ва хавфни дастлабки баҳолаш*.
* Масалан, хавф-хатарни идентификациялашда, зарур ҳолларда, қўлланиладиган моддаларнинг хавфлилик кўрсаткичлари, алоҳида авария сценарийлари учун оқибатлар баҳоси ва ҳ. лар келтирилиши мумкин.
20. Хавф-хатарларни идентификациялаш ишлари келгусидаги фаолият йўналишини белгилаш билан якунланади. Қуйидагилар келгусида бажариладиган хатти-ҳаракат вариантлари бўлиши мумкин:
хавф-хатарларнинг жиддий эмаслиги ёки олинган дастлабки баҳоларнинг етарлилиги сабабли таҳлилни давом эттиришни тўхтатиш тўғрисида қарор**;
** Бундай ҳолларда хавф-хатарни идентификациялаш дейилганда хавф-хатарлар таҳлили ёки уларни баҳолаш тушунилади.
хавф-хатарлар таҳлили ва хавфни баҳолашни янада батафсил ўтказиш тўғрисида қарор;
хавф-хатарларни камайтиришга доир дастлабки тавсияларни ишлаб чиқиш.
4-§. Хавфни баҳолаш
21. Хавфни баҳолаш босқичининг асосий вазифалари:
хавфни баҳолашда ҳисоблаш-таҳлил қилиш усулини қўллаш билан Ўзбекистон Республикасидаги меъёрий ҳужжатларига зид бўлмаган, барча расмий ҳужжатлардаги бор ҳисоблаш усулларидан фойдаланишга рухсат берилади;
барча кўнгилсиз ҳодисалар ва уларнинг омилларининг юзага келиш частотасини аниқлаш;
кўнгилсиз ҳодисалар оқибатларини баҳолаш;
хавф баҳоларини умумлаштириш.
22. Кўнгилсиз ҳодисаларнинг юзага келиш частотасини аниқлаш учун қуйидагилардан фойдаланиш тавсия этилади:
технологик тизимнинг аварияга мойиллиги ва ишончлилиги бўйича хавфли ишлаб чиқариш объекти спецификасига ёки фаолият турига тааллуқли статистик маълумотлар;
«ҳодисалар дарахти», «бузилишлар дарахти»ни мантиқий таҳлил қилиш усуллари, инсон-машина тизимида аварияларни юзага келишининг имитация моделлари;
ушбу соҳа мутахассисларининг фикрларини ҳисобга олиш йўли билан олинадиган эксперт баҳолари.
23. Оқибатларни баҳолаш инсонлар, мулк ва/ёки атроф-муҳитга кўрсатилиши мумкин бўлган таъсирлар таҳлилини ўз ичига олади. Оқибатларни баҳолаш учун кўнгилсиз ҳодисалар (ишламай қолишлар, техник қурилмалар, бино ва иншоотларнинг бузилиши, ёнғинлар, портлашлар, заҳарли моддалар чиқиндилари ва ҳ.)нинг физик таъсирлари баҳоланиши, хавф юзага келиши эҳтимоли бўлган объектлар аниқланиши лозим. Авариялар оқибатларини таҳлил қилишда авария жараёнлари моделлари ва ўрганилаётган объектларнинг бузилиш, шикастланиш мезонларидан фойдаланиш, қўлланилаётган моделларнинг чекланганлигини инобатга олиш лозим. Шунингдек, имкон қадар оқибатлар кўлами ва уларни юзага келиш частотаси ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш лозим.
24. Авариялар хавфига берилган умумлаштирилган баҳо (ёки хавф даражаси) хавфли ишлаб чиқариш объектида содир бўлиши мумкин бўлган барча кўнгилсиз ҳодисаларнинг хавф кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда саноат хавфсизлиги ҳолатини акс эттириши ва қуйидагиларнинг натижаларига асосланиши керак:
барча кўнгилсиз ҳодисалар (авария сценарийлари)нинг ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда уларнинг хавф кўрсаткичларини интеграллаштириш;
олинган натижаларнинг ноаниқлиги ва аниқлигини таҳлил қилиш;
фойдаланиш шароитларининг саноат хавфсизлиги талаблари ва қабул қилса бўладиган хавф мезонларига мувофиқлигини таҳлил қилиш.
Хавф баҳоларини умумлаштиришда, имкон қадар, олинган натижаларнинг ноаниқлиги ва аниқлиги таҳлил қилиниши лозим. Хавфни баҳолаш билан боғлиқ кўплаб ноаниқликлар мавжуд. Одатда, ускуналарнинг ишончлилиги ва инсонларнинг хатолари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ бўлмаслиги, қабул қилинаётган фаразлар ва фойдаланилаётган авариявий жараён моделларига йўл қўйиш ноаниқликларнинг асосий манбалари ҳисобланади. Хавфни баҳолаш натижаларини тўғри талқин қилиш учун ноаниқликларнинг хусусиятини ва уларнинг сабабларини тўғри тушуниш лозим. Ноаниқликларнинг манбалари идентификацияланиши (масалан, «инсон омили»), баҳоланиши ва натижаларда кўрсатилиши лозим.
5-§. Хавфни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш
25. Хавфни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш хавф таҳлилининг якунловчи босқичи ҳисобланади. Тавсияларда хавфни баҳолаш натижалари бўйича асосланган хавфни камайтириш чоралари кўрсатилади.
26. Хавфни камайтиришга доир чора-тадбирлар техник ва (ёки) ташкилий хусусиятга эга бўлиши мумкин. Чора-тадбир турини танлашда хавфга таъсир кўрсатиш чораларининг амалийлиги ва ишончлилигига берилган умумий баҳо, шунингдек уларни амалга ошириш учун сарф-харажатлар кўлами ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
27. Ташкилий чоралар хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш босқичида хавфни камайтириш бўйича йирик техник чоралар қабул қилишда чеклаган имкониятларнинг ўрнини босиши мумкин.
28. Хавфни камайтиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, ресурсларнинг чекланиши мумкинлигидан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда содда ва энг кам сарф-харажат талаб этиладиган тавсиялар, шунингдек истиқболдаги чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши назарда тутилиши лозим.
29. Кўп ҳолларда хавфсизликни таъминлашга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар, одатда, аварияларни олдини олиш чора-тадбирлари ҳисобланади. Татбиқ этиш режалаштирилаётган хавфсизлик чора-тадбирларини танлашда қуйидагилар устуворликка эга:
а) авария вазиятларининг юзага келиш эҳтимолини камайтиришга доир чора-тадбирлар. Уларга қуйидагилар киради:
нохуш ҳодисаларнинг юзага келиш эҳтимолини камайтиришга доир чора-тадбирлар,
нохуш ҳодисаларнинг авария вазиятини юзага келтириш эҳтимолини камайтиришга доир чора-тадбирлар;
б) авария оқибатларини юмшатишга доир чора-тадбирлар. Улар, ўз навбатида, қуйидаги устувор чора-тадбирларни ўз ичига олади:
хавфли объектни лойиҳалашда кўзда тутиладиган чора-тадбирлар (масалан, тутиб турувчи конструкцияларни, қулф арматурани танлаш);
авариядан ҳимоялаш ва назорат тизимларига тааллуқли чора-тадбирлар (масалан, газ анализаторларидан фойдаланиш),
фойдаланувчи ташкилотнинг авария оқибатларини локаллаштириш ва бартараф этишга тайёрлиги билан боғлиқ чора-тадбирлар.
30. Хавфни камайтириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларни асослаш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш зарур бўлганда уларни оптималлаштиришнинг иккита муқобил мақсади кўзда тутилиши тавсия этилади:
1) берилган воситалар ёрдамида хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш хавфини максимал камайишини таъминлаш;
2) минимал сарф-харажатлар билан хавфни қабул қилса бўладиган даражагача камайтиришни таъминлаш.
ажратилган воситалар ёки ресурсларнинг чекланганлиги шароитида хавфни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг бажаришдаги устуворлигини аниқлаш учун қуйидагилар бажарилиши лозим:
белгиланган молиялаштириш ҳажмлари доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирлар мажмуини аниқлаш;
бу чора-тадбирларни «самарадорлик-харажатлар» кўрсаткичи бўйича ажратиш;
таклиф этилаётган чора-тадбирларни асослаш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш.
IV боб. Хавф таҳлилини ўтказиш усуллари
31. Хавф таҳлилини ўтказиш усулларини танлашда объектнинг фаолият босқичлари (лойиҳалаш, фойдаланиш ва ҳ.), таҳлил мақсадлари, қабул қилса бўладиган хавф мезонлари, таҳлил қилинадиган хавфли ишлаб чиқариш объектининг тури ва хавф-хатарнинг хусусиятлари, таҳлилни ўтказиш учун ресурсларнинг мавжудлиги, бажарувчиларнинг тажрибаси ва малакаси, зарур маълумотларнинг мавжудлиги ва бошқа омиллар ҳисобга олиниши лозим.
Масалан, хавф-хатарларни идентификациялаш ва хавфни дастлабки баҳолаш босқичида* хавфни таҳлил қилиш ва баҳолашнинг пухта ўйланган тартиби, махсус ёрдамчи воситалар (анкеталар, бланклар, сўровномалар, йўриқномалар) ва бажарувчиларнинг амалий тажрибасига таянадиган сифат усулларидан фойдаланиш тавсия этилади.
* Бу босқич хавф-хатарлар таҳлили деб номланиши мумкин.
Амалиётдан маълумки, мураккаб миқдорий усуллардан фойдаланиш кўп ҳолларда мураккаб техник тизимлар учун аниқлиги унча юқори бўлмаган хавф кўрсаткичлари қийматини беради. Шунинг учун хавфни тўлиқ миқдорий баҳолаш хавф-хатар манбалари ёки хавфсизлик чора-тадбирларининг турли вариантларини (масалан, объектни жойлаштиришда) таққослаш учун объектнинг хавфсизлик даражаси тўғрисида хулоса тайёрлашга нисбатан самарали ҳисобланади. Шу билан бирга, хавфни миқдорий баҳолаш усуллари барча ҳолатларда жуда фойдали, баъзи ҳолларда эса, жумладан, турли хусусиятдаги хавф-хатарларни таққослаш, йирик авариялар оқибатларини баҳолаш ва натижалар чиқаришнинг ягона йўли ҳисобланади.
Зарур маълумотлар билан таъминлаш хавф таҳлилини ўтказишнинг муҳим шартидир. Статистик маълумотларнинг етарли эмаслиги туфайли амалиётда миқдорий таҳлилнинг соддалаштирилган усулларига асосланган эксперт баҳолаш ва хавфни ажратиш усулларидан фойдаланиш тавсия этилади. Бу ёндашувларда кўриб чиқилаётган ҳодисалар ёки элементлар, одатда, хавф эҳтимоли катталиги, оқибатларнинг оғирлик даражаси бўйича бир нечта, масалан, хавф даражаси юқори, оралиқ, паст ёки сезиларсиз бўлган гуруҳлар (ёки тоифалар, даражалар)га ажратилади. Бундай ёндашувда юқори хавф даражаси (объектнинг спецификасига қараб) қабул қилиб бўлмайдиган (ёки махсус кўриб чиқиш талаб этиладиган) даража ҳисобланади, оралиқ хавф даражаси хавф даражасини камайтириш бўйича ишлар дастури бажарилишини талаб этади, паст даражани қабул қилса бўлади, сезиларсиз хавф даражаси эса умуман кўриб чиқилмаслиги мумкин (2-илова).
32. Хавф таҳлили усулларини танлаш ва қўллашда қуйидаги талабларга риоя қилиниши тавсия этилади:
усул илмий асосланган бўлиши ва кўриб чиқилаётган хавф-хатарларга тўғри келиши керак;
усул хавф-хатарларни юзага келиш шаклини яхши тушуниш ва хавфни камайтириш йўлларини белгилаш имконини берувчи натижаларни бериши керак;
усул такрорий қўлланиладиган ва текшириладиган бўлиши керак.
33. Хавф-хатарларни идентификациялаш босқичида қуйидаги хавф таҳлили усулларининг бир ёки бир нечтасидан фойдаланиш тавсия этилади:
«Агар........., нима бўлади?»;
текширув варақаси;
хавф-хатар ва ишлаш имконияти таҳлили;
бузилиш тури ва оқибатлари таҳлили;
«бузилишлар дарахти» таҳлили;
«ҳодисалар дарахти» таҳлили;
мос эквивалент усуллар.
Хавф таҳлили усуллари тўғрисида қисқача маълумотлар ва уларни қўллашга доир тавсиялар 2, 3-иловаларда келтирилган.
V боб. Хавф таҳлили натижаларини расмийлаштиришга қўйилган талаблар
34. Хавф таҳлили натижалари асосланган бўлиши ва бажарилган ҳисоб-китоблар ва хулосаларни дастлабки таҳлилда иштирок этмаган мутахассислар томонидан текшириш ва такрорлаш имкониятидан келиб чиққан ҳолда расмийлаштирилиши керак.
35. Хавф таҳлили жараёни ҳужжатлаштирилиши лозим. Таҳлил натижаларини ўз ичига олган ҳисобот ҳажми ва шакли ўтказилган хавф таҳлилининг мақсадларига боғлиқ. Ҳисоботда қуйидагилар киритилиши тавсия этилади (агар меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, саноат хавфсизлиги декларацияларини расмийлаштиришга доир ҳужжатларда, бошқа талаблар белгиланмаган бўлса):
титул варағи;
лавозими, илмий унвони, ишлайдиган ташкилоти кўрсатилган бажарувчилар рўйхати;
аннотация;
мундарижа;
ўтказилган хавф таҳлилининг вазифалари ва мақсадлари;
таҳлил қилинадиган хавфли ишлаб чиқариш объекти тавсифи;
таҳлил услуби, дастлабки тахминлар ва хавф таҳлили доирасини белгилаб берувчи чегаралар;
қўлланиладиган таҳлил усуллари, авария жараёнлари моделларининг тавсифи ва улардан фойдаланиш асослари;
дастлабки маълумотлар ва уларнинг манбалари, шу жумладан ускуналарнинг аварияга мойиллиги ва ишончлилигига доир маълумотлар;
хавф-хатарларни идентификациялаш натижалари;
хавфни баҳолаш натижалари;
хавфни баҳолаш натижаларининг ноаниқликлари таҳлили;
хавфга берилган баҳоларни умумлаштириш, шу жумладан энг «заиф жойлар»ни кўрсатган ҳолда;
хавфни камайтиришга доир тавсиялар;
хулоса;
фойдаланилган маълумотлар рўйхати.
VI боб. Якуний қоида
36. Ушбу Услубий кўрсатмалар Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаларининг Марказий Кенгаши, «ЎзГЕОТЕХЛИТИ» илмий-текшириш ва лойиҳа институти ва «Ўзкимёсаноат» Давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси, Кимё саноати ва геология ходимлари Касаба уюшмаларининг Марказий Кенгаши раиси Г. ХАКИМОВА
«ЎзГЕОТЕХЛИТИ» директори У. АБДУЛЛАЕВ
«Ўзкимёсаноат» ДАК Бошқаруви раиси Ғ. ИБРАГИМОВ
Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмаларга
1-ИЛОВА
ХАВФ КЎРСАТКИЧЛАРИ
Авариялар хавфини ҳар томонлама баҳолаш аварияларни юзага келиш сабаблари (техник қурилмаларнинг бузилиши, ходимларнинг хатолари, ташқи таъсирлар) ва уларнинг ривожланиш шароитлари, ишлаб чиқариш ходимлари ва аҳолининг шикастланиши, фойдаланувчи ташкилот мулкига ва учинчи шахсларга, атроф-муҳитга етказиладиган зарар таҳлилига асосланади. «Ўлчанадиган» катталик тўғрисида гап бораётганлигини таъкидлаш учун хавф даражаси тушунчаси ишлатилади. Фойдаланиш жараёни кўплаб хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлган хавфли ишлаб чиқариш объектида авариялар хавфи даражаси тегишли хавф кўрсаткичларини ҳисобга олиш асосида аниқланади. Умумий ҳолатда хавф кўрсаткичлари кўриб чиқилаётган кўнгилсиз ҳодисалар оқибатларининг эҳтимоли (ёки частотаси) ва оғирлик даражаси мажмуи (комбинацияси) кўринишида ифодаланади.
Қуйида хавф асосий миқдор кўрсаткичларининг қисқача тавсифлари берилган.
1. Техник қурилмаларнинг бузилиб қолиши билан боғлиқ хавф-хатарларни таҳлил қилишда техник хавф ажратилади. Техник хавф кўрсаткичлари тегишли ишончлилик назарияси усуллари ёрдамида аниқланади.
2. Хавф-хатарларнинг энг кўп ишлатиладиган тавсифларидан бири индивидуал хавф ҳисобланади. Индивидуал хавф — ўрганилаётган хавф-хатар омиллари таъсири натижасида алоҳида индивидуум (инсон)нинг шикастланиш частотаси. Умумий ҳолатда миқдор (сон) жиҳатдан индивидуал хавф муайян вақт мобайнида жабрланган инсонлар сонининг хавф остида бўлганларнинг умумий сонига нисбати билан ифодаланади. Объект атрофидаги ҳудуд бўйлаб хавфнинг тақсимланишини ҳисоблаш («хавфни хариталаш»)да индивидуал хавф потенциал ҳудудий хавф (қуйига қаралсин) ва инсоннинг хавфли омиллар таъсири ҳудудида бўлиши эҳтимоли билан аниқланади. Индивидуал хавф кўпинча индивидуумнинг малакаси ва унинг хавфли вазиятда хатти-ҳаракатларга тайёрлиги ва ҳимояланганлиги билан белгиланади. Индивидуал хавф, одатда, ҳар бир киши учун эмас, балки турли хавфли ҳудудларда тахминан бир хил вақт мобайнида бўладиган ва бир хил ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган кишилар гуруҳи учун аниқланиши лозим. Индивидуал хавфни объект ходимлари ва туташ ҳудуд аҳолиси учун, ёки, зарур ҳолларда, тор доирадаги гуруҳлар, масалан, турли ихтисосдаги ишчилар учун алоҳида-алоҳида баҳолаш тавсия этилади.
3. Хавфнинг объект ва яқин атрофдаги ҳудуд бўйича тақсимланишини ифодаловчи бошқа комплекс хавф кўрсаткичи потенциал ҳудудий хавф ҳисобланади. Потенциал ҳудудий хавф — бу ҳудуднинг кўриб чиқилаётган нуқтасида шикастловчи омилларнинг юзага келиш частотасидир. Потенциал ҳудудий, ёки потенциал хавф таъсир объекти (масалан, инсон)нинг шу жойда бўлишига боғлиқ эмас. Объектнинг таъсир доирасида бўлиши шартли эҳтимоли 1 га тенг деб олинади (яъни кўриб чиқилаётган бутун вақт мобайнида ушбу жойда инсон бўлади). Потенциал хавф хавфли объект одам кўп жойда ёки одамсиз саҳрода жойлашганлигига қарамайди ва кенг интервал доирасида ўзгариши мумкин. Потенциал хавф, номидан келиб чиққан ҳолда, ушбу жойда жойлашган конкрет таъсир объектлари (реципиентлар) учун мумкин бўлган максимал хавф потенциалини ифодалайди. Одатда, потенциал хавф йирик аварияларда ижтимоий ва индивидуал хавфларни баҳолаш учун фойдаланиладиган оралиқ хавф ўлчови ҳисобланади. Ўрганилаётган ҳудудда потенциал хавф ва аҳолининг тақсимланиши аҳоли учун ижтимоий хавфни миқдорий баҳолаш имконини беради. Бунинг учун ҳар бир сценарийда ҳар қайси хавф-хатар манбасидан шикастланганлар сони аниқланиши ва шундан кейин у ёки бу даражада жабрланган инсонлар сони белгилангани (N)га нисбатан кўп бўлган ҳодисалар частотаси (F)нинг ушбу белгиланган инсонлар сонига боғлиқлиги аниқланиши керак (ижтимоий хавф).
4. Ижтимоий хавф аварияларнинг кўлами ва эҳтимоли (частотаси)ни тавсифлайди ва йўқотишлар (зарар)ни тақсимлаш функцияси ёрдамида аниқланади. Ушбу функция F/N-эгри чизиғи (Фармер эгри чизиғи) деб аталади. Умумий ҳолатларда, таҳлил вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, N остида жабрланганларнинг умумий сони ҳам, ўлар ҳолатда жароҳатланганлар сони ҳам ёки оқибатларнинг бошқа оғирлик кўрсаткичи ҳам тушунилади. Шундай экан, қабул қилса бўладиган хавф мезони алоҳида ҳодиса учун сон билан эмас, балки турли авариялар сценарийлари учун уларнинг эҳтимоллигини ҳисобга олган ҳолда тузилган эгри чизиқ ёрдамида аниқланади. Ҳозирги вақтда хавфнинг қабул қилса бўлишини аниқлаш учун иккита эгри чизиқдан фойдаланиш усули кенг тарқалган. Бунда логарифмик координаталарда қабул қилса бўладиган ва қабул қилиб бўлмайдиган ўлар ҳолатда жароҳатланиш хавфларнинг F/N-эгри чизиқлари белгиланган. Ушбу эгри чизиқлар ўртасидаги соҳа оралиқ хавф даражаси сифатида белгиланади ва уни камайтириш масаласи ишлаб чиқариш спецификаси ва ҳудудий шароитлардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиниши лозим.
5. Объект хавфининг бошқа миқдорий интеграл ўлчови — бу жамоавий хавфдир. Жамоавий хавф муайян вақт мобайнида объектда авариялар натижасида тахмин қилинаётган жабрланганлар сонини белгилаб беради.
6. Саноат хавфсизлигини иқтисодий тартибга солиш ва суғурталаш мақсадлари учун қиймат ёки натурал кўрсаткичлардаги статистик тахмин қилинаётган зарар хавфнинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади (зарарнинг математик тахмини ёки муайян давр ичида зарар етказилиши эҳтимолларининг ушбу зарарларнинг тегишли ўлчамларига кўпайтмалари йиғиндиси).
Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмаларга
2-ИЛОВА
ХАВФ ТАҲЛИЛИ УСУЛЛАРИ ТАВСИФИ
Қуйида хавф таҳлилини ўтказишда тавсия этиладиган асосий усулларнинг қисқача тавсифи берилган.
1. «Текширув варақаси» ва «Агар....., нима бўлади?» усуллари ёки уларнинг комбинацияси объектдан фойдаланиш шароитлари ёки лойиҳанинг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини ўрганишга асосланган хавф-хатарларни сифатий баҳолаш усуллари гуруҳига киради.
Хавфли ишлаб чиқариш объектининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги савол ва жавоблар ҳамда уларни таъминлашга доир кўрсатмалар текширув варақасининг натижаси ҳисобланади. Текширув варақаси «Агар....., нима бўлади?» усулидан дастлабки маълумотларни ва хавфсизлик қоидаларининг бузилишлари оқибатлари тўғрисида натижаларни кўпроқ тақдим этилиши билан фарқ қилади.
Бу усуллар анча содда (айниқса уларни таҳлилни ўтказиш ва натижаларни тақдим этишни енгиллаштирувчи ёрдамчи шакллар, бир хиллаштирилган бланкалар билан таъминлашда), кўп меҳнат талаб қилмайди (натижалар битта мутахассис томонидан бир кун ичида олиниши мумкин) ва таниш технологияли объектлар хавфсизлигини текширишда самарали ҳисобланади.
2. «Бузилиш тури ва оқибатлари таҳлили» (БТОТ) кўриб чиқилаётган техник тизим* хавфининг сифатий таҳлили учун қўлланилади. Ушбу усулнинг муҳим жиҳати шундаки, бунда ҳар бир аппарат (қурилма, блок, буюм) ёки тизим (элемент)нинг таркибий қисми у қандай носоз ҳолга келганлиги (бузилиш тури ва сабаби) ва бузилиш техник тизимга қандай таъсир кўрсатиши бўйича кўриб чиқилади.
* Техник тизим дейилганда таҳлил мақсадидан келиб чиққан ҳолда техник қурилмалар йиғиндиси ҳам, алоҳида техник қурилмалар ёки уларнинг элементлари ҳам тушунилади.
Бузилиш тури ва оқибатлари таҳлилини миқдорий бузилиш тури, оқибатлари ва критиклиги таҳлили (БТОКТ)гача кенгайтириш мумкин. Бу ҳолда ҳар қайси бузилиш тури критикликнинг икки таркибий қисми — оқибатларнинг эҳтимоли (ёки частотаси) ва оғирлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ажратилади. Критиклик параметрларининг белгиланиши тавсиялар ишлаб чиқиш ва хавфсизлик чора-тадбирларининг устуворлигини белгилаш учун керак бўлади.
Таҳлил натижалари ускуналар рўйхати, юзага келиши мумкин бўлган бузилишлар тури ва сабаблари, частоталари, оқибатлари, критиклиги, носозликларни аниқлаш воситалари (сигнализаторлар, назорат асбоблари ва ҳ.) ва хавфни камайтиришга доир тавсияларни ўз ичига олган жадваллар кўринишида тақдим этилади.
Бузилишларни содир бўлиш оқибатларининг эҳтимоли-оғирлик даражаси мезонлари бўйича таснифлаш тизими ҳар қайси объект ёки техник қурилма учун уларнинг спецификасини ҳисобга олган ҳолда конкретлаштирилиши лозим.
Қуйида (1-жадвал) мисол сифатида бузилишларнинг содир бўлиш эҳтимоли ва оқибатларининг оғирлик даражаси бўйича критиклик кўрсаткичлари (индекслари) ва мезонлари келтирилган. Таҳлил учун бузилишлар зарар етказиши мумкин бўлган тўртта гуруҳ ажратилган: ходимлар, аҳоли, мулк (ускуналар, иншоотлар, бинолар, маҳсулот ва ҳ.), атроф-муҳит.
1-жадвалда мезонларнинг қуйидаги вариантлари қўлланилган:
оқибатларнинг оғирлик даражаси бўйича бузилиш мезонлари:
ҳалокатга олиб келувчи бузилиш — инсонларнинг ўлимига, мулкка жиддий зиён етишига олиб келади, атроф-муҳитга ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарар етказади,
критик (нокритик) бузилиш — инсонларнинг ҳаётига хавф туғдиради (хавф туғдирмайди), мулкка, атроф-муҳитга жиддий зарар етказади (зарар етказмайди),
унча катта бўлмаган оқибатларга олиб келувчи бузилиш — оқибатларига кўра юқорида санаб ўтилган учта тоифанинг ҳеч бирига тааллуқли бўлмаган бузилиш.
Бузилишларнинг тоифалари (критиклиги):
«А» — миқдорий хавф таҳлили ўтказилиши шарт ёки махсус хавфсизликни таъминлаш чоралари талаб этилади;
«В» — миқдорий хавф таҳлили ўтказилиши мақсадга мувофиқ ёки муайян хавфсизлик чоралари қабул қилиниши талаб этилади;
«С» — сифатий хавф таҳлили ўтказилиши ёки баъзи хавфсизлик чоралари қабул қилиниши тавсия этилади;
«Д» — таҳлил ва махсус (қўшимча) хавфсизлик чоралари қабул қилиниши талаб этилмайди.
БТОТ, БТОКТ усуллари, одатда, мураккаб техник тизимлар лойиҳалари ёки техник ечимларни таҳлил қилиш учун қўлланилади. 3 — 7 кишидан ташкил топган турли ихтисосдаги мутахассислар (масалан, технология, кимёвий жараёнлар бўйича мутахассис, муҳандис-механик) гуруҳи томонидан бир неча кун, ҳафта мобайнида бажарилади.
1 -жадвал
«Содир бўлиш эҳтимоли- оқибатларнинг оғирлик даражаси» матрицаси

Бузилишнинг юзага келиш частотаси 1 йил

Бузилиш оқибатларининг оғирлик даражаси

ҳалокатга олиб келувчи бузилиш

критик бузилиш

нокритик бузилиш

унча катта бўлмаган оқибатларга олиб келувчи бузилиш

Тез-тез содир бўладиган бузилиш

> 1

АААC
Эҳтимол бузилиш1 — 10-2ААВC
Содир бўлиши мумкин бўлган бузилиш10-2 — 10-4АВВC
Кам содир бўладиган бузилиш10-4 — 10-6АВСД
Содир бўлиши эҳтимолдан йироқ бузилиш

<
10-6

ВССД
3. «Хавф-хатар ва ишлаш имконияти таҳлили» (ХИҚТ) усулида технологик параметрларнинг (ҳарорат, босим ва ҳ.) регламент режимлардан четга чиқишлари таъсири хавф юзага келиши мумкинлиги нуқтаи-назаридан ўрганилади. ХИҚТ мураккаблиги ва натижалар сифатига кўра БТО, БТОКТ даражасига тўғри келади.
Таҳлил жараёнида хавфли ишлаб чиқариш объекти ёки технологик блокнинг ҳар бир таркибий қисми учун мумкин бўлган четга чиқишлар, уларнинг сабаблари ва уларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар белгиланади. Четга чиқишларни тавсифлашда «йўқ», «кўп», «кам», «шунингдек», «бошқача», «қараганда бошқача», «тескари» ва ҳ. сингари калит сўзлар қўлланилиши лозим. Калит сўзларнинг қўлланилиши бажарувчиларга мумкин бўлган барча четга чиқишларни аниқлашда ёрдам беради. Бу сўзларнинг технологик параметрлар билан конкрет бирикмасини ишлаб чиқариш спецификаси белгилаб беради.
Калит сўзларнинг тахминий мазмуни қуйидагича:
«ЙЎҚ» — моддани тўғридан-тўғри етказиб бериш бўлиши керак бўлган ҳолда, унинг йўқлиги;
«КЎП (КАМ)» — режимли ўзгарувчан миқдорлар (ҳарорат, босим, сарф)нинг белгиланган параметрларга нисбатан ошиши (камайиши);
«ШУНИНГДЕК» — қўшимча компонентлар (ҳаво, сув, аралашмалар)нинг пайдо бўлиши;
«БОШҚАЧА» — одатдаги ишдан фарқ қилувчи ҳолат (ишга тушириш, тўхтатиш, унумдорликни ошириш ва ҳ.);
«ҚАРАГАНДА БОШҚАЧА» — жараённинг тўлиқ ўзгариши, кўзда тутилмаган ҳодиса, ускуналарнинг, герметикликнинг бузилиши;
«ТЕСКАРИ» — белгиланган мўлжалга мантиқий тескарилик, моддаларнинг тескари оқими юзага келиши.
Таҳлил натижалари махсус технологик листлар (жадваллар)да тақдим этилади. Четга чиқишларнинг хавф даражаси кўриб чиқилаётган вазият оқибатларининг эҳтимоли ва оғирлигини БТОКТ усулидаги каби критиклик мезонлари бўйича баҳолаш йўли билан миқдор жиҳатдан аниқланиши мумкин (1-жадвал).
ХИҚТ усули БТОКТ сингари хавф-хатарларни идентификациялаш ва уларни ажратишдан ташқари хавфсизлик бўйича йўриқномалардаги ноаниқликлар ва хатоликларни аниқлаш имконини беради ва келгусида уларни такомиллаштиришга ёрдам беради. Усулларнинг камчилиги - аварияга олиб келган ҳодисалар комбинацияларини таҳлил қилиш учун улардан фойдаланиш қийинчиликлар юзага келишидадир.
4. Амалиётдан маълумки, йирик авариялар, одатда, авария юзага келиши ва ривожланишининг турли босқичларида ҳар хил частоталарда содир бўладиган кутилмаган ҳодисалар (ускуналарнинг ишламай қолиши, инсон хатоси, ҳисобга олинмаган ташқи таъсирлар, бузилиш, моддаларнинг отилиб чиқиши, оқиб кетиши, сочилиши, алангаланиш, портлаш, интоксикация ва ҳ.) комбинацияси билан тавсифланади. Ушбу ҳодисалар ўртасидаги сабаб-оқибатли боғлиқликни аниқлаш учун «бузилишлар дарахти» ва «ҳодисалар дарахти» таҳлилининг мантиқий-график усулларидан фойдаланилади.
«Бузилишлар дарахти» таҳлили (БШТ)да асосий ҳодиса (авария вазияти)га олиб келувчи ускуналарнинг бузилишлари (носозликлари), нохуш ҳодисалар, ходимларнинг хатолари ва ҳисобга олинмаган ташқи (техноген, табиий) таъсирлар комбинациялари аниқланади. Усул авария вазияти юзага келишининг мумкин бўлган сабабларини таҳлил қилиш ва унинг частотасини (дастлабки ҳодисалар частоталари тўғрисидаги маълумотлар асосида) ҳисоблаш учун қўлланилади. Бузилиш (авария)лар дарахти таҳлилида ҳодисаларнинг аварияларни юзага келиши ёки юзага келмаслигини белгилаб берувчи минимал қўшилмаларини (минимал ўтказувчи ва ажратиб қўювчи қўшилмалар, мос равишда — 3-илова 2 мисол) аниқлаш тавсия этилади.
«Ҳодисалар дарахти» таҳлили (ҲШТ) — бу асосий ҳодиса (авария вазияти)дан келиб чиқувчи ҳодисалар кетма-кетлигини тузиш алгоритмидир. Авария вазиятининг ривожланишини таҳлил қилишда қўлланилади. Ҳар қайси авария вазияти ривожланиш сценарийсининг частотаси асосий ҳодиса частотасини пировард ҳодисанинг шартли эҳтимолига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади (масалан, ёнувчан модда солинган ускуна герметиклигининг бузилиши билан кечадиган авариялар шароитга қараб модда алангаланиб ҳам, алангаланмасдан ҳам ривожланиши мумкин).
5. Хавфнинг миқдорий таҳлил усуллари, одатда, 1-иловада кўрсатилган бир нечта хавф кўрсаткичларини ҳисоблаш орқали амалга оширилади ва юқорида кўрсатилган усулларнинг бир ёки бир нечтасини ўз ичига олиши (ёки уларнинг натижаларидан фойдаланилиши) мумкин. Миқдорий таҳлил ўтказишда юқори малакали бажарувчилар, ускунанинг авариявийлиги, ишончлилиги бўйича катта ҳажмда маълумотлар, экспертиза ишларини бажарилиши, атроф-муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари, об-ҳаво шароитлари, одамларнинг хавфли ҳудудларда бўлиш вақти ва бошқа омилларни ҳисобга олиш талаб этилади.
Хавфнинг миқдорий таҳлили турли хавф-хатарларни ягона кўрсаткичлар бўйича баҳолаш ва таққослаш имконини беради. Ушбу усул қуйидаги ҳолларда юқори самара беради:
хавфли ишлаб чиқариш объектини лойиҳалаш ва жойлаштириш босқичида;
хавфсизлик чораларини асослаш ва оптималлаштиришда;
бир турдаги техник қурилмалар (масалан, магистраль қувур ўтказгичлар)га эга хавфли ишлаб чиқариш объектларида йирик авариялар хавфини баҳолашда;
инсонлар, мулк ва атроф-муҳит учун аварияларнинг хавфини комплекс баҳолашда.
6. Турли фаолият турлари ва хавфли ишлаб чиқариш объектининг фаолият босқичлари учун хавф таҳлили усулларини танлашга доир тавсиялар қуйида (2-жадвал) келтирилган.
2-жадвалда қуйидаги белгилар қўлланилган:
«0» — энг мос келмайдиган таҳлил усули;
«+» — тавсия этиладиган усул;
«++» — энг мос келадиган усул.
Усуллар алоҳида-алоҳида ёки бир-бирига қўшимча равишда қўлланилиши, чунончи сифатий таҳлил усуллари миқдорий хавф мезонларини (асосан, эксперт баҳолари бўйича, масалан, «содир бўлиш эҳтимоли - оқибатларнинг оғирлик даражаси» матрицасидан фойдаланган ҳолда) ҳам ўз ичига олиши мумкин. Хавфнинг тўлиқ миқдорий таҳлилида хавфларнинг сифатий таҳлил натижаларидан имкон қадар фойдаланилиши керак.
2-жадвал
Хавф таҳлили усулларини танлашга доир тавсиялар

Усул

Фаолият тури

Жойлаштириш (лойиҳа олди ишлар)

Лойиҳалаш

Фойдаланишга киритиш /фойдаланишдан чиқариш

Фойдаланиш

Реконструкция

«Агар...., нима бўлади?» таҳлили0++++++
Текширув варақаси усули0+++++
Хавф-хатар ва ишлаш имконияти таҳлили0++++++
Бузилиш турлари ва оқибатлар таҳлили0++++++
Бузилишлар ва ҳодисалар дарахти таҳлили0++++++
миқдорий хавф таҳлили++++0+++
Хавф таҳлилининг баъзи усулларидан фойдаланишга доир мисоллар 3-жадвалда келтирилган.
Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмаларга
3-ИЛОВА
ХАВФ ТАҲЛИЛИ ВА УНИ БАҲОЛАШ УСУЛЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ДОИР МИСОЛЛАР
1-мисол. Хавф-хатарни миқдорий таҳлил қилиш усулининг қўлланилиши.
3-жадвалда совутиш-компрессор қурилмалари цехининг хавф-хатарлар ва ишлаш имконияти таҳлили натижаларидан намуна берилган. Таҳлил жараёнида ҳар бир қурилма, ишлаб чиқариш линияси ёки блок учун юзага келиши мумкин бўлган четга чиқишлар, уларнинг сабаблари аниқланади ва хавфсизликни таъминлаш бўйича тавсиялар белгиланади. Юзага келиши мумкин бўлган ҳар қайси четга чиқиш ҳолатларини тавсифлашда «йўқ», «кўп», «кам», «шунингдек», «бошқача», «қараганда бошқача», «тескари» ва ҳ. сингари калит сўзлар қўлланилади. Шунингдек, жадвалда кўриб чиқилаётган четга чиқишнинг юзага келиш эҳтимоли В, оқибатларнинг оғирлик даражаси Т ва критиклик кўрсаткичи К=В+Т га берилган балли эксперт баҳолари кўрсатилган. В ва Т кўрсаткичлар 4 балли шкалада белгиланган (4 балл максимал хавфга тўғри келади).
Критиклик қиймати юқори бўлган четга чиқишлар кейинчалик, шу жумладан авария вазиятлари сценарийларини ишлаб чиқишда ва хавфни миқдорий баҳолашда, янада батафсилроқ кўриб чиқилган.
3-жадвал
Совутиш-компрессор қурилмалари цехи компрессор узелининг хавф-хатарлари ва ишлаш имкониятини ўрганиш усули қўлланилганда четга чиқишлар рўйхати (натижалардан намуна)
Калит сўзЧетга чиқишСабабларОқибатларВTKТавсиялар
КАММОДДА ОҚИМИ ЙЎҚ1. Қувур ўтказгичнинг ёрилишиАммиакнинг чиқиб кетишига олиб келади246Авария сигнализацияси ўрнатилиши керак
2. Электр таъминоти тизимидаги бузилишларХавф йўқ314Захиралаш тизими ишончлилигини ошириш керак
КЎП
КОМПРЕССОР ҲАЙДАШ БОСИМИНИНГ ОШИШИ
3. Ҳайдайдиган вентиль ёпиқКомпрессорнинг бузилиши ва аммиакнинг чиқиб кетишига олиб келади123Босим релеси, сақловчи ва тескари клапанлар алмаштирилиши керак
4. Конденсаторга сув умуман ёки етарли даражада берилмаяпти3-банддаги каби123
5. Конденсаторда кўп миқдорда ҳаво мавжудПортлаш хавфи бўлган аралашма ҳосил бўлади134
ҲАЙДАЙДИГАН КОМПРЕССОР ҲАРОРАТИНИНГ ОШИШИ6. Компрессорнинг совутиладиган қобиғи орқали сув ўтмаяптиКомпрессорнинг бузилиши ва аммиакнинг чиқиб кетишига олиб келади123ИБ ва ТБ компрессорларида ҳарорат релелари ўрнатиш керак
7. Сўриладиган аммиак буғларининг ҳаддан ортиқ қизиб кетиши6-банддаги каби123
КАМСУРИШ БОСИМИНИНГ КАМАЙИШИ8. Компрессорнинг юқори унумдорлигиХавф йўқ112Босим релеси текширилиши керак
2-мисол. «Бузилишлар ва ҳодисалар дарахтлари» таҳлили.
Нефтни қайта ишлаш қурилмасида содир бўлиши мумкин бўлган турли аварияларнинг сценарийларини миқдорий таҳлил қилиш учун ҳодисалар дарахти намуналари 2-расмда берилган. Ҳодиса номининг ёнидаги рақамлар ушбу ҳодиса юзага келишининг шартли эҳтимолини кўрсатади. Бунда қўзғатувчи ҳодиса (резервуардан нефтнинг тўкилиши)нинг юзага келиш эҳтимоли 1 тенг деб қабул қилинган. Алоҳида ҳодиса ёки сценарийнинг юзага келиш частотаси қиймати қўзғатувчи ҳодисанинг юзага келиш частотасини авариянинг аниқ сценарий бўйича ривожланишнинг шартли эҳтимолига кўпайтириш йўли билан қайта ҳисобланади.
2-расм. Нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмасида содир бўлиши мумкин бўлган аварияларнинг «ҳодисалар дарахти»
Идишларга ёқилғи қуйишда авария вазиятларининг содир бўлиши сабабларини таҳлил қилиш учун қўлланиладиган бузилишлар дарахти* намунаси 3-расмда келтирилган. Бузилишлар дарахтининг тузилмаси сабабли занжирлар (авариялар сценарийлари)ни ҳосил қилувчи тегишли қуйи ҳодисалар (хатолар, бузилишлар, ноқулай ташқи таъсирлар) тўплами билан боғланган битта асосий ҳодиса (авария, нохуш ҳодиса)ни ўз ичига олади. Ҳодисаларни ўзаро боғлаш учун дарахтларнинг «тугунлари»да «ВА» ва «ЁКИ» белгилари ишлатилади. «ВА» мантиқий белгиси юқорида турувчи ҳодиса қуйи ҳодисаларнинг бир вақтда юзага келиши билан содир бўлишини билдиради (юқорида турувчи ҳодиса эҳтимолини баҳолаш учун уларнинг эҳтимолларини кўпайтирилишига тўғри келади). «ЁКИ» белгиси юқорида турувчи ҳодисанинг қуйи ҳодисалардан бирининг юзага келиши натижасида содир бўлишини билдиради.
3-расм. Ёқилғи қуйиш операцияларининг «Бузилишлар дарахти».
* Ушбу дарахтнинг бузилишлар дарахти, носозликлар дарахти, ҳодисалар дарахти ва ҳ. сингари бошқа номлари ҳам учрайди.
Шундай қилиб, 3-расмда кўрсатилган дарахтда оралиқ ҳодисалар (тўғри бурчаклар) мавжуд, унинг пастки қисмида эса рақамли доиралар билан фараз қилинаётган дастлабки ҳодиса-сабаблар кўрсатилган бўлиб, уларнинг номлари ва рақамлари 4-жадвалда келтирилган.
4-жадвал.
Бузилиш дарахтининг дастлабки ҳодисалари

Ҳодисалар ёки модель ҳолатларининг номи

Ҳодиса эҳтимоли Pi

1Автоматик доза бериш тизими (АДБТ) ўчирилмаган (дастлабки ҳолатни назорат қилишдаги хато)0,0005
2Доза ҳажми датчикларидан сигналларни узатиш занжири узилган0,00001
3Доза бериш сигнали тўсиқлар (ҳисобга олинмаган ташқи таъсирлар) туфайли заифлашган0,0001
4Доза бериш сигнали кучайтиргич-ўзгартиргичи бузилган0,0002
5Сарфўлчагич бузилган0,0003
6Сатҳ датчиги бузилган0,0002
7Оператор АДБТ нинг носозлиги тўғрисидаги ёруғлик индикатори сигналини пайқамади (операторнинг хатоси)0,005
8Оператор АДБТ нинг бузилганлиги тўғрисидаги товуш сигналини эшитмади (операторнинг хатоси)0,001
9Оператор берилган вақт тугаши билан насосни ўчириш зарурлигини билмайди0,001
10Оператор белгиланган ёқилғи қуйиш вақти тугаганлиги тўғрисидаги хронометр индикатори сигналини пайқамади0,004
11Хронометр бузилган0,00001
12Насос электр узатмасининг автомат ўчиргичи бузилган0,00001
13Насос узатмасини бошқариш занжири узилган0,00001
Бузилиш дарахти таҳлили сигналнинг асосий ҳодисага (3-расмда улар учта) ўтиш тармоқларини белгилаш, шунингдек улар билан боғлиқ бўлган:
минимал ўтказувчи қўшилмалар;
минимал ажратиб қўювчи қўшилмаларни кўрсатиш имконини беради.
Минимал ўтказувчи қўшилмалар — бу юзага келиши (бир вақтда) асосий ҳодиса (авария)нинг содир бўлиши учун етарли бўлган дастлабки ҳодиса-сабаблар (рақамлар билан белгиланган) тўплами. 3-расмда тасвирланган «дарахт» учун бундай ҳодисалар ва/ёки қўшилмалар қуйидагилардир: {12}, {13}, {1·7}, {1·8}, {1·9}, {1·10}, {1·11}, {2·7}, {2·8}, {2·9}, {2·10}, {2·11}, {3·7}, {3·8}, {3·9}, {3·10}, {3·11}, {4·7}, {4·8}, {4·9}, {4·10}, {4·11}, {5·6·7}, {5·6·8}, {5·6·9}, {5·6·10}, {5·6·11}.
Асосан «заиф жойлар»ни аниқлашда фойдаланилади.
Минимал ажратиб қўювчи қўшилмалар — бу таркибидаги бирорта ҳам ҳодиса юзага келмаганда асосий ҳодисанинг содир бўлмаслигини кафолатловчи дастлабки ҳодисалар тўплами: {1·2·3·4·5·12·13}, {1·2·3·4·6·12·13}, {7·8·9·10·11·12·13}.
Асосан аварияни олдини олишнинг энг самарали чораларини аниқлашда фойдаланилади.
Хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфлилик даражасини таҳлил қилиш бўйича услубий кўрсатмаларга
4-ИЛОВА
Хавфли объектнинг аҳоли ва атроф-муҳитга зарар етказиш хавфини миқдорий тавсифлаш сифатида ўтказиладиган хавфни таҳлил қилиш ва баҳолашга асосланган меҳнат хавфсизлигини бошқариш усуллари.
Ҳар қандай ишлаб чиқаришнинг асосий мақсади — фойда олишдир. Ишлаб чиқариш фаолияти давомида ушбу кўрсаткични пасайтирувчи омиллар аниқланади. Авария ва бахтсиз ҳодисаларга олиб келувчи турли хавф-хатарлар шулар жумласига киради (4-расм).
4-расм. Хавф-хатарларнинг корхонага зарар етказиши.
Авария ускунанинг тўхтаб қолиши ёки ишлаб чиқишига сабаб бўлиши, бахтсиз ҳодиса эса ходимнинг меҳнат қобилиятини йўқотиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин. Натижада авария ҳам, бахтсиз ҳодиса ҳам корхонага зарар келтиради ва фойданинг камайишига олиб келади.
Хавф-хатарларни идентификациялаш, хавфни баҳолаш ва таҳлил қилиш, уни камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш орқали хавф даражасига таъсир кўрсатиб авариялар ва бахтсиз ҳодисалар етказадиган зарарни қоплаш учун кетадиган харажатларни камайтириш мумкин.
Шунингдек ходимларни, техник хизмат кўрсатишни, технология ва меҳнат интизомини бошқариш жараёни орқали, ускунанинг ишончлилигини таъминлаш йўли билан хавфга таъсир кўрсатиш мумкин (5-расм).
5-расм. Бошқарув жараёнларининг хавфга таъсири.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариялар таҳлили шуни кўрсатдики, юқори авариявийликнинг сабабларидан бири — бу корхонани бошқариш тизими, шу жумладан унинг таркибий қисми бўлган меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими фаолиятининг етарли даражада самарали эмаслигидир.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот травматизм ва аварияларнинг олдини олишни таъминлайдиган меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизимини ишлаб чиқиши ва жорий этиши керак. Бундай тизим доирасида ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва жавобгарликлари аниқ белгилаб берилиши, самарали ишлаб чиқариш назорати ташкил этилиши, хавф омилларини бартараф этиш ёки камайтириш бўйича ташкилот раҳбарияти даражасида оптимал ва ўз вақтида қарорлар қабул қилиш учун маълумотлар олиш ва уларни таҳлил қилиш таъминланиши керак.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизимини барпо этишнинг муҳим шартларидан бири — бу ушбу тизимнинг ҳозирги замон республика талаблари ва халқаро сифат, хавфсизлик ва саломатликни бошқариш тизимлари стандартларига мувофиқ бўлишидир.
Ушбу тизимнинг ишлаб чиқилиши корхонага қуйидаги имкониятларни беради: Барча тузилмавий бўлинмалардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда саноат хавфсизлиги ва меҳнат хавфсизлиги кўрсаткичларини пасайтирувчи омиллар мавжудлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш.
Авариялар ва ҳалокатларни олдини олиш.
У ёки бу бошқарув қарорини чиқаришда раҳбарнинг мустақиллигига дахл қилмаган ҳолда, корхонани вақт тиғиз бўлган шароитларда, экстремал ёки стресс вазиятларда қабул қилинган ноўрин қарорлардан ҳимоя қилиш.
Ходимлар травматизми даражасини бирмунча камайтириш, авария туфайли бузилган ускуналарни тиклаш учун сарфланадиган харажатларни қисқартириш, ва бадал тўловларини камайтириш яъни корхона фойдасини ошириш.