Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АҲОЛИГА СОТИЛАДИГАН АВТОМОБИЛЬ БЕНЗИНИНИНГ ЧАКАНА НАРХЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 октябрдаги 490-сонли «Аҳолига сотиладиган юқори сифатли автомобиль бензинининг чакана нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1997 йил 15 июлдан бошлаб аҳолига сотиладиган автомобиль бензинининг чакана нархи 1 литри учун 20 сўм миқдорида белгилансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги белгилаган рўйхатлар бўйича уруш қатнашчилари ва фахрийлари, уруш ва меҳнат ногиронлари ойига умумий суммаси 400 сўм доирасида автомобиль бензинининг 1 литрини 10 сўмдан имтиёзли нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шахсларнинг кўрсатиб ўтилган тоифаларига кўрсатиб ўтилган суммадан ортиқча автобензиннинг 1 литри 20 сўмдан сотилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бозор ва бозордан ташқари фондлар бўйича нархлар даражасини мувофиқлаштирган ҳолда автомобиль бензинининг янги чакана нархлари прейскурантларини тасдиқласин ҳамда барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларга етказсин.
4. «Ўздавнефтмаҳсулот» давлат-акционерлик бирлашмаси, унинг жойлардаги органлари автомобиль бензинини нақд пулга сотувчи автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчаларидаги автомобиль бензини қолдиқларини 1997 йил 15 июлдаги ҳолатига кўра қайта баҳоласинлар. Қайта баҳолашдан олинган сумма тўлалигича корхоналарнинг ялпи даромадида ҳисобга олинади ва унга белгиланган тартибда солиқ солинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 29 ноябрдаги 423-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 14 июль,
354-сон