Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судИ ПЛЕНУМининг
Қарори
ТОВАРЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛМАСЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Товарларни танлаб олмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда суд амалиётининг бир хиллигини шакллантириш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
1. Хўжалик судлари товарларни танлаб олмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.
2. Товарларни танлаб олмаслик деганда, маҳсулот етказиб берувчининг омборидан сотиб олувчи (олувчи)нинг товарларни шартномада белгиланган тартиб ва муддатда олиб чиқиш (олиш) мажбуриятини бажармаслиги тушунилади.
3. ФК 448-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида сотиб олувчи (олувчи)нинг етказиб берувчи жойлашган ерда товарларни танлаб олиши назарда тутилган бўлса, сотиб олувчи (олувчи) ўзига топширилаётган товарларни улар топшириладиган жойда кўздан кечириши лозим. Товарларнинг шартномага номувофиқлиги аниқланганда, у бундай товарларни олишдан бош тортишга ҳақли.
4. Сотиб олувчи (олувчи)нинг товарларни маҳсулот етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатда, бундай муддат белгиланмаган бўлса, товарларнинг тайёрлиги тўғрисида маҳсулот етказиб берувчининг билдириш хатини олганидан сўнг оқилона муддатда танлаб олмаслиги маҳсулот етказиб берувчига шартномани бажаришдан бош тортиш ёки сотиб олувчидан товарлар ҳақини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини беради (ФК 448-моддасининг иккинчи қисми).
5. Маҳсулот етказиб берувчи товарларни танлаб олмаганлик учун сотиб олувчи (олувчи)дан неустойка ундириш тўғрисида даъво тақдим этишда шартномада белгиланган муддатда унинг танлаб олиш амалга оширилиши лозим бўлган омбори ёки базасида маҳсулот етказиб беришнинг шартномада назарда тутилган миқдорда ва ассортиментда товарлар мавжуд бўлганлигини ва бу товарлар сифати, нави, қадоқланиши, ўрами ва шу кабилар бўйича шартнома шартларига мувофиқлигини ҳамда даъво қилинган пайтда мавжуд бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилишга мажбурдир.
6. Товарларни танлаб олмаслик билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда хўжалик судлари тарафлар учун мажбурий бўлган қоидалар ёки товарларни танлаб олиш (топшириш) тўғрисидаги тартибдан, шартнома шартларидан келиб чиқишлари ва тарафлар томонидан бу шартларга риоя қилинишини текширишлари лозим. Хусусан, агар товарларни танлаб олиш сотиб олувчи (олувчи) томонидан маҳсулот етказиб берувчининг товарларнинг топширишга тайёрлиги ҳақидаги билдириш хатида кўрсатилган маълум бир муддат ичида амалга оширилиши лозим бўлган ҳолларда, маҳсулот етказиб берувчи томонидан ушбу билдириш хатининг юборилганлиги текширилиши лозим. Агар сотиб олувчининг (олувчининг) товарни олиш учун келишининг аниқ муддатлари шартнома билан белгиланган бўлса ёхуд улар белгиланмаган ҳолларда ва маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарнинг топширишга тайёр эканлиги ҳақидаги билдириш хати ўз вақтида юборилган бўлиб, сотиб олувчи (олувчи) товарни олиш учун маҳсулот етказиб берувчининг омборига (базасига) келмаган бўлса, маҳсулот етказиб берувчи сотиб олувчининг (олувчининг) келмаганлик ҳолатини исботлашга мажбур эмас.
Бундай ҳолда сотиб олувчи (олувчи) товарни олиш учун маҳсулот етказиб берувчининг омборига ўз вақтида келганлигини, шунингдек сотиб олувчи (олувчи) ҳозир бўлган пайтда маҳсулот етказиб берувчининг омборида шартномада келишилган товарнинг мавжуд бўлмаганлигини исботлаш мажбурияти унинг зиммасида бўлади.
Сотиб олувчи (олувчи) томонидан танлаб олинган товарларни маҳсулот етказиб берувчи томонидан берилишининг рад этилиши ёки маҳсулот етказиб берувчининг омборида келишилган ассортиментдаги товарларнинг мавжуд бўлмаганлик ҳолатлари далолатнома билан расмийлаштирилиши лозим.
7. Шартномада сотиб олувчи ҳисобланмаган олувчи томонидан товарларни танлаш назарда тутилган ҳолларда, танлаб олмаслик учун жавобгарлик шартнома бўйича сотиб олувчининг зиммасида бўлади.
8. Агар сотиб олувчи маҳсулот етказиб берувчи томонидан унинг махсус буюртмаси бўйича тайёрланган товарларни ўз вақтида танлаб олишдан бош тортса ва маҳсулот етказиб берувчи бу товарларни бошқа сотиб олувчига сотишнинг имкони йўқлигини исботласа, у товарларни танлаб олиш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажармасликдан келиб чиққан зарарларни сотиб олувчидан ундиришни талаб қилишга ҳақли.
9. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, товарларни танлаб олмаслик, шунингдек етказиб берувчи шартномада белгиланган муддатда (даврда) уларни етказиб берганда товарларни олишни асоссиз рад этганлик учун сотиб олувчи етказиб берувчига танлаб олинмаган (ўз муддатида олинмаган) товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида, тез бузиладиган товарлар бўйича эса 10 фоизи миқдорида жарима тўлаши назарда тутилган.
Товарлар танлаб олинмаган ҳолларда етказиб берувчи жарима ундиришдан ташқари, ушбу товарлар мавжудлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этган ҳолда, танлаб олинмаган товарлар қиймати тўланишини талаб қилишга ҳақлидир.
10. Сотиб олувчи томонидан товарларни бир неча бор танлаб олмаслик ФКнинг 455-моддасига мувофиқ, маҳсулот етказиб бериш шартномасини жиддий бузиш ҳисобланади ва маҳсулот етказиб берувчининг шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
11. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, товарларни танлаб олмаслик учун жавобгарлик чораси қонун ҳужжатлари ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қўлланилади.
12. Олий хўжалик суди Пленумининг 1994 йил 5 январдаги «Маҳсулот ва молларни ўз вақтида танлаб олиб кетмаслик билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги 20-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Тошкент ш.,
2007 йил 28 декабрь,
175-сон