22.12.2000 йилдаги 32-сон
Ҳужжат кучини йўқотган 26.06.2015
 LexUZ шарҳи
2. Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик Жиноят кодексининг 260—269-моддалари диспозициясида кўрсатилган. Ушбу моддаларда назарда тутилган «Транспорт воситалари»га автомобиллар, тракторларнинг барча турлари, ўзиюрар машиналар, трамвай, троллейбуслар, шунингдек, мотоцикллар ва бошқа механик транспорт воситалари, ички ёнар двигателининг ишчи ҳажми 50 см3 ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситалари киради.
3. Жиноят кодексининг 266-моддасининг субъекти, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилинган вақтда 16 ёшга тўлган, ақли расо, транспорт воситасини бошқарган шахс бўлиши мумкин. Бунинг учун унинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан ёки рухсатли бошқарганлиги, транспорт воситасининг эгаси бўлиш-бўлмаслиги, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси бор-йўқлиги аҳамиятсиздир.
4. Жиноят кодексининг 260—263, 266, 268-269-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг муқаррар аломати, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши натижасида баданга ўта оғир ёки оғир шикаст етказилиши, одамларнинг ҳалок бўлиши, ҳалокатлар юз бериши ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишидир.
7. Тергов органлари шахсни ЖКнинг 266-моддаси билан ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов хулосасида, суд эса, ҳукмда, айнан «Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари»нинг қайси бандлари бузилганлигини кўрсатиш билан чегараланмасдан, балки бундай қоида бузишлар нималардан (техник жиҳатдан носоз транспорт воситаларини бошқариш, мастлик ҳолатда транспорт воситасини бошқариш, тезликни оширишдан) иборат эканлигини кўрсатишлари зарур.
Агарда, айблов мазмуни айбни оғирлаштирувчи томонга жиддий ўзгарадиган бўлса, ЖПКнинг 419-моддаси талабига кўра, ишни қўшимча терговга юбормай туриб, айбдорга тергов органи томонидан эътироф этилмаган «Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари»нинг бузилиши ҳақидаги айбни, мазкур Қоидаларнинг ундан фарқ қиладиган бошқа бандлари билан алмаштиришга йўл қўйилмаслигини судлар назарда тутсинлар.
Бундан ташқари, судлар, яна шунга эътиборларини қаратсинларки, бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши оқибатида содир бўлган ЖКнинг 266-моддаси бўйича жиноят ишини кўришда автотранспорт эгасининг жавобгарликка тортилмай қолиши ҳолати рўй бермаслиги мақсадида, суриштирув ва дастлабки тергов органи томонидан бундай шахсга нисбатан маъмурий иш материаллари тўпланиб, тегишли тартибда судга юборилган-юборилмаганлигига ҳам масъулият билан ёндашиб, муносабат билдиришлари лозим.
8. Шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини ҳарбий транспорт воситаларида йўлларда ҳаркатланиш қоидаларини бузиш жиноятидан фарқламоқ лозим. Ҳарбий транспорт воситалари ёки махсус ўзиюрар жанговар машиналарни бошқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳарбий хизматчилар томонидан содир этилган тақдирда, қилмиш ЖКнинг 298-моддаси билан квалификация қилиниши лозим. Агар, ҳарбий хизматчи ҳарбийлаштирилмаган транспорт воситасида йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этса ёки фуқаро ҳарбийлаштирилган машинада йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этса, бу қилмиш ЖКнинг 266-моддаси билан квалификация қилиниши лозим бўлади.
9. Тушунтирилсинки, транспорт воситаларидан фойдаланиш учун масъул шахснинг маст ҳолатдаги ёхуд гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахсни билгани ҳолда темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль ёки бошқа транспорт воситасини бошқаришга йўл қўйиши натижасида ЖКнинг 260, 266-моддасида назарда тутилган оқибатлар рўй берган бўлса, ЖКнинг 261-моддаси билан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигига масъул шахслар, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат ёки жамоат ташкилотларига қарашли транспорт воситаларининг ҳайдовчилари, шахсий транспорт воситаларининг эгалари ва ҳайдовчилари ҳам жавобгар бўлишлари мумкин. Транспорт ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигига масъул шахс деганда, автокорхона, хўжалик раҳбарлари, раислари, муҳандислар, механиклар, навбатчи механиклар, навбатчи врачларни тушуниш керак. Бевосита транспорт воситасини бошқарган шахс шу кодекснинг 260, 266-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.
ЖКнинг 260-моддасида кўзда тутилган темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг бошқарувчиси, деганда фаолияти транспортни хавфсиз ҳаракатланишини ташкиллаштириш билан боғлиқ ходимлар (масалан, ҳаво транспортида ташкилотнинг ҳаракат хизмати, ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази, ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати, катта диспетчер ва диспетчерлари, аэропорт штурмани, катта штурмани, учиш раҳбари) ва унинг ҳаракати ёки фойдаланиши билан боғлиқ ходимлар (учувчи капитан, штурман, машинист ва унинг ёрдамчиси, механик ва унинг ёрдамчиси, радиооператор, радист, шкипер ва ҳоказо) тушунилади.
10. Эътиборда тутилсинки, ЖКнинг 268-моддасида кўрсатилган жиноятнинг субъекти — пиёда йўловчилар, от-улов, велосипед ҳайдовчилари, аравача, чана ёки болалар кажавасини тортиб кетаётган ҳамда ногиронларнинг юргизгичсиз кажавасида ҳаракатланаётган шахслар ёки йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари, ЖКнинг 261—263, 265 ёки 266-моддасида назарда тутилган шахслардан ташқари, ҳаракат қатнашчилари бўлиши мумкин. Жиноятнинг объектив томони шу моддада кўрсатилган жиноий оқибатларнинг келиб чиқиши ҳисобланади.
11. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, таъмирлаш ишларини бажараётган транспорт воситаларини техник жиҳатдан ва улардан фойдаланишга масъул шахсларнинг темир йўл, денгиз. дарё, ҳаво, автомобил ёки бошқа транспорт воситасини, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналарини сифатсиз таъмирлаш, шунингдек, транспорт воситасининг техник ҳолати жиҳатидан бузуқлигини била туриб, уни фойдаланишга чиқариши натижасида ЖКнинг 260, 266-моддаларида назарда тутилган оқибатлар юз берган тақдирда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, таъмирлаш ишларини бажараётган ёки транспорт воситаларини таъмирлаш ёхуд ундан фойдаланишга масъул шахсни ЖКнинг 262-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Бунда техника воситалари, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналари учун масъул шахс, ушбу техник носозликни аниқ билган бўлиши шарт.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти деганда, қилмишнинг йўлларда, кўчаларда, темир йўлларни кесиб ўтиш жойларида, бевосита ҳаракатда бўлган транспорт воситасида содир этилиши тушунилади. Агар транспорт воситалари билан ишлаб чиқариш жараёнида, юкларни ортиш-туширишда, транспорт воситаларини таъмирлашда, қурилиш, қишлоқ хўжалик ва бошқа ишларни бажаришда техника хавфсизлиги ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиши натижасида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилган, одам ўлиши ёки бошқача оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган бўлса, шахснинг қилмиши ЖКнинг 257-моддаси билан квалификация қилиниши, агар ҳаракат шахснинг ҳаёти, соғлиғига ёки мулкига қарши қаратилган бўлса, тегишлича, шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига, ўзганинг мулкига қарши қаратилган жиноятлар сифатида квалификация қилиниши лозим.
Судлар ЖК 266-моддаси билан жиноят ишларини кўришда шуни эътиборга олишлари лозимки, экспертнинг ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасининг рўй беришида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш имконияти бўлмаган деган хулосаси (урилиш, тўқнашиш, босиб кетиш кабилар), агар бундай ҳодиса ҳайдовчининг ўзи томонидан хавфли ҳолат юз бергунга қадар «Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари»нинг бузилиши натижасида рўй берган бўлса (мастлик ҳолати, тезликни ошириш, носоз транспорт воситасини бошқариш каби) рўй берган транспорт ҳодисаси билан «Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари»нинг бузилиши ўртасида сабабий боғланиш бор деган хулосага келинса, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тўпланган холисона далиллар йиғиндисига асосан баҳоланмоғи лозим (шахснинг ҳаракати билан юз берган оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш масалаларига, суд, ишда тўпланган далиллар ҳамда йўл-транспорт экспертизаси хулосалари билан биргаликда ҳуқуқий баҳо бериши, бунда эксперт хулосаси ишдаги мавжуд бошқа далиллар билан тенг равишда баҳоланмоғи лозим).
14. Судлар йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ишларни кўриб, айбдорга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда инсонпарварлик, одиллик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндашув тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя қилишлари, ҳар доим ҳам содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари ўртасидаги сабабий боғланиш, ҳодиса содир бўлгандан кейин шахснинг хулқи, жабрланувчига нисбатан ҳаракати (шахснинг йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганидан кейин, жабрланувчига медицина ёрдами кўрсатиш учун қилган ҳаракати, тез даволаниши учун моддий-маънавий ёрдам берганлиги, фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қопланганлиги, шунингдек, жабрланувчи вафот этган тақдирда, дафн маросимларига, жабрланувчининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатганлиги) ва бошқа жазони енгиллаштирувчи-оғирлаштирувчи ҳолатларга алоҳида эътибор беришлари шарт.
15. Жиноят кодексининг 260, 262, 265-моддаларида назарда тутилган жиноят ишларини кўришда, судлар судланувчига нисбатан қўшимча жазо чораси сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки маҳрум қилмаслик масаласини муҳокама қилишлари лозим.
Жиноят кодексининг 261, 266-моддаси 2, 3-қисмлари санкциясида айбдорни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш мажбурийлиги белгиланган. Суд, судланувчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлган-бўлмаганлигидан қатъи назар, мазкур қўшимча жазо масаласини муҳокама қилишлари, бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳам, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллашлари лозим, токи у суд томонидан тайинланган муддат давомида бундай ҳуқуқни олишдан маҳрум бўлсин. Бироқ, судланувчининг ҳаракатида ЖКнинг 57-моддасида белгиланган ҳолатлар мавжуд бўлса, (Масалан: судланувчининг асосий касби ҳайдовчилик бўлиб, бошқа мутахассисликка эга эмаслиги) суд ҳукмининг тавсиф қисмида тегишли асослар келтириб, қўшимча жазо чорасини қўлламаслиги мумкин. Гарчанд, шахс жиноят содир қилгунга қадар ёки тергов вақтида маъмурий тартибда ёки суд ҳукми билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, суд жиноят ишини кўришда қўшимча жазо чораси сифатида айбдорни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш масаласини муҳокама этиши лозим.
Судлар ҳар бир иш юзасидан ҳукм чиқаришда, жиноий ҳаракат оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича киритилган фуқаровий даъвони ҳал этишлари, агарда, бундай даъво келтирилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида»ги 21-сонли қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ҳамда ЖПКнинг 275, 276-моддалари асосида ўз ташаббусига кўра етказилган зарарни ундириш ҳақида қарор чиқариш масаласини ҳал қилишлари лозимдир. Суд муҳокамасини қолдирмай туриб, даъво ҳажмини аниқлаш имконияти бўлмаган ва зарар миқдори жиноятнинг квалификациясига, судланувчига тайинланадиган жазо миқдорига ҳамда ҳукм чиқаришда юзага келадиган бошқа масалаларга таъсир қилмайдиган алоҳида ҳолларда суд ҳаракатдаги қонунлар талабига кўра, фуқаровий даъвонинг фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилиниши ҳуқуқини эътироф этиши мумкин.
18. Биргаликдаги жиноий ҳаракатлар натижасида зарар етказилган бўлса, барча шахслар етказилган зарарни қоплашда солидар тартибда жавобгар бўлишлари лозим. Фуқаролик кодексининг 1000-моддасига биноан, жабрланувчининг аризасига кўра ва унинг манфаатларини кўзлаб, агар бу тартиб зарар қопланишини таъминласа, суд биргаликда зарар етказган шахслар зиммасига солидар эмас, балки, ҳиссали жавобгарликни юклашга ҳақли. Бундай ҳолатда, қандай тартибда зарарни қоплаш усули ҳукмда кўрсатилиши керак.
Шу билан бирга суд юридик шахсларга ФКнинг 1001-моддасига асосан, корхонага зарар етказган шахсдан зарар миқдорини қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиришлари лозим.
20. Судлар транспорт воситаси ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида жабрланувчининг шифохонада даволанган вақти ва унга даволаниш учун сарф қилинган харажатларни қоплаш масаласини ҳал қилишда, ЖПКнинг 275, 276-моддалари ҳамда Фуқаролик қонун нормаларига асосланишлари лозим. Шу билан биргаликда, жабрланувчига қанча миқдорда сарф-харажат қилинганлигини аниқлаш ва келтирилган зарарни шу даволаш муассасаларига ишда тўпланган далилларга (экспертиза хулосалари, далолатнома, маълумотнома ва бошқа асосли ҳужжатлар) асосланган ҳолда ундириш чораларини кўриши лозим.