Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
ЭНЕРГЕТИКА ОБЪЕКТЛАРИДА ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ ЎТКАЗИШДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ЧОРАЛАРИ ҲАҚИДАГИ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган, 2010 йил 18 июнь 6-24/13-7676/6-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 40-сон, 432-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 96-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 9-сон, 105-модда) билан тасдиқланган Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси Низомига асосан буюраман:
1. Энергетика объектларида оловли ишларни ўтказишда ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳақидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Инспекция бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 3 август,
147-сон
«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғининг 2010 йил 3 августдаги 147- сонли буйруғига
ИЛОВА
Энергетика объектларида оловли ишларни ўтказишда ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳақида
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 40-сон, 432-модда) асосан ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 29 апрелдаги 210-сонли «Собиқ ССР Иттифоқи қонун ости ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи норматив ҳужжатларга мувофиқ энергетика объектларида оловли ишларни ўтказишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:
вақтинчалик иш жойи — шароити бўйича деталларни доимий оловли иш жойларига олиб чиқиш имконияти бўлмаганда, хоналарда ва ускуналарда бевосита иш жойларида ташкил қилинадиган иш жойи;
вақтинчалик оловли ишлар — бундай ишларга таъмирлаш ва авария-тиклаш ишларида, хоналарда, ускуналарда ва бошқа иншоотларда, агар шароити бўйича уларни доимий оловли ишлар бажариладиган иш жойга олиб чиқиш имконияти бўлмаганда, қисқа муддатда ўтказиладиган ишлар киради.
доимий иш жойи — цехларда, устахоналарда ва очиқ майдончаларда махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда ташкил қилинадиган иш жойи ;
ёнғин — одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, шунингдек атроф табиий муҳитга зарар етказадиган, назорат қилиб бўлмайдиган ёниш;
ёнғин хавфсизлиги — одамларнинг, юридик шахслар ва жисмоний шахслар мол-мулкининг, шунингдек атроф табиий муҳитнинг ёнғинлардан ҳимояланганлиги, ҳолати;
ёнғин-техник маҳсулоти — ёнғин хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган махсус техник ва интеллектуал маҳсулотлар, шу жумладан ёнғинни ўчириш техникаси ва асбоб-ускуналари, ёнғинни ўчириш аслаҳа-анжомлари, оловни ўчириш ва оловдан ҳимоя қилиш моддалари ҳамда материаллари, махсус алоқа ва бошқариш воситалари, электрон ҳужжатлар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базалари, шунингдек ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришнинг бошқа воситалари;
оловли ишлар — барча турдаги электр пайвандлаш, газ билан пайвандлаш, бензо-керосинли ва кавшарлаш, битум ва сақични эритиш, шунингдек очиқ оловни қўллайдиган бошқа ишлар ёки материаллар ва конструкцияларнинг деталларини аланга олиш ҳароратигача қиздириш ишлари.
2. Мазкур Йўриқноманинг талаблари «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси таркибига кирувчи. ҳамда мустақил хўжалик юритувчи ишлаб турган иссиқлик, гидроэлектростанциялар ва электр ва иссиқлик тармоқлари корхоналарининг омборхоналар, ишлаб чиқариш, ва бошқа хоналарида электр пайвандлаш, газ билан пайвандлаш, кавшарлаш ва бошқа очиқ оловли ишларни ўтказишда бажарилиши шарт.
3. Йўриқнома «Энергетика корхоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари» (рўйхат рақами 1341, 2004 йил 22 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 16-сон, 194-модда) (бундан кейин — ЁҲҚ) асосида Ўзбекистон Республикаси энергетика хўжаликларида ишлаб чиқариш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
4. Ишлаш вақтида ишдан чиққан асбоблар: электр ушлагич, кесгич, горелка, вентиль ва шунга ўхшашлар оловли ишлар ўтказилаётган жойларда эмас, балки махсус устахоналарда таъмирланиши лозим.
2-§. ДОИМИЙ ИШ ЖОЙЛАРИДА ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ БАЖАРИШ
5. Оловли ишларни бажариш учун доимий иш жойларини жиҳозлашда қуйидагилар кўзда тутилади:
алоҳида хонани ажратиш ёки цехнинг ёки бошқа хоналарнинг ишлаб чиқариш майдонларини баландлиги 1,8 m дан кам бўлмаган ёнмайдиган тўсиқлар билан тўсиб қўйиш;
пайвандлаш аппаратурасини: электр пайвандлаш трансформаторини; электр таъминоти кириш шчитини; суткалик сарфланадиган газ баллонларини ўрнатиш учун рампалар ёки бошқа қурилмаларни; асбоблар учун металл шкаф ёки стеллажларни; ёнғин-техник маҳсулотларини ва бошқаларни ўрнатиш;
алоҳида хоналарда (зарур бўлганда тўсиб олинган участкада ҳам) ҳавони алмаштириш вентиляциясини, жумладан маҳаллий сўриб олувчи вентиляцияни ўрнатиш;
махсус заминлаш контурини ўрнатиш.
6. Доимий равишда оловли ишларни ўтказиш учун ажратилган хонада ёки участкада қуйидагилар бўлиши шарт:
рухсат этилган оловли ишлар турларининг рўйхати (бош муҳандис томонидан тасдиқланади);
ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳақида йўриқнома (цех бошлиғи томонидан тасдиқланади);
оловли ишларни бажариш технологияси бўйича зарур схемалар ва плакатлар;
ёнғин-техник маҳсулотлар, шу жумладан камида иккита карбонат кислотли ўтўчиргич, шулардан бири кукунли, асбестли мато ёки намат ва сувли сиғим (челак);
оловли ишларни бажаришга ижозат этилган ходимлар рўйхати.
Доимий иш жойларини объектдаги мавжуд ёнғинга қарши сув қувури кранининг яқинида жиҳозлаш тавсия этилади.
7. Оловли ишлар бажариладиган иш жойларида газли баллонларни доимий сақланишини ташкил этишга рухсат берилмайди.
8. Хоналарда ўрнатиладиган газли баллонлар қуёш нурлари ва бошқа иссиқлик манбалари таъсиридан ҳимояланган бўлиши шарт.
Хоналарда ишларни бажаришда ўрнатиладиган баллонлар йўллардан четда, иситиш асбобларидан камида 1 m ва очиқ олов манбаларидан (горелка, пайвандлаш лампаси ва шунга ўхшашлардан) камида 5 m масофада жойлаштирилиши керак.
9. Захира ва бўш баллонлар биноларга тақаб солинган ёнмайдиган шамоллатиладиган биноларнинг ёнига қурилган иморатларда ёки қуёш нурларидан ҳимояланган махсус шийпонларда сақланиши шарт.
10. Доимий равишда оловли ишлар ўтказиладиган жойларда пайвандлаш ишларини олиб бориш учун синмайдиган сиғимларда ва металл шкафларда ёнувчан суюқликнинг зарур бўлган суткалик захирасини сақлашга рухсат этилади.
Кислород баллонлари ва ёнувчан газ баллонлари турган хоналарда карбид, кальций, бўёқлар, мойлар ва ёғларни улар билан бирга сақлаш ман этилади.
11. Оловли ишлар доимий ўтказиладиган ўнта постдан ортиқ (пайвандлаш устахоналари) жойларни ташкил этишда пайвандлаш учун марказий электр таъминоти ва газ таъминоти ўрнатилиши шарт.
Четга сачрамаслиги ва учқунлар учишининг олдини олиш учун ҳар бир пост ёнмайдиган материаллардан тайёрланган доимий ёки кўчма тўсиқлар билан ажратилиши шарт.
12. Пайвандлаш устахонасига газ бериш учун кислородли ва ацетиленли баллонлар алоҳида, бир-биридан изоляция қилинган, ташқарига алоҳида чиқишга эга бўлган хоналарда ўрнатилиши шарт. Бу хоналардаги пайвандлаш устахонасига қараган деворга ёнғинга қарши ишлов берилган бўлиши шарт.
13. Пайвандлаш устахонасида автоматик пайвандлаш қурилмалари ўрнатилганда, барча томонлардаги ўтиш йўллари 2 m дан кам бўлмаслиги шарт.
14. Иш тамом бўлгандан кейин ёки танаффус вақтида доимий иш жойларидаги аппаратура ўчирилиши, шланглар эса узилиши ва ёнувчан суюқликлар ва газлардан бўшатилиши шарт.
3-§. ВАҚТИНЧАЛИК ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ БАЖАРИШ
15. Газли баллонларни оловли ишларни бажариш учун кабель иншоотларида, шунингдек портлаш хавфи бўлган хоналарда (электролиз хонаси, газ тақсимлаш пунктлари, аккумулятор хоналари ва шунга ўхшашлар) ўрнатиш ман қилинади
16. Ацетилен генераторлар қўлланилганда, уларни эксплуатация қилиш «Оловли ишларни олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидалари»нинг талабларига мувофиқ амалга оширилади.
17. Ишдаги танаффус 10 min дан ортиқ бўлганда, шунингдек иш сменаси охирида аппаратура ўчирилиши шарт, пайвандлаш агрегати электр тармоғидан узиб қўйилиши, шланглар узилиши ва ёнувчан суюқлик ва газлардан бўшатилиши, кавшарлаш лампасидаги босим бутунлай камайтирилиши шарт. Наряд бўйича оловли ишлар тугагандан кейин барча аппаратура ва ускуналар йиғиштириб қўйилиши шарт.
18. Оловли ишлар тугагандан сўнг иш жойи, айниқса агар тешиклар ёки ўйиқлар бўлса ёки ишлар баландликда, шунингдек катта миқдорда ёнувчан материаллар бор бўлган хоналарда бажарилган бўлса (омборлар, ёнилғини узатиш бериш, кабель иншоотлари ва шунга ўхшашлар), диққат билан кўриб чиқилиши шарт.
Зарур ҳолларда иш участкаларига сув қуйилиши мумкин.
4-§. ОЛОВЛИ ИШЛАРНИ БАЖАРИШ БЎЙИЧА ТЕХНИК ТАДБИРЛАР
19. Барча оловли ишлар фақат иш жойлари ва аппаратура (пайвандлаш агрегатлари, шланглар, кавшарлаш лампалари ва шунга ўхшашлар) диққат билан тайёрлангандан кейин, шунингдек қурилмалар, сиғимлар ва қувурлар енгил алангаланадиган ва ёнувчан суюқликлардан, турли моддаларнинг буғи ва чангларидан, шунингдек 5 метрдан кам бўлмаган радиусда ёнувчан материаллардан тозалангандан кейин ўтказилиши шарт.
20. Енгил алангаланувчи ва ёнувчан материаллар, суюқликлар ва газлар солинган сиғимларнинг (цистерналар, баклар, ресиверлар ва шунга ўхшашлар) устида ёки уларнинг ичида ва қувурларда оловли ишларни бажаришдан олдин, улар барча коммуникациялардан узиб (ўчириб) қўйилиши ва қуйидаги тадбирлар бажарилиши шарт:
энг яқин жойлашган сурилма қопқоқлар ёки шиберларни ёпиш, қулфлаб беркитиш ва плакатларни осиш;
тиқинларни ўрнатиш (зарур бўлганда);
барча люклар ва туйнукларни очиш. Зарур бўлган ҳолларда вақтинчалик маҳаллий вентиляцияни (айниқса сиғимларда) ўрнатиш кўзда тутилиши шарт.
21. Оловли ишларни олиб борганда қуйидагилар ман қилинади:
носоз аппаратура билан иш бошлаш;
5 метрдан яқинда, шунингдек янги бўялган конструкцияларда ва бошқа буюмларда бўёқ бутунлай қуругунга қадар ишларни олиб бориш;
пайвандлаш симларининг уланишлари изоляция қилинмаганда ишларни бошлаш;
пайвандланган симларни умумий оқимларда ўтказиш ёки кабель трассаларини, шунингдек ёнувчан газ ва суюқликлар бор бўлган қувурларни кесиб ўтиш. Кабель трассаларини ёки кўрсатилган қувурларни кесиб ўтиш зарур бўлганда, пайвандланган симларнинг изоляцияси кучайтирилиши ва улар изоляция қилинган материалда ўтказилиши шарт;
ёнувчан ҳамда заҳарли моддалар билан, шунингдек босим остидаги ёнмайдиган, суюқлик ва газлар, буғлар ва ҳаво билан тўлдирилган аппаратларни ва қувурларни (газ қувурларидан ташқари), шу жумладан кучланиш остидаги электр ускуналарни пайвандлаш, кесиш, кавшарлаш ёки қиздириш;
мой, ёғлар ва бошқа ёнувчан суюқлик юқи бўлган кийим ва қўлқоплардан фойдаланиш;
махсус кийим ва пойафзалсиз, шунингдек ҳимоя кўзойнакларисиз (ёки ҳимоя ниқобисиз) электр ва газ билан пайвандлаш ишларини бажаришга киришиш.
22. Ёнувчан суюқликни тўкиш эстакадаларидан 5 m дан яқин масофада бажариладиган оловли ишлар, ёнғин-техник маҳсулотларини тайёрланиши, зарур бўлган ёнғинга қарши ва техник тадбирларни бажарилиши, ҳамда тегишли ижозат расмийлаштирилишидан кейин олиб борилиши шарт. Ишлаш зонасида тўкиш эстакадаси суюқлик, ёнувчан материал қолдиқлардан тозаланган ва учқун учишига қарши чоралар кўрилган бўлиши шарт.
23. Енгил алангаланувчи ва ёнувчан суюқлик (масалан, мазутли резервуарларда) сақланадиган сиғимлардан 10 m яқинида ёки бевосита сиғимларни ўзида пайвандлаш ва бошқа оловли ишларни бажаришга, ишлаш учун ижозат расмийлаштирилиши; ёнғинга қарши тадбирлар бажарилиши; ишлаш зонасида йўл қўйилишига рухсат этилган концентрацияни аниқлаш учун ҳаво муҳити таҳлил қилиниши; технологик қурилмаларнинг люклари ва бошқа тешиклари учқун тушиши ва суюқлик буғларидан (кўрсатилган масофа чегарасида) ҳимояланишидан кейин рухсат берилади.
Жойнинг ишларга тайёрлиги ҳақида тузулмавий бўлинманинг тезкор журналига ёзув киритилади.
24. Электр станцияларнинг ёнилғи узатиш трактларида ишлашга ижозат бериш ва оловли ишлар, ускуналар тўхтатилиши, ёнғин-техник маҳсулотларини тайёрланиши, қурилиш конструкциялари, ускуналар, пол ёнилғи кукуни ва чангидан тозаланишидан кейин амалга оширилади. Барча тешик ва туйнуклар беркитилган бўлиши, шунингдек қия галерея, конвейер тасмаси бўйлаб ва пастдаги белгиларда учқуннинг ҳар томонга учишига қарши чоралар кўрилган бўлиши шарт.
Пайвандлашдан олдин ва кейин радиус бўйлаб 10 m дан кам бўлмаган иш зонаси (қурилиш конструкциялари, пол ва намдан ҳимояланган ускуналар ҳам) катта миқдордаги сув билан ювилиши шарт.
25. Электр пайвандлаш симларининг (кабеллари) кесимлари ва изоляцияси ток ва кучланишнинг максимал катталигига мос равишда қўлланиши керак.
Камайтирилган кесим ва пасайтирилган изоляция синфини қўллашга рухсат берилмайди.
Бикир бўлган келувчи электр симларидан фойдаланилганда, ушлагичга уланиш узунлиги 3 m дан кам бўлмаган эгилувчан шлангли сим орқали амалга оширилади.
26. Кесими максимал пайвандлаш токига тўғри келиши шарти билан, пўлат тасмалар, пайвандлаш плиталари, пайвандлаш конструкциясининг ўзи қайтувчи сим сифатида хизмат қилиши мумкин.
Бу шартни бажариш мумкин бўлмаганда — пайвандлаш бир хил кесимли ва изоляцияли иккита симларни (келувчи ва қайтувчи) қўллаб амалга оширилиши шарт.
Қайтувчи сим сифатида ички темир йўллари, ноллаш тармоғи, технологик қурилмалар ва қувурлардан фойдаланиш ман қилинади.
27. Пайвандлаш агрегатларининг алоҳида қисмларини (трансформаторлар, подшипниклар, четкалар, иккиламчи занжир контактлари ва шунга ўхшашлар) қизиш ҳарорати 75 °С дан ошмаслиги шарт. Юқори ҳарорат аниқланганда, агрегат дарҳол тўхтатилиши (ўчирилиши) шарт ва қизиш сабаблари аниқланади.
Пайвандлаш агрегатлари (трансформаторлар) нотўғри эксплуатация қилинганда, уларнинг ўзлари ёнғинга сабаб бўлишлари мумкин.
28. Электр станцияларнинг ёнилғи узатиш трактларида пайвандлаш агрегатларини (трансформаторларни) очиқ ҳолда ўрнатиш ман қилинади. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда пайвандлаш агрегатларини (трансформаторларни) ёнмайдиган, зич беркитиладиган шкафларда ўрнатишга рухсат берилади.
Мўлжалланган ишлар тамом бўлиши билан пайвандлаш аппаратлари доимий сақлаш жойларига олиб чиқилади.
29. Пайвандлаш агрегатларини (трансформаторлар) заминлаш кесими 6 mm2 дан кам бўлмаган сим ёрдамида бажарилиши шарт.
30. Ёнувчан суюқликни қўллаб кавшарлаш ва бошқа оловли ишлар олиб борилганда, ёнилғининг фақат суткалик захирасини ёпиқ ва синмайдиган идишларда, иш жойидан 10 m дан кам бўлмаган масофада сақлашга рухсат берилади.
Кавшарлаш лампаларига, ёнувчан материаллар ва қурилиш конструкцияларидан 3 m дан кам бўлмаган масофада, ёнувчан суюқликни қуйишда хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда, шунингдек ишчи бочкаларнинг номинал босимида ёнилғи қуйиш ва олов ёқиш мумкин.
3 литрдан ортиқ бўлган сиғимлар (кичкина баклар) манометрга эга бўлиши шарт.
31. Ҳар бир кавшарлаш лампаси ва суюқ ёнилғи билан оловли ишлар олиб бориладиган бошқа аппаратлар тартиб рақамига ва паспортга эга бўлиши, ҳар йили техник шартларга мувофиқ босим остида синовлардан ўтказилиши шарт.
32. Суюқ ёнилғида ишлайдиган аппаратлар портлаб кетишиининг олдини олиш учун қуйидагилар ман қилинади:
кичкина бакларда ва келтирувчи шлангларда босимни кўпайтириш ва рухсат этилган қийматдан юқори босимда ишлаш;
кичкина ишчи бакларнинг ҳажмни 3/4 қисмидан кўпроғини суюқ ёнилғи билан тўлдириш;
технологик шароит бўйича ишлаш учун мўлжалланмаган ёнувчан суюқликларни қўллаш;
аппаратлар ишлаб турганда ёки совумаган горелкада ёнилғи тўлдириш ёки майда таъмирлаш операцияларини бажариш;
келтирувчи шлангларни қисиш, айлантириш ёки букиш;
очиқ олов ёнида аппаратурага ёнилғи тўлдириш, таъмирлаш ва тозалаш ёки чекишга рухсат бериш.
33. Технологик қувурларни ва қурилмаларни очиқ оловни қўллаб иситиш қатъиян ман қилинади.
Ацетилендан фойдаланиб металлни газ алангаси билан қайта ишлашда «Ацетилен, кислород ишлаб чиқаришда, металлни чанглатиш ва газ алангаси билан қайта ишлаш жараёнида меҳнат муҳофазаси бўйича тармоқлараро қоидалар» талабларига риоя қилиш зарур.
34. Газ баллонлари, шунингдек ёнувчан суюқлик солинган аппаратлар иситиш асбобларидан, ҳамда иссиқликни тарқатиш манбаи ва очиқ оловли ўчоқлардан 5 m дан яқин бўлмаган масофада ўрнатилиши шарт.
35. Газ баллонларини узоқ масофага ташиш ва сақлаш учун фақат уларнинг бўйнига сақлаш қопқоқлари бураб киргазилиши шарти билан рухсат берилади.
Баллонлар пайвандлаш жойларига махсус аравачалар, замбиллар, чаналар ва бошқа қурилмаларда олиб келинади.
Баллонларни елкада ва қўлларда ташиш ман қилинади.
36. Баллонларга, уларни шикастланишга олиб келадиган зарбалар бериш ва механик таъсир кўрсатиш ман қилинади.
37. Битумни иситиш учун қурилма (қозонлар) махсус жиҳозланган майдончаларда, ёнувчан материаллар, бинолар ва иншоотлардан камида 50 m масофада четда ўрнатилиши керак.
38. Биноларнинг ёнувчан томида битумли қозонларни ўрнатиш қатъиян ман қилинади.
39. Битумли қозонлар ишлаганда унинг атрофида камида 2 m масофада ёнувчан чиқиндилар ва қуруқ битум бўлмаслиги шарт.
40. Битумни иситиш учун газсимон ёнилғидан фойдаланилганда, ёнилғили баллонларни шамоллатиладиган металл шкафларда иккитадан кўп бўлмаган миқдорда, қозондан камида 20 m масофада жойлаштириш керак.
41. Битумни иситиш ишлари олиб борилганда қозон олдида қумли қути (0,5 m3 дан кўп эмас), белкурак, иккита карбонит кислотали ўтўчиргич ва сувли челак бўлиши керак.
42. Ишлаётган битумли қозонларни назоратсиз қолдириш, шунингдек иссиқ битум массасига сувнинг тушуши ман қилинади.
Иш сменаси тугагач, қозоннинг ўчоқлари ўчирилиши ва унга сув сепилиши шарт.
5- §. ЯКУНИЙ ҚОИДА
43. Мазкур «Энергетика объектларида оловли ишларни ўтказишда ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳақида йўриқнома» Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири МАТЛЮБОВ Б.А.
«Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси бошлиғи ХОЛМАТОВ И.М.
«Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси Бошқаруви раиси ТЕШАБОЕВ Б.М.