LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги 212-сонли «Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан 2018 йил 1 июндан ўз кучини йўқотади.
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал тармоқларида талаб мавжуд бўлган мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрлар тайёрлаш даражаси ва сифатини оширишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар тасдиқланган Низомларга қатъий амал қилсинлар ҳамда уларда белгиланган талабларга белгиланган муддатларда сўзсиз риоя қилинишини таъминласинлар.
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда умумтаълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис ишларини аниқ мақсадни кўзлаб, самарали ва мунтазам ташкил этсин;
бир ой муддатда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис тизимини танқидий кўриб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Халқ таълими муассасаларида психологик хизмат тўғрисидаги Низом лойиҳасини киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш тўғрисидаги маълумотларнинг холислигини мунтазам текшириб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
1. Мазкур Низом умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини белгилашда қуйидагилар асосий вазифалар ҳисобланади:
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олишга оид қисмини самарали амалга ошириш;
иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда ҳудудларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича касбий тайёрланган ва талаб этиладиган мутахассисларга бўлган эҳтиёжи мувозанатини таъминлаш;
давлат манфаатларидан келиб чиқиб ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги оширилишини таъминлашга йўналтирилган мақсадлар амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларни тайёрлашга давлат харажатларининг мақбул даражасига эришиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш бўйича йиллик кўрсаткичларни шакллантириш улар тўлиқ қамраб олиниши ҳисобга олинган ҳолда ва иқтисодиёт тармоқларининг йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларга бўлган реал эҳтиёж асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан (кейинги ўринларда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази деб юритилади) Меҳнат вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 майдаги 137-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 197-модда)
4. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш йиллик кўрсаткичлари қуйидагиларни амалга ошириш орқали босқичма-босқич шакллантирилади:
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантириш учун умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари сонини аниқлаш;
бўлажак ўқув йилига умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича таълим олишга бўлган талабини таҳлил қилиш;
ҳудудлар ва республика бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассислар билан таъминланганликни таҳлил қилиш ҳамда уларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиш зарурлиги ва иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда бўлажак ўқув йили учун ҳудудлар даражасида йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;
республика бўйича янги ўқув йилига йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини аниқлаш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.
5. Янги ўқув йилига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантиришда қуйидагилар асосий мезонлар ҳисобланади:
республика ҳудудлари бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларга камида келгуси 3 йилга эҳтиёжи;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг зарур йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш имкониятлари.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳар йили 1 декабргача бўлган муддатда келгуси календарь йил учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари сонини аниқлайди ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига тақдим этади.
7. Ҳар йили 1 январгача бўлган муддатда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига ҳудудлар бўйича академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари рўйхатини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари ва мутахассисликлари номенклатураси билан бирга тақдим этади. Мазкур рўйхатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар бир умумтаълим муассасасига етказилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари туман (шаҳар) ҳокимликлари, ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари, иш берувчилар, бошқа манфаатдор ташкилотлар кўмагида 9-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан турли мутахассисликларнинг хусусиятларини, минтақада иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши ва битирувчиларни кейинчалик ишга жойлаштириш истиқболларини тушунтиришга, уларни ҳудудларнинг академик лицейлари ва касб-ҳунар коллежларига жалб этишнинг мувозанатлиги ва тенглилигини ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларнинг бундан кейинги таълим йўналишларини онгли танлашини таъминлашга йўналтирилган фаол касбга йўналтириш ишлари олиб борилишини таъминлайдилар.
9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари касбга йўналтириш ишларини ташкил этишда умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқишни давом эттириш билан боғлиқ хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармалари билан биргаликда ҳар йили ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини сифатли тайёрлаш ва улар меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқадилар (бундан кейин ҳудудий дастурлар деб юритилади). Ҳудудий дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси, республика вилоятлари ва шаҳарлари (туманлари) бўйича 3 йил муддатга ишлаб чиқилади ва уларда қуйидагилар акс эттирилади:
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 995-модда)
меҳнат бозорида ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли малакали кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги талаб ва таклифлар;
тайёрлаш йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича таълим муассасалари битирувчиларига бўлган талаб таркиби;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш параметрлари;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини (зарур ҳолларда) қайта ихтисослаштиришга оид таклифлар.
Ҳудудий дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар (туманлар) ҳокимликлари томонидан 1 апрелдан кечикмай тасдиқланади. Ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар (туманлар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармалари, Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари иштирокида ҳар йили ўқув йили бошидан 10 январга қадар ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни (ўқиш муддати 3 йиллигини инобатга олган ҳолда) тайёрлаш йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича аниқлайдилар. Истиқболдаги эҳтиёж ҳудудий дастурлар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш натижалари асосида аниқланади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 995-модда)
12. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари ҳар йили 15 февралгача бўлган муддатда ўзларига қарашли ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар билан биргаликда:
умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини тўлиқ қамраб олиш зарурлигини, ўқув-моддий база мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда минтақанинг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли кадрларга бўлган истиқболдаги потенциал эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг у ёки бу мутахассисликлар бўйича ўқишга бўлган талабини умумлаштиради, навбатдаги ўқув йилига, зарурият бўлганда, янги талаб қилинган мутахассисликларни жорий этган ҳолда қабулнинг кўрсаткичлари ва мутахассисликлари бўйича таклифларни, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини белгиланган тартибда қайта ихтисослаштиришга доир асосли таклифларни шакллантиради;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассисликларини бирлаштириш ва ихчамлаштириш бўйича таклифларни шакллантиради;
13. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳар йили 15 мартгача бўлган муддатда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари томонидан киритилган:
иқтисодиёт тармоқларининг йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассислар билан таъминланганлиги тўғрисидаги таҳлилий материалларни;
иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари, ишлаб чиқаришлар ва ҳудудлар билан ўзаро боғлиқ ҳолда йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни;
умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш кўрсаткичлари, мутахассисликларни бирлаштириш ва ихчамлаштириш, шунингдек айрим ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифларни;
иқтисодиётни ривожлантиришнинг узоқ муддатли давлат дастурларини ҳамда устувор ва стратегик муҳим тармоқлар ва ишлаб чиқаришларни, ижтимоий соҳа ва бошқа тармоқларни таркибий қайта ўзгартиришни ҳисобга олган ҳолда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга қабул қилиш кўрсаткичларига зарур тузатишларни кўриб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишади.
14. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳар йили 10 апрелгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган қабул қилиш кўрсаткичларига асосан:
келгуси ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга қабул қилиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини, зарур таҳлилий ва ҳисоб-китоб материаллари билан бирга;
кадрлар тайёрлаш учун мутахассисликлар рўйхатига киритилган тузатишларни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга қабул қилишнинг прогноз параметрларини;
айрим ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифларни (зарур ҳолларда) тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
15. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар коллежларига ва академик лицейларга қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар коллежларига ва академик лицейларга қабул қилиш параметрларига асосан ҳар бир академик лицей ва касб-ҳунар коллежи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича мутахассисликлар бўйича қабул квоталарини тасдиқлайди.
16. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантиришда вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлиги мазкур Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.
17. Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Меҳнат вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳудудий дастурлар ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилиши, кадрларга бўлган эҳтиёж кўрсаткичларининг ишончлилиги ва қабул квоталарининг, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини қайта ихтисослаштириш зарурлиги асосланганлиги юзасидан шахсан жавоб берадилар.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 майдаги 137-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 18-сон, 197-модда)
Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш кўрсаткичларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 995-модда)
1. Мазкур Низом умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини (кейинги ўринларда битирувчилар деб юритилади) ўзлари ва ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан танланган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом идоравий тегишлилигидан қатъи назар, барча ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига татбиқ этилади, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса.
3. Умумтаълим мактабларининг директорлари ҳар йили 15 июнгача битирув имтиҳонлари ўтказилишини ва 20 июнгача битирувчиларнинг шаҳодатномалари расмийлаштирилишини таъминлайди.
4. Халқ таълими тизимида ўтказилган психологик-педагогик ташхис натижаларига мувофиқ, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) танлаган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш тўғрисидаги аризалари асосида умумтаълим мактабларида ҳар йили 20 июнгача битирувчиларнинг ҳужжатлари билан биргаликда шахсий ҳужжатлар йиғма жилди шакллантирилади.
Битирувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдини шакллантириш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан биргаликда белгиланади.
5. Ўқувчиларни қабул қилиш даврида ҳар бир академик лицей ва касб-ҳунар коллежида белгиланган тартибда маслаҳат марказлари ташкил этилади.
6. Умумтаълим мактабларининг директорлари ёки директор ўринбосарлари ҳар йили 30 июнгача битирувчиларнинг ҳужжатлар йиғма жилдини битирувчилар ва ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) иштирокида тегишли академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг маслаҳат марказларига топширади.
7. Ҳужжатлар йиғма жилдини битирувчилар ёки уларнинг ота-оналарига (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга) бериб юборишга йўл қўйилмайди.
8. Умумтаълим мактаби битирувчисининг ҳужжатлари қабул қилинганлиги тўғрисида умумтаълим мактаби ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорлари томонидан тўрт нусхада топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади.
Далолатноманинг нусхалари Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида, умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицейлар ёки касб-ҳунар коллежлари директорларида сақланади.
9. Битирувчилар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига тасдиқланган қабул кўрсаткичлари доирасида тушган аризалар асосида тенг шартларда (енгиллик ва имтиёзларсиз) қабул қилинади.
Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳар йили 5 июлга қадар умумтаълим мактаблари директорларидан қабул қилинган битирувчилар ҳужжатларининг йиғма жилдлари асосида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тасдиқланган қабул кўрсаткичларига мувофиқ битирувчиларни қабул қилиш бўйича буйруқларни расмийлаштиради.
10. Маданият, санъат йўналишлари ва бошқа ижодий йўналишлар ҳамда спорт бўйича академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш жараёнининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган холда, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси билан келишган ҳолда қабул жараёнида ижодий имтиҳонлар ўтказилиши мумкин.
11. Ўрта махсус, касб-ҳунар муассасаларига битирувчиларнинг аризалари қабулнинг тасдиқланган кўрсаткичларидан ортиқ тушган тақдирда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳар йили 5 июлгача тааллуқли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига бу ҳақда маълумотлар киритади.
12. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳар йили 10 июлгача битирувчилар ҳужжатлари академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларини умумлаштиради.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳар йили 15 июлгача ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари тақдим этган маълумотларни таҳлил қилади ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига битирувчиларни қамраб олиш имконияти ва смена коэффициентини ҳисобга олиб қўшимча ўрин ажратиш ёки айрим ҳолларда бундай таълим муассасаларининг ҳар бири бўйича битирувчилар ўртасида саралаш тест синовлари ўтказиш бўйича таклифлар киритади.
14. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан киритилган таклифни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
15. Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, саралаш тест синовлари муайян ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан қўшимча ўқувчи ўринлари ажратилган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида битирувчиларни қабул қилиш тушган аризалар асосида тенг шартларда амалга оширилади.
16. Саралаш тест синовлари ўтказиладиган фанлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовларини ўтказиш бўйича йўриқномани ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
18. Тест синовлари ўтказилиши белгиланган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовларини ўтказиш бўйича 11 ёки 13 нафар аъзодан иборат комиссия тузилади (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади).
Комиссиянинг таркибига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) ҳокимликларидан биттадан вакил ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилари киритилади.
Саралаш тест синовларини ўтказиш жараёнида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда ота-оналардан 4-5 нафар вакил кузатувчи сифатида иштирок этади.
Комиссия тест синовларини адолат ва ошкоралик тамойиллари асосида, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш чораларини кўрган ҳолда ўтказади.
19. Умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаларида 1-5 ўринларни эгаллаган битирувчилар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори асосида қабул қилинади.
20. Имкониятлари чекланган битирувчилар Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида таълим олувчи имкониятлари чекланган шахслар учун мутахассисликлар ва касблар рўйхатига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий маслаҳат комиссиялари хулосалари ва тавсиялари, шунингдек Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаларининг, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг йўлланмалари асосида қабул қилинади.
21. Ушбу Низомнинг 9, 10, 15 ва 19-бандларида белгиланган тартиб асосида қамраб олинмаган битирувчиларнинг ҳужжатлари битирувчилар ва уларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) розилиги билан қамраб олиш имконияти мавжуд бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўтказилади.
22. Битирувчиларни қамраб олиш имконияти мавжуд бўлган бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига ўтказишда академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи директори томонидан ҳужжатларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси (4 нусхада) расмийлаштирилади. Далолатноманинг нусхалари Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида, умумтаълим мактаби ҳамда академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи директорларида сақланади.
Мазкур жараён ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ва Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.
23. Битирувчиларини қамраб олиш имконияти мавжуд бўлган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқитиш мутахассисликлари (йўналишлари) тўғрисидаги маълумотлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ўз вақтида етказилади.
24. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари битирувчиларни академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олганлик тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ёзма ахборот беради.
25. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги битирувчиларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ҳисобот беради.
26. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, шунингдек таълим муассасалари раҳбарлари ҳужжатлар ўз вақтида берилиши ва битирувчиларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиниши учун шахсан жавоб беради.
27. Битирувчиларни академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш, қоидага кўра, ҳар йили 1 августгача якунланади.
Ҳужжатларни расмийлаштириш, статистик ҳисоботларни тайёрлаш, таҳлил ўтказиш, ташкилий ва низоли масалаларни ҳал этиш, қоидага кўра, ҳар йили 25 августгача якунланади.
28. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва уларни ўқитиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
29. Мажбурий ўқишни давом эттириш учун битирувчиларга тўсқинлик қилаётган умумтаълим мактаблари раҳбарлари ва ўқитувчилари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, шунингдек ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.