Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАКРОИҚТИСОДИЁТ ВА СТАТИСТИКА ВАЗИРЛИГИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Иқтисодиётга бозор механизми ва услубларини жорий қилишни давом эттириш, жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш талабларига мувофиқ иқтисодиёт ва статистика органларининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги тугатилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ташкил қилинсин.
2. Мамлакатни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ҳамда комплекс дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қуйидаги ғоят муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган чуқур ўйланган ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий сиёсатни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги зиммасига юклансин:
макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг барқарор, мутаносиб ва жадал суръат билан ривожланишини таъминлаш;
кўп укладли ва самарали фаолият кўрсатувчи иқтисодиётни шакллантириш, хусусий мулкчиликнинг етакчи ролини таъминлаш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш;
бой табиий ва минерал-хомашё захираларидан, бунёд этилган ишлаб чиқариш ва фан-техника салоҳиятидан самарали ҳамда оқилона фойдаланишга қаратилган аниқ мақсад йўлидаги структуравий сиёсатни амалга ошириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига кенг миқёсда интеграциялашувини таъминлаш;
янги иш жойларини яратиш, меҳнат ресурсларини оқилона банд қилиш муаммосини ҳал этиш, аҳолини аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, аҳолининг турмуш даражаси барқарор, жадал ўсишини, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни таъминлаш;
мамлакат минтақалари иқтисодиётининг комплекс ривожланишини, ишлаб чиқарувчи кучларнинг мамлакат ҳудуди бўйича мақбул ҳамда самарали ривожлантириш ва жойлаштиришни таъминлаш.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жамиятни ривожлантириш ҳамда демократик қайта ўзгартиришларнинг мақсад ва устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилишнинг, иқтисодиётни бошқаришда бозор услублари ва механизмларини жорий этишнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиқишни ташкил қилиш;
асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни, республика, минтақалар ҳамда тармоқларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш даражасини комплекс системали таҳлил қилиб бориш, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларнинг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш, иқтисодиётдаги мавжуд номутаносибликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини асослаб бериш;
иқтисодиётни ривожлантиришнинг кўп вариантли сценарийларини, минтақалар, иқтисодиёт тармоқлари ва секторлари бўйича мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қисқа муддатли ва ўрта муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш;
энг муҳим қиймат, моддий ва меҳнат балансларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;
асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни пул-кредит агрегатлари, давлат бюджети параметрлари, ташқи савдо, тўлов ва тармоқлараро баланслар билан ўзаро боғланишини таъминлайдиган таъсирчан механизмни шакллантириш;
демографик прогнозлар, аҳолининг аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ички истеъмол бозорини тўлдириш, халқ фаровонлигини ўстириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;
иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг ўрта муддатли прогнозларини, тармоқларни ривожлантириш, замонавийлаштириш ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ресурсларни тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш дастурларини ишлаб чиқиш;
структуравий сиёсат мақсадларига эришишни, минтақаларни комплекс ривожлантиришни таъминлайдиган қисқа муддатли ва ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш;
экспорт салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, ташқи савдо ва тўлов балансларини мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти прогнозини тайёрлаш, республиканинг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашув стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашиш.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ўз зиммасига юкланган вазифаларни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид прогнозларни ҳамда дастурларни ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплексига кирувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш йўли билан амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш юклатилсин:
статистика соҳасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, замонавий халқаро талаблар ва андозаларга мос келадиган статистикани ташкил этишнинг самарали тизимини таъминлаш;
илмий асосланган, бозор иқтисодиётининг асосий тамойилларига жавоб берадиган, миллий ҳисоблар тузишни таъминлайдиган ҳамда халқаро статистика андозаларига мувофиқ бўлган ягона статистика методологияси ва кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиб, тадбиқ этиш;
статистика ва ҳисобот кўрсаткичларининг тезкорлиги, ишончлилиги ва холислигини таъминлаш, статистика ахборотини олиш бемалоллиги, унинг очиқлиги ва ошкоралигини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
статистика ахборотини йиғиш, қайта ишлаш ва умумлаштириш тартибига ҳар қандай аралашувларга йўл қўймайдиган статистика ишларини ташкил қилиш тизимини яратиш;
статистика органларини замонавийлаштириш ҳамда уларни статистик ахборотларни тезкор узатиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий компьютер ҳамда ахборот-коммуникация тизимлари ва технологиялари билан қайта жиҳозлаш, статистика бўйича ягона ахборот тизимини янада ривожлантириш;
корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрини, иқтисодий-статистик классификаторлар тизимини юритиш.
5. Иқтисодиёт ва статистика бўйича фаолият кўрсатаётган бўлинмалар негизида қуйидагилар ташкил қилинсин:
Қорақалпоғистон Республикасида — Иқтисодиёт вазирлиги ва статистика бошқармаси;
республика вилоятлари ва Тошкент шаҳрида — Иқтисодиёт бош бошқармалари ва статистика бошқармалари;
республика шаҳар ва туманларида — иқтисодиёт бўлимлари ва статистика бўлимлари.
6. Қуйидагилар белгилансин:
иқтисодиёт ҳудудий органлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларига қарашли;
статистика ҳудудий органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига қарашлидир.
7. Белгилаб қўйилсинки, ишлаб чиқарилган ва сотилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмларининг сунъий равишда камайтирилишига, корхоналар фаолиятига нохолис баҳо берилишига, пул маблағларининг банкдан ташқари ноқонуний айланишига олиб келадиган нотўғри статистик ҳисоботни тақдим этишда, статистика маълумотларини яширишда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонунга мувофиқ қаттиқ жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Бош прокуратураси ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга статистик ҳисоботни яширганлик ва бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
8. «Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитасини Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига ўзгартириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 15 майдаги ПФ-1780-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукуматнинг тегишли қарорларини қабул қилсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 8 январдаги 8-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ва 2003 йил 22 январдаги 37-сонли «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 24 декабрь,
ПФ-3183-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 12-сон, 231-модда)