LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
LexUZ шарҳи
(Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 28 декабрдаги 172-сонли қарори асосида киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар билан)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги «Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида»ги Фармонида қатор хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг боқимандалик кайфияти, масъулиятсизлиги, ташаббуссизлиги, шартнома мажбуриятларининг бузилиши корхоналарни иқтисодий ночорлик, банкротликка олиб келаётганлиги қайд этилган. Шунга қарамасдан хўжалик низоларини кўриб чиқиш жараёнида хўжасизлик, пул маблағларини беҳуда сарфлаш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига етарлича баҳо берилмай келинмоқда.
Иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш мақсадида хўжалик судларига низоларни кўриш жараёнида жиноят аломатлари аниқланган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатиш, маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш, айбдор шахслар ҳисобидан келтирилган зарарни қоплаш, раҳбар ва бошқа ходимларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этишгача бўлган интизомий чоралар кўриш ҳақида тақдимномалар киритиш ҳуқуқлари берилган.
Хўжалик судларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги «Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида»ги Фармонини татбиқ этиш билан боғлиқ бўлган масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади :
1. Хўжалик судларининг эътибори уларнинг иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишдаги ролини ошириш зарурлигига қаратилсин. Пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланмаслик, тўлов интизомини бузганлик, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ва корхоналарни банкротлик даражасига олиб келганлик ҳолатлари аниқланган ҳолларда судлар раҳбар ва бошқа шахсларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишлари зарур.
Судлар хўжалик низоларини кўриб чиқиш жараёнида корхоналар томонидан шартнома мажбуриятларининг бузилиши, уларни иқтисодий ночорлик ва банкротликка олиб келган ҳамма ҳолатларни аниқлашлари лозим.
6. Судларга Президентнинг 1998 йил 4 мартдаги Фармонида назарда тутилган судларининг маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги ваколати хўжалик низоларини кўриш жараёнида ҳуқуқбузарлик аниқланган ҳолларида қўлланилиши мумкин.эканлиги тушунтирилсин.
6.1. Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Давомли ҳуқуқбузарликлар бўйича бир йиллик муддат дастлабки ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтдан эмас, балки ушбу ҳуқуқбузарлик аниқланган ва ошкор бўлган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Давомли ҳуқуқбузарлик тугатилмаган тақдирда ёки низо судда кўрилгунга қадар бир йилга етмасдан тугатилган бўлса, у ҳолда ушбу ҳолат аниқланган кун ҳуқуқбузарликнинг ошкор бўлган куни деб ҳисобланади.
(6.1-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 307-сонли қарори таҳририда)
6.4. Хўжалик судининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.