Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
ФУҚАРОЛАРНИНГ СУД ИШЛАРИГА ДОИР МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли ва 2003 йил 19 декабрдаги 20-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгиланган ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалдаги қонунларда тўлиқ ёритилган. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни мунтазам такомиллаштириб бориш давлат органларининг, шу жумладан судларнинг бевосита муҳим вазифаларидан биридир.
Фуқароларнинг суд ишларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш амалиётини ўрганиш натижалари судларда мурожаатлар билан ишлаш асосан тўғри ташкил этилганлигини, айни вақтда мурожаатларга қўйилган талаблар, уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари, мурожаат қилувчининг ҳуқуқ ва бурчлари, уни кўриб чиқувчи шахсларнинг ҳуқуқ, бурч ва вазифалари ҳамда бошқа масалалар юзасидан раҳбарий тушунтиришлар беришни талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд эканлигини кўрсатди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Фуқароларнинг суд ишларига доир мурожаатлари — ариза, таклиф ва шикоятлари қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши ва уларнинг қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиниши шартлиги конституциявий талабдир. Шунга кўра мурожаатларни ҳал этишда расмиятчилик, сансоларликка йўл қўйиш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, мурожаатларни кўриб чиқилишини асоссиз рад этиш, улар бўйича асоссиз, қонунга зид хулосалар қилиш ёхуд фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни ошкор этиш, мурожаат қилганлик ёки мурожаатда баён этилган танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зарар етказадиган ҳолда бузиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқариш кўрсатиб ўтилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Шахсларнинг судларга қиладиган мурожаатлари мазмун ва шакл жиҳатидан процессуал характерда бўлган ёки процессуал характерда бўлмаган мурожаатларига бўлинади. Бундай мурожаатлар тушунчаси қонун ҳужжатларида белгиланмаган.
Шу боис судларга тушунтирилсинки, мазмуни ва шаклига кўра процесс иштирокчилари ёки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахсларнинг ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳамда процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган мурожаатлари процессуал характерда бўлган мурожаатлар ҳисобланади.
Судда муайян ишларни мазмунан кўриш билан боғлиқ бўлмаган, процессуал қонун ҳужжатларида бевосита кўзда тутилмаган, процессуал ҳаракатлар қилиш ёки суд ҳужжати чиқариш учун асос бўлмайдиган ва далил сифатида тан олинмайдиган мурожаатлар эса процессуал характерда бўлмаган мурожаатлар ҳисобланади.
Судлар шуни инобатга олишлари керакки, процессуал характерда бўлмаган мурожаатларни судда кўриб чиқиш тартиби процессуал характерда бўлган мурожаатларни кўриб чиқиш тартибидан фарқланади. Хусусан, судга процессуал характердаги мурожаатларни қилиш ҳуқуқига эга шахслар, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, мурожаатларни кўриш тартиби ва муддатлари каби масалалар махсус қонунлар — Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва суд жараёнига оид бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Процессуал характерда бўлмаган мурожаатларни кўриб чиқишга оид қоидалар эса «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарорига илова сифатида тасдиқланган «Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида»ги Намунавий низом ва бошқа шу каби қонун ҳужжатлари ҳамда судларда иш юритиш тартибига оид йўриқномаларда акс этган.
Мазкур Пленум қароридаги қоидалар процессуал характерда бўлган мурожаатларни кўриб чиқишга тааллуқлидир.
Судларга уқтирилсинки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси мазмунига кўра процессуал характерда бўлган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда мазкур Қонунда белгиланган қоидаларни қўллаб бўлмайди».
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
3. Суд ишлари бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқига эга шахслар доираси, мурожаатларга қўйиладиган талаблар, уларни кўриб чиқиш тартиблари, муддатлари, мурожаат қилувчининг ҳуқуқ ва бурчлари, уларни кўрувчи шахсларнинг ҳуқуқ, бурч ва вазифалари каби масалалар махсус қонунлар — жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал, маъмурий қонунчилик меъёрлари билан тартибга солинади.
4. Амалдаги қонунларда суд процесси иштирокчиларининг доираси қатъий қилиб белгиланган (ЖПКнинг 2-бўлими, ФПКнинг 5-боби, МЖтКнинг 22-боби). Суд процесси иштирокчиларининг ҳар бири ўзига хос процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалигига, жумладан, уларнинг судья ва суднинг ҳаракатлари ва қарорларига нисбатан муносабат билдириш ҳуқуқлари ҳам турличалигига, судларда фақат суд процесси иштирокчиларининг суд ишлари бўйича мурожаатлари кўрилишига алоҳида эътибор берилмоғи лозим. Бу ўринда «суд процесси иштирокчилари» тушунчаси «суд мажлиси иштирокчилари» тушунчасидан кенгроқ эканлиги, суд мажлисида қатнашмаган шахслар ҳам, башарти, суд ишлари ва ҳужжатлари уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бирор-бир тарзда дахлдор бўлса, улар юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилсин.
5. Судьялар фуқаролар томонидан бериладиган мурожаатларни қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш масаласини ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳал этишлари шарт. Почта алоқаси воситасида келиб тушган ёки ўзга идора ва мансабдор шахслар томонидан юборилган мурожаатлар, агарда уларни ҳал этиш масаласи судларга тааллуқли бўлмаган ҳолатларда, 5 (беш) кун муддатдан кечиктирмай тегишли идора ёки мансабдор шахсларга жўнатилиши ва бу ҳақда фуқарога маълум қилиниши кераклиги таъкидлансин.
6. Мурожаатларни қабул қилишни рад этишга фақат қонунда белгиланган асосларга кўра йўл қўйилади.
Қонун мурожаат этувчига ўз талабларини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ифодалаб бериш ҳамда уларни асословчи моддий ҳуқуқ нормаларини кўрсатиб бериш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра мурожаатларни бундай асосларга биноан қабул қилишни рад этиш мумкин эмас.
7. Судга қабул қилинган ишлар судда кўрилгунга қадар улар юзасидан қилинган мурожаатлар суд мажлисида ишга қўшиб кўрилади.
8. Суд мажлиси жараёнида суд процесси иштирокчилари бўлган фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларни алоҳида рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди. Бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилиб, ёзма мурожаат ишга қўшилади.
Суд мажлисида қилинган мурожаатлар бўйича суд (судья) томонларнинг улар юзасидан фикрини билгач, дарҳол қарор қабул қилиши шарт.
9. Суд (судья)ларга процесс иштирокчиларининг мурожаатларига доир ажримлар ҳақида улар юзасидан тарафларга, шунингдек, протест келтириш ваколатига эга бўлган прокурорларга хабар бериш ва бундай ажримларнинг нусхаларини юбориш мажбурияти юкланмаган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 09-сонли қарорига асосан чиқарилган).
10. Жиноят-процессуал кодексининг 479, 498 ва 510-моддаларида биринчи босқич судининг қонуний кучга кирмаган ҳукми, ажрими, қарори устидан белгиланган тартибда шикоят бериш, шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқишни илтимос қилиш ҳуқуқига эга бўлган суд процесси иштирокчилари доираси қатъий қилиб кўрсатилган. Жумладан, суднинг қонуний кучга кирмаган ва кирган ҳукми устидан судланган (маҳкум), унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили, ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили шикоят беришга ҳақли.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролик-процессуал кодексининг 310-моддасига биноан фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақида мурожаат қилиш ҳуқуқига ишда иштирок этувчи шахслар — тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари ва суд процесси иштирокчилари, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳақли (ФПКнинг 33-моддаси).
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли қарори таҳририда)
Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 52-53-моддаларида белгиланган тартибда ваколати расмийлаштирилган вакиллар ва адвокатлар эса ФПКнинг 54-моддаси 2-қисми талабига мувофиқ суд қарорларига нисбатан мустақил шикоят келтириш ваколати тўғрисида махсус рухсат берилган ваколатномага эга бўлган тақдирдагина апелляция, кассация ва назорат шикоятлари билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлишлари тушунтирилсин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 314-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида фақат ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс, жабрланувчи, шунингдек, уларнинг қонуний вакиллари ва вакиллари (адвокат ва б.) шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Суд процесси иштирокчиси бўлмаган фуқароларнинг муайян суд ишларига доир апелляция, кассация ва назорат тартибидаги мурожаатлари судларга қабул қилинмайди ва текшириб чиқилмайди. Янглиш қабул қилинган ёки почта алоқаси орқали келиб тушган ёхуд ўзга идора ва мансабдор шахслар томонидан юборилган бундай мурожаатлар юзасидан фақат мурожаат этувчининг ўзигагина тегишли процессуал қонун талаби тушунтирилган жавоб берилиши тақозо этилади.
Мазкур қоида депутатлар, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, вакиллик идоралари, давлат ва нодавлат тузилмалари, муассасалари, уларнинг мансабдор шахслари ва бошқалар орқали юборилган ана шундай мурожаатларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.
11. «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси талабига мувофиқ, фуқароларнинг мурожаатлари, агар улар қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига юборилган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун бошқа давлат органларига асоссиз равишда бериш ёки қарори ёхуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади. Агар фуқароларнинг мурожаатларида уларни тегишли органларга жўнатиш учун зарур маълумотлар бўлмаса, бу мурожаатлар худди шу муддат мобайнида асослантирилган тушунтириш билан фуқаронинг ўзига қайтарилади.
Фуқароларнинг мурожаатларини ҳар тарафлама муфассал ва холисона кўриб чиқиш учун қўшимча ахборотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлса, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси қўшимча ахборот тўплаши мумкин.
Фуқароларнинг мурожаатини кўриб чиқаётган давлат органи зарур ҳолларда мурожаат жойнинг ўзида кўриб чиқилишини таъминлаши керак.
Алоҳида ҳолларда, мурожаат этган шахснинг ўзи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқишнинг имкони бўлмаса, улар давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин.
12. Мурожаатларда суд процесси иштирокчиси бўлган фуқароларнинг фамилияси, исми, яшаш ёки жазони ўташ жойи, қандай суд қарори ёки процессуал ҳаракат юзасидан мурожаат қилинаётганлиги, мурожаатнинг моҳияти ва уни асословчи важлар, қўйилаётган талаб ёки қилинаётган илтимос батафсил баён этилган, мурожаатнинг ёзилган, берилган вақти ва жойи аниқ кўрсатилган бўлиши ва улар, албатта, мурожаат этувчининг айнан ўзи томонидан имзоланиши шарт. Бундай шартларнинг бажарилмаслиги оқибатида мурожаат қилувчининг ҳақиқатан суд процесси иштирокчиси эканлигини аниқлаш имкони бўлмаса, шунингдек, уни аноним ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлган бошқа ҳолларда, мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
13. Назорат тартибидаги мурожаатларга барча суд қарорлари, муқаддам қилинган мурожаатлар юзасидан жавоблар, бож тўланиши лозим бўлган ҳолларда эса тегишли тўлов қоғози, мурожаат вакил орқали қилинган бўлса, нотариал ёки ўзгача қонуний тарзда расмийлаштирилган ваколатнома, адвокатнинг муҳрли ордери ва бошқа зарур ҳужжатларнинг, муайян ҳолатга қараб, асли ёки нусхалари албатта илова қилиниши шарт. Мурожаатни тўғри ҳал этиш учун муҳим бўлган бундай ҳужжатларнинг бўлмаслиги дастлаб, муайян ҳолатдан ва имкониятдан келиб чиққан ҳолда, камчиликларни бартараф этиш тартиби ва муддати тушунтирилиб мурожаатни ҳаракатсиз қолдиришга, талаб бажарилмаган тақдирда эса уни кўрмай қолдиришга ёки сабабини кўрсатиб қайтаришга асос бўла олади.
Шунинг билан биргаликда, амалдаги қонунларга кўра, фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилаётган вақтда ҳам қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш ёки мурожаатларни кўриб чиқаётган органга ҳужжатларни тегишли шахс ёки идорадан сўраб олиш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқига эга эканликлари, шунингдек, мурожаатни текширувчи ҳам тегишли ҳужжатларни талаб қилиб олиши мумкинлигидан келиб чиқиб, арзимас сабабларни рўкач қилиб мурожаатларни кўрмаслик оқибатида сансоларликка йўл қўйиш мумкин эмаслиги уқтирилсин.
14. Мурожаатлар билан холисона ишлашнинг муҳим шартларидан бири — уларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётган шахс (судья, суд таркиби, суд ходими) нинг айнан ўзига кўриб чиқиш учун бермасликдир. Мазкур қоиданинг бузилиши қайта ва такрорий мурожаатларни келтириб чиқариши оқибатида судларда ишларнинг сунъий равишда ортишига ва фуқароларнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлади.
15. Судлар мурожаатларни холисона, тўла, ҳар томонлама ва қонуний муддатларда кўриб чиқишлари; мурожаатга сабаб бўлган суд ( судья) қарорлари ҳаракатларининг қонуний, асосли ва адолатлилигини текширишлари, қоидабузарликларга олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш билан биргаликда уларга нисбатан тегишли муносабат билдиришлари; фуқаронинг бузилган ҳуқуқларининг тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг амалда ижро этилишини таъминлашлари шарт.
Мурожаатлари ишни апелляция ва кассация тартибида кўриш учун асос бўлган, шунингдек, мурожаат кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ана шу суд процесси иштирокчиларига суд қарори нусхасининг тақдим қилиниши ёки жўнатилишининг ўзи етарли бўлиб, бундай мурожаатларга алоҳида жавоб берилмайди.
Мурожаатлар назорат тартибида кўрилганда мурожаат этган суд процесси иштирокчисига уни текшириш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг моҳияти тўғрисида ёзма тарзда маълум қилиниши шарт.
16. Назорат тартибида келтирилган мурожаатдаги илтимос рад этилганда ёки қисман қаноатлантирилганда унинг сабабларои атрофлича асослантирилган, тегишли ҳуқуқий меъёрларнинг талаблари тушунтирилган ҳолда оддий кишилар тушунча оладиган сўзлар, умум-эътироф этган атама ва номлар билан баён қилиниши зарур. Жавобларда суд қарорларини қабул қилишга асос бўлган ҳолатлар (жумладан, айбловнинг мазмуни, низо предмети ва б.) нинг кўрсатилиши талаб этилмайди, чунки мурожаатлар суд процесси иштирокчиларининг ўзлари томонидан берилади ва бу ҳолатлар уларга маълумдир. Мурожаатлар юзасидан қабул қилинадиган қарор ва жавоб, албатта, улар ёзилган ёки муайян суд иши юритилган тилда бўлиши шарт.
17. Судлар мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича процессуал қонунларда белгиланган муддатларга қатъий риоя этишлари шарт.
Ишларни мурожаатлар асосида апелляция, кассация инстанция судларида кўриш учун расмийлаштириш муддатлари ва тартибларига риоя этилиши бўйича ишни биринчи босқич судида кўришда раислик этган судья шахсан масъулдир.
18. Ишни мурожаатлар асосида апелляция ва кассация ёки назорат тартибида кўриш чоғида суд ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисида тўхтамга келса, бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқаради. Ишни юқори судда кўриш муддати тегишли суд раиси томонидан узайтирилганда эса ажрим чиқариш талаб этилмайди, лекин процесс иштирокчиларига бу ҳақда хабар қилиниши шарт.
19. Ҳар қандай мурожаатларни ҳал қилиш муддати тегишли судга келиб тушган кундан ҳисобга олиниши учун уларнинг тушган вақтини аниқ қайд этилиши зарурлиги, ҳар бир мурожаат судларнинг девонхоналарида рўйхатдан ўтказилгандан кейингина ижрочига берилиши ва иш ҳужжатларига қўшилиши мумкинлиги, мазкур қоида суд процесси иштирокчилари томонидан бевосита тақдим этиладиган апелляция, кассация шикоятларига ҳам тааллуқли эканлиги, бу эса ўз навбатида суд ишларига доир мурожаатларнинг (айниқса, апелляция, кассация шикоятларининг) қонуний муддатларда берилганлигини аниқловчи восита ҳисобланиши судларга тушунтирилсин.
Талаб қилинган ишнинг узрли сабабларсиз ўз вақтида келмаслиги мурожаатларни ҳал қилиш муддатларини кечиктириш учун асос бўлаолмаслиги сабабли илтимосномаларнинг нусхалари, уларнинг тегишли судларда қайд қилинган вақти кўрсатилган ҳолда, иш билан қўшиб қайтариб юборилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилсин.
Тегишли камчиликларни бартараф этиш тартиби ва муддатини кўрсатиб, мурожаат қилувчига тушунтириш берилган ҳолда мурожаатнинг ҳаракатсиз қолдирилган муддати уни ҳал этиш муддатига қўшилмайди.
20. Мурожаатда муайян ишни кўришда суд (судья) томонидан процессуал қонун меъёрлари бузилганлиги ҳақида важлар келтирилган бўлиб, суд (судья) нинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказиш зарурияти мавжуд бўлса, иш шундай текширувни ўтказиш учун тегишли судьялар малака ҳайъатларига юборилади ва унинг хулосаси олингандан кейингина кассация тартибида кўрилади.
Хизмат текшируви ўтказишда қатнашган ва у юзасидан тузилган хулосани имзолаган судья келажакда шу ишни биринчи босқич судида, апелляция, кассация босқичи судида ёки суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин.
21. Давлат божи тўлаш лозим бўлган тақдирда тегишли тўлов қоғози илова қилинмаган мурожаатлар дастлаб ҳаракатсиз қолдирилади, камчиликни бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда берилган тушунтиришдан кейин шу муддат ўтгач эса у берилмаган ҳисобланиб қайтарилади.
Давлат божи тўлашдан озод этиш ҳақида асослантирилган аризалар мавжуд бўлганда улар тегишли тартибда ҳал этилгач мурожаатлар кўриб чиқилади.
22. Суд ишларига нисбатан вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тегишли муносабат билдирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаслиги уларни асосан Олий судда кўрмасликка сабаб бўлиши мумкин. Бундай мурожаатлар муносабат билдирилмаганлигини кўрсатувчи етарли асослар бўлган тақдирдагина шу судларга юборилиши мумкин.
23. Назорат тартибидаги мурожаатлар ишни талаб қилиб олиш йўли билан кўриб чиқилган барча ҳолларда, башарти протест келтиришга асос мавжуд эмас деган тўхтамга келинадиган бўлса, уни кўриб чиққан шахс томонидан унинг имзоси билан бу ҳақда асослантирилган хулоса тузилади. Хулоса протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланади. Хулоса тасдиқлангандан сўнг мурожаатни кўриб чиққан шахс ўз имзоси билан асослантирилган жавоб йўллаши мумкин бўлади.
Ваколатли шахс томонидан ишни талаб қилиб олиш ёки мурожаатга жавоб бериш масаласи қандай ҳал этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлмасдан туриб мурожаатни кўриб чиққан шахсда у юзасидан ўз имзоси билан жавоб қайтариш ҳуқуқи пайдо бўлмайди.
Суд процесси иштирокчисининг бевосита ўзи ҳамда унинг вакили ҳисобланган суд процесси иштирокчиси (ҳимоячи ва бошқалар) томонидан бир хил важлар баён этилган алоҳида-алоҳида мурожаатлар берилган ҳолда, уларда келтирилган барча важларга асослантирилган ягона жавоб ёзиб, жавоб нусхаларини ҳар бирига юбориш лозим.
24. Айнан бир суднинг ўзига назорат тартибида қилинган такрорий мурожаатларга агарда улар ўз мазмуни ва моҳиятига кўра илгаригисидан фарқ қилмаса ва протест келтириш учун асос бўлмаса, муқаддам жавоб қайтарилганлигини маълум қилиш билан кифояланиш мумкин. Дастлабки жавобни тўлдириш, ёхуд мурожаатни қайтадан ҳар томонлама ва тўла кўриб чиқиш, ўзгартириш зарурати бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Муқаддам протест келтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, уни рад этиш тўғрисида хулоса тузган шахс такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш мумкин эмас, лекин ўша хулосани тасдиқлаган, протест келтиришга ваколати бўлган шахсда такрорий хулосани тасдиқлаш ёки протест келтириш ҳуқуқи сақланади.
25. Суд қарорларининг ижросига доир масалалар бўйича юқори судларга келиб тушган мурожаатлар шу қарорни қабул қилган судга ёки ижро қилинадиган жойдаги судга ёки Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ҳудудий бўлимига ижрони ташкил этиш кўрсатилиб жўнатилади.
26. «Судлар тўғрисида»ги Қонун ва амалдаги процессуал қонунларга кўра, судларнинг раҳбарлари томонидан фуқаролар қабулининг тўғри ташкил этилиши, энг аввало, уларнинг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун бу масалага доимий эътибор бериш, қонунга биноан қабулнинг қатъий кунлари, соатлари аниқ белгилаб қўйилиши, белгиланган кун, вақт ва жойни асоссиз равишда бошқа вақтга қолдириш, суд раҳбарининг зарурий хизмат сафари, таътилда бўлиши, бетоблиги каби узрли сабаблар бўлмаган тақдирда қабул жадвалини ўзгартириш мумкин эмаслиги тушунтирилсин.
Суд раҳбарлари ҳар бир судда мурожаатларни қабул қилишнинг марказлаштирилган, қатъий ва ягона рўйхатга олинадиган тизимини ташкил этишлари шарт.
27. Суд ишлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва муҳофаза этиш воситаси бўлибгина қолмай, балки улар орқали одил судловнинг умумий аҳволини, судлар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имкони ҳам вужудга келади. Мурожаатларни ҳал этиш амалиётини умумлаштириш, таҳлил қилиш натижасида одил судловни амалга ошириш бўйича қаерда қандай камчиликлар мавжуд, нималарга эътиборни кучайтириш ва қандай чораларни қўллаш зарурлигини аниқлаш мумкин. Қайси суд, судья хусусида асосли шикоятлар кўпайса, шу судда ёки судья фаолиятида камчиликлар мавжудлиги, қонунларга риоя қилиш сусайганлиги, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилаётганлиги эҳтимоли борлигига эътиборни қаратиш керак. Шунинг учун барча судлар судларга келиб тушаётган ариза ва шикоятларни мунтазам таҳлил қилиб боришлари, йўл қўйилаётган камчиликларнинг сабабларини аниқлашлари ва мавжуд нуқсонларни бартараф қилиш бўйича муайян тадбирларни белгилашлари лозим бўлади.
28. Судларга фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этишда процессуал қонунларга қатъий риоя қилиш, бирорта ҳам қонун бузилиши ҳолатини эътибордан четда қолдирмаслик, суд хатоларини тезликда тузатиш чораларини кўриш, суд ишларига доир мурожаатларни ҳал этишда фуқаролар манфаатлари бирламчилиги тамойилига асосан иш юритиш, холисона адолатни ўрнатиш тавсия этилсин.
29. Қорақалпоғистон Республикаси Олий судлари, вилоят, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ушбу масалани, ўта муҳимлигидан келиб чиқиб, мунтазам равишда умумлаштириб борсинлар ва бир йилда камида икки марта кенгайтирилган Раёсат мажлисида муҳокама қилиб Пленум қарорларининг бажарилишини таъминласинлар.
1998 йил 28 декабрь,
31-сон