LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги 24-сонли, 2002 йил 14 июндаги 11-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистон Республикаси Оила ва Фуқаролик процессуал кодексларини амалга киритилганлиги, шунингдек, судларда тушунтиришлар берилиши лозим бўлган масалалар келиб чиққанлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Тушунтирилсинки, Фуқаролик кодексининг 38, Оила кодексининг 228, Фуқаролик процессуал кодексининг 274-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш» Қоидаларига биноан агар дастлабки ёзувлар сақланган ёки тикланган бўлса ёки уларга фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилияси, исми, отасининг исмини ўзгартириш, вояга етмаган боланинг фамилиясини ўзгартириш муносабати билан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан ўзгартиришлар киритилган бўлса ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаси ёзувларида жиддий тафовутлар бўлса, судлар фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликларни белгилаш тўғрисидаги аризаларни кўрадилар.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Манфаатдор шахслар ўртасида ҳуқуқ тўғрисида низо бўлса, ариза даъво ишини юритиш тартибида кўрилади.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли қарори таҳририда)
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тузилган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига тузатишлар киритиш ҳақидаги аризалар ариза берувчининг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида кўриб чиқилади.
Чет элда яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги аризалари Оила кодексининг 203-моддаси ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларининг 5, 165-бандларида белгиланган тартибда консуллик муассасалари томонидан кўриб чиқилади.
3. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилиш ҳақидаги ёзув дафтарига ўзгартиришлар киритиш уларнинг ота-онаси аризасига биноан амалга оширилади.
Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилиш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралишни қайд этиш дафтарларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризаларига биноан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Агар фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликларни тузатиш масаласи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан кўриб чиқилган ва ёзувлардаги нотўғриликларни тузатиш ёки уларга ўзгартиш ёхуд қўшимчалар киритиш рад этилган тақдирдагина манфаатдор шахсларнинг фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликларни белгилаш ҳақидаги аризалари ариза берувчи яшаб турган жойдаги суд иш юритувига қабул қилинади. Бундай ишлар судлар томонидан давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш тартибида кўрилади (ФПК 274-моддаси).
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Бундай тоифадаги ишлар бўйича нафақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг хато ва ноаниқликлари бўлган ҳужжатлари ўзларига тегишли бўлган фуқаролар, балки мерос қолдирувчининг вафоти муносабати билан маълум ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келадиган меросхўрлар ҳам манфаатдор шахслар бўлишлари мумкин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
6. Судга берилаётган аризада қайси фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларига ва қандай ўзгартириш ёки тузатиш ёхуд қўшимчалар киритиш лозимлиги, ёзувлардаги хатолар қандай далиллар билан тасдиқланиши кўрсатилиши лозим. Аризага тегишли гувоҳнома нусхаси, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг ҳужжатлардаги хатоларни тузатиш ёки уларга ўзгартириш ёхуд қўшимчалар киритишни рад этиш ҳақидаги хулосаси ва шу масалага оид бошқа ҳужжатлар илова этилиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Фуқаролик ишини судда кўришга тайёрлаш вақтида суд, агар ариза берувчи тақдим қилиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, аризачига зарур далилларни, шу жумладан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан, талаб қилиб олишда ёрдам кўрсатиши лозим. Суд мажлисида шарҳлаш учун ёзувни тиклаш ёки ёзувни ўзгартириш ёки тузатиш ёхуд тўлдиришни рад этишга асос бўлган ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Бир вақтнинг ўзида суд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи, бошқа манфаатдор ташкилот ва фуқароларни ишга жалб қилиш масаласини ҳал этади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Аризани суднинг иш юритувига қабул қилиш ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишдаги нотўғриликларни белгилаш ҳақидаги ишни алоҳида иш юритиш тартибида кўриш вақтида судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги аниқланадиган бўлса (мерос, мулк ҳуқуқи ва бошқалар), судья аризани қабул қилишни рад этади ёки аризани кўрмасдан қолдиради ва манфаатдор шахсларга умумий асосларда даъво тақдим этишга ҳақли эканликларини тушунтиради.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Туғилганлик ҳақидаги тикланган акт ёзувида кўрсатилган ёш ҳақидаги маълумотларнинг нотўғрилигини аниқ тасдиқловчи ёзма ёки бошқа далиллар мавжуд бўлганда, суд тикланган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини бекор қилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Суд, шунингдек аризачининг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига, агар унда ота-онасининг миллати ҳақидаги маълумотлар ёзилмай қолган ёки бу ҳақда нотўғри маълумот ёзилган бўлса, тузатишлар киритиш масалани ҳам кўриши мумкин.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Бедарак йўқолган деб топилган эр ёки хотин қайтиб келган ҳолда никоҳни бекор қилиш ҳақидаги далолатнома ёзувини бекор қилишдан ташқари фуқаролик ҳолати далолатномаларини бекор қилиш масаласи суд томонидан ҳал этилади.
Тикланган ёки қайта тузилган ёзувлар, биринчи ёзувлар аниқланган тақдирда, суд ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалдаги қонунда белгиланган тартибда бекор қилинади. Агар ёзувларни бекор этиш ҳуқуқ тўғрисидаги низо билан боғлиқ бўлса, иш даъво ишини юритиш тартибида суд томонидан кўрилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
12. Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги хатоларни тузатиш ва уларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан суд қарорига асосан амалга оширилишини ҳисобга олиб, суд қарорини хулоса қисмида қайси ёзув хатолиги (қайси фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан қайси шахс номига тузилганлиги, ёзувнинг сони ва вақти), унга қандай тузатиш ва ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилиши лозимлиги кўрсатилиши шарт.