Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг
Қарор
ТЕГИШЛИ ДАРАЖАДА СИФАТЛИ БЎЛМАГАН МАҲСУЛОТЛАР (ТОВАРЛАР)НИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Тегишли даражада сифатли бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш билан боғлиқ бўлган ишлар бўйича суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
1. Тегишли даражада сифатли бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда хўжалик судлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.
2. Тегишли даражада сифатли бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш деб, сифатсиз, ностандарт ва бут бўлмаган маҳсулот (товар)ларни етказиб бериш англанилиши судларга тушунтирилсин.
Тўлиқ ёки жиддий қайта ишловсиз, вазифасига мувофиқ фойдаланилиши мумкин бўлмаган маҳсулот (товар) сифатсиз деб тан олиниши лозим.
Белгиланган тартибда тасдиқланган стандартлар ва метрология қоидалари, техник шартлар ва намуналар (эталонлар)га хилоф равишда чиқарилган маҳсулот (товар), бундай маҳсулот (товар) белгиланган мақсадларда фойдаланилиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар, ностандарт ҳисобланади.
Стандартлар, техник шартлар, намуналар (эталонлар) билан назарда тутилган айрим деталларсиз, эҳтиёт қисмларсиз ва бошқа элементларсиз чиқарилган маҳсулот (товар) бутланмаган маҳсулот (товар) ҳисобланади.
3. ФКнинг 446-моддасига асосан сотиб олувчи (олувчи) шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Сотиб олувчи (олувчи) ўзи қабул қилган товарни қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддатда кўздан кечириши лозим.
Сотиб олувчи (олувчи) худди шу муддатда қабул қилинган товарларнинг миқдори ва сифатини қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган тартибда текшириши ва товарнинг аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши лозим.
Етказиб берилган товарлар транспорт ташкилотидан олинган тақдирда сотиб олувчи (олувчи) товарларнинг транспорт ва юк ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириши, шунингдек, бу товарларни транспорт ташкилотидан белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда қабул қилиши лозим.
4. Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, ФКнинг 434-моддасига биноан сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра:
худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини;
харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
5. Судларнинг эътибори Қонуннинг 26 ва 27-моддаларида назарда тутилган сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарларни, шунингдек бут бўлмаган товарларни етказиб берганлик учун жавобгарлик чоралари мазкур Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, қўлланилишига қаратилсин.
6. Судлар шуни ҳисобга олишлари лозимки, Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, агар етказиб берилган товарлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар, техник шартлар, намуналарга (эталонларга), қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи товарларни қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан акцептсиз тартибда ундириб олинади.
Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилган ҳолларда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. Бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи Қонуннинг 27-моддасига кўра:
товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли. Етказиб берувчи сотиб олувчининг талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт;
бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли;
етишмаётган қисмлар қийматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли.
Товарларни етказиб берувчи белгиланган муддатда товарларни бутлаб бермаса, сотиб олувчи бут бўлмаган товарларни қайтариб беришга ҳамда бут бўлмаган товарларни бут товарларга алмаштиришни талаб қилишга ҳақлидир.
8. Даъвогар сифатсиз ёки бут бўлмаган маҳсулот (товар)ларнинг етказиб берилишидан келиб чиқувчи талабларни ва бошқа асослардан (масалан, камомаддан, нархлардаги тафовутдан) келиб чиқувчи талабларни, бу талаблар ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи)нинг битта ҳисоб-китоб ҳужжати бўйича маҳсулот етказиб бериши билан боғлиқ бўлган ҳолларда, битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли.
9. Тегишли даражада сифатли бўлмаган маҳсулот (товар)ларнинг етказиб берилиши билан боғлиқ бўлган даъво талабларини асослаш учун даъво аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ХПКнинг 114-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар;
маҳсулот (товар)лар етказиб бериш назарда тутилган шартнома, битим, контракт ёки қайд этиб ўтилган ҳужжатлардан тасдиқланган нусха;
ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи)дан олинган, етказиб берилган маҳсулот (товар)лар сифатини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, сертификат, сифат тўғрисида гувоҳнома ва ҳ.к.);
етказиб берилган маҳсулот (товар)ларнинг сифати ва бутлиги (комплектлиги) стандартлар, техник шартлар, намуналар (эталонлар)га, шунингдек шартномада назарда тутилган талабларга номувофиқлигини белгиловчи далолатнома; тижорат далолатномаси, агар транспортда амал қилувчи қоидаларга мувофиқ ана шундай далолатнома тузилган бўлса; қайта текшириш далолатномаси, агар ишлаб чиқарувчи томонидан унга қайтарилган маҳсулот (товар)лар белгиланган тартибда қайта текширишдан ўтказилган бўлса ва бу қайта текшириш далолатномаси даъвогарда бўлса;
зарур ҳолларда — етказиб берилган маҳсулот (товар) мувофиқ келиши керак бўлган стандартлар ёки техник шартлар ёхуд улардан тасдиқланган кўчирмалар, намуналар олиш далолатномаси ва лаборатория таҳлиллари;
тўлов талабнома-топшириғи, аккредитив, етказиб берувчи (ишлаб чиқарувчи)нинг паттаси ёки унинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси;
даъво суммасининг асосли ҳисоб-китоби;
маҳсулот (товар)ларнинг улар ўтказилган сорт (сифат)даги нарх бўйича сотилганлиги ёки уларнинг қайта баҳоланганлиги тўғрисида корхона раҳбари ва бош ҳисобчиси томонидан имзоланган маълумотномани;
маҳсулот (товар)ларни темир йўл, сув ёки ҳаво транспорти билан етказиб беришда — транспорт юк хати (коносамент), маҳсулот (товар)ларни автомобиль транспортида етказиб беришда — товартранспорт юк хати ёки қайд этиб ўтилган ҳужжатларнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхалари;
Техник ишлаб чиқаришга оид маҳсулотлар ва халқ истеъмол товарларини сифати бўйича қабул қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ берилган олувчи — корхона жамоатчилик вакилининг ёки маҳсулот (товар)ларни қабул қилиб олишда қатнашган бошқа корхона вакилининг гувоҳномаси;
ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) ёки бошқа ташкилотларнинг вакилини маҳсулот (товар)ларнинг сифати ёки бутлигини текширишда ва далолатнома тузишда қатнашиш учун чақириш тўғрисидаги хат, телеграмма ёки телефонограмманинг нусхаси, агар бундай чақириш қайд этилган Йўриқномада, томонлар учун мажбурий бўлган қоидаларда ёки шартномада назарда тутилган бўлса.
Даъво савдо корхонаси томонидан берилган бўлса, қайд этиб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, у:
нарх пасайтирилишининг истеъмолчига маълум қилинганлиги тўғрисидаги далилларни;
тез бузиладиган сифатсиз маҳсулот (товар)ларнинг қайта баҳоланганлиги ёки йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далилларни;
маҳсулот (товар)ларнинг улар ўтказилган сорт (сифат)даги нарх бўйича сотилганлиги ёки уларнинг қайта баҳоланганлиги тўғрисида корхона раҳбари ва бош хисобчиси томонидан имзоланган маълумогаомани;
агар маҳсулот (товар)лар ҳали сотилмаган бўлса, кўрсатилган мансабдор шахслар томонидан имзоланган маҳсулот (товар)ларнинг тегишли сорт (сифат)га қайта маркировка қилинганлиги тўғрисидаги маълумотномани;
тез бузиладиган сифатсиз маҳсулотни йўқ қилинганлиги тўғрисида белгиланган тартибда тузилган далолатномани ёки шу далолатноманинг тасдиқланган нусхасини тақдим этиши шарт.
10. Маҳсулот (товар)ларнинг тегишли даражада сифатли бўлмаганлиги сабабли қийматини тўлашни тўла ёки қисман рад этганлиги юзасидан савдо корхонасига нисбатан даъво берилганда, суд бундай рад этишнинг асослилигани текшириши лозим.
Савдо корхонасининг ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи, сотувчи)га нисбатан маҳсулот (товар)ларнинг кафолат муддати тамом бўлишидан олдинроқ ишдан чиққан ва харидор томонидан савдо тармоғига қайтарилган маҳсулот (товар)ларнинг қийматини ундириш билан боғлиқ даъволари тақдим этилганда, судлар кафолатли тузатишни амалга оширадиган маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг маълумотномалари мавжудлигини текширишлари лозим.
Сотиб олувчи (олувчи)нинг маҳсулот (товар)ларнинг камчиликларини беминнат бартараф қилиш ёки уларни бартараф этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш ҳақидаги талаблари қаноатлантирилган тақдирда, савдо корхонасининг товар ишлаб чиқарувчига нисбатан қайтарма талаб қилиш (регресс) ҳуқуқи юзага келади.
11. Олувчи корхона транспорт органидан юкларни қабул қилиб олишда транспортда амал қилувчи юк ташиш қоидаларига мувофиқ ташиш пайтида юкнинг сақланиши таъминланганлигини текшириши шарт.
Мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда хўжалик суди транспорт ташкилотларидан юкни қабул қилиб олишнинг белгиланган қоидаларига риоя қилинганлигани текширади, тижорат далолатномаларига, ташиш пайтида маҳсулот (товар)лар сифатининг сақланиши таъминланганлиги ёки таъминланмаганлигидан далолат берувчи бошқа ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо беради.
12. Ишдаги мавжуд ҳужжатлар, шу жумладан экспертиза, илмий тадқиқот институтлари, вазирлик ва идораларнинг хулосалари суд томонидан танқидий баҳоланиши керак. Суд, хусусан, маҳсулот (товар)ларни сифат ва бутлиги бўйича қабул қилиб олишда, шу жумладан маҳсулот (товар)ларнинг сифати ва бутлигини текширишда иштирок этган шахслар томонидан маҳсулотдан намуна олишда синов услубларида, шунингдек иш бўйича томонлар ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар моҳияти юзасидан хулоса берган шахслар томонидан стандартлар, техник шартлар, бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя қилинганлигини текширади.
13. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, маҳсулот (товар)ларнинг сифатини танлаб текшириш натижалари, агар бундай текшириш сотиб олувчи (олувчи) томонидан стандартлар, техник шартлар ва томонлар учун мажбурий бўлган бошқа қоидалар ёки шартнома асосида ва белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда амалга оширилган бўлса, бутун туркумга тааллуқли бўлади.
Қолган ҳолларда танлаб текширишнинг натижалари етказиб берилган бутун туркумга татбиқ этилмайди ва фақат маҳсулот (товар)ларнинг текширилган қисмига нисбатан қўлланилиши мумкин.
14. Агар стандартлар, техник шартлар ва шартнома билан маҳсулот (товар)ларнинг сифати ва бутлиги бўйича, шунингдек маҳсулот (товар)лар ўралган идишларни қабул қилиш тартиби келишилган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) ушбу ҳужжатларда назарда тутилган барча талабларни аниқ бажариши шарт.
15. Даъво муддати сотиб олувчи (олувчи) томонидан унга етказиб берилган маҳсулот (товар)ларнинг камчиликлари ёки бут эмаслиги белгиланган тартибда аниқланган кундан бошлаб ҳисобланади. Етказиб берилган маҳсулотнинг тегишли даражада сифатга эга эмаслигини ёки бут эмаслигини белгиловчи далолатнома ўз вақтида тузилмаган ҳолларда, даъво муддати далолатнома тузилиши керак бўлган кундан бошлаб ҳисобланиши лозим.
Агар маҳсулот (товар)ларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаган етказиб берувчи сотиб олувчи (олувчи)га юклаб жўнатишдан олдин маҳсулот (товар)ларнинг сифати ёки бутлигини ялпи ёки танлаб (қисман) текшириши шарт бўлган бўлса, етказиб берувчи томонидан жўнатилган маҳсулот (товар)ларнинг тегишли даражада сифатга эга эмаслиги ёки бутлиги билан боғлиқ сотиб олувчи (олувчи)нинг ишлаб чиқарувчига нисбатан даъвоси учун даъво муддати тегишли даражада сифатга эга бўлмаган ёки бут бўлмаган маҳсулот (товар)лар ҳақидаги далолатнома жўнатувчи томонидан тузилиши керак бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.
Агар тегишли даражада сифатли бўлмаган ёки бут бўлмаган маҳсулот (товар)ларнинг етказиб берилиши юзасидан сотиб олувчи (олувчи) томонидан етказиб берувчига даъво қилинса, даъво муддати етказиб берилган маҳсулотнинг тегишли даражада сифатли бўлмаганлигини ёки бут бўлмаганлигини аниқлайдиган далолатнома сотиб олувчи (олувчи) томонидан тегишли тартибда тузилган ёки тузилиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.
Қачонки, маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаган етказиб берувчи унинг учун белгиланган тартибга мувофиқ ўз омборида ишлаб чиқарувчидан олинган маҳсулот (товар)ларнинг сифатини ёки бутлигани текширишга мажбур бўлмаса, сотиб олувчи (олувчи) томонидан ишлаб чиқарувчига ҳам, етказиб берувчига ҳам даъво қилиши учун даъво муддати мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тартибда ҳисобланади.
16. Сотиб олувчи-фуқаролар томонидан товарларнинг кафолатли таъмирини амалга оширадиган маиший хизмат кўрсатиш корхоналарининг маълумотномалари асосида товарларнинг қайтарилиши билан боғлиқ бўлган савдо корхоналарининг даъволари бўйича даъво қилиш муддати сотиб олувчи-фуқаронинг савдо корхонасига белгиланган тартибда маълумотномани илова қилиб мурожаат қилган кундан бошлаб ҳисобланади.
17. Регресс тартибида даъво қилиш муддати даъвогар тегишли маблағларни учинчи шахсга ўтказиш юзасидан банкка топшириқнома берган кунидан ёки тан олинган маблағни ўтказиш учун топшириқ берилмаган бўлса, эътирознинг тан олинган кунидан ёки регресс даъвони тақдим этиш учун асос бўлган хўжалик судининг қарорини олган кунидан ёхуд тегишли маблағни акцептсиз (сўзсиз) тартибда ҳисобдан ўчириш тўғрисидаги банкнинг хабарномаси олинган кундан бошлаб ҳисобланади.
18. Агар сотиб олувчининг етказиб берувчига нисбатан яроқсиз деб топилган ва етказиб берувчига қайтарилган маҳсулот (товар)лар қийматини қайтариш тўғрисидаги даъвосини ҳал этишда маҳсулот (товар)ларнинг асоссиз равишда яроқсиз деб топилганлиги аниқланса, суд берилган даъвони қаноатлантиришни рад эта туриб, айнан шу қарор билан сотиб олувчининг зиммасига унга тегишли бўлган ва етказиб берувчининг масъул сақланишида бўлган маҳсулот (товар)ларни муайян муддатда тасарруф этиш мажбуриятини юклайди.
19. Етказиб берувчи сотиб олувчининг фармойишини бажаришдан бош тортган ҳолда. сотиб олувчи даъво муддати давомида маҳсулот (товар)лар учун тўланган суммани қайтариш тўғрисида етказиб берувчига нисбатан даъво қўзғатишга ҳақлидир. Бу муддат маҳсулот (товар)лар сотиб олувчи томонидан етказиб берувчига қайтариб берилган кундан бошлаб ҳисобланади.
20. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1993 йил 3 июндаги «Сифати лозим даражада бўлмаган маҳсулотлар (товарлар) етказиб бериш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги 18-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Тошкент ш.,
2007 йил 28 декабрь,
174-сон