Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ПЛЕНУМИНинг
ҚарорИ
Хўжалик судининг хусусий ажрими тўғрисида
Хўжалик судлари томонидан хусусий ажримларни чиқаришда қонун ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
1. Хўжалик судларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 3-моддасига мувофиқ хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари бўлиб нафақат иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, балки қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан ҳам иборат эканлигига қаратилсин.
Хусусий ажрим ушбу вазифани бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунни бузаётган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
2. ХПК 152-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ хўжалик суди низони кўриш вақтида ташкилотлар, давлат органи ва бошқа орган, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим кўрилаётган хўжалик низосидан четга чиқадиган масала бўйича чиқарилиши мумкин бўлиб, унинг мақсади қонунчиликнинг бузилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва процесс иштирокчиларини ҳуқуқий тарбиялашдир.
3. Таъсир қилиш усулига кўра, хусусий ажримларни икки турга бўлиш мумкин:
1) қонун ҳужжатлари бузилишига барҳам бериш ёхуд айбдорларни жавобгарликка тортишга бевосита қаратилган хусусий ажримлар (бевосита таъсир);
2) суд ваколатли давлат органлари ва бошқа органларни ёки мансабдор шахсларни аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор этиб, уларни бартараф этиш ва келгуси фаолиятида йўл қўймаслик чораларини кўриш, шунингдек айбдорларни қонун билан белгиланган жавобгарликка тортиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги хусусий ажримлар (тақдимномалар) (билвосита таъсир).
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги «Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида»ги ПФ-1938-сонли Фармони (бундан буён матнда Фармон деб юритилади) билан хўжалик судларига:
— хўжалик низоларини кўриш жараёнида жиноят аломатлари аниқланган ҳолатларда хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатиш;
— иқтисодий ҳуқуқбузарликларни содир қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш;
— хўжалик юритувчи субъектга етказилган мулкий зарарни айбдор мансабдор шахслардан ундириш;
— пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланмаслик, тўлов интизомини бузганлик, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ва корхоналарни банкротлик даражасигача олиб келганлик учун хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларини ва бошқа ходимларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишга қадар бўлган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли органларга тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилган.
Шу билан бирга судлар назарда тутишлари керакки, ушбу Фармон бундай чораларни қўллашнинг процессуал қоидаларини белгиламайди, уни қўллаш қоидалари эса тегишли қонунлар (Хўжалик процессуал, Фуқаролик, Меҳнат, Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс)га зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан амалга оширилган. Шундан келиб чиқиб, Фармонда санаб ўтилган ваколатларни амалга оширишда судлар ушбу қонунларни қўллашлари керак.
5. ХПК 14-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ хўжалик суди ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади. Судлар хусусий ажрим ажримларнинг турларидан бири ҳисобланиши ҳамда унга ушбу модда иккинчи қисмининг суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги ҳақидаги талаблари жорий этилишини инобатга олишлари лозим.
Айни вақтда қонун ҳужжатларида ишни кўриш жараёнида аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши юзасидан хабарнома, ахборотнома ёки хат шаклидаги таъсир чоралари назарда тутилмаганлигини эътиборга олиш лозим. Шунга мувофиқ бундай ҳужжатлар мажбурий кучга эга эмас ва уларни мансабдор шахсга ёхуд органга юбориш ҳуқуқий оқибатларни, уларда кўрсатилган талабларни бажармаслик эса — бирор бир жавобгарликни келтириб чиқармайди.
6. Мансабдор шахсни интизомий жавобгарликка тортиш ҳар қандай бошқа ходим каби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси (бундан буён матнда МК деб юритилади) XI бобининг нормаларига мувофиқ ёки халқ хўжалигининг баъзи тармоқларида айрим тоифадаги ходимлар учун амалда бўлган интизом тўғрисидаги устав ва низомларга асосан амалга оширилиши мумкин.
Бунда интизомий жазолар ишга қабул қилиш (лавозимга тайинлаш) ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилиши умумий қоида ҳисобланади (МКнинг 182-моддаси).
Бундан келиб чиққан ҳолда хўжалик суди мансабдор шахс ёхуд бошқа ходимнинг ҳаракатларида ўз мансаб (меҳнат) мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатини аниқлаган тақдирда, уни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги ходимни ишга қабул қилиш (лавозимга тайинлаш) ҳуқуқи берилган шахсга (органга) кўриб чиқиш учун юбориладиган хусусий ажримни чиқаришга ҳақли.
6.1. Шахсни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги хусусий ажримда интизомий жавобгарликка тортиладиган шахс аниқ кўрсатилиши лозим.
6.2. Интизомий ножўя хатти-ҳаракатнинг ҳолатларини текшириш ва айбдор шахсни аниқлаш зарурияти бўлганда, хўжалик суди тегишли органларга мансабдор шахсни ёки бошқа ходимни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги тақдимномаларни киритишга ҳақли.
Бундай ҳолда суд тақдимнома йўлланган органнинг зиммасига қонунбузилишида айбдорни аниқлаш ва унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш мажбуриятини юклайди.
6.3. Содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атворини ҳисобга олган ҳолда интизомий жазонинг муайян турини танлаш ушбу мансабдор шахс (орган)нинг ҳуқуқи ҳисобланганлиги сабабли, хўжалик суди хусусий ажримда (тақдимномада) жазо турини кўрсатишга ҳақли эмас.
7. Зарар келтирган мансабдор ёки бошқа шахснинг ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолларда, зарар етказувчи зарар етказилган пайтда юридик шахс билан меҳнат муносабатларида бўлган ҳолларда, хўжалик суди айбдор шахс ҳисобидан етказилган зарарни қоплаш тўғрисида хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.
Бундай ҳолда зарар уни етказган мансабдор ёки бошқа шахс ҳисобидан МКнинг 201, 202, 205 ва 208-моддаларида назарда тутилган миқдорда қопланади.
7.1. МК 198-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни қоплаши шарт.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда, иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан, иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиши зарурати тушунилиши назарда тутилган.
МК 198-моддасининг учинчи қисми ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарар учун ҳам, иш берувчи бошқа шахсларга етказилган зарарни тўлаши натижасида келиб чиққан зарар учун ҳам моддий жавобгар бўлишини белгилайди.
8. Низони кўриш жараёнида мансабдор шахс ёхуд фуқаронинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган тақдирда, хўжалик судлари унга барҳам бериш ва айбдорни қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга қаратилган чораларни кўради.
Бунда назарда тутиш лозимки, хўжалик суди аниқланган ҳуқуқбузарликдан келиб чиқиб қарор шаклидаги бевосита таъсир қилувчи ҳужжатни ёхуд қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги масалани ваколатли мансабдор шахсларга кўриб чиқиш мажбуриятини юклайдиган хусусий ажрим шаклидаги билвосита таъсир қилувчи ҳужжатни қўллашга ҳақли.
8.1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) 242, 245-1-моддаларига мувофиқ хўжалик судлари низоларни ҳал этиш чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган ҳолларда қайд этилган Кодекс 175-моддасининг учинчи қисмида, 176-1, 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар.
8.2. МЖтК 175-моддасининг учинчи қисмида, 176-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади.
Бундай ҳуқуқбузарликлар низоларни кўришда аниқланган ҳолларда, хўжалик суди ўз ташаббуси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришга қабул қилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасига тегишли ёзув киритилади.
МЖтК 175-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарликка хўжалик юритувчи субъектларнинг, касса операцияларини юритиш ва тўлов интизомига риоя этилишини, шу жумладан солиқ органларининг инкассо топшириқларининг бажарилишини таъминлаш вазифалари юкланган мансабдор шахслари тортилиши мумкин. Бундай мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари, бош ҳисобчиси ёки устав, меҳнат шартномаси ёхуд раҳбарнинг фармойиши билан ушбу вазифаларни бажариш юклатилган бошқа мансабдор шахслар киради.
Ушбу ҳуқуқбузарлик таркибини, шунингдек дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларининг ўтказиб юборилишига йўл қўйиш, корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларининг бузилиши, шунингдек пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатининг бузилиши ташкил этиши мумкин.
МЖтК 176-1-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарликка хўжалик юритувчи субъектларнинг тўлов интизомига риоя этилишини таъминлаш вазифалари юклатилган мансабдор шахслари ҳам, товарлар бериш ва хизматлар кўрсатиш учун масъул бўлган мансабдор шахслар ҳам тортилиши мумкин. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортишнинг мажбурий шарти бўлиб, хўжалик юритувчи субъект томонидан шартнома мажбуриятларининг лозим даражада бажарилмаслик ҳолатининг ўзи эмас, балки бундай бажармаслик (лозим даражада бажармаслик) оқибатида мулкий зарар етказилиши ҳисобланади.
Бунда назарда тутиш керакки, пахта хом ашёсини сотиб олиш бўйича контрактация шартномаларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектга мулкий зарар етказиш ҳолатлари юзасидан МЖтКнинг 176-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар МЖтКнинг 245-2-моддасига мувофиқ адлия органлари томонидан МЖтКнинг 282-моддасида белгиланган тартибда тузилган ва хўжалик судларига юборилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларга асосан хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади.
Ушбу моддага кўра баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилади.
8.3. МЖтК 175-моддасининг учинчи қисми ва 176-1-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда ушбу ҳуқуқбузарликлар билан бошқа шахсларга зарар етказиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда судлар МЖтКнинг 38-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ айбдор томонидан ушбу зарарни қоплаш масаласини кўриб чиқишлари лозим. Бунда назарда тутиш керакки, ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик суди бошқа органлар ва мансабдор шахслар қаторида айбдор томонидан зарарни қоплаш масаласини фақат ушбу зарарнинг миқдори белгиланган энг кам иш ҳақидан ошмаган бўлса, ҳал этишга ҳақли.
Бундай ҳолда айбдордан зарарни ундириш тўғрисидаги қарор маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилади.
Агар аниқнанган зарар қайд этилган миқдордан ошса, у МЖтК 38-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида қопланади, бу ҳақда хўжалик суди жабрланувчига зарур тушунтиришларни бериши мумкин.
8.4. МЖтКнинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлардир.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида, кўрсатилган шахсларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда, шунингдек суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизликнинг ҳар бир ҳолати бевосита таъсир қилувчи ҳужжат шаклидаги суднинг ўз муносабатини билдириш предмети бўлиши керак.
Бунда шахс томонидан МЖтКнинг 180-моддасида назарда тутилган шаклларда судга ҳурматсизлик қилинган ҳолда, ушбу ҳолат суд мажлиси баённомасида қайд этилади ва айбдорни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган суд жараёни босқичида чиқарилади. Хўжалик ишининг кейинги кўрилиши умумий тартибда давом этади.
8.5. МЖтКнинг 181-моддасида назарда тутилган маъмурий жавобгарликка фақат суднинг қонуний кучга кирган хусусий ажрими юборилган мансабдор шахс, қачонки хусусий ажрим у томонидан қабул қилиниб, кўрмасдан қолдирилган (кўрсатилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилмаган) ёхуд унга ўз вақтида жавоб берилмаган бўлсагина, тортилиши мумкин.
Ушбу ҳолатлар хўжалик иши бўйича иш юритиш якунлангандан кейин юзага келиши (судга маълум бўлиши) мумкин. Бундай ҳолларда хусусий ажримни чиқарган судья (судлов ҳайъати) суд девонхонасининг хусусий ажримга қонунда белгиланган муддатда жавоб келиб тушмаганлиги (ўз вақтида тушмаганлиги) ҳақидаги маълумотномасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни иш юритишга қабул қилади ва уни мазмунан кўради.
8.6. ХПК айбдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш тартибини белгиловчи нормаларни ўз ичига олмаганлиги сабабли, у хўжалик суди томонидан МЖтКда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш МЖтКнинг XIX, XXII, XXIII боблари, маъмурий жазо қўлланилиши эса — шу Кодекснинг IV бобида назарда тутилган қоидаларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Бунда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар тўғрисидаги МЖтКнинг 30-моддаси талабларига қатьий риоя этишга алохида эътибор қаратиш лозим.
8.7. Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахсга МЖтКнинг 294-моддасида назарда тутилган барча ҳуқуқлар таъминланиши керак.
8.8. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш баённомаси МЖтКнинг 308-моддасида белгиланган қоидалар бўйича тузилади. МЖтКнинг 180-моддасида назарда тутилган судга ҳурматсизлик қилиш шаклида намоён бўлган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриш ушбу қоидадан мустасно ҳисобланади. Бундай ҳолда ушбу ҳолат суд мажлиси баённомасида қайд этилади ва айбдорни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган суд процесси босқичида чиқарилади.
8.9. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор МЖтКнинг 309-моддасида белгиланган қоидалар бўйича тузилади.
8.10. МЖтК 315-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ хўжалик судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан ХПКда белгиланган тартибда шикоят қилинади.
Бундан келиб чиқиб, хўжалик судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам, бевосита маъмурий жавобгарликка тортилган жисмоний шахс томонидан ҳам шикоят қилиниши мумкин.
МЖтК 315-моддасининг тўртинчи қисми маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилишини белгилайди.
8.11. МЖтК 317-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ хўжалик судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан ХПКда белгиланган тартибда протест келтирилади.
8.12. Мансабдор шахслар ёки фуқароларнинг ҳаракатларида МЖтКга биноан ишни кўриш бошқа органларга (мансабдор шахсларга) юклатилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг белгилари аниқланган тақдирда, хўжалик суди МЖтКнинг 280-моддасига мувофиқ бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати берилган шахсга масалани қонунда белгиланган тартибда кўриш мажбуриятини юклаш тўғрисида хусусий ажрим шаклидаги билвосита таъсир қилувчи ҳужжатни чиқаришга ҳақли.
8.13. Хўжалик судининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорларининг ижроси МЖтКнинг V бўлимига мувофиқ амалга оширилади.
8.14. МЖтКнинг 275-моддасида назарда тутилган прокурор ваколатларини таъминлаш мақсадида хўжалик суди маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорнинг нусхасини у қабул қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддат ичида тегишли прокурорга юборади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. ХПК 152-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар суд хўжалик низосини кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
Судларга тушунтирилсинки, шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларининг мавжудлиги ҳақидаги хабар хусусий ажримда кўрсатилиши лозим.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9.1 — 9.8-бандлар Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
10. ХПК хусусий ажрим чиқарилиши мумкин бўлган аниқ пайтни белгиламайди, шунинг учун у хўжалик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва хўжалик судининг ҳар қандай инстанциясида чиқарилиши мумкин.
Хусусий ажрим суд мажлисида эълон қилинади. Хусусий ажримнинг суд мажлисидан ташқарида чиқарилишига йўл қўйилмайди.
10.1. ХПК хусусий ажримнинг алоҳида хонада чиқарилишини талаб қилмайди, аммо зарур ҳолларда суд хусусий ажрим чиқариш учун асос бўладиган иш ҳужжатлари ва ҳолатларини янада пухта ўрганиш учун бундай ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10.2. Хусусий ажримни (қарорни) чиқаришнинг процессуал асоси сифатида ХПКнинг 152-моддаси, МЖтКнинг тегишли моддалари кўрсатилиши лозим.
(10.2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10.3. Хусусий ажрим шакли ва мазмуни бўйича ХПКнинг 151-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Шу билан бирга, шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ бўлган хусусий ажримларни чиқаришда тегишли кодексларда (МЖтК) назарда тутилган бундай процессуал ҳужжатларнинг шаклига нисбатан қўйилаётган талаблар инобатга олиниши керак.
Хусусий ажримни тузишда баён этиш усули ва асослантириш алоҳида аҳамият касб этади — унинг ишончлилиги ва таъсирчанлиги шунга боғлиқдир.
Шахснинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги ҳолатини қатъий таъкидлашга бевосита таъсир қилувчи суд ҳужжатларида йўл қўйилиши мумкин (масалан, суднинг маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорида). Суд томонидан бошқа мансабдор шахслар (органлар) олдига ходимни интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортиш масаласи қўйилган ҳолларда шахснинг ҳаракатларида фақатгина ножўя хатти-ҳаракат ёки ҳуқуқбузарлик белгилари кўринганлигини таъкидлашга йўл қўйилади.
(10.3-банд Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги 255-сонли қарори таҳририда)
10.4. Хусусий ажрим нафақат у йўлланган мансабдор шахсга (органга), балки ушбу хусусий ажрим манфаатларига таъсир этиши мумкин бўлган ишда иштирок этувчи шахсларга ҳам юборилади.
10.5. Бошқа ҳар қандай ажрим каби хусусий ажрим ҳам қонуний ва асослантирилган бўлиши лозим. Ушбу талабнинг бузилиши хусусий ажримнинг бекор қилиниши учун асос бўлади.
10.6. Судларнинг эътибори хусусий ажримлар ва маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорлар шаклидаги суд ҳужжатларининг ижроси устидан назорат қилиниши қонунчиликни мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти обрўсини оширишнинг таъсирчан воситаси эканлигига қаратилсин. Биронта бундай суд ҳужжати кўрилмасдан ва қонунда белгиланган тартибда бажарилмасдан қолиши мумкин эмас.
11. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1998 йил 9 апрелдаги 72-сонли қарорининг 2 - 5.2, 6.2, 6.3, 6.6 - 10-бандлари;
2) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2000 йил 28 июлдаги 86-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Тошкент ш.,
2007 йил 28 декабрь,
172-сон